Исмат Хушев: Муҳаммад Солиҳга отилган ўқ

Исмат Хушев: Муҳаммад Солиҳга отилган ўқ
140 views
27 September 2013 - 17:08

Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушевнинг ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбати

Бунинг ортида ким турган бўлиши мумкин?

Мен билган ва билмаган тафсилотлар

Истанбулга саёҳат” туркумидан (2)

surat


Суратда: “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ хонадонида, сентябрь, 2013 йил, Истанбул.

Муҳаммад Солиҳнинг уйида ўша куни кечга қадар дардлашиб чиқдик.

Оилам янгам билан алоҳида уйда, биз Солиҳ ака билан меҳмонхонада, ҳеч ким бизга халал бермас, Ўзбекистонни жондан ортиқ суйган икки йигит, икки ижодкор, бири журналист, бири шоир, бири матбуотчи, бири сиёсатчи кун бўйи мириқиб суҳбатлашдик.

Фақат тушлик ва кечки овқат пайтлари оилаларимиз билан бирга ўтирдик. Бошқа пайтда иккиламиз, яккама якка – “с глазу на глаз” кўп гапларни гаплашиб олдик.

Мен Туркияга Муҳаммад Солиҳ олдига келарканман, унга берилажак талай саволларни ўйлаб қўйган эдим. Мен ундан жуда кўп нарсаларни сўрамоқчи эдим. Менинг қалбимда унга айтилмоқчи бўлган сўз ва саволлар жуда кўп эди.

Суҳбат мавзуимиз асосан Ўзбекистон ва мен суйган президент Ислом Каримов ҳақида бўлди.  Президент масаласида иккаламиз тортишиб қоламиз деб ўйлагандим, йўқ, хато қилган эканман.

Мен Муҳаммад Солиҳнинг гапларида Ислом акага нисбатан нафрат ва ҳақорат кўрмадим. Гапларида ўз рақибига нисбатан доим инсофли бўлишга интилаётган яққол сезилиб турди.

Сиёсий фаолияти учун учта укаси узоқ йилларга қамалган бир инсоннинг ўз рақибига қарши адолатли бўлишга интилиши тақдирга шоён эди.

Асл сиёсатчилар шунақа мард ва одил бўлиши керак эмасми. Қани энди бизда ҳам АҚШдаги каби мухолиф томонлар абадий мухолиф бўлиб қолса-ю, лекин бу мухолифлик фақат сессия ва сенат йиғилишдарида, сиёсий кураш жабҳаларида бўлса.

Ҳаётда, жамиятда улар бир бирлари билан қўлни қўга бериб, ўзаро дўст ва камарбаста бўлиб ишласалар.

Ахир бизда ҳам  ҳукумат ва мухолифат бир бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб ишлаши, ватан ва халқ равнақи учун биргалашиб курашиши наҳот мумкин бўлмаса, деган ўйлар мени қийнарди.

Йигирма йилдан бўён амалдаги ҳукуматга мухолифатда бўлишга уни нима мажбур қилганини билишни истардим.

Хуллас, Муҳаммад Солиҳ билан гаплашадиган гапларим ростдан ҳам кўп эди.

Бугун муҳтарам ўқувчиларимизга Туркияга сафарим давомида Муҳаммад Солиҳ билан бўлган суҳбатнинг бир қисмини ҳавола этишга қарор қилдим.

Қолган қисмлари “Истанбулга саёҳат” рукни давомида сафар хотиралари билан бирга бериб борилади.

Хуллас, ҳали гаплашадиган гапларимиз кўп.

Эртага мезбон бизни оиламиз билан Туркиянинг энг қадимги пойтахти Адирна шаҳрига олиб боражагини маълум қилди…

Демак, Муҳаммад Солиҳ билан савол жавобларнинг биринчи қисми билан танишинг.

Исмат Хушев: – Солиҳ ака! Бугун Сиз Ўзбекистондан ташқаридасиз.
Ўзбекистоннинг реал ички ҳаёти билан танишмисиз? Агар сир бўлмаса
қайси каналлар орқали?

