Усмон Ҳақназаров: Гулнора Каримова терговга кўрсатмалар бера бошлади

Усмон Ҳақназаров: Гулнора Каримова терговга кўрсатмалар бера бошлади
270 views
07 December 2013 - 8:50

2013 йил 26 ноябрь кунидан бошлаб Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова республика Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) томонидан олиб борилаётган терговга кўрсатмалар бера бошлади. Иноятов “идораси”нинг терговчилари Гулнора Каримовани баъзида унинг Тошкентдаги уйида, баъзида эса пойтахтнинг Юнособод туманида жойлашган МХХ тергов изоляторида (ТИЗОда) сўроқ қилишмоқда. Шундай қилиб…

Пойтахт бўйлаб қилинаётган мажбурий “саёҳат”лар

Иноятов “идораси”нинг терговчилари аввалига Гулнора Каримовани унинг Тошкентдаги уйида сўроқ қилишаётганди. Лекин бир неча кундан кейин улар ўз раиси Рустам Иноятовга мурожаат қилиб, “ўз уйида Гулнора Каримова терговчиларга нисбатан ўта тажовузкор муносабатда” бўлаётгани ҳақида хабар беришди.

Ушбу хабарларда Гулнора Каримованинг терговчиларга қарата айтган ҳақоратлари ва “ноёб” сўкинишларидан ташқари, унинг шаллақиларча хулқ-атвори ва идиш-товоқ ҳамда бошқа нарсаларни уриб синдиришлари ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Терговчилар МХХ раиси Рустам Иноятовга: “Сўроқ қилинаётган Гулнора Каримова доим бизни ҳақоратлаб, берган саволларимиздан ўзини олиб қочмоқда. Бир неча марта у бизга ўзини ўлдиришини айтиб, бизга таҳдид қилмоқчи бўлди. Бундай шароитда ундан кўрсатмалар олиб бўлмайди”, – дея хабар беришди.

2013 йил 28 ноябрь куни Рустам Иноятов Ислом Каримовнинг олдига кириб, Гулнора Каримовнинг тергов қилиниши билан боғлиқ вазият ҳақида хабар берди ҳамда Гулнора Каримовани МХХ ТИЗОда сўроқ қилишни таклиф қилди. “Агар терговни ТИЗОда давом эттирсак, Гулноранинг ўзига ҳам яхши бўлади. Чунки ТИЗОда у ўзига бирор бир ёмонлик қила олмайди”, – деди Рустам Иноятов.

Бошқача айтганда, Ўзбекистоннинг бош “чекисти” ўзини Гулнора Каримованинг ҳаёти учун қайғураётган шахс қилиб, терговни МХХ ТИЗОда давом эттиришни эса – “тергалаётганнинг ўз жонига қасд қилишининг олдини олиш” қилиб кўрсатди.

Каримов ушбу таклифга рози бўлди. Шунинг учун 29 ноябрьдан бошлаб терговчилар Гулнора Каримовани МХХ ТИЗОга боришга “таклиф” қилиб, ТИЗО ўзлари учун ҳам, Гулнора Каримова учун ҳам “буткул хавфсиз жой” эканлигини тушунтира бошлашди.

Шу-шу Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи ҳафтада икки-уч марта эрталаблари уйидан “саёҳат”га чиқиб, Тошкентнинг Юнусобод мавзесида жойлашган изоляторга боришга,   кечқурун эса – яна уйига қайтишга мажбур бўлмоқда.

(“Гули опа”сининг тақдиридан хавотир олаётган фуқароларга шуни маълум қиламиз: хавотирланишга ўрин йўқ, чунки “опа”нгиз МХХ ТИЗОда ҳам ўзини ҳудди ўзининг уйидагидек ҳис қилиб, шаллақилик қилмоқда ва бутун изоляторга бақириб, жар солмоқда.)

2013 йил 25 ноябрь кунидан бошланган тергов учун Гулнора Каримовадан кўрсатмалар олаётганда мххчилар ўзини жуда ҳам мўмин-қобил тутиб, ўта юмшоқ муносабатда бўлмоқдалар. Оддий одамларга нисбатан қўлланиладиган қийноқлар ва “пресс”лашнинг бошқа усуллари ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас.

