Касал кўриш

Касал кўриш
77 views
23 October 2013 - 19:11

Шарқ дунёси кишилари орасида касал кишининг аҳволидан хабар олиш каби яхши одат мавжуд.

Касал кўриш каби одатлари туфайли шарқ ғарбдан фарқ қилади. Шарқда азал-азалдан бемор аҳволидан хабар олиш мавжуд.
Инсон ҳаётда яшар экан, доимо тўй ва аза, иссиқ ва совуқ, очлик ва тўқлик, соғлик ва касал каби синовлар қуршовида бўлади. Шундай синовлардан бири инсоннинг касал бўлишидир. Касаллик инсон учун синовдир. Албатта, инсон касаллик Аллоҳ таолонинг имтиҳони эканлигини билиб, унга сабр қилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ва албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу-жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат етганда: “Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган собирларга хушхабар беринг”. (Бақара сураси, 155-156 оятлар).
Албатта, касал бўлган киши касалликка сабр қилса, катта ажру савобларни қўлга киритади. Аллоҳ таоло яхши кўрган бандасига дард беради. Босқон темирнинг зангини тўккандек, дард ҳам инсоннинг гуноҳини тўкади. Аллоҳ таоло Айюб (а.с.)ни касаллик билан имтиҳон қилган. У зот берилган касалликка сабр қилдилар ва ажру-савобга эришдилар. Мана шундай имтиҳонда бўлган кишиларни бориб кўриш ва улардан хабар олиш дунёда энг катта савоб ишлардандир. Ҳадисда: “Бир киши касал кўргани борса, ёки йўқласа, Аллоҳ таоло унга: “Сен яхши қилдинг, бу ишинг яхши бўлди, жаннатдан бир жойни эгалладинг”, дейди”. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло қиёмат куни бандаларига: “Эй бандам, Мен касал бўлдим, бориб кўрмадинг”, дер экан. Шунда банда:
“Эй Аллоҳ, сен бутун оламлар парвардигори бўлсанг, сени қандай қилиб кўргани борар эдим?”, дейди. Аллоҳ таоло: “Агар сен фалон киши касал бўлибди, деб эшитиб, уни кўргани борганингда, мени ўша ердан топган бўлар эдинг”, деб жавоб берар экан. Биз касал ётган кишининг кимлиги, динидан қатъий назар уни аҳволини сўрасак, Аллоҳ таолонинг хурсандчилигини топган бўламиз. Ва касал бўлган кишини кўргани бориш билан ўзимизнинг инсоний бурчимизни ҳам бажарган бўламиз. Зеро, инсоннинг инсондаги олтита бурчидан бири инсон касал бўлса, уни бориб кўришдир. Ҳадисда: “Бирор киши касал ётган кишини бориб кўрса, то у қайтиб келгунча жаннат боғлари ичра сайр қилиб юрган бўлади”, – дея айтиб ўтилган.
Кунларнинг бирида Мусо (а.с.) худодан: “Жаннатда менинг ҳамсоям ким бўлади”, деб сўрабди. Шунда худо: “Эй Мусо, жаннатдаги ҳамсоянг фалон шаҳардаги фалон қассобдир”, дебди. Мусо (а.с.) эса: “У бундай даражага нима амали билан эришган”, деб сўради. Шунда Аллоҳ таоло: “Эй Мусо, уни бориб кўр, бу даражага нима сабабдан эришганига гувоҳ бўласан”, дебди. Мусо (а.с.) айтилган шаҳардан Абдулла қассобнинг топибди. Унга бугун уникида қолишини айтиб, Абдулла қассобни ишини кузатиб турибди. Кеч кириб, Абдулла қассоб дўконни ёпибди ва: “Меҳмон, кекса бетоб бўлиб қолган онам бор. Аввал кекса онамдан хабар олайлик, кейин сиз билан яхши суҳбат қиламиз”, дебди. Абдулла қассоб кекса онасининг уйига бориб, ундан хабар олибди. Касал ётган онасини авайлаб қўл-оёқларини ювиб, янги либослар кийдирибди. Онасига овқат едириб, табиблар берган дори-дармонларни ичирибди. Онасига худодан шифо сўраб дуо қилибди. Унинг бу хизматлари ва дуосига жавобан онаси ҳам қўл очиб: “Эй Аллоҳим, касал онасини кўргани келиб, унинг хизматини қилган ўғлимни жаннатда Мусо пайғамбарга қўшни қилгин”, деб дуо қилибди. Мусо (а.с.) касал онанинг хизматини қилиб, унинг дуоси туфайли даража топган ўғилнинг қўшниси бўлиб юрганликларини тушунган эканлар.
