ИЛМ

ИЛМ
63 views
30 November 2013 - 9:40

tret

Кимдир илм ўхшар деди шул қуёшга,

Ғарбдан чиқиб Шарққа ботар қара,Қуёш.

Илм шарқдан бўй таратиб қочди ғарбга,

Ул илмни ортга қайтар, эй ватандош!

 

Илм кетди мўминларни зор йиғлатиб,

Маъно қолмай, мавриди йўқ хитобларда.

Фарзлар қолиб, суннатларни таҳлил этиб,

Абу Муслим жанги қолди китобларда!

 

Намозларнинг ракатлари хусусида

Тортишувлар пайдо бўлди неча-неча.

Охир бориб мадрасада ўқигувчи

Кўрган илми бўлди ўша «минг бир кеча».

 

Фасод тўла тўқилган не ривоятлар

Одамларнинг эътиқодин хароб этмиш.

Илмсиз халқ эшони-ю, пири учун

Назр қилиб, ширк йўлларни тутиб кетмиш.

 

Тараққиёт, дунё қолиб, телбаларча

Дарвеш ҳолин ўзларига қилиб касб-кор.

Мана шуни одамларга Ислом дебон

Кўрсатганлар орамизда то ҳануз бор.

 

Тоғу тошлар бизнинг ҳаёт, деганларнинг

Авлодлари қандай қилиб устун бўлсин?

Ҳаққий Ислом байроғини қўлда тутган

Ғарбликларга омад кулмай, кимга кулсин?!

 

Тараққиёт деганини дорга осган

Оломоннинг куни бир кун келиб битмиш.
Ахир, қара, ўн еттинчи аср узра

Эсган шамол қайси юртни ташлаб кетмиш.

 

Ўздан чиқар садақалар унут бўлиб,

Хўп берилган ўзга тутган икромларга

Ёнидаги мушрик қолиб, мўминларнинг

Мустаҳаби муҳим бўлмиш имомларга.

 

На дунёвий ишларида бор ижобат,

На Аллоҳдан нусрат келар бу умматга.

Чунки унинг асл ҳоли фақатгина

Илм билан етар ҳаққий камолотга.

 

Ғарб динидан юз ўгирди, ривожланди,

Чунки унинг дини асли эди ботил.

Бугун шарқнинг ҳолатига энг айбдор

Ўз динини тушунмаган оми жоҳил.

 

Мўмин дини ҳақдир, Аллоҳ каломи ҳақ,

Усиз шарқнинг аҳволи хор, тубан эрур.

Тараққиёт осмонига бизни фақат

Бизни ташлаб кетган илм элтиб берур.

 

Шунинг учун фарзандларга илм бериб,

Олимларни чиқарайлик ўлкамиздан.

Шундагина инша Аллоҳ катта юкни

Ташлагаймиз гуноҳ босган елкамиздан!.

Хайрулло Ҳамидов