Тожик мулозими: “Ўзбек темирйўлчиларининг айби билан поезд ҳалокатга учради”

Тожик мулозими: “Ўзбек темирйўлчиларининг айби билан поезд ҳалокатга учради”
44 views
10 October 2013 - 14:09

imagesТожикистоннинг пассажир поезди Ўзбекистон ҳудудида издан чиқиб, ағдарилди. Ҳодиса 10 октябр куни эрталаб рўй берган. Биздаги маълумотларга кўра, 267 йўловчидан 33 нафари тан жароҳати олган. Айни пайтда уларга биринчи ёрдам кўрсатилмоқда.

Тожикистон “Темир йўллари” давлат унитар корхонаси расмийси Усмон Қаландаров бу маълумотни тасдиқлади.

“Бугун эрталаб Душунбе-Конибодом йўловчи поезди Ўзбекистоннинг Ғаллаорол туманида авария бўлди. Элликдан ортиқ киши турли даражада жароҳат олди. Шукрки, қурбонлар йўқ. Йўловчиларнинг аксарият қисми ҳарбий хизматга чақирилган ёш йигитлар. Поезд йўлга чиқишдан аввал техник кўрикдан ўтказилган. Бу ерда техник носозлик йўқ. Бизингча, ҳодиса айнан ўзбек темирйўлчиларининг айби билан юз берди. Чунки ўша массивни таъмирлаётган темирйўлчилар машинистни йўлда таъмирлаш ишлари кетаётганидан огоҳлантирмаган”, деди Ўзбекистон Халқ Ҳаракати мухбири билан суҳбатда тожик расмийси Қаландаров.

Ўзбекистонлик масъулларнинг билдиришича, йўловчиларга биринчи ёрдам кўрсатилиши билан бирга, ҳодиса сабаблари мутахассислар томонидан ўрганилаётир. Хулосалар эса ҳозирча эълон қилингани йўқ.

Тожикистон “Темир йўллари” ширкати масъули Усмон Қаландаровга кўра, тан жароҳати олганлар туман касалхонасига ётқизилган. Талофат кўрмаган йўловчилар эса уйларига қайтарилмоқда.

Тожикистоннинг жанубини шимолий қисми билан бириктирувчи ягона темир йўл Ўзбекистон ҳудудидан ўтади.

“Бизнинг бошқа йўлимиз йўқ. Фақат шу йўл, яъни Ўзбекистон ҳудуди орқали айланиб ўтиш бор холос, муаммо ҳам шунда”, деди Қаландаров.

Расмийнинг маълум қилишича, бундан аввал Тожикистон “Темир йўллари” ширкатининг йўловчи ташувчи поездлари билан боғлиқ бу хил ҳодисалар қайд этилмаган.

2009 йилдан бери Ўзбекистон ва Тожикистон темирйўлчилари орасида турли келишмовчиликлар пайдо бўлиб келган. Тожик расмийлари ҳар гал Ўзбекистонни Тожикистонни иқтисодий қамал қилишга урунаётганликда айблаб келади.

ЎХҲ хабар маркази