“Рус марши” ва Ватанга қайтиш

“Рус марши” ва Ватанга қайтиш
79 views
05 November 2013 - 17:58

221122_900Инсоният пайдо бўлибдики, у бир ердан бошқа кўчиб ўтиш, гоҳида кўчманчи тарзида, баъзида эса қайсидир бир юртларда ўтроқ қолиб яшашга одатланган. Худди шундай қадимий одатларини  тарк этмаган миллатлар, ёки элатларни ҳозирда ҳам учратиш мумкин бўлганидек, ўтроқ бўлиб бир жойда яшашга одатланган халқларни ҳам кўрамиз.  Оддийгина лўлиларни олиб қарайдиган бўлсак – бу миллат азал-азалдан қуёшга сиғинган ва қўёшнинг жанубий қутбга томон силжиб бориши ортидан, кўчиб яшашни одат қилиб келган миллатдир у. Бу миллатга на иссиқ ёққан ва на совуқ.  Ҳозирда ҳам лўлиларни кўчиб юришларини ва ота-боболари удумларига содиқ эканликларини кузатамиз аммо турли мамлакатлар орасида ўрнатилган чегара постлари боис, улар кўчманчиликни ҳам қила олмай қолишган.

Биз ўзбеклар азалдан ўтроқ халқмиз, лекин аслида Кўҳна Тўрон заминига ўзбек деган миллат Сибир томонларидан кўчиб келиб ўтроқ жойлашганини ҳамма ҳам билавермаса керак. Шунингдек, қадимги, ўша дамдаги кўчманчи туркий қабилалар “ўғизлар” деб аталганлигини, катта кўчиш бўлган кезда уларнинг бир қисми Европа қитъасига томон кетишгани ва ўзларини “ҳақ ўғизлар” деб атаганликлари таърихимиздан маълум. Ҳозирда ҳам ўша халқларнинг бугунги авлодлари Украина ва Молдавиядаги Днестр дарёси соҳилларида яшашмоқда. Уларнинг миллатлари эса эндиликда “гагауз” деб аталади. Гагаузларнинг тилларидаги сўзлар асосан туркий сўзларни ташкил этади.

Инсоният таърихида халқлар бутунлигича кўчганлари кўплаб учрайди. Нега? Негаки, инсоният қадимги даврида табиат олдида ожиз бўлганди ва гоҳида иссиқдан қочиб салқин ерларга кўчиб ўтган бўлса, баъзида совуқ иқлимларни ташлаб иссиқ ўлкаларга кўчиб ўтган. Бу қадимги даврда! Эндичи? Энди  замонавий давримизда ҳам халқлар бўлмасада, халқларнинг маълум қисми бошқа юртларни Ватан дея ихтиёр этишмоқда ва бу сафар эса сиёсий, ҳамда ижтимоий сабаблар одамларни тарки Ватан қилишга мажбурлаяпти.

Ўзбекистон мустақиллигини ўзбек халқи нима орзулар билан кутиб олганди? Албатта ўзимизнинг мустақил Ватанимиз, ўлан тўшагимиз ва биз унга эгамиз каби ғоялар бутун бошли халқнинг ақлу ҳушини эгаллаб олди ўшанда. Аммо куни келиб мана шу мустақил Ватандан қочиб ўзга юртларда яшашга мажбур бўлишлигимиз ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган бўлса керак.

Орадан йигирма йилдан ортиқ вақт ўтди ва инсонлар кутган буюк келажак келмади, балки аксинча, ўтмиш қолдиқлари томон қадам босилди. Даставвал сиёсий мухолифат тарки Ватан қилишга мажбур бўлган бўлса, унинг ортидан диндорлар, журналистлар ва фуқаролик жамияти фаоллари ҳам кўчиб кета бошлашди. Аммо ўзбек халқининг асосий кўчаманчи бўлаги деб, нон топишни мақсад қилган ёшларни тушуниш мумкин. Уларни бугун Россияда, Қозоғистонда, Украинада, қўйингки, ер юзида неча давлат бўлса барчасида оила боқаман деб сарсон юрган ҳамватанларни кўриш мумкин бўлиб қолди. Албатта бундай кўргулик фақат бизнинг эмас,  бошқа миллатлар бошида ҳам бўлмоқда, шундай бўлсада, кўчманчиларнинг асосий қатламини биз ўзбеклар ташкил эта бошладик. Оқибатда, дунё ҳам ўзбеклардан беза бошлаётганга ўхшаб кетади.