Аксинча, баъзида Гулнора Каримова “тўнка терговчиларнинг бемаъни саволлари”дан тутоқиб кетиб, терговчиларни ва МХХ раисини шундай ҳақорат қила бошлайди-ки, ўзбек “чекистлари” ўзларини ноқулай хис қиладилар.

Эслатиб ўтамиз, “Гугуша”нинг МХХ ТИЗОга келтирилиб, сўроқ қилиниши унинг отаси Ислом Каримовнинг розилиги билан амалга оширилмоқда. Шундай қилиб…

Ҳаммаси режа бўйича ва режадан ташқарида кетмоқда!

Аввал хабар қилганимиздек, Гулнора Каримовага қарши кенг қамровли ҳужум МХХ раиси рустам Иноятов томонидан таклиф қилинган ва президент Ислом Каримов томонидан маъқулланган режа бўйича олиб борилмоқда. Унга кўра, мазкур иш бўйича расмий тергов ҳаракатлари жорий йилнинг 25 ноябрь кунидан бошланган.

Ўзбек махсус хизматлари Гулнора Каримованинг кўзга кўринган барча мулоқот доираларини тўсиб қўйишди. Интернет Гулнора Каримовадан тўла тўсиб қўйилмаган ягона соҳа бўлиб қолмоқда. Ҳозирча бу тармоқ Гулнора Каримова учун МХХ раҳбариятига қарши компромат парчаларини тўкиб сочадиган ҳамда Рустам Иноятов ва Ислом Каримовнинг режаларига қарши ахборот кураши олиб борадиган ягона жой бўлиб қолмоқда.

Ислом Каримовнинг Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов билан ўтказган учрашуви ҳам режа асосида ўтказилди. Унда қўшни республиканинг Чаржўй шаҳридан Каспий денгизигача янги темир йўл қурилиши масаласигина эмас, балки Каримовнинг севимли “сақичлари”дан бири – “Афғон муаммоси” – ҳам муҳокама қилинди.

НАТО қўшинлари Афғонистонни тарк этгандан кейин Толибон мужоҳидларининг бостириб киришидан ўлгудек қўрқадиган Ислом Каримов ушбу учрашувда туркманистонлик ҳамкасбига мурожаат қилиб, толибларнинг раҳбарияти билан ўтказилиши мумкин бўлган музокараларда воситачи бўлишни илтимос қилди.

Тошкентда ўтказилган учрашувда Ислом Каримов: “Туркманистон Афғонистоннинг ҳозирги [Ҳамид Карзой – У.Х.] ҳукумати билан ҳам, аввалги [Толибон – У.Х.] ҳукумати билан ҳам дўстона ва қўшничилик муносабат ўрнатганини эътиборга олиб, Сиздан, Гурбангули Маликқулиевич, Афғонистон раҳбарияти билан алоқалар ўрнатишга ёрдам беришни ҳамда ўтказилиши муҳтамал музокараларда воситачи бўлишни илтимос қиламан”, – деди.

Ўзбекистон раҳбарияти Ҳамид Карзой ҳукумати билан бундан анча илгари ва туркман президентининг воситасидан фойдаланмаган ҳолда ҳамкорлик қилишини эътиборга олсак, Ислом Каримовнинг ушбу илтимосидан фақат: “Толибон раҳбарияти билан дипломатик алоқалар ўрнатишда бизга ёрдам беринг!” – деган маъно келиб чиқади.

Демак, Каримов диктатураси толибларни сиёсий усуллар билан тинчлантириш йўлларини изламоқда. “Ўзбекистонга бостириб кирмаслик” таклифи эвазига фойдакор Каримов Толибоннинг қўлига афғонистонлик ўзбек ва “Ўзбекистоннинг чин дўсти” Абдурашид Дўстумни топширишни ният қилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан тузилаётган “Толибонга таклифлар пакети” фақат бу билан чекланиб қолмаяпти. Толибондан ўлгудек қўрқаётган Каримов Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва бошқа жиҳодий гуруҳларнинг аъзоларини қамоқдан чиқаришга ва ҳатто “уларнинг оилавий тарзда Афғонистонга кўчиб ўтишига кўмаклашиш”га ҳам тайёр.

