Тошкент босими остида кипрлик ширкат Тожикистонни тарк этмоқчи

Тошкент босими остида кипрлик ширкат Тожикистонни тарк этмоқчи
28 views
14 October 2013 - 11:36

images_14Кипрнинг Dolen Investments Limited ширкати “Иркутсккабел” нинг Душанбе шаҳридаги ваколатхонаси фаолиятини тўхтатишга қарор қилди.
Россиядаги кабел ишлаб чиқариш энг йирик корхоналаридан бири бўлган “Иркутсккабел” акциясининг 100 фоизига эгалик қилган бу ширкат Тожикистонни унинг қўшниси Ўзбекистон билан чегараларда мавжуд муаммолар туфайли тарк этишга мажбур бўлганини билдирган.
Бу борада хабар тарқатган “Интерфакс” ахборот агентлигининг ёзишича, “Иркутсккабел” ўз маҳсулотини Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит қилишда қийинчиликларга дуч келган.
Тожикистонни темир йўл орқали ташқи дунёга боғловчи ягона йўл Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтади.
“Иркутсккабел” ширкати фаолиятини тугатиш зиммасига юклатилган ваколатхона директори Алишер Қўлдошевнинг таъкидича, жорий йил маҳсулот сотиш ҳажми 2008 йилга нисбатан тўрт баравар қисқарган.
Қўлдошев жанобларига кўра, маҳсулот сотиш ҳажмининг кескин тушиб кетишига сабаби Тожикистонга электротехник маҳсулотлар импортининг Ўзбекистон томонидан “норасмий изоляция” қилинаётганидир
“Аввал бошда кўрсатгичларимиз жуда яхши эди. Аммо кейин айрим объектив сабаблар билан тушиб кетди. Бу маҳсулот сифати билан боғлиқ эмас. Балки Ўзбекистоннинг электротихник маҳсулотларни Тожикистонга умуман ўтказмай қўйганида. Бу энг аввало Роғун ГЭСи қурилиши билан боғлиқ масала, дейди Алишер Қўлдошев.
Мустақил кузатувчилар фикрича, Душанбе Тошкентнинг ғашини келтираётган лойиҳалари, жумладан Роғун лойиҳасидан воз кечмас экан, Ўзбекистон қўшнисини изоляция қилиш сиёсатини давом эттираверади.

ЎХҲ хабар маркази