Бугун таниқли ўзбек ёзувчиси Мамадали Маҳмуд (Эврил Турон)нинг таваллуд куни

Бугун таниқли ўзбек ёзувчиси Мамадали Маҳмуд (Эврил Турон)нинг таваллуд куни
29 views
11 December 2013 - 22:00

images (2)МАМАДАЛИ МАҲМУДНИНГ
“БУ ТОҒЛАР – УЛУҒ ТОҒЛАР” РОМАНИ 
Бу романда Мамадали Маҳмуд мавзуни тарихдан олган бўлса-да, ўзгачароқ услубни қўллайди.Биринчидан, у ҳар бир саҳифани Ватанга ва халққа муҳаббат туйғуси билан сарафроз этишга интилади.

Шунинг учун ҳам зарур ўринларда Ватан табиати, унинг тоғ ва ўрмонлари, бу ерлардаги дарахтлар,ўт-ўланлар, майсалар, қушлар ва ҳайвонларнинг номларини келтиришдан эринмайди. Ҳар бир сўзга,образга маъно юклашга, сўзлари орқали юртга муҳаббат уйғотишга ҳаракат қилади.

Шу тариқа ХIХ асрнинг 50-80 йилларидаги чет бир қишлоқда яшаган, шаҳар цивилизациясидан бир оз узилиб қолган, бугунги ўзбекларнинг аксариятига ўхшамайдиган, дунёда бўлаётган воқеаларни ўзича тушунадиган мард, жасур, дангалчи туркий ўзбекларнинг асардаги ҳаёт тарзи, руҳиятини таъсирли ифодалайди.

Маълумки, рус босқини пайтида ва ундан кейин ҳам босқинчилар: «Ўрта Осиё халқлари, шу жумладан, ўзбеклар, маданиятсиз, ахолисининг 99 фоизи саводсиз, улар ювинишга, кийинишга эътибор беришмайди, биз уларга маданият олиб келдик» тарзида тарғибот юргизишган. Мамадали Маҳмуд эса ўзининг рус босқини арафасида яшаган асосий қаҳрамонларининг мактаб ва мадрасаларда ўқигани, озода ва маданиятли кишилар эканлигини бўрттириброқ ифодалайди.

Ўзбек, қозоқ, туркман халқларининг ўзига хос меҳмондўстлигини тасвирловчи эпизодларни Мамадали айрича ихлос билан ёзади.

Роман охирларида тасвирланган асосий ижобий қаҳрамонлар (Бўронбек, Бўривой, Уйғокбек, Яшарбек) Туркистонга руслар бостириб кирганида оёққа туришади, маънавий тубан кимсалар (Мансурпучуқ, Нурҳез) эса бу босқиндан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишади.

Романда яхши қуролланган рус армиясига қарши деярли партизанчасига жанг олиб борган туркийларнинг жанг лавҳалари қисқа бўлса-да, ишонарли ифодаланган. Зеро ёзувчи асар охиригача ўз қаҳрамонларини шу жангга «тайёрлаб» келган.

Асардан она юртнинг рус чоризми оёғи остида топталишига кадим Туроннинг бир қанча хонликларга, уруғларга, юзларга бўлинганигина эмас, юрт ғамини ўз қайғуси деб билган кишиларнинг камлиги, уюшмаганлиги ҳам сабаб қилиб кўрсатилганки, бу ҳол ҳозирги лидерларга ҳам тааллуқлидир.

Шўро даврида ёзилган «Бу тоғлар – улуғ тоғлар» романи МамадалиМаҳмуднинг ўзига хос жасорати эди. 2013 йилнинг май ойида 14 йилдан ортиқ қамоқда ўтирган адиб (жаҳон жамоатчилиги ва зиёлиларнинг ҳам ёрдамида) озодликка чиқарилди.

Хурсанд бўладиган томони шуки, адиб ҳозирги кунда, қамоқдаги оғир азоблардан кейин ҳам ижодий ишларини давом эттирмоқда.

Ботир Норбой
Филология фанлари доктори