Пайғамбарлар тарихи (2). Шис алайҳиссалом

Пайғамбарлар тарихи (2). Шис алайҳиссалом
197 views
02 December 2013 - 11:22

pt1Шис алайҳиссаломнинг туғилиши

Шис алайҳиссаломнинг отаси – Одам алайҳиссалом, онаси – Ҳазрати Ҳавводир (1).
Одам алайҳиссаломнинг ўғли Қобил укаси Ҳобилни ҳасаддан ўлдиргандан беш йил кейин (2) Шис (Ҳийбабуллоҳ) алайҳиссалом туғилди.
Жаброил алайҳиссалом  Ҳазрати Ҳаввога:
– Аллоҳ буни (Шисни) сенга Ҳобилнинг ўрнига берди, – деди (3). Ҳийбабуллоҳга Араб тилида, Шас, Сурён тилида Шос, Иброний тилида Шис дейилган (4).
Шис алайҳиссалом туғилганда, Одам алайҳиссалом:
– Бу ҳийбабуллоҳдир (ҳийба – туҳфага яқин), – деди. Ва бу ҳақда ямин этди (5).

***

Манглайдан манглайга ўтган пайғамбарлик нури

Ҳазрати Ҳавво Шисга ҳомила бўлганда, унинг пешонасида бир нур порлай бошлади ва Шис туғилганда, бу нур унинг манглайига кўчиб ўтди. Одам алайҳиссалом бундан Шиснинг ўз ўрнига келажагини англади (6). Шис алайҳиссаломнинг манглайида порлаган бу пайғамбарлик муҳри унинг хотинига, ундан ўғли Анушга, ундан ўғли Қайнанинг манглайига ўтган.
Шу йўсинда асрлар давомида манглайдан манглайга ўтиб, ниҳоят, Абдулмутталибдан Абдуллоҳга, ундан эсa пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга – сўнгги соҳибига етишди (7).

***

Шис алайҳиссаломнинг баъзи фазилатлари ва пайғамбарлиги

Шис алайҳиссалом Одам алайҳиссалом ўғилларининг энг улуғи, энг устуни ва Одам алайҳиссаломнинг энг суюклиси, ва унга энг ўхшагани эди (8).
Одам алайҳиссалом вафотидан ўн бир кун аввал (9) Шис алайҳиссаломга:
– Ўғлим, мендан сўнг Xалифам сенсан, – деди. Ва унга вазифасини тақво билан адо этишни тавсия қилди (10). Бир васиятнома ёзиб, ўз жойига уни вакил тайин этди (11).
Ва буни Қобилдан ва унинг ўғилларидан сир тутишни буюрди (12). Унга кеча ва кундуз соатларини, ҳар бир махлуқнинг қайси соатда қандай ибодатларни адо этишни тушунтирди. Келажакда бўладиган Тўфон ҳақида ҳам билги берди (13).
Одам алайҳиссалом Қобил ўғилларининг зино ва шаробга берилиб, бузилганини кўргач, Шис алайҳиссалом фарзандларининг Қобилники билан уйланмасликларини танбиҳ этди (14).
Аллоҳу Таоло Одам алайҳиссаломга йигирма бир (15), Шис алайҳиссаломга эсa йигирма тўққиз (16) саҳифа индирди. Ва бу элликка яқин илоҳий саҳифаларга амал қилишни Шис алайҳиссаломни мукаллаф қилди (18).
Аллоҳу Таолонинг “Аъло” сурасидаги 18-оятидаги “Суҳуфи Уло” Ҳийбатуллоҳ Шис алайҳиссалом билан Идрис алайҳиссаломга индирилган саҳифалар эди (19). Пайғамбарлик, дин, ибодат ва Аллоҳу Таолонинг ҳақ ва шариятига кўра ҳаракат Шис алайҳиссалом ва ўғилларида мавжуд эди. Шис алайҳиссаломнинг юрти тоғнинг тепасида, Қобил ўғиллари эсa пастда, водийда яшашарди (20). Шис алайҳиссалом Аллоҳни тақдис ва танзиҳ этар, ўз қавмига эсa Аллоҳу Таоло амрларини бажо келтирмасликнинг оқибати ёмон бўлишини, унинг сифатларидан нуқсон ахтаришни маън қилар ва яхшилик қилишни тарғиб этарди.
Шу боис, Шис ўғиллари ва хотинлари орасида на душманлик, на да ҳасад бор эди. На ёлғон сўйларлар ва на-да беҳуда онт ичар эдилар. Улардан бири ямин этмак (онт ичмак) истаса, “Ҳобилнинг қони устига ямин бўлсин” (яни Ҳобилнинг қони устига онт ичаман), дерди (21).
Одам алайҳиссаломдан кейин Каъбани тош ва лой билан таъмир қилган ҳам Шис алайҳиссалом эди (22). Шис алайҳиссалом то вафот этгунча Маккада қолиб, ҳаж ва умра қилди (23).