Бироқ шундай савол туғилади: 2001 йилнинг кузида Толибоннинг огоҳлантиришларига қарамасдан Ўзбекистон ҳудудини ва аэродромларини америкалик ҳарбийларга Афғонистонни бомбардимон қилиш учун берган Ислом Каримовни толиблар кечирармикан?

Наҳотки мулла Умар Абдурашид Дўстум учун Каримовнинг 12 йиллик аввалги муттаҳамлигини кечирса?! Толибон раҳбарияти Ўзбекистон тарафига: “2001 йилда Туркманистон ҳукуматидан ўрнак олиб, нейтрал позицияни танлашга сизларга нима ҳалақит берди?!”, – деган саволни бермайдими?

Албатта, “Энг замонавий ҳарбий техника билан жиҳозланган ҳамда Афғонистонда 10 йил давомида урушган НАТО қўшинлари оддий автоматлар билан қуролланган толибларни енга олмасдан Афғонистондан чиқиб кетишади”, – деган фикр 12 йил олдин Афғонистонни босиб олишда Пентагонга ёрдам берган Ислом Каримовнинг ҳаёлига ҳам келмаган.

Ҳатто энг фойдакор одам ҳам сиёсий келажакни билишга ёки олдини олишга қодир эмаслигини Каримов энди тушуняпти.

Каримовнинг ҳаёлига ҳам келмаган, унинг режаларидан ташқарида рўй берган яна бир воқеа шундан иборат-ки, шу йилнинг ноябрь ойида мамлакат президенти Дўрмон қароргоҳидаги асосий бинони турмуш ўртоғи Татьяна ва қизи Лола Каримоваларга топшириб, бошқа бинога кўчиб ўтди.

Ислом Каримов президент девони Ишлар бошқармаси бошлиғи Зелимхон Ҳайдаровга махсус топшириқ бериб, Дўрмон қароргоҳининг асосий биносида яшашда давом этаётган Татьяна ва Лола Каримовалар ҳамда Лоланинг фарзандлари билан боғлиқ таъминот, ҳаракатланиш ва бошқа муаммоларни ҳал қилишни ўз назоратига олишни буюрди.

Ислом Каримовнинг ўзи аввал Дўрмон қароргоҳининг меҳмонхонаси бўлиб хизмат қилган бинога кўчиб ўтди.

Бундан ташқари, Ислом Каримов Президент Хавфсизлиги Хизмати бошлиғига ва МХХ раисига топшириқ бериб, Гулнора Каримовани на Оқсаройга, на Дўрмонга киритмасликни буюрди. Шунингдек, Каримов ўзининг тўнғич қизидан келадиган телефон қўнғироқларини ҳам уламасликни буюрди.

Юқорида санаб ўтилган воқеалар Ўзбекистон сиёсий ҳаётида оҳирги пайтда содир бўлган энг кўзга-кўринган ҳодисалар эди. Шундай қилиб…

Сўнгсўз

Мақоламиз ниҳоясида тақдим этаётган маълумотларимизнинг тўғрилиги/нотўғрилиги масаласига қайтмоқчи эдик. Ҳар сафар навбатдаги материалимизни эълон қилишимиз биланоқ баъзи чопқир “сиёсатшунос ва журналистлар” биз тақдим этган маълумотларга ашёвий ва бошқа далиллар талаб қилиб, юқоридаги масалани кўтара бошлаши одат тусига кирди.

Ана ўшандай олифталарнинг ичидан янги чиққан ва чопқир “сиёсатшунос” Камолиддин Раббимовни алоҳида кўрсатиш лозим. 2013 йил 13 ноябрь куни facebook.com тармоғида чоп этилган бир хабар остида у рус тилида: “Каримовы, бросив всю власть в Узбекистане, давным давно планируют переселиться в Аргентину… во как! Сказки для слабоумных…”, яъни: “Каримовлар Ўзбекистондаги ҳукуматни ташлаб, Аргентинага кўчишни аллақачон режалаштириб қўйишган… ана холос! Ақли заифлар учун тўқилган эртак…”, – деган шарҳ қолдирган.

