Пул жигардан бўлган…

Пул жигардан бўлган…
21 views
02 December 2013 - 12:15

gk-moneyЎзбекистонда нималардир бўлаяпти! Нималар бўлаяпти, буни фақат тахмин қила оламиз холос. Асл ҳақиқат эса сарой ичида,  унинг эгалари-ю, ҳозиру-нозирлари, ҳамда кунда-шундалари орасида. Мамлакатда нималар бўлаяпти экан? Наҳотки Ватанимизнинг, халқимизнинг равнақи учун жон куйдириб юрган Президентимиз воқеалар ривожи қайга олиб кетаётганлигини билмаса ва унга таъсир ўтказа олмай қолган бўлса?!

Ҳар ҳолда ҳеч нарса абадий эмас ва буни ҳаммамиз биламиз. Тинимсиз оқиб турган сув тошни ҳам эритиб юборади, гап фақат қанча вақтда эритиб юборишида.
Ўзбек сиёсий мухолифати ва инсон ҳақлари курашчилари олиб борган курашлар натижаси ўлароқ, бугунга келиб Каримов режимининг “тоби қочиб қолди”. Бу режимнинг тахтиравони эса лиққиллаб турибди.

У қулайдими? Албатта қулайди, фақат қанча вақт яна ўтганидан сўнг? Мана бу саволнинг аниқ жавоби ҳозирча йўқ!