Айни кунларда Россияда бошланган “Русский марш” тадбирларидан кўзланган асосаий мақсад ҳам ўзбекистонлик гастербайтерларни ватанига қайтариш бўлмоқда. 30 миллионлик аҳоли нуфузига эга бўлган мамлакат Россиядаги гастербайтерлар ҳисобидан яшаётган эди. Энди нима бўлади?

Масалан, ўзбек гастербайтерларининг энг кўпи оғир шароитларда ишлаб, нон топиб юрган Россияда меҳнат муҳожирларини қувиш тадбирлари бўлиб ўтаяпти. “Рус марши” деб аталадиган бу тадбирларда рус миллатчилари баралла овоз билан Осиёликларни ҳайдаш талабини қўймоқда. Қисқагина, мана шу марш ҳақида.

“Рус марши” – бу Россиядаги рус миллатчи ташкилотлари, ҳамда ҳаракатлари  томонидан йилда бир бор уюштириладиган тадбир бўлиб, у 4 ноябрда нишонланадиган “Халқ бирлиги” куни билан бир вақтда ўтказилинади. Биринчи рус марши 2005 йилда, Халқ бирлиги куни таъсис этилганидан бир йил ўтиб уюштирилганди. Россия ҳукумати халқга тақдим этган “Халқ бирлиги” куни халқ томонидан бир янги ғоя сифатида қабул қилинмади, аммо ундан миллатчилар жуда уддабурронлик билан фойдаланиб қолишди. Ўтган саккиз йил давомида  “Рус марши” сиёсий бир маросим мақомига чиқди ва Россия ҳукумати билан миллатчи фаоллар орасидаги муносабатларни ўрганиш имконини берадиган бир воситага ҳам айланди.

Рус марши иштирокчилари одатда “Россия – руслар учун!”, “Кавказликлар кетинглар!”, “Миграция тўхтатилсин!” каби транспорантларни кўтариб чиқишди ва айни талабларни илгари суришади ҳам.  Бу марш иштирокчилари кавказликларни хушлашмасада, аммо Кавказни хуш кўришади. Яъниким, Кавказ Россиянинг бир бўлаги ва бу миллатчилар унга мустақиллик бериш талабини илгари сурмаяпти. Кавказ керак, лекин кавказликларсиз керак. Худди Адольф Гитлерга Украина украинларсиз керак бўлгани каби.

Марказий Осиёликларчи? Улар асосан гастербайтерлар – яъни бирор ҳуқуқларга ҳам эга бўлмаган қора ишчилар бўлиб, асосан руслар умуман қилмайдиган ва яқинлашмашмайдиган ишларни ўшалар қилишади. Чунки мана шу ишдан минг ҳақорату маломатлар эшитиб бўлсада оладиган маошларини ватанда бир йилда ишлаб ҳам топа олишмайди. Ватанда иш йўқ, бор бўлганида ҳам маош йўқ! Ўзбекистондаги бугунги аҳволга қарангиз, мамлакат иқтисоди бутунлигича бир оиланинг молия дафтарчасига айлантирилганини пайқаш қийин эмас.

Чунончи, айни дамларда ҳам, ҳар йилгидек Ўзбекистон халқи ҳам электр қувватидан, ҳам газдан ва сувдан ҳам мосуво бўлиб яшаётган бир вақтда, Ўзбекистон ҳукмати Хитойга газ сотишни кўпайтираяпти. Бизнинг қувват ресурларимизнинг ҳузурини эса хорижий мамлакатлар халқлари кўради, аммо ўзимиз қишнинг изғиринида дилдираб чиқамиз. Шунда ҳам ундан соғ-омон чиқа олсак. Демак, ким Ўзбекистонда яшашни истайди? Албатта ҳеч ким, айниқса қишда!

