Исмат Хушев: Муҳаммад Солиҳга отилган ўқ (3)

Исмат Хушев: Муҳаммад Солиҳга отилган ўқ (3)
129 views
30 September 2013 - 10:46

Бунинг ортида ким турган бўлиши мумкин?

Мен билган ва билмаган тафсилотлар

«Истанбулга саёҳат» туркумидан

эдирна-0

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ билан Эдирна сафарида, сентябрь, 2013 йил, Туркия.

 

Эдирнага сафар

Истанбулга келганимизда Муҳаммад Солиҳ бизга бир ҳафталик сафар
дастурини маълум қиларкан, унда Эдирнага сафар ҳам киритилганини
кўриб, «Шу шаҳарга бориш шартмикан?» деб ўйлаган эдим.

Лекин мезбон бу сафарга тайёргарлик кўрганини сезиб, индамай қўя қолдим.

– У ердаги дўстларимга борамиз деб айтиб қўйганман. Улар бизни
кутишяпти, – деди Муҳаммад Солиҳ уларникидан хайрлашиб отелга кетар пайтимизда. – Тонгда жўнаш керак, йўл узоқ. Эрталаб 6.30 машина
боради. Тайёр бўлиб туринглар…

Муҳаммад Солиҳнинг хонадонидан жуда кеч қайтганимиз учун эрталаб
олтида эмас, еттиларда икки машинада йўлга чиқдик.

Биринчи машинанинг орқа ўриндиғида – Наргиз билан янгам, иккинчисида – Муҳаммад Солиҳ билан мен.

Ҳар иккала машинанинг олдинги ўринларида қўриқчилар…

Биз борар манзил Истамбулдан 230 километр узоқликда, Юнонистон ва
Булғористон чегарасига яқин жойда экан.

Туркиянинг йўллари ҳам худди Канаданики каби кенг ва равон, икки
соатга қолмай манзилга етдик.

Бизни Муҳаммад Солиҳ оилавий Маккаи Мадинага – Ҳаж зиёратига борганида танишган эдирналик турк биродарлари оилалари билан кутиб олишди.

Улардан бирининг тижорат ва савдо Маркaзи бўлиб, пастки қаватида ошхонаси ҳам бор экан.  Ўша ерда бир пиёла чой ичиб, нафас росладик.

Сўнг шаҳарни томошо қилдик.

Эдирна Истабулнинг қадимги пойтахти. Бу ерда Усмонлилар Усмонли
империяси Султони Иккинчи Салимнинг меъмор Синонга қурдирган улкан Жоме масжиди бор.

Меъмор Синоннинг 80 ёшида қурган бу бетакрор ва бебаҳо Салимия Жомеси  нафақат меъмор Синоннинг, балки бутун Усмонлилар империяси қурган минораларнинг энг гўзал намунасидир.

– Бу Жоме Меъмор Синоннинг имзосидир, – деди бизни бу шоҳ асар билан
таништираётган маъмур. Яъни бу Масжид Мемор Синоннинг сўнгги асари эди.

Жоме масжидига кираверишдаги китобий ёзувга кўра унинг қурилиши 1568 (ҳижрий 976 йил) да бошланган. 1574 йил 27 ноябрда очилиши
мўлжалланган.

Аммо олампаноҳ Салимнинг бевақт ўлими боис бир оз кечикиб – 1575 йилнинг 14 мартида ибодатга очилган…

Жоме Масжиди Султон Салим Вақфи тасарруфида бўлган. Эдирна марказидаги мўҳташам миноралар майдонида Сулаймон Челебий даврида бошланган, кейинчалик Йилдирим Боязид қуриб тугаллаган «Саройи Элик» ҳамда «Болтачи Муҳофизлари» ҳарами жойлашган. Бу майдонни «Сарибайир» ёки «Қовоқ майдони» деб ҳам атайдилар…

Улкан ва ҳашаматли масжидга кирарканмиз, бундан шунча йиллар муқаддам  – аждодларимиз қурган бу сирли ва синоатли кошоналарни кўриб, боболаримиз ақлу заковотига қойил қолдик.

