Хосият Бекмирзаева: Муҳаммад Солиҳнинг “Пайғамбарлар тарихи” китобини ўқиб…

Хосият Бекмирзаева: Муҳаммад Солиҳнинг “Пайғамбарлар тарихи” китобини ўқиб…
23 views
14 November 2013 - 18:09

МУҲОКАМА УЧУН МАВЗУ |


 пайғамбарлар тарихи

 Диний асарлар неча асрлардан бери авлодлар тарбиясида бевосита иштирок этиб келган. Диний маънавий асарларнинг дунёга келиши ва бундай асарларнинг ёш авлод истеъмоли долзарб мавзу. Бугун яшаш тарзимизда бир маънавий ўпқон мавжуд эмасми? Ҳозирги пайтда замонавий ёшлар, зиёлийлар, умуман замондошларимизнинг кўпчилиги интернетдан, телевидение радиодан ва яна бир қанча оммавий ахборот воситаларидан маънавий озуқа олаяптилар.

Бунинг ёмон тарафи йўқдек гўё.

Лекин китобни бир четга олиб қўйиб ҳам зиёли инсон бўлиш мумкинмикан? Билмадим, китобдан узоқлашиб инсон инсон холида қола оладими?

Айниқса шарқ халқлари, мусулмон мўмин инсон, кам гапириб кўп ўқиши, уқиши кераклиги минглаб йиллар давомида онги шуурига сингдирилган халқдир. Генетикада авлоддан авлодга ҳамма нарса қисман ёки қайсидир қисм бутунлай ўтиб келиши исботланган, биз Имом Бухорий каби олимлар авлодларимиз. Биз китоб ўқимай ёки номига 3, 4та китоб варақлаб умримизни ўтказиб туриб яна маънавий саёзлашимиз сабаларини ахтарамиз. Ахир муқаддас китобимиз: исломнинг асоси, бир харфи ҳам ўзгармай келаётган Қуръон ҳам китоб холатидаку! Китоб холида етиб келаяптику!

Китоб ўқишга яна бир шунчаки даъват эмас бу. Муҳаммад Солиҳнинг “Пайғамбарлар тарихи” китобини ўқиб чиқиб, ўқувчи сифатида бир қанча саволлар таъсирида қолдим. Китоб ёзилган вақтдан 3 йил муддат ўтибди, китобнинг етарлича оммалашмагани мени ҳайрон қолдирди. Бу китоб нима учун оммалашиб кетмаган? 8 қатор шеърни қўлма қўл ўқиймиз, 10 бет ёзиб таҳлил қиламиз, шархлаймиз. Қуръон ва Хадисдан сўнг биз мусулмонлар пайғамбарлар тарихини ёки ислом тарихини ўрганишимиз шарт эмасми? Муфассал манба Қуръон албатта. Лекин туркий тилда манбанинг камлигини хисобга олган холда айтиш мумкинки узуқ юлуқ ўрганган, ўқиган асарларимиз, эшитганларимиз қаёқдаю, муфассал асар қаёқда.

“Пайғамбарлар тарихи” китоби тайёрлаган муаллифининг тилидан келтираман: “Қиссасул анбиё”ни ҳисобга олмаганда, бугунгача ўзбек тилида(нафақат ўзбек тилида, қозоқ, қирғиз, туркман тилларида ҳам) пайғамбарлар ҳақда ҳеч бир жиддий тадқиқот эълон қилингани йўқ.” Носируддин Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” асари, асар “Қиссасул анбиё” деб ҳам юритилади, 13 14 аср туркий насрнинг бетакрор намунасидир. “Қисаси Рабғузий” пайғамбарлар ва азиз авлиёлар ҳақидаги қиссалардан иборат бўлиб, улар етмиш икки бобга жойлаштирилган. Қиссалар ҳикоя, ривоят, нақллар билан тўлдирилган, жуда катта ахлоқий тарбиявий ахамият ҳам касб этган. “Қисаси Рабғузий” Қуръони каримга асосланган бўлса ҳам халқ оғзаки ижодига яқинлиги учун саҳиҳ сифатида қаралмаган. “Қиссаси Рабғузий”нинг тили ҳозирги ўзбек тилимизда тушунилиши анча қийиндир.

