Ойдин Солиҳдан кимнинг тинчи бузилмоқда?

Ойдин Солиҳдан кимнинг тинчи бузилмоқда?
113 views
25 October 2013 - 23:18

10 октябр куни Конибодом-Душанбе поездининг Ўзбекистон ҳудудида ҳалокатга учрагани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу воқеа мени саросимага солди. Ватанидан, яқинларидан узоқда бўлган ҳар қандай одамда бўладиган ҳолат бу.

Воқеа тафсилотлари ва яна янги маълумотлар олиш ниятида кўпгина хабар агентликлари ва ижтимоий тармоқларни ўқиб турдим.

“Фейсбук” да ёйинланган хабарларни ўқиётиб, Ўзбекистон Халқ ҳаракати лидери Муҳаммад Солиҳ ва унинг рафиқаси Ойдин Солиҳининг расмига кўзим тушди. Расмнинг ёнида “Сиёсатдаги ва фандаги шарлaтанлар”, дея сарлавҳа битилган эди. Мақолани ўқиган кишида “муаллиф ички ва ташқи дунёси ғариб, бадбахт одам экан”, деган фикр пайдо бўлади. Ҳасад тўла ёзилган мақолага коммент ёзиб юкладим ва яна хабарлар билан танишишда давом этдим.

Шу пайт Интернетда онлайн бўлган дўстларим “нималар тарқатаяпсиз?”, дея ёзғиришди.

Аввалига ҳайрон бўлдим. Кейин маълум бўлишича, мен коммент юклаганимда Ойдин Солиҳ ҳақида ёзилган мақола менинг номимдан тарқалиб кетибди. Мақолани муҳокамага ташлаб, кейин унда қатнашган одамларни техник айёрлик билан ноқулай аҳволга солиб қўйиш ўта пасткашликдир.

Ижтимоий тармоқларни ўзининг ёвуз ниятлари учун майдон қилиб олган айрим кимсаларнинг нотовонбинлиги бу мақоланинг ёзилишига туртки бўлди. Ўзини “христиан” деб атаб, исм-фамилияси билан рус эканини таъкидлаётган бу мажҳул кимса “Ҳақиқий тиббиёт” китобини кандай ўқиб чиққан бу тушунарсиз. Чунки илк бор 2008 йил, сўнгра 2013 йил бир неча юз минг ададда нашр қилинган бу китоб фақат турк ва ўзбек тилларида босилган.

“Ҳақиқий тиббиёт” китоби Туркия ва ундан ташқари туркийзабон ўлкаларда жуда катта қизиқиш билан қаршиланди.Ҳатто Қозоғистон ва Қирғизистон каби ўлкаларда бу китобни хуфя чоп этиб, сотаётганлар ҳам кўпайган.

Бугун дунёнинг бир қатор мамлакатларида танилган биолог олима Ойдин Солиҳ ўз китобида инсон саломатлигини анъанавий тибб ва Қуръону-Ҳадисга асосланган ҳолда яхшилаш, ҳатто замонавий тиб даволашга ожизлик қилаётган саратондан ҳам тиббий воситалар ёрдамида сақланиш йўлларини ифода қилган.

Ойдин Солиҳнинг даволаш услуби тажрибада синалган ва сўнгги ўн йил мобайнида юзлаб беморлар ундан шифо топган.

Ўтган йил октябр ойида Ойдин Солиҳ ва унинг шогирдлари ташаббуси ва Туркия ҳукумати расмийлари қўллови билан “Анъанавий тиб ва ҳожамот терапияси” мавзусидаги халқаро симпозиум бўлиб ўтди.

