Битта нажот Аллоҳдан…

Битта нажот Аллоҳдан…
31 views
30 November 2013 - 6:52

 – Пахта компанияси тугади. Энди буғдойларга сув қўяяпмиз, -дeйди Шодмон ака  вa оғир тин олади.

– Ишларингиз анча енгиллашиб қолгандир?, – сўрайман унинг сиқилиб турганини сезсам ҳам.

Шодмон ака ёши 60 ларга бориб қолган, икки ўғи, бир қизи, уч невараси бор, оддий ўзбек деҳқони. Унинг бошидан ўтаётган воқелар Ўзбекистонда ҳар бир деҳқоннинг бошидан ўтаётир десам муболаға бўлмайди.

Томчида денгиз акс этгандек,

Шодмон аканинг ташвиши ўзбек деҳқонининг ташвиши, хурсандчилиги ўзбек деҳқонининг қувончи. Шунинг учун Шодмон акани хурсанд кўрсам, қувонаман, хафа ҳолда кўрсам юракларим ўртаниб кетади.

– Ҳа, энди…

Орага жимлик чўкади. У гапиргиси келмайди. Нимани ҳам гапирсин. Айтадиган гаплар айтилавериб сийқаси чиқиб кетди. Аҳвол эса бадтар бўлса бўлаяптики, ўнгланмаяпти. Мана қиш эшик қоқиб турибди.

Ўчоқда газ ўлимтикдай липпиллайди. Бу оловда на чой қайнайди, на овқат пишади.

Чироқ эса  жазман хотиндай истаса келади, истамаса қорасини кўрсатмайди.

Юрагинг сиқилганда ҳеч бўлмаса телевизор-пелевизор ҳам кўролмайсан.

Даладаям ишлар чатоқ. На ойлик бор, на ваъда берилган буғдой. Сўрай десанг, фермер думини туттирмайди. Қўйиб қўйган гумаштаси фақат иш сўрайди. Нима еяпсан, нима ичаяпсан, тирикчилик нима бўлаяпти, итга ҳам керак эмас.

Худога шукур, 1 гектар жой сотиб олиб картошка эккан эди, мана йиғиб олди. Эрта индин сотса, беш олти танга пул бўлади. Аммо, унинг пулдан ҳали тўланадиган қарзлари анчагина. Ўтган йили бир тракторчи кўчадан ўтаётиб, газ трубасини судраб кетди. Унинг уйига ўрнатилган газ счетчигини ҳам юлиб кетибди. Тракторчи,”Ака, ўзим сизга янги счетчик олиб бераман”,деб овунтирдию, икки ой ўтиб ҳам олиб бермади.

Бу орада маҳалласидаги Собир аканинг ўғли Қодиржон счетчик олиб келди Арзон бўлганлиги учун шуни олиб ўрнатиб қўя қолди. Счетчикни текширишганда маълум бўлдики, у ишламас экан. 2 ярим миллион жарима солиб кетишди.

Картошканинг пулини шунга тўлаши керак. Светнинг пулиниям тўлаш керак.

Шодмон ака, шуларни ўйлар экан, дастурхондан нон олиб бўлаклайдида, пиёладаги чойга солади. У нонни ивитиб ейди. Чунки оғзида битта ҳам тиш йўқ.

Тиш солдириш эса қиммат. Умуман олганда шунисиям маъқул. Нима, тиши бўлганда суяк кемирармиди?  Қозон гўшт кўрмаганига ҳам неча замонлар бўлиб кетди. Ўзику майлия, бу невараларга ачинади. Тўйиб овқат емаган невараларнинг боши касалдан чиқмайди, ҳаммаси чиллашир. Бола туққан келинларда сут йўқ. Амал тақал қилиб ўсаяпти шўрликлар.

Тўғри, бир ўғли заводда ишлайди. Аммо унинг ойлиги… ҳаммомга кетганича қайтмаган одамни кутгандай, зориқиб ўтираверасан. Бир бир карточкага бериб қолади. Уни пулга айлантириш учун 15-20 фоизидан кечасан. Бўлмаса, бу ердаги дўконлардан ҳеч нарса ололмайсан.

Далада ишлаганига 150 минг сўм ойлик ёзишади. Бу пулга икки қоп ун олсанг, бўлди, тугайди. Яхшиям хотини бозор ўчар қилиб туради. Бозорда картошка, пиёз, сабзи олиб сотади. Унинг пуллари болларининг сарпоси ю, кийм кечакдан ортмайди. Ҳа, майли, шунисигаям шукур. Мана кеча, янги иш топишди. Буғдойга сув қўйишдан бўшаган вақтларида ғўзапоя ўриб сотишаяпти. Ҳаннада, бир боғи 700 сўмдан.

Шодмон ака ишдан қочмайди.  Қанақа иш бўлсаям қилаверади. Фақат, шу оёғи оғригани чатоқда. Икки тиззаси яхши букилмайди. Оғриқ мияга уради. Лекин нима қилсин? Балнисага ётиш ҳам фалон пул. Йўқ, у бунақа чиқим қилолмайди. Чидаб юраверади.Ўзи берган дардни Ўзи олади Аллоҳим. Битта нажот Аллоҳдан…

 Эркин Садриев