Жиноятлар рағбатлантириладиган мамлакат

Жиноятлар рағбатлантириладиган мамлакат
117 views
23 October 2013 - 17:07

T.karaebЎзбекистонда таъқиблар ва ҳисб этишлар давом этмоқда. Маълумингизким, Ўзбекистон Республикасида 1993 йилдан буён одамларни қўрқитиш, уларни ноқонуний равишда ҳибсга олиш ва адолатсиз суд жавобгарликларига тортиш одат тусига кириб қолган. Афсуски, бу “анъана” ҳали ҳам тўхтагани йўқ ва аксинча, кун сайин кучайиб бормоқда.

Шу йилнинг 6 сентябрь  кунида Ўзбекистоннинг Наманган шаҳрида Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) фаолларидан бири, ҳамда маҳаллий заргарлардан бири бўлган Қудрат Расулов қамоққа олинганди. Унинг қамоққа олиниши ортидан оила аъзоларига ҳам босим ўтказилиниб, бирор жойга шикоят қилмаслик тайинланган. Айни шу сабабдан ҳам, Қудрат Расулов ҳақида бирор жўялик хабар ҳам оломай келаётгандик.

Айни кунларда бизгача етиб келаётган маълумотларга кўра, Қ.Расуловни 6 сентябрь кунида Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг (МХХ) Наманган вилояти ходимлари ҳибсга олишган. ЎХҲ фаолининг ҳибсга олинишидан олдин унинг уйида Ўзбекистон МХХ терговчиси Шоназар Эргашевнинг қарори билан тинтув ўтказилинган экан.

Қудратнинг онаси ва оила аъзолари эса нима сабабдан уларнинг уйларига қора маскаликлар кириб келганликларини ҳам тушуна олмай қолганликларини айтишади. Воқеа жойига ташриф буюрган ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаеванинг хабар қилишича, шу куни олти нафар қора маскаликлар у яшайдиган уйнинг ертўласига гиёҳванд моддаларни топиш учун кириб келишган экан ва у ерда интернет сайтларидан кўчириб олинган маълумотлар сақланаётган бир неча дискларни топиб олишибди. Аслида улар ўша дискларни қидириб келганликлари ҳурматли ўқувчига аён бўлса ҳам керак.

“Мен Қудратнинг онаси билан гаплашдим, улар жуда қаттиқ қўрқув остидалар. Шунингдек улар нима учун фарзандлари қамоққа олинганлигини ҳам билишмас экан. Одатда Қудрат уйларининг ертўласида нималар биландир машғул бўлганлигини билишаркан холос”. – дейди Елена Урлаева.

Ҳуқуқбоннинг таъкидлашича, Қудрат Расуловни ҳукуматни куч ишлатмаслик йўли билан қўлга олиш ҳақидаги рисолалар сақланаётган дисклар учун қамоққа олишган.

11 сентябрь кунида эса Наманган шаҳар жиноят ишлари суди судяси С.Қодиров Қудрат Расуловни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 244 прим 1 моддасининг 3 қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда гумонлаб, уни қамоққа олиш ҳақида қарор чиқариб беради. Ҳозирги кунгача Қудрат Расулов Ўзбекистон МХХ Наманган вилоят бошқармасининг изольяторида сақланмоқда.

“Қудрат Расулов ҳибсга олиниб, унинг мол-мулки мусодара қилинганидан сўнг Ўзбекистон МХХ терговчиси Шоназар Эргашев Қудратнинг онаси ва хотинининг ёнига келиб уларни қўрқитиш билан бу воқеани бирор жойга хабар қилмасликни тайинлаган”. – дейди Елена Урлаева ўз хабарида.

Ўзбекистон судлов тизими ҳам ўзига хос “меҳрибонликлар”  кўрсатадиган тизимлардандир. Бунда бировни ҳибсга олиндими, ўша заҳотиёқ ҳисбга олинган шахс адвокат билан таъминланади. Лекин демократик мамлакатлардаги адвокатлардан фарқлик ўларок, Ўзбекистон судлари тайинлайдиган адвокатлар бирор тайин иш ҳам қилишмайди. Худди шундай тартибда Қудрат Расулов ҳам адвокат билан “таъминланган” экан.