Ўша тадбирда дунёнинг 13 ўлкасидан олимлар ва мутахассислар қатнашди. Жумладан 70-йиллар Исломни қабул қилган, келиб чиқиши англиялик, таниқли фотограф Питер Сандерс ҳам шу анжуманда қанташиб мана шундай деган эди: “Мен йигирма беш йил мигрендан қийналдим. Шифо истаб, жуда кўп ўлкаларда бўлдим, турли даволаш усулларини синаб кўрдим, кўп табиблар билан учрашдим. Ўтган йили Истанбул Табиий Шифо Институтидан Сумайра Мерве билан учрашдим. Сумайра ўз устози Ойдин Солиҳга кўринишимни тавсия этди. Ойдин хонимнинг кўрсатмаларига кўра, фақат озиқланишни қон гуруҳимга кўра тузатиш ва бир неча хожамот курсидан сўнг, қисқа вақт ичида, ниҳоят, чорак асрлик касалликдан халос бўлдим. Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин” деган эди ўша анжуманда қатнашган Питер Сандерс.

Сандерс жаноблари тадбир доирасида дунё маданиятларида ҳожамат тарихига оид “Йўқотилган шифо изидан” номли фотокўргазмасини нaмойиш ҳам қилганди.

Ойдин Солиҳнинг даволаш услубидан шифо топиб кетганлардан бири ўзим ва 14 яшар ўғлим Амиржон Насимов ҳақида ҳам тўхталмоқчиман. Ўғлим анчадан буён бел оғриғидан шикоят қиларди. 15 дақиқадан кўп ўтира олмас, бир ерда тик тура олмас эди. У фақат узаниб ётсагина, белидаги оғриқ кечарди. Ўғлимдаги бу ҳолат мени қаттиқ ўйлантириб қўйганди. Унинг дардига қаердан даво топиш мумкин?, деган савол қийнарди мени. Ёлғиз ўғлимнинг саломатлиги ёмонлашиши ортидан ўзим бош оғриғига дучор бўлдим. Аввалига ярим соатга чўзилган бош оғриқ кейинчалик бир неча кун давом этар, оғриқ шиддатидан ҳатто бошимни бирор қаттиқ нарсага уришгача бориб етардим.

Яратганга шукр, йўлимизда Ойдин Солиҳни учратди. Аввалига биз учун янги бўлган даволаш усули роса қийин ва бажариши оғирдек туюлди. Зеро, биз ҳар қандай хасталикни дўхтирлар тавсия қилган таблеткалар билан “даволаб” келганмиз. Бу жуда осон, битта таблеткани бир қултум сув билан ютасиз ва шу билан олам гулистон…

Бора-бора она-бола иккимиздаги дард шиддати кучая борди. Ва ниҳоят ўғлим иккимиз оғриқ туфайли уйқусиз тунлардан қутилиш мақсадида Ойдин Солиҳ тавсия қилган даволаш терапиясини олишга қарор қилдик. Очлик, хожамат, зулук. Орадан ҳеч қанча вақт ҳам ўтмади, биз шифо топдик.

Мен аввалига ҳатто ҳайратландим, наҳотки биз ўша даҳшатлардан қутилган бўлсак? Не бахтки, шундай, биз шифо топдик. Биз ҳар тонг енгил ва бардам уйғонамиз. Энг асосийси, танимиз бедард ва ҳаётимиздан мамнунмиз.

Ойдин Солиҳ асос солган Табиий соғлиқ институти ҳақида икки оғиз сўз .

Ойдин Солиҳ асос солган Табиий соғлиқ институти NHI (Natural Health İnstitute) институти Туркияда расман фаолият қилади. Бу даргоҳ Туркияда энг йирик Aнъанавий Tибб маркази саналади. Бу ерда хасталар табиий дорилар билан даволаниш билан бирга соғлом ҳаёт тарзини ҳам ўрганадилар.

Ҳозир биз яшаб турган Бурса шаҳрида биз каби шифо топганлар, ва Ойдин Солиҳни берган Аллоҳга ҳар қадамда шукр айтаётганлар ўн мингларча.

