Бу йилги пахта мавсумида яна мактаб ўқувчилари далага олиб чиқиладиган бўлди…

Бу йилги пахта мавсумида яна мактаб ўқувчилари далага олиб чиқиладиган бўлди…
60 views
29 September 2013 - 10:50

 

пахта Ҳар йилгидек бу йил ҳам Ўзбекистон пахта далаларида зўравонлик авжида. Пахтазорга мажбур ҳайдалаётган ёшлар ўқишдан қолиб, зулм остида пахта теришяпти. Пахтазорда шароит йўқ, теримчиларга бериладиган овқат эса қайнатилган макарон.

Улар бемор ёки бошқа муаммоси бўлишидан қатъий назар, пахта теришга мажбур.

Бухорода октябрь ойининг илк кунларидан бошлаб, 1-курс талабалари, (15-16 ёшли талабалар) пахтага сафарбар этиладиган бўлди. 27-сентябрь куни Бухоро Давлат Университетининг 1-курс талабасини далада чаён чаққан, дея хабар беради ЎХҲнинг Бухоро вилоятидаги мухбири.

Чаён чаққан қизнинг қўллари қорайиб кетган. Чунки далада қизга тиббий шошилинч ёрдам кўрсатилмаган. Пахтазорда шароит бўлмагандан кейин, тиббий ёрдам қайда?

Ҳар йили Ўзбекистон пахта далаларида бир неча одам нобуд бўлади. Бу йилги пахта қурбонлари ҳам ортиб боряпти. Озодлик радиоси ёзишича, Дўстлик туманида фермерлик қилаётган Абдуғани Жумабоевнинг келини(исми шарифини аниқлаш имкони бўлмади – Озодлик)пахта тераётган пайтда ўлиб қолган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган Дўстлик туманидаги манбага кўра, воқеа куппа-кундуз куни пахта даласида рўй берган:

– Келинчак тўртинчи совхоздан келин бўлиб тушган экан. Йигирма ёшга кирган, эри Тошкентда ўқийди экан. Битта ёш ўғли бор экан. Пахта тераётган пайтда бирданига ёмон бўлиб, жойига ўтириб қолибди.  Атрофдагилар бу дам оляпти, деб парво қилмапти. Кейин келиб кўришса, жойида ўтириб ўлиб қолган экан.

Келинчак шундан сўнг дарҳол касалхонага олиб борилган, бироқ шифокорлар унинг жони аллақачон узилганини қайд қилган. Мурдани ёриб кўриб, ўлим сабабини аниқлашга унинг яқинлари ижозат бермаган. Тахминий версияга кўра, келинчак қон босимининг бирданига кўтарилиб кетишидан жон таслим қилган бўлиши мумкин.

Бундан ташқари,Бухоро вилоятида 6 яшар болакай Амирбек Раҳматов пахта ортилган прицепга чиқиб ухлаб қолган ва шом қоронғусида унинг устига теримчилар терган пахта тагида бўғилиб ўлган. 16 сентябр куни пахта даласида Қарши Давлат университети Тарих факултети, 2-курс талабаси шу факультет 4-курс талабаларидан 4 нафарини пичоқлаб қўйди. Пичоқланганлардан бири воқеа жойида ҳалок бўлди, яна бири касалхонада жон берди.

9 сентябр куни 1996 йили Қарши туман, Сарой қишлоғида туғилган Мухлиса Ўрол қизи Ражабова пахта даласида ток уриб вафот этди.

Озодлик манбаларига кўра, Тошкентдан келган милиционерлар уйларга кириб, одамларни пахта даласига босиб олиб кетишяпти. Баъзи катталар, Совет даврида ҳам бунчалик зўравонлик бўлмаган, дейишади. Демак, диктатор Каримов зўравонлигини кундан кун оширяпти. Воқеалар ривожини вақт хал қилади…

ЎХҲ хабар маркази.