Каримов оиласи Аргентинага кўчиб кетишни режалаштираётгани ҳақидаги хабаримиз каримовлар Жанубий Америкага кўчиб ўтишга улгуришмасагина ёки кўчиб ўтиш фикридан қайтишсагина (бу ҳолатларнинг эса эҳтимоли жуда оз) эртакка айланиши мумкин. Лекин хорижий радиостанциялар томонидан мустақил (!) эксперт сифатида тез-тез иқтибосланадиган Камолиддин Раббимов Европага кетишдан олдин ўзбек махсус хизматларига қарашли Фуқаролик жамиятини ўрганиш институтида (ФЖЎИда) ишлагани ҳеч қачон эртакка айланмайди.

Камолиддин Раббимов ушбу институтнинг муҳолиф партияларни ўрганиш лойиҳасида ишлаган. Бу лойиҳага МХХ подполковниги Баҳодир Аҳмедов бошчилик қилган. Баъзи ҳолларда К. Раббимов институт директори, ўзбек махсус хизматларининг полковниги Маъруф Усмонов топшириқларини ҳам бажариб келган.

Хусусан, ФЖЎИ директорининг топшириғига кўра, К. Раббимов “сиёсий партиялар бўйича мустақил эксперт” ниқоби остида муҳолиф партиялар ва мустақил ҳуқуқбонлик ташкилотлари мажлисларида ҳам қатнашиб, ФЖЎИга бажарган ишлари ҳақида батафсил ҳисоботлар ва мажлисларнинг аудиоёзувларини тақдим этиб келган.

“Ўзбекистон МХХда махсус суҳбатдан ўтган ижобий шахс” Камолиддин Раббимов Андижон воқеаларидан кейин бир зумда Каримов режимини танқид қиладиган мустақил сиёсатшуносга айланди-қолди. Эндиликда у “Ақли заифлар учун эртаклар” қабилидаги сиёсий ташхислар қўйишни ўрганиб олибди.

Эслатиб ўтамиз, мақолаларимизни бадном қилишни ёки мақолаларимизни танқид қилиш орақли шуҳрат орттиришни истаётган Камолиддин Раббимов ва бошқа нусхалар вақти келиб, бундай постинг ва шарҳлари учун жавоб беришларига тўғри келади.

Бу гап ferghana.ru сайти бош муҳаррири Даниил Кисловга ҳам тегишли. Чунки 2013 йил 13 ноябрь куни facebook.com тармоғида Шуҳрат Бобожоновнинг юқорида номи келтирилган хабари остида Кислов: “Асосий ёзувчи Усмон Ҳақназаров – бу Солиҳнинг ўзи”, – деб айтгим келяпти”, – маъносида шарҳ қолдирган.

Яна такрорлаб айтамиз, мақолаларимизнинг ҳаққонийлигини фақат вақт ўтгандан кейин билиш мумкин. “Хорижий радиостанция саволларига жавоблар”да биз бунга бир нечта мисол келтиргандик. Мақолаларимиз қуруқ сафсата эмаслигига яна бир қанча мисоллар келтирамиз.

2013 йил 3 декабрь куни uznews.net сайтида “В Узбекистане набирает обороты война компроматов” (“Ўзбекистонда компроматлар уруши бошланмоқда”) мақоласи эълон қилинди. Унда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўз твитларида   “Asia Alliance Bank” очиқ турдаги акциядорлик тижорат банки таъсисчиларидан бири Юрий Савинковни тилга олиб ўтгани ҳақида хабар берилган.  Uznews.net  саҳифаси Гулнора Каримованинг: “МХХ полковниги Юрий Савинков жинойи пулларни ювиш билан шуғулланади”, – деган гапини келтирган.

