Гулнора Каримова: Синглимнинг матбуотга ошкор бўлмаган бойликлари кўп

Гулнора Каримова: Синглимнинг матбуотга ошкор бўлмаган бойликлари кўп
301 views
02 December 2013 - 9:17

7067BBDE-0196-452D-B1DE-3DE2B8C475A9_w640_r1_sГулноранинг синглиси Лола Каримова-Тиллаева “Билан” журнали эълон қилган Швейцария бойлари рўйхатида 12-ўринни эгаллади.

Матбуотда Лола Каримова-Тиллаева100-200 миллион швейцария франки атрофидаги бойлиги билан ушбу рўйхатга илк бор киритилгани айтилган эди.

Бироқ Лоланинг опаси Гулноранинг Твиттер орқали маълум қилишича, синглиси учинчи йил ушбу рўйхатдан жой олаяпти.

Гулноранинг иддаосига кўра, мазкур рўйхатга синглиси Лоланинг барча бойликлари киритилмаган.

“Швецария рейтингига бутун ер юзидаги унинг барча виллалари, уйлари кирмаган”, дея твитлади @GulnaraKarimova.

Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева ўтган йили Лос Анжелеснинг энг ҳашаматли Бел Эйр маҳалласидан рекорд нарх – 58 миллион АҚШ долларига қаср сотиб олгани хабар қилинган эди.

Америка кўчмас мулк бозоридаги энг қиммат қасрнинг янги эгаси Лола Каримова-Тиллаеванинг Женевада ҳам ҳашаматли ҳовлиси борлиги айтилади.

Хабарларга кўра, 2010 йилда Женева кўли соҳилида у 41 миллион АҚШ долларига қаср сотиб олган.

Ҳозирда Лола Каримова-Тиллаева Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги ваколатхонаси раҳбари ҳисобланади.Унинг турмуш ўртоғи Темур Тиллаев Ўзбекистонга хориждан келтириладиган истеъмол моллари импортини назорат қилиши айтилади.

Икки ой аввал Би-Би-Си Ўзбек ҳизмати саволларига жавоб берган Лола-Каримова Тиллаева “Билан” журналини бойликлари ҳақида бўрттирилган маълумот беришда айблаган эди.

Гулнора синглиси каби корабл ва виллаларга эга эмаслиги ҳақида ҳам твитлади.

Шунингдек, Гулнора синглиси Лоланинг “Дубайдаги Атлантис меҳмонхонасида уюштирилган салютли кеча учун 12 миллион доллар тўлагани”ни ҳам иддао қилди.

Гулноранинг бугунги твитларидан маълум бўлишича, синглиси Лоланинг эри, “Абу Сахий бозори эгаси Темур Тиллаев МХХ Хавфсизлик хизмати бошлиғи Ҳаёт Шарифхўжаев билан яқин дўст”.

@GulnaraKarimova икки кун давомида бир неча бор Тиллаевнинг унга қарши твит қолдирган шахсларга пул тўлаганини ҳам иддао қилди.

Каримова иддаоси: Ўзбек МХХси Греция фуқаросини қийнади

Гулноранинг твитларидан маълум бўлишича, 3 ҳафта аввал ўғирланган Греция фуқароси Янис Галанос қийноққа тутилган.

“Янис Галаносни жуда қаттиқ калтаклашган ва у камера олдида кўрсатма беришга мажбур бўлган- қандай даҳшат, бу каби ҳолатларни аввал фақат фильмлардагина кўрардик”, дея твитлади Каримова.Гулнорага кўра, Янис қийноқлар натижасида Каримованинг Твиттеридаги 90-99% қизиқувчилар сохта фолловерлар дея айтишга мажбур бўлган.

Каримованинг твитларига кўра, Янис Галаноснинг видео кўрсатмасини МХХ ичидагилар унга сиздирган.

Яниснинг қаердалиги ҳануз номаълум эканини айтган, Каримовага кўра, “Галанос қийноқлар натижасида 20 килога озиб кетган ва унинг видеосида юзидаги кўкарган ва шишган жойлари билиниб турибди”.

Дизайнер, фотограф Галанос шу пайтгача Каримова лойиҳаларининг фаол иштирокчиси бўлган.

Гулнора Янисга нисбатан қийноқлар айнан МХХ Хавфсизлик хизмати бошлиғи Ҳаёт Шарифхўжаев буйруғи орқали амалга оширилганини иддао қилди.

Каримова Ҳаёт Шарифхўжаев ва унинг укаси Жавдатни қоралашни давом эттириб, “У ва унинг укаси-бу рэкет.. Улар Ўзбекистоннинг бутун бизнесида қачон ва қаерда истаса, маски-шоуни амалга оширишади”, дея твит қолдирди ўз лентасида.

Гулнора твитлари давомида МХХ Хавфсизлик хизмати бошлиғи Ҳаёт Шарифхўжаевнинг бойликларини ҳам санашга ўтди.

“Ҳаёт Отабек Газиев ва бошқа ҳамтовоқлари билан бирга Латвияда уй қурди”, дея твитлади Каримова.

Гулнора Каримова аввал ҳам бир неча бор Ўзбекистон МХХсини қийноқ қўллашда айблаган. Бу ҳақдаги тафсилотларни live blogнинг биринчи қисмида ўқийсиз.

30 ноябрь. Гулнора Каримова яна Твиттерга қайтди

Гулнорага кўра, Твиттерда 5 кун давомида бўлмаган ва ундан ижтимоий тармоқлардан узоқлашиш талаб қилинган.

“Менга ижтимоий тармоқларга бошқа чиқмаслик, жамоатчилик ишларини тўхтатиш, Ўзбекистондаги ҳар қандай лойиҳадан узоқлашиш шарти қўйилди”, дея твитлади Каримова.

Гулнора бу шарт ким томонидан қўйилганини очиқламади. Шунингдек, Твиттерга қайтгани бу шартнинг бекор бўлганини англатадими, буни ҳам ойдинлаштирмади.

29 ноябрь. Гулнора Каримова: Синглим менга қарши таҳдид қилувчилар гуруҳини ёллади!

Каримова хонимнинг Instagram орқали ёзишича, онаси билан синглиси унга қарши ҳаракатларини давом эттираяпти. Гулнора синглиси Лола Каримова- Тиллаеванинг таҳдид қилувчилар гуруҳини ёллагани ҳақида ҳам ёзди.

Бугун Дилшод исмли йигит Гулнора Каримованинг Instagramдаги саҳифаси орқали унга мурожаат қилиб, “Гулнора, мени бир нарса ҳайратга солади. Нимага сизга ҳеч ким ёрдам бермайди? Ижтимоий тармоқлардаги мухлисларингиз эмас, айнан сизнинг оилангизда ҳамма сукут сақлаяпти?.. Агар оилангиз истаса, йўқотганларингизни бир кунда қайтаришлари мумкин”, деб сўради.

Бунга жавобан Каримова “Менга қариндошларим- аёллар зарар етказмаслигининг ўзи бахт! Улар жим ўтирмаяпти! Ҳозир ҳатто синглим таҳдидли ва даҳшатли картинкалар орқали зарар етказувчилар гуруҳини ёллаган.. Афсуски, ҳасад одамлар ва оилани шу тарзда вайрон қилади”, деб ёзди Каримова.

http://www.ozodlik.org/content/blog/25175297.html