***

Шис алайҳиссаломнинг вафоти

Шис алайҳиссалом вафотидан аввал ўғли Анушни ўз ўрнига тайинлади ва унга Одам алайҳиссаломнинг жасадини қўриқлaшни ва Аллоҳнинг буйруқларини бажармасликдан эҳтиёт бўлишни, буни қавмига ҳам уқтиришини, Аллоҳга ибодат этишарини амр этди. Ўғилларига баракот дуоси қилди. Уларнинг яшагани тоғ тепасидан пастга тушмасликларини тайинлади. Қобилнинг болалари билан ётиб-турмасликлари ҳақида улар ямин этдилар. Сўнгра Шис алайҳиссалом вафот этди (24). Унга ва бутун юборилган пайғамбарларга салом бўлсин!
Вафот этганида Шис алайҳиссалом 912 ёшда эди (25), Идрис алайҳиссалом ўша пайтда 25 ёшда эди (26). Шис алайҳиссаломнинг ўғли Ануш отасининг жасадини махсус дарахт шарбати ва дорчин каби хушбўй ҳидли ёғоч ҳидлари билан тобутга қўйди (27). Шис алайҳиссаломнинг  жанозасини ўғиллари, ўғилларининг ўғиллари ва қизлари ва қизларининг ўғиллари келиб қилишди (28).
Одам алайҳиссаломнинг ўғилларидан Шис алайҳиссаломдан бошқасининг насли давом этмай, шу ерда кесилди. Шундай қилиб, абулбашар бўлган Одам алайҳиссалом билан бирга Шис алайҳиссалом ҳам (29) бутун инсонларнинг уруғи бориб тақаладиган аждодидир (30).
Шис алайҳиссаломдан сўнгра ўғилларининг насаблари Шис алайҳиссаломга етишмагани каби, Идрис алайҳиссаломгача уларга Ваҳий ва пайғамбарлик ҳам берилмади (31). Ривоятга кўра, Шис алайҳиссалом ҳам Макка тоғларидан Абу Кувайс тоғидаги моғорага кўмилган қариндошлари ёнига дафн этилгандир (32).