Бироқ ўзбекларни ўз ватанига қувиш тадбирларига эътибор қаратинг. Уни миллатчилар томонидан ташкиллаштирилаётган “Рус марши” намоёндалари илгари сураяпти. Балки бу тадбирларни парда ортидан туриб Кремль бошқараётган бўлсачи? Масалан, Ўзбекистон ҳукумамати мамлакатни Божхона иттифоқига олиб кирмаётгани учун. Ёки Ўзе6кистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан чиқиб кетгани учун. Ҳар ҳолда аниқ бир тўхтамга келишимиз осон эмас, лекин етти миллиондан ортиқ гастербайтер Ўзбекистонга қайтиб борса Ислом Каримов уларга нима таклиф қила оларкин? Ҳеч нарса! Ўзбекларда “оч баччағардан қоч баччағар” деган нақл бор. Бунча одам оч қолганидан сўнг Ислом Каримовни ҳукумати билан қўшиб майдалаб ташлаши ҳам мумкинми? Мумкин, фақат ўзида шунга куч-ғайрат,  шижоат топа билса. Гастербайтерларни ортга қайтариш, Россия ҳукумати учун Ислом Каримовга таъзйиқ ўтказиш демакдир.

“Рус марши” тадбирларида Россия руслар учун деган чақириқ янграётганичи? Бу ҳам кишини ўйга толдиради. Афтидан, бу марш иштирокчилари Россия Федерациясини майдалаб ташлаш ғоясини ҳам илгари сураётган Ватан хоинларига ўхшаб кетишади. Бу улкан мамлакатни майдалаш эса азал-азалдан олиб борилаётган курашдир. Худди шу кураш сабаб, Совет Иттифоқи парчаланганди. Бироқ бу кам экан, энди Россия Федерациясини ҳам турли бўлакларга бўлиш тадбири қилинаяпти. Қилинаяпти ҳам эмас, бу программа ишга тушган, аммо ҳали ҳосилини бергани йўқ.

Россияни мустақил давлат деб билиш ҳам унчалик ҳақиқатга тўғри келмайди. Мустақил бўлса ҳам бордир, аммо у ўз суверинитетига эга эмас. Унинг моддий бойликлари, пуллари ва банк тизими мурватлари АҚШ нинг қўлида. Совет давлатининг энг машҳур хоини Михаил Горбачев қилиб кетган иш натижасидир бу. Лекин Кремль ҳукумати 2000 йилдан мутлоқ мустақил бўлиш сиёсатини бошлаганидан бери, у кўпгина ғарб мамлакатлари учун душман ҳам бўлиб қолди. Россияга ҳам таъзйиқлар бўлмоқда ва у ҳам ўз қаддини кўтариб ўз таъсир доирасини кенгайтириб олишни истайди.

Азизлар, ўттиз миллион аҳоли нуфузига эга бўлган Ўзбекистонимиз дунёнинг мана шунақанги катта сиёсий ўйинида кичик бир мурват вазифасини ўтамоқда. У мурватни қайга қўйиш Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар билан боғлиқ бўлиб қолди. Ислом Абдуғаниевич ўз иттифоқчиларини кўнгли тусаган вақтда алмаштириб туриши, уни ишончсиз сиёсий шерик даражасига ҳам тушириб қўйган. Ҳозир на АҚШ ва на Россия президентимизга нисбатан тўлиқ ишонч кўрсата олмайди. Хитой эса иттифоқчи бўла олсада, аммо муғамбирликда бизнинг ҳукмдорни чангида қолдириб юборадиганлар хилидан.

Ўзбек гастербайтерлари кўпроқ ўз ҳукмдорларининг амбицияси қурбонига айланишмоқда, “Рус марши” – бу рус миллати вакилларининг эмас, парда ортидаги катта сиёсатнинг оқибатидир.

Давр эса биздан ўз ватанимизга қайтишни ва уни обод, озод, гуллаб-яшнаган бир диёрга айлантиришни талаб этаяпти. Албатта гастербайтерларимиз ватанга қайтишга мажбур бўлишади, аммо сиёсий ҳокимиятга таъсир эта оладиган кучга айланишадими? Ҳамма гап мана шунда!

 

Тўлқин Қораев

Швеция