Муҳаммад Солиҳ: – Замон интернет замони, бир мамлакатда йўталсанг
наригисида бу йўтал эшитилади. Бугун сир сақлаш қийин. Бизга хам,
ҳукуматга хам. Агар сир сақлаш мумкин бўлсайди, биз Ўзбекистон
Президенти ва унинг яқин атрофи хақда бугунги билганларимизни ҳеч
билмаган бўлардик. Масалан, кеча Лола Каримованинг опаси Гулнора билан 12 йилдан бери гаплашмаётгани хақда Лоланинг ўзи эътироф қилди. Нега? Чунки бу хақиқатдан фақат Ўзбекистонда эмас, балки бу оила ишларига қизиққан ҳамма йилларча воқиф эди. Яъни бизнинг ватандан хабар олиш муаммомиз йўқ. Хабар каналлари кўп, хам хусусий, хам расмий каналлар.

Исмат Хушев: –  Йигирма икки йиллик мустақилликнинг йигирма йилини хорижда ўтказаяпсиз. Ўтган бу йилларда Ўзбекистоннинг ютуқ ва камчиликларини  нималарда кўрасиз?

Муҳаммад Солиҳ: – Ютуғини шунча қийинчликка, йўқсилликка ва давлат тизимларининг фуқораларга қилаётган сурункали адолатсизликларига қарамай, хали хам фуқоролар уруши бошланиб кетмаганида, истиқрорнинг сақланиб қолишида кўраман. Бунга шукр қилишимиз керак. Бунинг учун биринчи навбатда, халқимизнинг сабр-тоқати олдида қарздормиз. Камчилик хақда гапирар экан, бу ерда ҳукуматнин камчилиги хақда гапириш мумкин. Унинг камчилиги, шунчалар салим ва тоқатли халқнинг сабр-бардошидан фойдаланиб, бутун сохаларда тубдан ислохлар ўтказиш имкони бор экан, бундан фойдаланмаганида. Халқининг бардошини синашда давом этиб, адолатсизликда давом этаётганида ва буни тўғри йўл деб, ўзини ва халқини ишонтиришга уринаётганида деб биламан. Бу қайсарликнинг охири хайрли тугашига ишонч оз.

Исмат Хушев: – Солиҳ ака. Менинг хотирамда Сиз Президентнинг рақиби
бўла туриб, лекин у кишига ҳужум бўлган сессияда Ислом акани дадил
ҳимоя қилганингиз муҳрланиб қолган. Ўшанда мен сессия мажлисининг биринчи қаторида ўтирган эдим. Ислом акага қарата айтган мана бу  сўзларингиз то ҳануз қулоқларим остида жаранглаб турибди: “Қани Сизнинг ҳокимларингиз. Нега улар бугун оғизларига мум
солиб олишган?” Хуллас, яхши гапирган эдингиз. Нега ўшанда Сиз ҳеч
ким кутмаган бир пайтда Ислом Каримовни ҳимоя қилиб чиққан эдингиз?

Муҳаммад Солиҳ: – Мен Каримовни ҳимоя қилганим йўқ, ўз эътиқодимни ҳимоя қилдим. Иккюзламачликка қарши чиққандим ўша куни. Чунки Каримовга хужум қилаётганлар ўша воқеадан аввалги сессияда мен Каримовни танқид қилганимда, ер тепиб, менинг минбардан тушиб кетишимни талаб қилган депутатлар эди. Бу мени ҳайратга солди ва уларга буни минбардан очиқ айтдим. Бўлгани шу. Кейин бу ҳаракатимнинг Каримовга мадад бўлгани хақда менга дашном қилганлар кўп бўлди, аммо Оллоҳ олдида мен тўғри ҳаракат қилганимдан шубхам йўқ. Қолаверса, ким бўлса бўлсин, бу Каримов бўлса хам, ноҳақликка учраса, уни ҳимоя қилиш ҳар қандай иймон ва виждон соҳибининг вазифаси деб биламан, мени шундай тарбияладилар. Ўша сессияда Каримовга қарши айтилган танқидлар тўғри эди, мен бу танқидга эмас, инсонлардаги иккиюзлиликка қарши гапирдим.

Исмат Хушев:  – Солиҳ ака, сиёсатдан тўйган бўлсангиз керак, келинг
энди Сизнинг профессионал касбингиз – адабиётга қайтсак. Нима
ўқияпсиз, нима ёзаяпсиз?
Муҳаммад Солиҳ: – Имом Бухорий ва Ғаззолий ҳазратларининг китобларини мутолаа қилаяпман. Ёзилаётган нарсалар айтишга арзирли бўлмаган, кичик матнлар. Балки бир системага тушса, эълон қилинар насиб этса.Исмат Хушев: – Бугунги ўзбек адабиёти ҳақида фикрингиз? Бу фикрлар
ўзбек ўқувчиси учун жуда муҳим.

