Инқилоб технологияси

Инқилоб технологияси
13 views
11 October 2013 - 16:56

 

imagesИнқилобий вазият адолатсиз жамиятда пайдо бўлади.  Жамият аъзолари орасида адолатли муносабатлар қанча камайса иқтисодий,  ижтимоий ривожланиш ҳам шунча сусаяди.  Натижада халқ қашшоқлашади ва инқилобий вазият юзага кела бошлайди.

Жамиятда ижтимоий қарама қаршиликлар пайдо бўлса, албатта у ерда инқилобни ҳаракатлантирувчи куч ҳам пайдо бўлади.

1917 йилги Россиядаги Октябрь тўнтарилишлари халқнинг қашшоқлиги, ҳукмрон доираларнинг халқ дардига бепарволиги, жамиятни тоборо инқилобга яқинлаштирганлиги туфайли юзага келди. Россия жамиятидаги ижтимоий зиддият, ўзининг энг кучли фазосига кириб борарди. Кутилган инқилобнинг амалга ошиши учун фақат қулай вазият ва маблағ керак эди холос.

Моддий етишмовчиликни  ғарб таъминлади. Қулай вазиятга эса биринчи жаҳон уруши сабабчи бўлган. Россиянинг мунтазам армияси фронтга сафарбар қилинганлиги сабабли мамлакат ичкарисида армия қўшинлари, деярли қолмаган эди. Ҳатто Қишки сарой(Россия муваққат ҳукуматининг идораси), фавқулодда вазиятда, юнкерлар(ҳарбий ўқув юртларининг толиблари) томонидан ҳимоя қилиниши керак эди.

Ғазабли халқ, 1917 йили 24 Октябрда(7-ноябрда) болшовойлар бошчилигида қурол билан кўчага чиқдилар ва Қишки саройга ҳужум уюштирдилар. Қишки саройда қоровуллик вазифасини ўтаётган юнкерлар, яъни ёш болалар қўлидаги қуролни ташлаб қочиб кетдилар. Муваққат ҳукумат раиси Керенский Ф.И. ва унинг мулозимлари, Зимнийдан қочишга мажбур бўлдилар.

Қишки саройни коммунистлар осонгина эгалладилар. Халқни бостириш учун фронтдан чақиртирилган махсус армия ҳали йўлда эди. Инқилоб арафасида ҳам, ундан кейин ҳам мунтазам армия қўшинлари, Петерградга ёрдамга етиб кела олмадилар.

Россия инқилобий тўнтаришдан кейин дунёни титратган 9 кун ичида, раҳбарсиз ва бошқарувсиз қолди. Юқори амал курсилари бўш ётди. Шундан кейин, Петербургнинг бошқа бурчагида, Смольный саройида Ленин бошчилигида Революция штаби фаолият бошлади. Бу эса, коммунистларнинг биринчи давлат идораси бўлиб, 74 йил умр кўрган Советлар давлатининг ибтидоси эди.

Ҳозир кўриб чиққанимиздай, ҳар қандай инқилобнинг амалга ошиши учун шарт ва шароитлар зарур экан. Шулардан асосийлари:

1.Жамият аъзолари ичида ижтимоий тенгсизликлар ва қарама-қаршиликларнинг юзага келиши,

2.Инқилоб учун ҳаракатлантирувчи сиёсий куч ва уни халққа танилган лидернинг бошқариши,

3.Режимнинг тасодифий ва систематик камчиликларидан келиб чиққан, инқилобий шароитидан фойдалана билиш,

4.Инқилобни ички ва ташқи душманлардан ҳимоя қила биладиган куч ва ёрдам.

Октябрь тўнтаришларига ҳам, мана 96 йил тўлибди. Бу динсиз замон, бизнинг тарихимиздан ҳам ўрин олди. Бугун мамлакатимизнинг янги тарихи замонида, коммунистлар “ижод” қилган ижтимоий тизим, ўзининг янада жирканчлироқ шаклига кирди. Ҳозир мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида, кучли қарама-қаршиликлар мавжуд. Лекин, биргина бу зиддиятларнинг ўзи билан инқилоб содир бўлмайди.

Каримов режимининг ҳимоя ҳийлалари методик равишда, халқимиз онгига жуда таъсирли ва чуқур сингдирилган. Шунинг учун ҳам халқ, ҳукумат арбобларининг очиқчасига қилаётган жиноятларига аниқлик киритишдан қўрқади.

Каримов режимининг кучи, унинг қонуний ва ноқонуний буйруқларини, давлат инфраструктураси мулозимлари томонидан сўзсиз бажаришларидадир. Каримовнинг бу феномени мазкур режимни ҳанузгача ушлаб турибди.

