Ўзбекистон халқ артисти Коммуна (Уллибиби) Исмоилoва оламдан ўтди

Ўзбекистон халқ артисти Коммуна (Уллибиби) Исмоилoва оламдан ўтди
110 views
02 November 2013 - 19:47

 

KommunaIsmoilova

Коммуна (Уллибиби) Исмоилова

Бугун, 2013 йил 2 ноябрь  куни, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон халқ артисти, “меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Коммуна (Уллибиби) Исмоилова 86 ёшида оламдан кўз юмди.

Шу кунгача Коммуна (Уллибиби) Исмоилова Тошкент санъат коллежида ва Р. Глиер номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқий академик лицейда (РИМАЛда) ўқитувчи бўлиб ишлаган.

Коммуна (Уллибиби) Исмоилова 1927 йилда Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида таваллуд топган. Катта саҳнада у 15 ёшидан эътиборан, яъни 1943 йилнинг февралидан бошлаб қўшиқ айта бошлаган. Айнан шу йили Тошкентдан Хоразмга ҳарбий ансамбль ташриф буюрганди. Шу сафар чоғида ансамбль раҳбарияти ёш хоразмлик истеъдодни ўз гуруҳига қабул қилганди. Шунингдек, Уллибиби Исмоилова паспорт олаётган пайтда ансамбль раҳбарияти унинг исмини Коммунага ўзгартириб расмийлаштирган.

Шунингдек ўз фаолияти давомида К. (У.) Исмоилова Хоразм вилоят театрида, М. Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институтида, Тошкент санъат коллежида, Р. Глиер номидаги РИМАЛ ва турли ансамблларда ишлаган.

Санъатдаги сабоқларини Коммуна (Уллибиби) Исмоилова К. Отаниёзов, Ю. Ражабий, Ф. Содиқов, Г. Раҳимова каби устозларидан олган. К. (У.) Исмоилованинг шогирдлари қаторида Азим Муллахонов, Дилором Қаюмова, Зулайҳо Бойхонова, Мавлуда Асалхўжаева, Шарофат Тожибоева, Карима Исмоилова, Муножат Тешабоева, Холида Каримова, Нодира Раҳимова каби таниқли санъаткорлар бор.

К. (У.) Исмоилованинг дафн маросими эртага, 2013 йил 3 ноябрь кунига белгиланган.

ЎХҲ ахборот бўлими