***

Шис алайҳиссалом ва Идрис алайҳиссалом орасидаги насаб – қариндошлик

Шис алайҳиссаломдан кейин ўғли Ануш отаси ва бобосининг васиятига амал қилди. Аллоҳга мукаммал шаклда ибодат этди. Қавмига ҳам айни шаклда ҳаракат қилишни амр этди.
Ер юзида хурмо дарахтини илк эккан Ануш эди (33). Илк кез садақа берган ва садақани ташвиқ этган ҳам у эди. Ануш вафоти олдидан  бутун ўғиллари учун баракот дуоси қилди. Уларга яшаётгани муқаддас тоғдан пастга тушмасликларини, Қобилнинг болалари билан ётиб-турмасликни тайинлади. Унинг ёнида намоз қилишни ва Аллоҳни тақдис этишларини амр этди. Ануш вафот этганида 965 ёшда эди (34).
Анушнинг манглайида ҳам пайғамбарлик нури порлаб турарди (35). Ҳобилнинг қотили Қобил унинг замонида  ўлдирилган эди (36).
Анушнинг ўғиллари ва ўғилларининг ўғиллари Қайнон, Маҳлоил, Ярд, Уҳнуҳ (Идрис), Матту Шалоҳ билан хотинлари ва уларнинг ўғиллари тўпланиб, Анушнинг жаноза  намозини қилдилар.
Қайнон латиф, муттақий ва Аллоҳни севган, уни тақдис этган зот эди. Қавмини Аллоҳга итоат этишга, ибодатга чақирди. Одам ва Шис алайҳиссаломларнинг васиятларини адо этишга даъват этди (37).
Қайноннинг манглайида ҳам пайғамбарлик нури порлар эди (38). У вафотидан олдин ўғиллари учун баракaт дуоси қилди. Уларни муқаддас тоғдан пастга тушиб, лаънатланган Қобилнинг насли билан ош-қатиқ бўлмаслик ҳақида онт ичирди. Ўз ўрнига Маҳлоилни тайин этди (39). Қайнон 920 ёшда вафот этди (40).
Қайнон вафот этганда ўғиллари ва ўғилларининг ўғиллари ва Мақлоил, Ярд, Матту Шалоҳ ва уларнинг хотинлари ва уларнинг ўғиллари тўпландилар, Қайнонга жаноза намози қилдилар.
Маҳлол Одам ўғилларининг саййиди ва улуғи эди. У ўз  қавмини Аллоҳга ибодат ва тоатда тутди. Ўлими яқинлашганда ўғли Вардни ҳалаф тайин этиб, Одам алайҳиссаломнинг тобутини унга васият этди (41). Илмларни ўргатди. Оламда жараён этажак нарсалардан хабар берди. Одам алайҳиссаломга индирилган “Ҳукмдорларнинг сири” китоби Маҳлоилда сақланарди (42).
Маҳлоил 895 ёшда вафот этди (43). Унинг ўрнига тайин этилган Вард ниҳоятда иймонли, том амалли, ўзини Аллоҳга ибодатга берган, кеча-кундуз намоз қилган бир зот эди (44).