Бошқаришда, қонунга асосланмаган бу режимнинг ёши, мана 24 га қараб кетди. Режим намоёндалари шу даврлар ичида, юртбошининг ҳар қандай вазифасини, “бехато” амалга оширдилар. Энди эса режимнинг бош ижодкори қариди. Хаста. Дадасининг ўрнини эгаллашга лойиқ ўғли йўқ. Ўзига ўринбосар тайёрламаган. Қизлари, режимни бошқаришни уддасидан чиқа олмайдилар. Зўрға нафас олаётган режимни, қутқариб қолиш уёқда турсин, аксинча уни жарга қулатишга мойилдирлар. Қизларига ота ҳам, атроф мулозимлари ҳам ишонмайдилар. Каримовга ва унинг атрофига тўғри келадиган тахт вориси йўқ.

Халқимизнинг, бугунги тафаккури билан фикр юритганимизда, – «сарой амалдорларидан бирортаси тахтга ўтирадида, шунгаям шунча ташвишми»», дейилган бўлар эди.

Режим амалдорларининг ўзаро келишувлари ва ўз атрофларига халқни йиғишлари учун ғоя ва ишонч етишмайди. Халқни, биз яхшимиз деб яна алдайвериши мумкин.

Лекин, сарой амалдорлари бир бировларига ишонмайдилар. Бу вазият, режим раҳбарлари ичидан бирортасининг давлат раҳбари бўлиш имкониятини йўқлигини билдиради. Кучлар тенг, чигал муаммолар кўп ва ўзаро ишонч йўқ қавмга устун бўлиш мақсадига ҳеч ким осон эриша олмайди. Оқибат, катта йўқотишларга олиб келади. Мулозимлар бундай беҳуда йўқотишларни ҳоҳламасалар керак.

Тахт учун курашдаги талофатли йўл, президент атрофидаги мулозимларига мутлақо керак эмас. Негаки, президентлик тахтига мингандан кейин ҳам амални ушлаб туришга қодир бўлиш керак. Бу эса бугунги мураккаб халқаро муносабатлар аралашуви ҳолатида ўта мушкул вазифадир. Масалан, Миср президенти, М.Мурсийнинг тақдири. Шунинг учун ҳам мен, мулозимларнинг президентликка номзод қўйишларига шошмасликларини тавсия килган бўлар эдим.

Бугунги, глобализация замонида, бир қатор диктаторлик режими давлатлари, дунёнинг сиёсий ва иқтисодий ривожига таҳлика солиши мумкин. Ҳақ Субҳонаҳу ва Таоло ер шарини, инсоният учун умумий уй қилиб яратди. Глобализация жараёни, инсониятнинг бу маконда ўзаро тинч тотув яшаш учун қилаётган буюк қадамларидандир.

Давлатлар, миллатлар ва динлар интеграцияси, ягона инсоният уйини янада кўркам қилмоғи керак. Диктаторларга ўз миллатининг қонини сўришдан бошқа ҳеч нарса керак эмас. Диктаторлар, инсоният цивилизациясининг ривожланаётан янги этапида ортиқчалик қилаяптилар. Шуниг учун ҳам “Араб баҳори” шамоллари, кўпчилик диктаторларни умр боқийга “учириб” кетди. Вақтики, Марказий Осиё минтақасида ҳам, диктаторларнинг инқилоб шамоллари билан “учиб” кетиш жараёни, ўзига хос вариантда содир бўлажак. Бу муқаррар.

Режим чарчади. У, ўз бебошлиги томон ўзгаряпти. Умри эса, қисқариб боряпти.

Режим, қайта тикланиш хсусиятига эга эмас. Шундай экан, юқори раҳбарлар давлатни конституциявий бошқариш тарафдори бўлмоқлари керак. Бугун, бу мункиллаб қолган режимда, амалдорлар ақл билан иш кўрсалар ҳеч кимга зарар етмайди. Жамият эса, инқилобий вазиятга юз тутади.

Бўлажак инқилоб шароитларидан бири, Каримов амалдорларнинг керак жойда ва керак пайтда конституцияга амал қилишларидадир. Бу қийин масала, лекин ечса бўлади. Бундай шароитда, мухолифат ва халқ, ўз фикрларини ўртага қўя олади.

Ўзбекистон халқ ҳаракатининг асосий вазифалари дан бири, адолатпарвар ва демократик фикрли одамларни ва ташкилотларни ўз атрофига жипслаштириш. Режимни тинч йўл билан адолатли жамиятга алмаштириш. Ноқонуний президент ўз ваколатини халққа қайтариб бергач,ўтиш ҳукуматини таъсис қилиш.

Бунинг учун, халқни маълум давр ичида ОАВ орқали, инқилобий ўзгаришларга тайёрлаш лозим. Адолат ва демократия принциплари билан аввало президентни ва кейин эса Олий Мажлис депутатларини сайлаш мақсадга мувофиқдир.

 

Нураддин.