Дарҳақиқат, касал ётган кишининг ҳолидан хабар олиб, унинг дуосини олиш ҳар бир инсон учун шарафдир. Яқинда бир киши: “Дўстларимдан бири оғир касал бўлиб ётиб қолди. Иш билан бўлиб, касал кўргани бориш эсдан чиқиб кетибди. Бир куни кун ботар пайти касал кўргани бораман десам, шомдан кейин касал кўрилгани борилмайди, касалга ўлим тилаган бўлади, деб уйимдагилар боргани қўйишмади. Эртаси яна иш билан машғул бўлиб кетибман. Дўстимнинг вафот этгани ҳақида ҳабар келиб қолди. Уни касал ётган вақтида бориб кўролмаганим бир умрга армон бўлиб қолди”, деди. Касал кўргани бориш кечиктириб бўлмайдиган савоб ишларидан бири ҳисобланади. Аслида, кун ботгандан кейин касал кўргани борилмайди, дейилгани нотўғри ва мана шу нотўғри гап туфайли бир умрлик армон юзага келган. Аксинча, кун ботишдан кейин ёки эрталаб касал кўргани бориш ҳақида ҳадисда шундай дейилади: “Ким кун ботгандан кейин касал кўргани борса, у билан бирга етмиш минг фаришта бирга боради ва тонг отгунга қадар касал кўргани келган киши учун истиғфор айтишади. Ва касал кўргани келган киши жаннат меваларини тановвул қилиш бахтига эришади. Ким эрталаб касал кўргани борса, у билан бирга ҳам етмиш минг фаришта боради ва улар кун ботгунча касал кўргани келган киши учун истиғфор айтишади. Ва жаннат мевалари билан мукофотланади”.
Касални кўришнинг ҳам ўз одоблари бор. Касал кўргани борган киши қуйидагиларга амал қилса фойдали бўлади.
1. Касал кўргани борган киши бемор ҳузурига очиқ юз, меҳр-муҳуббат билан кирмоғи зарур.
2. Касал кўргани борган киши бемор ҳузурига салом ва имкони борича бирон нима олиб борса, яхши бўлади.
3. Касал кўргани келган киши беморга тасалли гапларни гапирса савобли.
4. Касал кўргани борган одам жуда башанг ёки кир кийимлари билан бормаслиги керак. Тоза-озода, оддий кийимлар билан борса яхши ҳисобланади.
5. Касал кўргани борган одам бемор ҳузурида бўлар-бўлмасга кулмаслиги ёки йиғламаслиги лозим.
6. Касал кўргани борган киши бемор ҳузурида узоқ туриб қолмаслиги керак.
7. Касал кўргани борган киши бемор ҳузурида паст овозда гапиргани маъқул.
8. Касал кўргани борган киши бемор билан хайрлашар экан, унга “Тез кунларда худо хоҳласа, тузалиб кетасиз”,- деган гапларни айтиши керак.
9. Қайтишда, агар касалнинг имкони бўлса, ундан дуо олиш яхшилик ҳисобланади.
Касал кўриш инсонлар ўртасида меҳр-муҳаббат алоқаларини мустаҳкамлайди. У инсонда меҳр-эътиборга муҳтож кишиларга нисбатан шафқатни ва бошқалар дардини ҳис қилиш каби фазилатларни юзага чиқаради. Касал кишиларни бориб кўриш жамият кишилари ўртасида оқибатли бўлиш, ҳар хил кунларда инсонларнинг бир-бирлари билан ҳамдард бўлишлари каби инсоний фазилатларини шакллантиради.

Кенжабой Давлат