МУСТАҚИЛЛИК АЙЁМИ ОСТОНАСИДАГИ ЎЙЛАР…

Пойтахтимиз Тошкентнинг бошқа бозорларини билмадиму, бироқ, шуни аниқ айтишим мумкинки, Фарҳод бозорида Мустақилликнинг 20 йиллиги муносабати билан 31 августдан то 4 сентябрга (шу бугун охирги кун эди) қадар арзон нархда олий навли Қозоғистон уни ( 1 килоси 1200 сум), кунгабоқар ёғи ( бир литри 4300 сум), тухум (донаси 150 сум) сотувга чиқди.

МУСТАҚИЛЛИК АЙЁМИ ОСТОНАСИДАГИ ЎЙЛАР…
133 views
05 September 2011 - 3:06

Пойтахтимиз Тошкентнинг бошқа бозорларини билмадиму, бироқ, шуни аниқ айтишим мумкинки, Фарҳод бозорида Мустақилликнинг 20 йиллиги муносабати билан 31 августдан то 4 сентябрга (шу бугун охирги кун эди) қадар арзон нархда олий навли Қозоғистон уни ( 1 килоси 1200 сум), кунгабоқар ёғи ( бир литри 4300 сум), тухум (донаси 150 сум) сотувга чиқди.
Энг қизиғи шундаки, соат 9.00 да, гоҳо 10.00 да сотув бошланадиган бозор ҳовлисига ўрнатилган раста ёнига навбат олиш мақсадида беш кун давомида эрталаб соат 6.00 дан харидорлар тўпланишарди. Уларнинг аксарияти кекса қариялар, ёш болали аёллар.
Яна бир эътиборли томони шунда эдики, киши бошига 16 донадан тухум, 5 килограммдан ун, 2 литрдан ёғ сотилиши белгилаб қўйилганди. Тухумнинг аниқ сонини билмадиму, аммо ҳар куни сотувга 200 литр кунгабоқар ёғи ( бир литрлик бакалашкада) ва кўпи билан 7-9 қоп ун келтириларди….
Сотувдаги арзон нархдаги молларнинг ўзларига етмай қолишидан чўчиган харидорлар орасида чунонам тўс-тўпалон кўтарилардики… Бу бежиз эмас, чунки сотиладиган ун нари борса 300-350 кг.ни ташкил қилса, навбатда турган харидорлар сони ҳар куни 500 нафардан ошиб кетарди.
Мени изтиробга солган нарса шу бўлдики, ҳамшаҳарларимиз навбатсиз олиш мақсадида бир-бирлари билан бақир-чақир қилиб, уриб-туртса, 25-30 ёшдаги сотувчи йигитлар эса турнақатор бўлиб турган бобоси-ю бувиси тенги одамларни тартибга чақириб, истаганча ҳақорат қилишар, шунинг баробарида, навбат тартибини биринчи бўлиб ўзлари бузишарди. Гоҳо пештахта тагига бир каробка ёғни тиқиштирар, баъзида эса беркитиб қўйган бир қоп унини 10 минг сум қимматига таниш-билишларига қоп-попи билан пуллаб юборишарди. Беркитаётган маҳсулотларини навбатда турганларга сотилишни талаб қилган аҳолига эса, сотувчи йигитчалар жўжахўроздек тумшуғини чўзиб, “Булар солиқчиларга. Жиминглар. Агар уларни рози қилиб турмасак, бир грам ҳам нарса сотолмаймиз, сизлар эса ололмайсизлар!” дея оломонни тинчлантиришга уринишарди. Охир-оқибат сабр-косаси тўлган одамлардан тўрттаси икки сотувчининг ёқасига ёпиша кетди. Бири эса бошига муштлаб қолди… Вазият шу даражага бориб етдики, ҳатто талотўпда бехуш йиқилган бир кекса аёлига тез ёрдам чақиришга ҳам тўғри келди…. Бу аянчли аҳвол Тошкентнинг Фарҳод бозорида нақд беш кун давом этди….
Қизиғи шундаки, бу ҳолатни кузатарканман, мен негадир калтак еган, одамлар оёғи остида қолиб кетган сотувчиларга ачинмадим. Бироқ эрта саҳардан келиволиб, 5-6 соатлаб навбат кута-кута, охир оқибат, маҳсулот етмай қолганлиги сабабли на ун, на ёғ ололмасдан қўшалоқ байрам кунларида болалари қаршисига ноумид қайтган харидорларга жуда-жуда раҳмим келди…
Халқимиз, ҳамшаҳарларимиз нега шундай аянчли аҳволга тушиб қолишди? Энг аввало, мана шу саволга жавоб топиш лозим, назаримда. Айтингчи, бу турнақатор навбатлар, ур-йиқитлар, ош учун, озуқа, оддий емак учун бўлган бу калтагу камситишлар, қадрсизликларнинг боиси не? Халқимизнинг ҳақиқатдан ҳам оч-наҳорлигидами? Ё.. “тўқликка шўхлигида”ми? Нима дедингиз?

Малохат Эшанкулова
http://www.facebook.com/groups/zamondosh/