Умуман жуда қадим замонларда турклар дунёнинг ярмини эгаллаганини, улар забт этган юртларда инсон ақли лол қоладиган иншоотлар қурганини кўриб, қалбимизда ажиб бир завқ ва фахр туйдик…

Ким билади дейсиз, агар Усмонлилар империяси таназзулга юз тутмаганида бугун дунёни инглизлар эмас, балки турклар эгаллаган бўлишармиди…

Мен дунёнинг жуда кўп мамлакатларида бўлганман.

Польша ва Варшава, Чехия ва Прага, Олмония ва Франция, Денмарк ва Амстердам, Швецария ва Швеция, Калифорния ва Нью Йорк, Вашингтон ва Бостон, Торонто ва Оттава, Исроилнинг Ирусалим ва Тель Авив шаҳарларидаги мусулмон ва яҳудийлар, христиан ва католиклар сиғинадиган улкан ва мўҳташам  ибодатхоналарини кўрганман.

Лекин Туркиядагидек, хусусан, Эдирнадагидек бетимсол ва беқиёс сарой ва кошоналар, Жоме масжидларини ҳеч қаерда кўрмаганман.

Шунда Эдирнага келиб яхши қилганимни, бу қадимий шаҳар мен учун
ҳаётимнинг энг гўзал ва ёруғ саҳифаси бўлиб қолишини беихтиёр англаб
етдим..

Қубба

Эдирнада бир бири билан рақобат қиладиган Жоме масжидлари жуда кўп.
Улардан яна бирида биз ажиб бир ҳолни кўриб, чексиз ҳайратларга ошно
бўлдик.

Биз кирган навбатдаги Жоме масжиди улкан қубба шаклида бўлиб, унинг
ўртасида суяб турадиган устунлари йўқ эди.

Ажаб, ҳали архитектура ва қурилиш фани ривожланмаган, геометрия ва
чизмачилик дарсликлари ўйлаб топилмаган бир пайтда бундай бино қурган инсон ақлу заковоти ва даҳоси олдида таъзим қилгинг келади.

Бу ерда аввал ҳеч бир Жоме ва масжид (ибодатхона) да қўлланилмаган
услуб ишлатилганини кўриб ҳайратингиз яна ошади.

Аввалги айлана услублардан фарқли ўлароқ, бино қуббалари юксалиши
билан Салимия Жоме масжидининг юксаклиги 43,25 метр, эни эса 31,25
метрда бир тилимли қубба билан бирлаштирилган. Бу қубба – 8 аркдан¸ ҳар бир арк эса – 6 метрдан иборат.

Бу сирли ва муқаддас ибодатхонани қурган меъмор Синон айни шаклда
жомега берилган бутун ички гўзаллик ва санъатни, архитектурани бир
қарашдаёқ ифода эта олган.

Энг ҳайратли томони шундаки бу масжиднинг тўрт нафар балан ва ҳайратли миноралари қайси томондан қарасангиз ҳам бир бирининг соясида қолиб, фақат иккита бўлиб кўринади, холос…

Шоҳ намоз ўқийдиган жой…

Ўртасида ушлаб турадиган устуни бўлмаган, фақат ён тарафлардан 6
метрлик арклар билан ушлаб туриладиган улкан Жоме масжиди Эдирнадаги барча масжидларнинг энг каттаси ва муқаддаси экан.

Олампаноҳ Салим ҳам айнан шу Жоме масжидида намоз ўқишни одат қилган. Хавфсизлик боис Подшоҳ учун алоҳида, омма кўзидан холи бир ҳужра бўлиб, у Жоме масжидининг тепароғида шоҳ учун махсус қурилган.

У умумий зиёратчилар учун ёпиқ бўлиб, алоҳида ҳоллардагини очилар экан.