“500 минг сўм пул эвазига тайинланган, “Ихлос” адвокатлик хизмати фирмаси адвокати Шуҳрат Қамчибеков Қудратнинг қамоққа олиниши ва унинг уйида ўтказилинган тинтув, ҳамда эълон қилинган айблов бўйича ҳали бирор шикоят ҳам ёзмаган”. – дея хабар қилади ҳуқуқбон Елена Урлаева. Шунингдек, адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан яккама якка учрашувга ҳам рухсат берилмаётган экан.

ЎХҲ нинг набатдаги қамоққа олинган аъзоси Қудрат Расуловни ҳаракат мухлислари унинг Илҳом Мамедов тахаллуси остида ёзган мақолалари билан танийди албатта. Намангандан туриб маҳаллий газеталар мақолаларини, айниқса улардаги ёлғонларни шарҳлаб бериб борган ЎХҲ фаолини МХХ аллақачонлар излашга тушиб кетганди. Ҳаракатимизнинг “Однокласники” ва “Facebook” ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларига кириб олган турли айғоқчилар Илҳом Мамедовнинг ким эканлигини аниқлаштиришга кўп уринишди.  Аммо бу сир эди ва уни ошкор этиш, ўз фаолимизнинг ҳаётини таҳлика остига қўйиш билан баробар эди. Шунинг учун ҳам унинг шахсини очиқлай олмадик.

Режим Қудрат Расуловни (Илҳом Мамедовни) ҳибсга олди! Бундай қилишга ҳақлик эдими? Албатта интернет тармоғидан Ўзбекистон фуқаролари ҳам фойдаланиш ҳуқуқларига эга эканлар, мамлакатда интернет маълумотларни сақлаб қўйишни таъқиқловчи бирор қонун мавжуд эмас. Ва шу билан бирга, Ўзбекистон Жиноят Кодексидаги 244-1 модданинг учунчи банди бундай фаолият учун жавобгарликни назарда тутмайди.

Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 244-1 моддаси.

Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, худди шунингдек фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш, — энг кам иш ҳақининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки олти ойгача қамоқ ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида кўрсатилган ҳаракатлар:

а) олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан;

б) хизмат мавқеидан фойдаланиб;

в) диний ташкилотлар, шунингдек чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб содир этилган бўлса –

беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Энди мазкур модданинг 3 бандидаги ҳолатдан келиб чиқадиган бўлсак, Қудрат Расулов барча ўзбекистонликлар ва ўзбеклар қаторида мусулмон бўлсада, аммо оиладаги яшаш тарзи мутлоқ замонавийдир. Намоз ҳам ўқимасликларини инобатга оладиган бўлсак, улар диний ташкилотларга аъзоликлари ҳам йўқлиги аён бўлади. Унинг чет элдаги ташкилотлар ва фуқаролардан ёрдам олганлигини исботлашнинг эса мутлоқ имконсиздир. Масалан, тергов томони турли пул ўтказмаларининг келганлигини исботловчи ҳужжатларга эга бўлиши керак эди. Хусусан ЎХҲ дан, ёки шу ҳаракат раҳбаариятидан. Қудрат Расулов мутлоқ пул ҳам, бирор моддий фойда келтирадиган буюм ҳам олган эмас!

Уйида режим учун “хатарлик” бўлган материалларни компьютер дискида сақлагани эса Жиноят Кодексининг бу моддасига мос тушмабди. Демак, Ўзбекистон МХХ си уни мутлоқ қонунга хилоф тарзда қамоққа олган ва унинг уйида тинтув ўтказган десак янглишмаймиз. Аммо бу билан нима ўзгарарди? Ахир бу Ўзбекистонку ва унда ким қонунларни ва уларнинг ижросини назорат қилади? Ҳеч ким! Аксинча, қонунларнинг оёқ ости қилиниши, режимнинг кирдикорларидан норозиларни, ҳаттоки режим жиноятларидан хабардор бўлганларни қамаш, йўқ қилиш бизда рағбатлантирилади.

Тўлқин Қораев

Швеция