Муҳаммад Солиҳ: – Афсуски, ўзбек адабиётининг бугунги ҳолидан яхши хабардор эмасман. Мутлоқо истеъдодли инсонлар бордир, аммо уларни махсус ўрганишга вақт тополмаяпман. Фақат яқинда буюк шоиримиз Рауф Парфининг 70 йиллигига бағишланган тадбирнинг бекор қилиниши Ўзбекистонда истеъдодлар шажараси битдими деган машъум фикрни туғдиргани ҳам бир ҳақиқат. Чунки ҳақиқий истеъдод жасорат билан айни савияда юрадиган бир фазилатдир. Тошкентда бу тадбирнинг қолдирилишга қарши Рауф Парфининг шонини ҳимоя қилиб чиққан ёшларни кўрмадик, бу бизни маҳзун этди.

Исмат Хушев: – Солиҳ ака. Таниқли ва машҳур  ёзувчилар ҳамиша шахсий муносабатлардан устун туришган. Ўзлари ёқтирмаган ҳамкасблари – агар у истеъдодли бўлса, у ҳақда ўз ижобий фикрларини ҳеч қачон яширишмаган. Биласиз, Толстой ва Тургеневлар ўзаро душман бўлишган. Лекин уларнинг бир бири ҳақидаги улуғ ва ажойиб сўзлари бизгача етиб келган ва бизни ажиб ҳайратларга ошно этган. Биз ҳақиқий бағри кенгликни рус ва жаҳон адабиётидан ўрганишимиз керак, шекилли.  Шундан келиб чиқиб мен Сизнинг Абдулла Орипов билан Эркин Воҳидов ҳақидаги муносабатингизни билишни истардим…

Муҳаммад Солиҳ: – Эркин Воҳидовга хам, Абдулла Ориповга ҳам катта
ҳурмат билан қараганмиз ва бу ҳурмат бугун хам мавжуддир қалбимизда.
Уларнинг шеърияти ҳақда камина тарафидан айтилган баъзи танқидий
фикрлар бўлса, бунга ҳам адабиёт нуқтаи-назаридан қараш керак. Бу
танқид ҳам уларнинг профессионал мавқеига қарши эмас, балки ижтимоий мақомига бўлган муносабатдан иборат эди. Яъни бу икки кучли шоирнинг бир фуқоро сифатида бутун сиёсий режимларда бир хил комфорт, хашам ва хурмат ичида яшашга интилишларини хеч тушунаолмаганман. Чунки улар (биз) бошимиздан кечирган сиёсий режимларнинг хеч бири шоир севиши мумкин бўлган, шоир хизмат қилиши мумкин бўлган, адолатли ва инсонпарвар режимлар эмас эди, аксинча, зулм режимлари эди. Мен шунга ҳайрон бўлганман. Бу шоирларнинг позициясига танқидий қараш мустақиллик ва
Каримов давридан анча олдин бошланган. Масалан, шу шеър Совет
замонида, Шароф Рашидов даврида, 1980 йил ёзилган:

ЗИНАПОЯ

Чақмоқдай «ялт» этди янги бир фикр,

Шиддат тикон гулдай барқ урди,

Ўрнидан турди,

Ёришди ним қоронғу тафаккур,

«ТЎҚНАШУВ» деб ёзди қоғозга!

Ўйлаш мумкин эмас эди,

Афсус ўйланди –

Устидан чизилди «ТЎҚНАШУВ»,

Ёнига ёзилди «ЮЗМА-ЮЗ».

Ўйлаш ўлим билан баравар эди,

Лекин у қўрқмади, «ЮЗМА-ЮЗ»нинг ҳам

«УЧРАШУВ», деб қўйди ёнига.

Эдди ўйлаш ўлим деган гап эмас.

Энди у мутлақо хотиржам –

Бир-бир босиб, хиромон юриб,

«УЧРАШУВ» «ВИСОЛ»нинг ёнига келди.

1980

Абдулла Орипов, адашмасам, 70-йилларнинг бошларида “Юзма-юз” деган бир катта шеър ёзган эди, ундан биз, антисовет руҳидаги ёшлар, жуда илҳомланган эдик, бу бир ижтимоий манифест,аниқ бўлмаса-да, бир ижтимоий норозилик ҳужжати эди. Лирик кечинмалардан баланд, қуруқ сиёсий декларациядан ҳиссийроқ Баёнот бўлиб кўринганди бу шеър. Аммо бизнинг умидимиз узоққа чўзилмади, шоир тез орада режим олдида ўзини оқлай бошлаганини эслайман. Яни 1960 ларнинг охирида ғаним билан  ”Юзма-юз” келиб, Тўқнашувга тайёр бўлган бир исёнкор шоир 1970 ларнинг ўрталарида ўша “Тўқнашув”ни ширин Висолга айлантирганди гўё.