Муҳаммад Солиҳнинг келганини эшитиб, Жоме масжидида бизни қаршилаган Эдирнанинг сиёсий ва диний идора расмийлари подшоҳ намоз ўқийдиган ҳужрани ҳам бизга очиб беришди (Сурат берилади).

Ажаб, Қиблага қараб ҳукмдор намоз ўқийдиган томонда қабристон бор
экан. Шоҳ намозга чўккалаганда атай унга кўринадиган қилиб шундай
қуришган…

Нега бундай деган саволимизга: «Буни меъмор Синон атайлаб шундай
қурган. Сен бугун шоҳсан. Лекин эртага борар еринг ҳамма қатори мана
шу қабристон бўлишини унутма!. Халқдан узоқлашиб кетма!», – деган
маънода атай шундай қилинган деб бизга тушунтиришди…

Бугун бундан нафақат Туркиянинг, балки дунёнинг бошқа ҳукмдорлари ҳам ибрат олсалар ёмон бўлмасди деган фикр ўтди менинг гуноҳкор
кўнглимдан…

Генерал Скобелев

Айни Жоме масжидининг бир ерида девордан ўйиб олинган жой махсус рамкага олиб қўйилган (пастдаги суратда).

скобелев-парчаси

Бунинг сабабини сўраганимизда  ўша пайтдаги Бўлғористонда Турк ҳукмронлигига қарши ёрдамга отланган  рус генерали Скобелев Эдирнагача келган ва  ўз ғалабасининг рамзи сифатида   бу маҳобатли ибодатхона деворидан бир парчани эсдалик сифатида ўйиб, ўз юртига олиб кетганини айтишди…

Биласиз, Генерал Скобелев Ўрта Осиё, хусусан, Қўқон хонлигини забт этишда жонбозлик кўрсатган, маълум муддат бу ерда яшаган таниқли рус ишғолчиси (Сурат берилади).

 

генерал-скобелев-оқ-отда-200x300Уни аксар ҳолларда оқ пошшо деб ҳам аташган. У асосан оқ мундир кийиб юргани ва жангларда ҳамиша оқ тулпор билан иштирок этгани учун ҳам шундай  ном беришган бўлсалар, не тонг!

Ажаб, бўлғорларни турк истилосидан ҳимоя қилган Скобелев, тақдир тақозоси билан менинг Ватанимга ҳам ишғолчи сифатида қадам ранжида қилган.

Унинг амри билан Қўқондаги боғларнинг бирига: “Бу ерга сартлар (яъни маҳаллий аҳоли – ўзбеклар) нинг кириши мумкин эмас!” деб ёзиб ҳам қўйишган эди…

Ҳайрат ва “хоин”лик ҳақида…

Мен Эдирна сафари давомида бу ерлик турк дўстларимизнинг Муҳаммад Солиҳга бўлган ҳурмат ва эҳтиромини кўриб, яширмайман, жуда ҳайратландим.

Чунки Муҳаммад Солиҳ ҳақида шу пайтга қадар ҳукумат ва мухолифатнинг у ҳақда билдираётган хабар ва мақолалари орқали хабардор эдим, холос.

Бу матнлар ҳам  ўзбек мухолифати лидери ҳақида асосан  ғийбат ва адоватдан, тўҳмат ва ҳақоратдан, бидъат ва  маломатдан иборат эди.

Бу “хабардорлик” қанчалар ҳақиқатга яқинлиги эса ёлғиз Оллоҳга аён!

Ўзбек ҳукумати ва мухолифати ёмон кўрган  Муҳаммад Солиҳни турк биродарларимиз бу қадар  ҳурматини жойига қўйиб, кўнглини ўкситмай, қадрлаб юрганлари, рости, мени жуда мутаассир қилди…

Муҳаммад Солиҳнинг “На гўзал” номли бир шеърида шундай сатрлар бор:

Бир ёнда ожизу, бир ёнда кучли,
Кураш бошланаркан тарафма тараф.
Ожизнинг ёнини олганинг учун,
Хоин” деб ном олмоқ нақадар шараф!