Бурсалик аёллар сўнгги икки йил касалхонага бормаганини, Ойдин Солиҳ институтида даволангандан кейин ҳаётлари тубдан ўзгарганини айтадилар. “Шукурлар бўлсин, бу ўзбек ҳакимаси бизнинг ҳаётимизни бутунлай ўзгартирди, соддалаштирди. Аввалгидек дўхтирларга бориш, болаларимизни қон йиғлатиб укол қилдириш-у, зўр билан таблеткалар юттириш йўқ энди. Икки йил бўлди, биз бу нарсаларни унутдик”, дейди Бурсалик Эсoн хоним.

Бу аёлнинг айтишича, дўхтирлар “давоси йўқ”, деб ташхис қўйган маҳалладоши ҳам Ойдин Солиҳдан шифо топган экан. Туркияда Ойдин Солиҳ иштирок этадиган йиғинларда одам кўплигидан залга кириш жуда қийин.

Одамлар, соатлаб оёқда туриб бўлса, ҳам Ойдин Солиҳни тинглашга тайёр. Ана шундай йиғинларнинг бирида мен ҳам қатнашгандим. Залдаги ҳолатни кўриб, таажжубга тушган эдим. Mенинг ёнимда ўтирган бир аёл “узоқдан бўлса ҳам Ойдин хонимни кўрдим, Аллоҳга шукр”, деб чапак чалиб юборган эди ҳатто.

Ўша йиғинда сўзлаган Ойдин Солиҳ ўтирганларни хлорли кир кетгазувчилар, бадан парвариши учун қўлланиладиган турли хил хушбўйлардан тийилишга чақирди. Бугун дунёнинг жуда илғор ширкатлари ўз маҳсулотини реклама қилиш учун мисли кўрилмаган пулларни сарфлаб турган бир пайтда ўзбекистонлик ҳакима аёл бундай даъват билан чиқиши мени хавотирга солганди ўшанда. Айнан шу савол билан Ойдин Солиҳга мурожаат қиланимда: “Хлорли кир кетгазувчилар, бадан парвариши учун қўлланиладиган турли хил сунъий хушбўйлар (ароматлар) инсонни жисмонан йўқ қилибгина қолмай, унинг инсонлик моҳиятини ҳам ўзгартиради. Бу маҳсулотларни бир мартагина қўллаган кишининг иммун системаси кучли зарба ейди. Эътибор берган бўлсангиз, илгари депрессия ҳолатига қарши дорилардан аёлларгина фойдаланарди. Бугунга келиб ҳамма – эркаклар, кексалар ва ҳатто ёш болалар ҳам антидепрессант ича бошлашди. Илгари фақат аёллар, баъзи ҳолларда эркаклар ошқозон ости бези билан оғриган. Бугун-чи? Ҳатто янги туғилган чақалоқларда ҳам бу касаллик аниқланган. Оммавий бепуштлик кучайган. Сунъий уруғлантириш марказларига ёшлар дарё бўлиб оқмоқда. Расмий манбаларнинг башорат қилишича, деярли бир неча йилдан сўнг туғилажак болаларнинг 95 фоиз сунъий урчитиш йўли билан туғилади. Бунақа оммавий бахтсизлик қаршисида қайси фойдадан баҳс этмоқчисиз? Бизнинг фаолиятимизга ҳозирда ҳеч ким таҳдид қилаётгани йўқ...”, деган жавоб олган эдим.

Ойдин Солиҳ институти Туркия иқтисодиётига улкан ҳисса қўшаётир

“Сиёсат ва фандаги шарлaтанлар” каби мағзаваларни тарқатаётган махфий хизматларнинг қўғирчоқларга икки оғиз сўз: Ойдин Солиҳ бошқараётган бу институт Туркия ва дунё бир қатор давлатларида катта обрўга эга. У Туркияда расман рўйхатга олинган бўлиб, ўз даромадидан ҳукумат хазинасига 45 фоиз солиқ тўлайди. Шарлaтанлар эса расмий фаолият қилмайди ва ҳеч қандай солиқ тўламайди. Бундай муттаҳамлар Ўзбекистон каби давлатларда кўп, улар исмларини яшириб, ниқоб кийиб, номусли инсонларга туҳмат тошларини ота оладилар холос.