Қобилнинг уруғи анчадан бери ичимлик, зино ва ҳаёсизликка  берилиб, оташга топина бошлаганди (45). Турли чолғу асбобларини ҳам қўлланардилар. Хотин, эркак, ёш-қари бирга тўпланиб, ноғора, дудук, сурнай, доира чалиб ўйнар ва наъра айтардилар. Ҳатто уларнинг сасларини тоғ тепасидаги Шис алайҳиссаломнинг ўғилларидан баъзилари эшитар эди. Бу зиёфатларга Қобил наслининг кексалари ҳам берилганди. Улар гуноҳ бўлган бутун нарсаларни қилишарди.
Вақт ўтган сари Шис ўғиллари ҳам авваллари қатъий амал қилган Аҳд ва мийсоқни буза бошладилар. Улардан юзта эркак пастга тушиб, амаки (Қобил) ўғилларининг нима қилаётгани кўрмоқ истадилар (48). Ярд бин Маҳлоил бундан хабар топиб, “Худо ҳаққи, буни қилманглар”, деди. Уларга оталарининг васияти ва ўзларининг Қобилнинг қони тўкилгач, келтирган яминларини эслатди (49). Уларга ваъз, насиҳат қилди, аммо қулоқ солмадилар (50). Ўғли Уҳнуҳ (Идрис алайҳиссалом) оёққа қалқиб: “Шуни яxши билингки, ким отамиз Варданинг гапига қулоқ солмай водийга тушса, уни яна бу ерга, тoққа чиқишига  йўл қўймаймиз”, деди. Лекин улар бари бир фикридан қайтишмади (51).
Тоғдан Қобил ўғиллари ёнига тушдилар. Қобил ўғилларининг қизлари Шис ўғилларини ёнида олиб қолишди. Кейин Шис ўғилларидан яна юз эркак “оға-иниларимиз нима қилишяпти экaн”, дея тоғдан водийга тушдилар. Уларни ҳам Қобил ўғилларининг қизлари ушлаб, қўйиб юборишмади. Улар бир-бири билан айшу ишрат қилиб, уйландилар.
Қобил ўғиллари ер юзини тўлдиражак қадар кўпайди. Фақат Нуҳ алайҳиссалом давридаги тўфонда ҳаммаси чўкиб ўлди (52).
Ярд бин Мaҳлоил ўлимидан олдин ўғилларига баракат дуоси қилди. Уларга яшаётганлари тоғдан пастга тушмасликлари ҳақида огоҳлантирди. “Ҳар ҳолда, сизлар бир кунмас бир кун пастга тушасизлар. Ўшанда энг охиргингиз отамиз Одам алайҳиссаломнинг жасади солинган тобутни ўзи билан олиб тушсин ва бизга тавсия қилингани каби арзнинг (ернинг) ўртасига кўмсин”, деди. Ўғли Уҳнуҳ (Идрис алайҳиссалом)ни ўз ўрнига тайин этди. Унга Кенз моғорасида намоз қилишни тарк этмасликни амр қилди.
Ярд бин Маҳлоил 962 ёшда вафот этди, жанозасига унинг ўғиллари Уҳнуҳ, Матту Шалоҳ, Литак ва Нуҳ алайҳиссаломлар тўпланиб, намоз қилдилар (53).