Туркия давлатининг бугунги мулозимлари ҳам анойи одамлар эмас.

Туркия бугун ҳар жабҳада, хоҳ у сиёсат бўлсин, хоҳ иқтисод ва ё ҳарбий соҳа бўлсин, дунё билан тенг ва борабар қадам ташлаяпти.

Шундай бир пайтда Туркия давлати расмий Тошкент учун исталмаган шахс – Муҳаммад Солиҳни ўз паноҳига олиши, унга алоҳида меҳр ва иззат икром кўрсатиши нимадан далолат?

Унинг муҳофазасини таъминлаши орқали турклар  ”ожиз” Муҳаммад Солиҳнинг ёнини олишига расмий Тошкент эҳтимол у қадар эътибор бермаслиги, бунга оддий ҳол деб панжа орасидан қараши мумкин.

Лекин биз журналистлар бундай қилмаслигимиз, бунга бепарво бўлмаслигимиз ва бунинг илдизларини қидиришимиз керак.

Демак, Ватан тушунишни истамаган Муҳаммад Солиҳда нимадир бор ва шу “нимадир”ни биз журналистлар излаб топишимиз, ўзбек сиёсатидаги бу ажиб ҳолни жиддий мушоҳада этишимиз керак.

Бизнинг профессионал касбимиз шуни тақозо этади. Истак ва хоҳишимиз, симпатия ё антипатиямиз эмас…

Қолаверса, йигирма йилдан бўён хорижда – муҳожирликда юрган Муҳаммад Солиҳ ҳақида ёзганларимни ўқиб, Ватандагилар  эҳтимол, Туркия каби, мени ҳам “хоин”ликда айблашлари мумкин.

Ватандагилар” деганда мен ҳукуматни,  ҳукуматдаги узоқни кўра олмайдиган айрим  мулозимларини назарда тутяпман.

Йигирма йилки, улар бир тараф, Муҳаммад Солиҳнинг ўзи бир тараф бўлиб курашиб келишади.

Ана шундай нотенг кураш кетаётган бир пайтда – мен аслида Ўзбекистон ва унинг Президентига хайрихоҳ бўлсам-да, – лекин бу гал “ожиз” Муҳаммад Солиҳ тарафини олишни ихтиёр этган бўлсам, не ажаб!

Ҳолбуки, мен унинг ожиз эмаслигини, у ҳеч қачон ожиз бўлмаслигини яхши биламан…

Дарвоқе, “хоин”лик ҳақида.

Аслида журналистни хоин санаганларнинг ўзи хоин.

Журналист касб нуқтаи назаридан ҳамма билан – дўст билан ҳам, душман билан ҳам мулоқот қилиши, Ватан ва халқ истқболи учун ҳар икки томонни ҳам тинглай олиши, уларнинг фикрини шу жафокаш халққа етказа олиши  керак…

Айни пайтда мен бир ўзбек зиёлиси сифатида бутун дунёдаги ватансевар ва миллатпарвар ўзбекларнинг ўз юртларида эмин-эркин яшашларини орзу қиламан.

Бу балки ортиқча хаёлпарастликдир. Соддаликдир. Аммо бу мулоқот ва бу сафарнинг ҳам аслида мана шу орзудан келиб чиққанлигини айтиб ўтмай иложим йўқ.

Давр ва замонлар ўзгараяпти. Давлат ва ҳукуматлар, уларнинг кечаги қотиб қолган фикр ва хулосалари ҳам ўзгариши керак. Бугун бўлмаса эртага улар ўзгаришга маҳкум бўлишади.

Муаммолардан қочиб, бошимизни қумга кўмган билан улар ечилмайди.

Ҳақиқатнинг юзига мардона қараб, камчиликларимизни тан олишимиз лозим.

Ҳукумат ҳам, мухолифат ҳам ўзларини ягона ҳақиқат манбаиман деб билмаслиги, муросаи мадора йўлларини излаши, ахтариши ва топиши керак!

 

http://dunyouzbeklari.com