Фан ва техника, медицина шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги кунда “Ҳақиқий тиббиёт”нинг майдонга келишини Тибб соҳасининг Янги Тадрижи деб тушунаман.

Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари Aнъанавий Tиббнинг бугунги замон тиббиётига ижобий ёрдамини англаб етган ҳолда, бу тиббиётнинг қонуний асосларини яратиш таклифини ўртага ташладилар. Айни пайтда Ойдин Солиҳнинг шогирдлари – ёш докторлар Туркияда Ойдин Солиҳ методикасини ўрганувчи бир унверситет очишга бел боғлаганлар.

Дунёнинг энг тараққий этган Европа давлатларининг тиб мутахассислари шу кунларда Ойдин Солиҳ методикасини ўрганиш ва ўзлаштириш учун Туркияга тез-тез сафарлар қилиб туради. Саудия Арабистонидаги Қирол Абдулазиз Унверситети вакиласи, Ядровий тиббиёт мутахасиси Сиймо Бахит ҳам Ойдин Солиҳ ва унинг талабаларининг тиббиётдаги ютуқларидан ҳайратга тушиб, шундай дейди: “Мени бир савол доим ўйлантириб келарди: Қандай қилиб Усмонлилар биз арабларни 600 йил давомида бошқара олган? Мен бу симпозиумда қатнашиб, бу саволга жавоб топдим: Араб дунёси уйқуда, сиз турклар эса – жуда яратувчан, меҳнаткаш ва доим изланишда экансизлар”, деган эди.

Яъни одамларни фанда, айниқса, саломатлик соҳасида алдаш билан, бир соатлик ютуққа хам эриша олмайсиз. Чунки бугун одамлар 21 асрда яшаяпти, улар ҳамма нарсадан хабардор, ҳаммада интернет бор.

Ойдин Солиҳнинг тиббиётда “кўзбўямачилик” қилмаётганини ҳалиги “муаллиф” ҳам жуда яхши билади. Билади-ю, тош отади, чунки ёвуз бир мақсад бор.

Бу ўзига яхшилик қилишга ожиз бўлган разил, тубан одамларда учрайдиган хислат. Ва албатта, “муаллиф” Ойдин Солиҳнинг “кўзбўямачилиги”ни бирорта мисол билан исботлаб бера олмаган. Ўқувчини чалғитиш учун Ойдин Солиҳнинг шахсий ҳаётидан ёлғон-яшиқ “ҳикоялар” қилган.

Мен Қуръони Каримни ўқиганимда, “Залзала” сурасини қайта-қайта ўқийман ва йиғлайман, баъзан армон билан йиғлайман. Вақтни бой берганим учун йиғлайман. Сурада Қиёматнинг юз бериши ва ўша Кунда одамларнинг ҳолатини тасвирлаб Аллоҳ таоло: “…Бас кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса, ҳам уни кўрар”, дейилган.

Бизга берилган бу азиз умримизда қўлимиздан келса яхшилик, келмаса, бир оғиз илиқ сўз билан инсонларнинг дилини олишга ҳаракатдан ўзимизга манфаат кўпроқдир.

Туркиядаги бир йиллик ҳаётимдан шуни ўргандимки, Ўзбекистон ва собиқ шўро давлатларидан бу ерга иш, шифо ва борингки янгича ҳаёт ахтариб келиб, сарсон бўлиб юрганларнинг аксарияти, такрорлайман аксарияти, Ойдин Солиҳнинг моддий, маънавий ёрдамини олган. Чунки Ойдин Солиҳ учун моддий бойликдан кўра, одамийлик муҳим. “Аллоҳ Сизни назардан, қуруқ туҳматдан қўрисин, Ойдин хоним”.

Кўпчилик туркияликларнинг дастурхон дуосида шу сўзларни айтганларига гувоҳман.

Гулнора Равшан

Бурса шаҳри