Зинапоя” шеъри 1980 йилда А.Ориповнинг “Марказқўмга” (кейинчалик
“Нажот қалъaси”) дея аталиб, “Совет Ўзбекистони”да босилган шеърига
жавоб тариқасида ёзилганди. Аммо “Зинапоя”ни ҳеч қаерда босишмади, уни фақат 1986 йилда чоп этилган “Олис табасссум сояси” деган китобимга киритаолдим. Албатта, унда ҳам бу матнинг А.Ориповга багишланганини айтиш мумкин эмасди.

Абдулла Ориповнинг профессионал шоирлигига келсак, ҳеч шубҳасиз, ўзбек адабиётидаги буюк сўз усталаридан биттасидир.

Айни ташбиҳни Эркин Воҳидовга ҳам бемалол қўллаш мумкин.

Исмат Хушев: Агар хабарингиз бўлса бу икки  бетакрор истеъдод соҳиблари ўрнига бошқа икки ижодкор сенаторликка сайланган. Иқбол Мирзо – Эркин Воҳидов ўрнига, Маҳмуд Тоиров – Абдулла Орипов ўрнига. Уларнинг ҳар иккаловига ҳам “Ўзбекистон халқ шоири” унвони берилган. Сиз уларнинг ижоди билан  қанчалар танишсиз?

Муҳаммад Солиҳ: Мен уларнинг ижоди тугул, исмини ҳам билмайман, эшитмаганман…

Исмат Хушев: Бир пайтлар адабиёт ва сиёсатда тўрт ижодкор, тўрт сафдош яқин дўст эдинглар. Булар Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Усмон Азим ва Сиз эдингиз, шекилли. Шу билан бирга мен Сизларнинг сафингизда Эркин Аъзам, Мурод Муҳаммад Дўст, Иброҳим Ҳаққул, Аҳмад Аъзам, Муҳаммад Раҳмонлар ҳам борлигини биламан. Ислом Каримов ҳокимиятга келганидан кейин уларнинг аксарияти худди мен каби янги давлат раҳбарининг ёнига ўтишди. Сиз эса ёлғизланиб хорижга кетишга мажбур бўлдингиз. Лекин ажабки кейинчалик уларнинг ҳаммаси урилиб, яна оддий ижодкорга айланиб қолишди. Сиз эса шу маънода менинг назаримда улардан анча баландда қола билдингиз. Бугун шу дўстларингизга нима деган бўлардингиз?

Муҳаммад Солиҳ: Уларнинг ҳаммаси менинг дўстларимдир, дўстларимдан ҳеч қачон ўзимни устун қўймаганман – на бугун, на-да ўтмишда. Бир кураш, бир мужодала бошланади, хар ким ўз қирғоғини белгилади. Мен улар танлаган позицияси учун қоралай олмайман. Ҳамманинг менинг танлаган қирғоғимга чиқишини ҳам орзу қилмаганман. Бу бир фитрат ва зеҳният масаласи. Ҳар ким ўз ҳаракати учун масъулдир, мен ҳам факат ўз ҳаракатимдан масъулман. Хуллас, мен дўстларимдан розиман, улар ҳам мен ғарибдан рози бўларлар деган умиддаман.

Исмат Хушев: Сиз каби ҳукуматга мухолиф бўлгани боис ўзбек адабиётидан номи ўчирилган Гулчеҳра Нуруллаева ҳақида нима деган бўлардингиз…

Муҳаммад Солиҳ: – Гулчеҳра Нуруллаева ўзбек аёлларининг номусидир. Миллий адабиётимизнинг фахридир. Ноёб бир жасорат соҳибаси, гўзал инсондир муҳтарам опамиз. Сўнгги 20 йилда ҳақсизликка қарши ўзбек адибалари ичида битта аёлнинг овози чиқди Ўзбекистондан, бу овоз Гулчеҳра Нуруллаеванинг овози эди. Оллоҳ унга хайирли умр берсин, у интилга ёруғ кунларни кўриш унга насиб этсин…

(давоми бор)

 

www.dunyouzbeklari.com