***

Одам ўғиллари орасида бутпарастликнинг келиб чиқиши

Ривоятга кўра, Қобил ўз укаси Ҳобилни ўлдирганда, отаси Одам алайҳиссаломдан қўрқиб, Яманга қочди. Шайтон унга: “Ҳобилнинг қурбони қабул бўлиб, оловда ёнишига сабаб, у оташга хизмат қилар ва унга ибодат қиларди. Сен ҳам шундай қил”, деди.
Ва Қобил  бир оташгоҳ бино қилиб, ичида олов ёқди ва унга топина бошлади (54). Бут ёғочдан, олтин ёки кумушдан инсон шаклида ясалган бўлса, унга “Санам”, тошдан ясалган бўлса, “Васам” дейилган (55).
Идрис ўғиллари авваллари Одам алайҳиссаломнинг Навз (ёки Бавз) тоғидаги моғорадаги жасадини зиёрат қилишарди, унинг учун Аллоҳдан раҳмат тилар эдилар (56). Қобил бин Одам ўғилларидан бир киши: “Эй Қобил ўғиллари, бу Шиснинг ўғиллари Одамнинг жасадини айланиб, унга таъзим қилишади. Сизнинг эсa бундай нарсангиз йўқ”, деди ва улар учун бир бут ясади.
Инсоният тарихида бут ясаган илк одам шу эди (57). Қуръони Каримда Ведд, Сувоъ, Ёғус, Ёвуқ ва Наср деган исмлар билан кўрсатилган бутлар (58) ривоятга кўра, Одам алайҳиссаломнинг ўғиллари ва ёки ўғилларининг ўғиллари эдилар (60). Булар яxши амалли кишилар эдилар (61). Халқ уларга қулоқ соларди (62). Сувоънинг Шис алайҳиссалом ўғли, Ёғус, Ёуқ ва Насрлар эсa Сувоънинг ўғли эканлиги ривоят қилинади (63).
Бу кишилар ўлганда, уларнинг жамоати “кошки, буларнинг суратлари бўлсайди, суратларни кўриб, биз ибодатга ташвиқ этилган бўлардик”, дейишди (64). Улар ўлганда, яқинлари қаттиқ изтироб чекишди. Қобил ўғилларидан бири:
– Эй қавмим (65), мен жон беришга кучим етмайди, аммо бу ўлганларнинг бешта суратига бешта бут йўнсам бўлмайдими?, – деди.
– Бўлади, – дейишди одамлар .
Шундай қилиб, Вадд, Сувоъ, Ёғус, Ёуқ ва Наср исмли бешта  бут пайдо бўлди. Бу исмига бут тикланганларнинг амакилари, Aмош ўғиллари келиб, бутлар атрофида югуриб айланишиб, уларга таъзим қилишарди.
У аср шундай кечди.
Ярд бин Мaҳлоил, бин Қайнон, бин Ануш, бин Шис ва бин Одам замонида ҳам шундай қилинди (66). Баъзи кимсалар Исломиятдан қайтди (67).
Янаги асрда бутга топиниш янада авж олди. Учинчи асрда “бутларга уларнинг Аллоҳга шафоат етишларига умид қилгани учун топиндилар”, дея куфрни янада орттирдилар. Шу пайтда Аллоҳу Таоло уларга  Идрис алайҳиссаломни пайғамбар ўлароқ юборди. Идрис алайҳиссалом уларни бутга топинишни маън қилди, Аллоҳга ибодат қилишга даъват қилди (68).
Лекин улар Идрис алайҳиссаломни ёлғончига чиқаришди.
Аллоҳу Таоло  Идрис алайҳиссаломни ўзининг юксак мақомига олди.  Бутпарастлик Нуҳ алайҳиссалом  замонига қадар авж олиб бораверди.
Аллоҳу Таоло Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар ўлароқ юборди. Нуҳ алайҳиссалом одамларни юз йиллар давомида Аллоҳу Таоло ибодатга даъват этди, лекин улар унга қарши келиб, уни ёлғончига чиқаришди (69).
Нуҳ алайҳиссалом уларни енгаолмагач, ёнидаги мўминларни ва ўзини қутқариш учун Аллоҳга дуо этди (70). Аллоҳу Таоло кофир xалқни тўфон сувида бўғди (71). Тўфон сувлари Навз (ва ёки Вавз) тоғидан бешта бутни суриб чиқарди ва пастга туширди.
Сувлaрнинг шиддатли оқими бутларни ўлкадан ўлкага судради ва, ниҳоят, Жудда тупроғига улоқтирди.
Шундан кейин сувлар чекинди. Шамоллар эсиб, бутларнинг устига тупроқ йиғди, уларни кўмди (72).

***

ИЗОҲЛАР:

1) Ибн Исҳоқ, Ибн Ҳишом. “Сиро”, 1- жилд, 3- бет; Ибн Сод. “Табақот”, 1- жилд, 39- бет; Балозурий. “Ансоб-ул шараф”, 1- жилд, 3- бет; Ибн Қутайба. “Маориф”, 10- бет; Диноварий. “Китоб-ул Ахбор” 1- бет; Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 8- бет; Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 76- бет.
2) Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 76- бет; Салабий. “Ароис”, 47- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 47- бет.
(*) Эгиз эмас, ёлғиз туғилди (Мир Ҳованд. “Равзот ус-сафо”, Таржима, 115- бет)
3) Ибн Сод. “Табақот”, 1- жилд, 37- бет; Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 76- бет; Салабий. “Ароис”, 47- бет; Ибн Асокир. “Тарих”, 6- жилд, 354- бет.
4) Ибн Сод. “Табақот”, 1- жилд, 37- бет; Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 76- бет; Ибн Асокир. “Тарих”, 6- жилд, 354- бет.
5) Балозурий. “Ансоб-ул шараф”, 1- жилд, 3- бет.
6) Масъудий. “Муруж уз-заҳаб”, 1- жилд, 37- бет.
7) Масъудий. “Муруж уз-заҳаб”, 1- жилд, 38-39- бетлар.
8) Ибн Қутайба. “Маориф”, 9- бет; Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 7- бет; Мир Ҳованд. “Равзот ус-сафо”, Таржима, 115- бет.
9) Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 79- бет; Салабий. “Ароис”, 47- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 49- бет.
10) Ибн Асокир. “Тарих”, 6- жилд, 359- бет.
11) Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 79- бет; Масъудий. “Муруж уз-заҳаб”, 1- жилд, 49- бет.
12) Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 79- бет; Салабий. “Ароис”, 47- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 49- бет.
13) Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 76- бет; Салабий. “Ароис”, 47- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 47- бет; Абулфидо. “Ал бидоя ван-ниҳоя”, 1- жилд, 98- бет; Мир Ҳованд. “Равзот ус-сафо”, Таржима, 115- бет.
14) Ибн Сод. “Табақот”, 1- жилд, 39- бет; Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 84- бет; Ибн-ун Недун, “Фиҳрист,” 39- бет.
(*) Ўн бет туширилгани ҳақида ҳам ривоятлар бор (Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 161- бет; Абу Нуайм. “Ҳулёт-ул авлиё”, 1- жилд, 167- бет; Замаҳшарий. “Кашшоф”, 4- жилд, 245- бет; Салабий. “Ароис”, 100- бет; Фаҳрирозий. “Тафсир”, 31- жилд, 150- бет; Ибн Асокир. “Тарих”, 6- жилд, 357- бет; Абу-ус Сууд. “Тафсир”, 9- жилд, 143- бет; Олий-ул Муттақий. “Канз-ул уммол”, 16- жилд, 132- бет)
15) Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 75- бет; Масъудий. “Муруж уз-заҳаб”, 1- жилд, 40- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 27- бет.
16) Масъудий. “Муруж уз-заҳаб”, 1- жилд, 40- бет; “Аxбор уз-замон”, 86- бет; Ибн-ун Надим, “Фиҳрист,” 39- бет.
17) Ибн Қутайба. “Маориф”, 10- бет; Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 76- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 47- бет; Абулфидо. “Ал бидоя ван-ниҳоя”, 1- жилд, 99- бет.
18) Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 81- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 54- бет.
19) Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 86- бет.
20) Масъудий. “Аxбор уз-замон”, 86- бет.
21) Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 8- бет.
22) Ибн Қутайба. “Маориф”, 10- бет; Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 81- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 54- бет; Мир Ҳованд. “Равзот ус-сафо”, Таржима, 115- бет.
23) Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 81- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 54- бет.
24) Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 8- бет.
25) Ибн Қутайба. “Маориф”, 10- бет; Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 8- бет; Масъудий. “Муруж уз-заҳаб”, 1- жилд, 39- бет; Ибн Асокир. “Тарих”, 6- жилд, 360- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 54- бет.
26) Ибн Асокир. “Тарих”, 6- жилд, 359-360- бетлар.