Асосий манба деганимиз шайх Аловуддин Мансур таржимаси Қуръони карим ҳам анчагина мураккаб, мақсад йўлида ортиқча чўзиб изоҳлар берилиб тушунтирилган жойлари бор, балки ўқувчининг фойдасига шундай таржима қилингандир.

Алихон Тўра Соғунийнинг Муҳаммад (С.А.В.) тарихига оид “Тарихи Муҳаммадия” асари ҳам  пайғамбаримиз ҳаётини ўрганишда яхши манба.

Диний маънавий ўпқоннинг ўринини тўлдириш мумкин бўлган асарлар ҳақида гапирар эканмиз алохида эътироф этиб ўтиш керакки: Муҳаммад Солиҳ тўплаб тайёрлаб таржима қилган “Пайғамбарлар тарихи” китоби 4 жилддан иборат бўлиб, жудда содда ҳозирги халқона ўзбек туркчасида ёзилган. Ортиқча сўз ва иборалардан холи. Бир нафас билан бош кўтармай  жилддан жилдга ўтиб ўқиладиган асар. Бизнинг тасаввуримиздаги диний китобларнинг мураккаблигини тумандай тарқатиб юборади. Китобдан ислом тарихини ўрганишда  диний таълим беришга ихтисослашган таълим муассасаларида ёшларга дарслик сифатида ҳам фойдаланиш мумкин. “Китоб шу учта тамойилга асосланди:

1. Китобда ҳақларида билги берилган пайғамбарлар –

 Қуръони Каримда исми зикр этилган

пайғамбарлардир.

2. Китобдаги билгилар Қуръони Карим оятлари,

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари,

Асҳоб ва Тобииннинг гувоҳликлари ва Ислом динининг

оламшумул сиймоларининг асарлари билан собитдир.

3. Бу китобда фақат тарихий фактлар гапиради, биздан ҳеч бир илова йўқ.

Китоб диний олимларнинг асарларидаги хужжатлар асосида тузилиб, Туркияда нашр этилган адабиётларининг мухтасар шаклдаги таржимаси дейиш мумкин. Асарда Олим Мустафо Осим Кўксолнинг “Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом ва Исломият” ва “Пайғамбарлар тарихи” мажмуаларидан фойдаланилган. Китоб Одам алайҳиссалом қиссаси билан бошланади, биринчи ва иккинчи жилдлар Қуръонда зикр этилган пайғамбарлар қиссалари билан тўлдирилган. Учинчи ва тўртинчи жилдлар эса пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилишидан бошлаб ҳаёти ва фаолиятидан ҳикоя қилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ахлоқи, сифатлари, одатлари китоб якунида баён этилган. Китобнинг ҳар бир қисмида ўша воқеанинг Қуръондаги баёни бериб кетилган. Қисмларнинг охирида манбалар кўрсатилган, рўйхат анчагина каттаки диний маърифий манбалар библиографиясини тузиш мумкин, бу албатта ўқувчининг фойдасигадир. Қуръони каримдан фойдаланилган суралар рўйҳати хам берилган.

Балки диний уламолар асарни манба сифатида қарамагандирлар, китобни аввал ўқиб ўрганиш мақсадга мувофиқ бўларди. “Пайғамбарлар тарихи” китоби адабиёт ихлосмандлари, зиёлилар, диний уламолар, адабиётшунослар ва умуман миллатимизга мансуб замондошимиз учун  ислом тарихини, пайғамбаримиз ҳаётини ўрганиш йўлида ўқиб чиқиши лозим бўлган асардир.

Хосият Бекмирзаева

www.dunyouzbeklari.com