Эр эл изламайди

Эр эл изламайди
80 views
22 November 2013 - 9:19

Бугун Каримовнинг сиёсий “ошхона”сидаги бўлиб ўтган ва бўлажак воқеалар, кишилар онгига жуда  тез ўрнашаяпти. Кўпчиликнинг сиёсий фикрлашида, шуҳбасиз, бурилиш пайдо бўлаяпти. Яъни, халқда “Каримов ва Каримовлар оиласига ҳам, бало келар эканда”, деган фикр пайдо бўлган.

Каримовнинг  диктатура “илми” ўзгармасдир. Марказий Осиё мамлакатларида, бир биридан унча фарқ қилмайдиган диктаторлик тузумлари мавжуд. Бу тузумларнинг  моҳияти – диктаторлар ва мулозимларининг халқ мехнати эвозига катта даромадлар билан яшашлари “қонун” даражасига кўтарилганидадир. Бундай тузум сиёсатда “коррупциялашган мамлакат” деб аталади. Каримов, бош бўлган Ўзбекистон – ўта коррупциялашган мамлакатдир.

Дунё ўзгараяпти. Каримов ўзгармади. 76 ёшни қаршилаган  Каримовнинг замонга қараб ўзгариши энди мумкин эмас. Чунки бу ёшда инсон тинч ва осойишта, ўғил қизларининг ардоғида, набиралар қуршовида, қурган иморатида ва маҳалла аҳли билан иноқликда яшаши мақсадга мувофиқдир.

Бошқарувда кучи етмай қолган, дунё сиёсати моҳиятига амал қилмайдиган ва қилолмайдиган,  қаттол жиноятларига  жавоб беришдан қўрққан Каримов ўзининг яшаш манзилини ўзгартирмоқчи  эканига кўпчилик ишонди.

Ўз билгани билан иш кўришга ўрганган “юртбоши”, ўз манфаатларини халқ манфаатидан ҳамиша устун қўйган. Каримовнинг бугунги руҳий аҳволи бaнкрот бўлаётган иложсиз бизнесменникига ўхшайди.

У қилаётган амалларда  сал имилласа ёки сал янгилишса, шахсининг ва оиласининг катта фожеага дучор бўлиши муқаррардир. Шунинг учун ҳам у фавқулотта шошилинч равшда фикирлаши ва ишлаши керак. Бу, албатта, катта жисмоний ва ақлий куч талаб қилади.

Каримов  бу вазиятидан чиқишнинг бирдан бир йўли  элдан йироқда яшаш, деб тушинади. Чунки, у ҳеч қачон ўзбекчилик билан яшамаган. Миллатни севмаган. У ҳаёт мазмунини қаерда бўлмасин тинч,  тўкин ва кўнгилхушлик билан яшаш деб билади.

Аллоҳ кўргувчидир. Аллоҳ билгувчидир. Аллоҳ кечиргувчидир. Халқимиз Каримовга элдан эмас, “тахтдан кет”, деяпти. Бу эл барчамизники. Бу элда туғилдик. Шу элда ўлсак, ҳар биримиз учун  улуғ неъмат ҳисобланади.

Кексайган чоғимизда беминнат хизматчини, осойишта ҳаётни, яқинлар билан тотувликни, тўкин дастирхонни ва эл иззатини  Аллоҳдан тилаш керак. Кечиргувчи Аллоҳ, Каримовнинг гуноҳларини ҳам кечирар. Бандаси ҳам кечиради. Бунинг учун у ўзининг қолган умрини тоат-ибодатда ва яхши ниятлар билан яшаши керак. Кундалик беминнат луқма учун, миллиардлаган молу мулкнинг ва президент бўлишнинг кераги йўқ. Шунинг учун мен Каримовга ўзи туғилиб ўсган мамлакатида, президент лавозимисиз яшайверишини тавсия қилган бўлардим.

Г.Каримованинг,  дунё банкларида сақланаётган пулларини йиғиб, офшор зонага ўтказиши, таёргарликнинг биринчи этапи экан. Катта пулни йиғиб, бирор мамлакат банкларига уларни муоммосиз ўтказиш, яна оиланинг шу манзилга эсон-омон етиб келиши, бу қийин масала.

Энг аввало, Ўзбекистон миллати, бу жараёнларни сезмаслиги ва сезганда ҳам парво қилмаслиги керак. Миллатимиз бундан 10 йил илгари, бирор ўғрининг катта пул ўмaраётганини  эшитса, “қандини урсин” деб қўяверарди. Ўғрига мазза бўлган. Бугун, мамлакатда кечаётган ва косасини оқaртирмаётган кoррупциядан миллатимиз зада. Каримов  ташаббуслари билан, амалга оширилаётган “Қайдасан Аргентина” режасини, халқимиз қўллаб қуввотламаслиги  мумкин. Каримов учун бу ҳам бир бало.