27) Ибн Асокир. “Тарих”, 6- жилд, 260- бет.
28) Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 8- бет; Масъудий. “Аxбор уз-замон”, 86- бет.
29) Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 76, 83- бетлар; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 56- бет; Абулфидо. “Ал бидоя ван-ниҳоя”, 3- жилд, 22- бет.
30) Ибн Қутайба. “Маориф”, 10- бет; Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 76- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 47- бет; 4-§; Абулфидо. “Ал бидоя ван-ниҳоя”, 1- жилд, 98- бет.
31) Масъудий. “Аxбор уз-замон”, 87- бет.
32) Заҳабийдан нақл ила Абу Тоййиб. “Шифо-ул Ғарам”, 1- жилд, 442- бет.
33) Суҳайлий. “Равд-ул унуф”, 1- жилд, 81- бет; Мир Ҳованд. “Равзот ус-сафо”, Таржима, 117- бет.
34) Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 8-9- бетлар.
35) Масъудий. “Муруж уз-заҳаб”, 1- жилд, 38- бет.
36) Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 8- бет; Масъудий. “Муруж уз-заҳаб”, 1- жилд, 39- бет.
37) Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 9- бет.
38) Масъудий. “Муруж уз-заҳаб”, 1- жилд, 39- бет.
39) Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 9- бет; Диноварий. “Ал-Ахбор”, 1- бет.
40) Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 9- бет; Масъудий. “Муруж уз-заҳаб”, 1- жилд, 39- бет.
41) Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 10- бет.
42) Масъудий. “Аxбор уз-замон”, 87- бет.
43) Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 10- бет; Масъудий. “Аxбор уз-замон”, 87- бет.
44) Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 10- бет
45) Ибн Сод. “Табақот”, 1- жилд, 38- бет; Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 84- бет; Салабий. “Ароис”, 47- бет.
46) Салабий. “Ароис”, 47- бет.
47) Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 10-11- бетлар.
48) Ибн Сод. “Табақот”, 1- жилд, 39- бет; Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 11- бет; Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 84- бет.
49) Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 11- бет.
50) Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 83- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 57- бет.
51) Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 11- бет.
52) Ибн Сод. “Табақот”, 1- жилд, 39- бет; Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 84- бет.
53) Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 11- бет.
54) Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 82- бет; Салабий. “Ароис”, 47- бет; Абулфарад Ибн Жавзий. “Табсиро”, 1- жилд, 14- бет.
55) Абулмунзир Ҳишом. “Китоб-ул асном”, 53- бет.
56) Абулмунзир Ҳишом. “Китоб-ул асном”, 50- бет.
57) Абулмунзир Ҳишом. “Китоб-ул асном”, 51- бет; Ёқут. “Мужамул булдон”, 5- жилд, 367- бет.
58) Нуҳ сураси, 23- оят.
59) Абулфидо. “Тафсир”, 4- жилд, 426- бет; Диёрбакрий. “Ҳомис”, 2- жилд, 97- бет.
60) Табарий. “Тафсир”, 23- жилд, 99- бет.
61) Абулмунзир Ҳишом. “Китоб-ул асном”, 51- бет; Табарий. “Тафсир”, 23- жилд, 99- бет; Абулфарад Ибн Жавзий. “Табсиро”, 1- жилд, 35- бет.
62) Табарий. “Тафсир”, 29- жилд, 99- бет.
63) Зурконий. “Мавоҳуб-ул ладуния”, шарҳи, 2- жилд, 348- бет.
64) Табарий. “Тафсир”, 29- жилд, 99- бет.
65) Табарий. “Тафсир”, 29- жилд, 99- бет; Абулфарад Ибн Жавзий. “Табсиро”, 1- жилд, 35- бет.
66) Абулмунзир Ҳишом. “Китоб-ул асном”, 51-52- бетлар; Ёқут. “Мужамул булдон”, 5- жилд, 367- бет.
67) Ибн Сод. “Табақот”, 1- жилд, 39- бет; Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 85- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 29- бет.
68) Абулмунзир Ҳишом. “Китоб-ул асном”, 52- бет; Абулфарад Ибн Жавзий. “Табсиро”, 1- жилд, 35- бет; Ёқут. “Мужамул булдон”, 5- жилд, 367- бет.
69) Абулмунзир Ҳишом. “Китоб-ул асном”, 52-53- бетлар; Ёқут. “Мужамул булдон”, 5- жилд, 367- бет.
70) Шуаро сураси, 118- оят.
71) Нуҳ сураси, 25- оят.
72) Абулмунзир Ҳишом. “Китоб-ул асном”, 53- бет; Ёқут. “Мужамул булдон”, 5- жилд, 367- бет.