 Октябрнинг 20 чисидан бери эл суймайдиган Гулнора Каримова Твиттер орқали режим жиноятларини фош қилиб  келмоқда. Нега? Мана шу “нега?” деган саволга жавоб топиш ҳам қийинга ўхшайди. Чунки бу режимнинг феъл-хўйини ҳали ҳам тушуниб етмаганмиз. Аммо бир нарса аниқ: режим гумашталари ҳеч қачон элга рост сўзламаган ва бундан сўнг ҳам сўзламайди!
Яна бир нарса аниқки, “бойлик” деган бир зорманда одамларнинг ақлу-ҳушини ўғирлайди ва пул учун, бойлик учун инсон ҳар нарсага ҳам қодир бўла олади. Элимизда “пул жигардан бўлган” деган, тескари киноялик маъно акс эттирадиган “нақл” ҳам юради. Буни эса кимлардир тўғри қабул қилишга ҳам одатланган.
*   *   *
Шундай бир латифа бор. Афандидан бир бой қўшниси сўраган экан: “Насриддин, бу “қиёмат, қиёмат” дейдилар. Қиёмат ўзи қачон бўлади?”. Шунда Афанди жавоб берган экан: “Қиёмат сиз ўлганингиздан кейин, эртаси куни рўй беради!”. Бу жавобдан бой ажабланибди: “Нега энди мен ўлганимдан кейин эртасига?”. Афнди жавоб берармиш: “Меросхўрларингиз сиздан қолган бойликларни талашганларида ҳақиқий қиёмат бўлади!”.
*   *   *
Ўзбекистондаги вазият ҳам мана шу мерос талашиш бўлаётганга ўхшаб кетади, фақат бутун мамлакатнинг эгаси бўлган “бой” ҳали тирик. Яъни, унинг кўзи очиқлигидаёқ меросхўрлари  бойлик талашмоқда. Гулнора Каримованинг Европа бўйлаб кўрсатган “ҳунарлари” боис, у ўз бойликларидан ажралиб бўлди ҳисоб ва энди ҳали онасини, ҳали МХХ раисини қоралаб твиттлар ёзиши эса, ўша “жигардан бўлган” пулнинг дардидан бошқа бирор нарса эмас.
Қаршида бир ажойиб, Кришна динига эътиқод қилувчи дўстим бўларди. Исми Абдуҳаким эди ва ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилар, унвони эса капитан эди. Ўз эътиқодига у жуда мустаҳкам эди. Кришна дини эътиқодига кўра, одамлар оила қилмаслиги керак экан, оиласи борлари эса аёлидан, аёл эркагидан ажралиши лозим эмиш. Абдуҳақим ҳам аёлидан ажралган, бир хоналик квартирада жуда одми тарзда ҳаёт кечирарди. Унинг айтган бир сўзи ҳали ҳам ёдимдан чиқмайди.
“Бойлик келдими, офат келди деяверинг. Уни харжлаш керак. Агар харжламасангиз уни сақлаш керак. Бу жуда катта офатдир!” – деганди у. Албатта бундай сўзларни ўша бойликка ета олиш имкони бўлмаганлар айтади. Бойликдан биров воз кечган эмас ва воз кечмайди ҳам. Уни асраш эса ҳақиқатан ҳам жуда мушкул иш.
Европа банкларида музлатиб қўйилгани билдирилаётган Гулнора Каримованинг пуллари расмий маълумотларда 1 миллиард 200 миллион доллар эканлиги айтилмоқда. Аммо Ўзбекистон ичкарисидан таҳлилий мақолалар бериб борадиган, шахси номаълум сиёсатшунос Усмон Ҳақназаров эса Каримовларнинг бойлиги 20  миллард доллар демоқда. Бу сулола мамлакат мустақиллиги бошида жуда ҳам иштаҳаси карнай эмаслигини инобатга олсак, ўтган давр ичида ҳар йили бир миллард доллардан бойлик йиғган бўлиб чиқади. Бу бойликнинг қанчасига қулф урилди экан, бу  ёғи ҳам илми ғойиб.
Демак, эндиги муаммо – мана  шу пулларни қайтариб олиш. Ўзбекистон Республикаси бу пулларга эга чиқишининг талай шартлари бор ва уларнинг бирортасига ҳукмдор оила рози бўла олмайди. Масалан, мамлакатда коррупцион йўллар билан ортирилган бойликларга қарши курашадиган восита, қонун қабул қилиш. Президентимиз ўзи ўтирган шохини арралайдими энди? Асло йўқ!
Ҳукмдоримизнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўзининг янги твиттларида маълум қилаётганига кўра,  синглиси Лола Каримова-Тиллаева “Билан” журнали эълон қилган Швейцария бойлари рўйхатида 12-ўринни эгаллаган ва унинг синглиси учинчи йил ушбу рўйхатдан жой олаяпти экан. Тағин унинг иддао қилишича, мазкур рўйхатга синглиси Лоланинг барча бойликлари киритилмаган.
“Швецария рейтингига бутун ер юзидаги унинг барча виллалари, уйлари кирмаган”, – дея твитлади Гулнора Каримова.
*   *   *
Нима учун бунақа ишлар бўлаяпти деб ўйлайсиз.  Сабаб жуда оддий бўлса керак. Гулнора Каримова ўз бойликларидан, бизнесс империясидан ажралиб бўлди. Синглиси эса ҳозирча ажралмаган. Опа-сингил орасидаги бу можаронинг сабаби, “менга йўқми, сенга ҳам бўлмасин” қабилидаги ҳасаддан бошқа бирор нарса бўлмаса керак.
Юқорида эслатганимиздек, “пул жигардан бўлади” ва пулидан ажралиб қолган Гулнора бошини қайга уришини ҳам билмаяпти. Ҳозирча у отасига ола қараб бирор твитт ёзган жойи йўқ. Гарчи унинг отаси Ўзбекистон  учун офат бўлса-да, ҳар неки, “отам мени ташлаб қўймайди” деган умиди ҳам йўқ эмас. Ҳақиқатан ҳам шундай! Ота уни ташлаб қўймайди, бироқ отани ҳам у жиғибийрон қилгани бор-да. Масалан, яланғоч баданини намойиш қилиб фотосессиялар уюштириш билан, ёки Европадан пора олиб Ўзбекистон номини шарманда қилиш билан.
Аслида-ку, Ўзбекистон дунёнинг шармандаси бўлганига кўп йиллар бўлди, фақат ҳукумат тепасидаги режим “бунда биз айбдор эмасмиз” деб уқдириб келарди. Бу сафар эса ҳукмдор режимнинг ўзи мафия бўлиб чиқди ва Европа бундан бохабар бўлди. Албатта расмий ҳужжатлар билан бохабар бўлди. Норасманчи? Олиндан билишарди “ота” катта мафия эканлигини.
Бу билан нима ўзгарди энди? Деярли ҳеч нарса. Европа банклари Каримовларнинг жиноят йўллари билан бўлсин, топган “пешона терларини” қайтиб бериши ҳам мумкин эди, шу савил қолгур матбуот эркинлиги бўлмаганида. Журналистлар ҳамма ёқни остин-устун қилиб ташлашларидан чўчиб ҳам, бу пулларни қайтиб беришмаяпти.
Аммо Ислом Абдуғаниевич учун 1 миллиард 200 миллион доллар – бу писта пўчоғидек бир гап. Бир бора ресторанга кириб қолса борми, бу пулнинг ярмини сарфлаб юбора олади. Аммо мана шу маблағни у Ўзбекистон иқтисодига ётқизганида борми, элга қўрқув солиб эмас, балки меҳр-муҳаббат кўрсатганида борми – бугунги кунда Ўзбекистонимизда Ислом Каримовдан кўра азизроқ инсоннинг ўзи бўлмасди.
“Хом сут эмган банда”. Элнинг отаси бўлган президентимиз иш бунақа чаппасига кетиб қолиши мумкинлигини қайдан билибди дейсиз. Пулдан, обрў-эътибордан, эл назаридан бенасиб қолиш ҳукмдоримизнинг тушига ҳам кирмаган бўлса керак.
Тўлқин Қораев
Швеция