Каримов йўқдан тўқиш принципи билан ўзбекни террорчи қилди. Террочиликда “гумон” қилинганларнинг кўпчилиги қамоққа ташланди. Туппа-тузук инсонлар четга қочиб кетишга мажбур бўлдилар. Режимдан ва Каримовдан ғазабланган ўзбек йигитлари энди четда реал жангариларга айландилар. Бу жангариларнинг асосий қисми Афғонистонда деб эшитаман. Пайдо бўлишига Каримовнинг ўзи сабабчи бўлган бу террорчилар. Чет элда Каримов бу жангариларнинг ҳужумига учраши эҳтимоли катта.

Президент ўзининг 24 йиллик фаолияти давомида, кўпчилик атроф мулозимларини зор қақшатган . Зор қақшаган инсонларнинг кўпчилиги ҳозир xорижда. Уларнинг кўпчилигида пул ҳам бор. Ўз ваколатини ўзи тугатаётган Каримовни шу пулдор шахслар ҳам бир балога грифтор қилиши аниқ. Бу яна бир бало.

1979 йил Эрон шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавий тахтдан қулади. Америкага суяниб, Эрон ҳалқини талаган ва хўрлаган шоҳ АҚШга ва бошқа мамлакатларга сиғишмай қолди. Қайта ва қайта уюштирилган суюқасдлардан қаттиқ асабийлашган М.Р.Паҳлавий Мисрнинг бир клиникасида тўсатдан жон берди. Мутлоқо дабдабасиз дафн қилинди. Бу воқеани шу ерда айтиб ўтиш жойиз билдим.

Агар президент қочиш учун чемоданини тахлашга ахд қилган бўлса, ишининг ҳақиқаттан ҳам дабдаласи чиқибди. Яъни, мамлакатдаги сиёсий вазият президенга буйсунмай қолибди.

Вазиятни бошқаришни ким қўлига олиши мумкин?

Кўпчилик, албатта куч ишлатар тизмларини  кўрсатишади. Бу нотўғри фикр. Куч ишлатар тизимлари мамлакатда фақат тартиб интизомни ва инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ихтисослашган.

“Келажаги буюк давлат”ни  ҳеч қачон куч ишлатар тизимлари бошқармайди. Бу мактабни биз 24 йил давомида ўқиб чиқдик. Мободо, улар бошқарса, халқ билан куч ишлатар ходимлари орасидаги зиддият кучаяди. Унда, муaммо қурол ёрдами билан ечилиши муқаррар.

Бундай машмашанинг куч ишлатар тизими ходимларига нима кераги бор?

Абсолют қўрқинчли ва “абадий” президентнинг бирданига йўқoлишидан халқ енгил тортиб қолади. Каримов ўрнига ўрнашган шахс, қандай жаллод бўлмасин, элни бошқараолмай қолади.  Чунки, унда ҳали “обрў” етишмайди.

Шу фурсатта, халқда тўсаттан инқилобий руҳ (бебошлик) пайдо бўлади.  Ироқда ва Қирғизистонда бу руҳ, халқнинг дўконларга ўғирлик уюштирилгани билан ифода қилинди. Украинада, Юшенконинг миллатпарварлиги, халқни ҳал қилувчи митингга руҳлантирди. Бизда эса бу кескинлик, халқнинг ёхуд бизнесчиларнинг қонини сўрган, порaхўр   ҳокимият “эгалaрига” қаратилиши муқаррар. Ҳокимият эгалари, бу вазиятни бугунда ҳам сезаяптилар. Бу холaт Ўзбекистонда кескин сиёсий хаосни келтириб чиқаради. Бу хаосни, фақат  халққа яқин бўлган сиёсий кучларгина бартараф қиладилар.

Бу вазиятда, куч ишлатар тизимлари халқ тарафида туришлари керак. Ўз сиёсий мафкуралари билан, ҳокимият тепасига чиқишни кўзлаган сиёсий ҳаракатларни ҳимоя қилишлари керак. Ана шунда, неча ўн йиллар ўзига раҳбар танлай олмаган ўзбек миллати, ўзининг жонкуяр ва мард элбошисига эга бўлиши мумкин.

Каримовнинг тахтдан ва элдан қаерларгадир кетиши, мамлакатни  диктатура режимидан адолатли жамиятга ўтиш жараёнини енгил ёки оғир кечишини таъминлайди. Каримов ўз умри интиҳосида ўзбек халқининг тарихида унитилмас бир воқеанинг сабабчисига айланиши мумкин. Яъни лавозим қолдиғи билан ўз ваколатини  халқ ташкил қилган муваққат ҳукуматга топшириши  мумкин.

Нураддин