Эслатиб ўтамиз, Юрий Савинков ва унинг жиноий бизнеси ҳақида илк бор биз хабар берганмиз. Роппа роса бир йил олдин, 2012 йил 11 декабрьда Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) сайтида эълон қилинган “Ўзбек махсус хизматлари Мазори-Шарифда ҳарбий тўнтариш режаламоқда” сарлавҳали мақоламизда хабар берганмиз. Мана ўша мақоладан олинган ва Ю. Савинковга бағишланган сатрлар:

“Шунингдек, Мазори-Шарифда генерал Дўстумнинг ҳокимиятга келтиришдан, бир неча йилдан бери советлар давридан қолиб кетган американ стингерларини ундан сотиб олиб, Пентогонга бераётган МХХ генерали Шуҳрат Ғуломов ҳам манфаатдордир. (Пентагонга бу ракеталарнинг Ал-Қоида каби гуруҳлар қўлига тушмаслиги муҳим).  Фақат бу сотиб олинган стингерларни Ш. Ғуломовнинг ҳарбий-тижорий гуруҳи бир йўл билан Пентагонга сотса, бошқа йўллар билан “Толибон”, Афғонистон ва Покистонда жойлашган ЎИҲ ва Иордания орқали Фаластин армиясига ҳам сотади.

 Бундай тижоратдан келган тушумни Шуҳрат Ғуломов бошқарадиган ҳарбий тижорий компания ҳисобига, бу ишлар бўйича вакил ва масъул бўлган Ўзбекистон Махсус хизматининг Дубайдаги собиқ офицери Ю.Савинков ўтказиб туради.

 Агар Мазори-Шарифдаги ҳокимият Абдурашид Дўстум қўлига ўтадиган бўлса, Ш. Ғуломовнинг биз айтаётган тижоратининг келажаги порлоқ бўлади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг иккинчи жосуси “Мозор” махфий амалиётига шахсан катта эътибор бермоқда ва бу йўлда жонбозлик кўрсатмоқда. Иқтибос тугади.

Хуллас, Ю. Савинков ҳақида номаълум Усмон Ҳақназаров ёзса, одамлар унинг ёзганларига ишонишмайди ва эътибор ҳам беришмайди. Лекин ҳудди шу одам ва шу муаммо ҳақида бир йилдан кейин Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи хабар берса, кўпчилик ўқувчилар, сиёсатшунослар ва журналистлар бу хабарга ишониб, уни қайта босиб, тарқатишга тушишади. Кулгили ҳолат.

Бошқача айтганда, ўтган йилги мақолаларимизга ишонмай, тақдим этган маълумотларимизга хужжат ва далил талаб қилган ўқувчилар ҳудди шу можаро ҳақида бир йилдан кейин хабар бераётган Гулнора Каримовадан ҳеч қандай хужжат ва далил талаб қилмаяптилар. Мана сизга ўқувчилар, сиёсатшунослар ва журналистларнинг аҳволи!

Ёки бошқа мисол. 2013 йил 12 ноябрь куни ЎҲХ сайтида эълон қилинган “Ўзбекистон сиёсий “ошхонаси”даги ҳозирги алғов-далғовларнинг асл сабаблари ҳақида” сарлавҳали мақоламизда биз: “Ўзбекистон ҳукумати томонидан Гулнора Каримованинг бизнес-тузилмаларига қарши бошланган ҳозирги ҳужумнинг порахўрликка ва пулларни ювишга қарши курашга алоқаси йўқ” мазмунидаги фикрни илгари сурдик.

Декабрь ойида “Transparency International” ташкилоти ўз изланишларига таянган ҳолда ҳудди шундай баёнот берди. Ва нуфузли оммавий ахборот воситаларининг деярли барчаси ушбу баёнотни илк марта айтилаётган бир оламшумул янгилик сифатида қайта эълон қилиб, тарқата бошладилар.  Кулгили ҳолат.

Хонимлар ва жаноблар, шуни билинг-ки, ҳақиқатни ким – машҳур Гулнора Каримова ёки номаълум Усмон Ҳақназаров – айтаётганидан қатъий назар, ҳақиқат ўз қиёфасини ўзгартирмайди.

У ҳақиқат бўлганлиги учун ҳақиқатдир.

Усмон ҲАҚНАЗАРОВ,

сиёсатшунос