Аваз Ўтар: “Қабиҳ онларда эркни куйладим,эй,дўсту биродарлар”

Аваз Ўтар:  “Қабиҳ онларда эркни куйладим,эй,дўсту биродарлар”
133 views
12 December 2013 - 10:52

947266_126448074218020_265405293_n

Ҳамроқул Асқар

(Аваз Ўтар таваллудининг 130 йиллиги олдидан)

(1884 – 2014)

Эркни куйлаган шоирга қамчи мукофот

Аваз Ўтар 1884 йилда Хива шаҳрида туғилган. Отаси Полвонниёз Ўтар Гадойниёз ўғли оддий косиб бўлсада табиатан қизиқчи, сўзга уста аскиябоз, унинг уйида Огоҳий, Комил, Мутриби Хонахаробий., каби маърифатпарвар дўстлари тўпланишиб адабий субатлар ўтказар эдилар. Ушбу суҳбатлардан завқ олган ёш Авазда адабиётга қизиқиш жуда эрта уйғонди.

Алишер Навоий, Фузулий, Бедил., каби улуғ шоирлар ижодидан илҳомланган Авазнинг мактабда ўқиган даврида ёзган илк ғазал, оммабоп қўшиқлари куйга солиб айтилган, ҳатто қўлёзма сифатида қўлдан – қўлга ўтиб халқ ичида тарқалган.

Атоқли шоир Табибий “Мажмуат уш шуаро” асарида ёш Аваз ижодига шундай баҳо берган:

Аваз бириким шоири тозадир,
Вале тозалик ичра овозадир.
Камолига етса гар бу фан аро,
Бўлғай, назм ичра фозилу, бебаҳо.

Шоирнинг овозасини эшитган Муҳаммад Раҳимхон икинчи уни саройга чорлайди. Шоир бир муддат сарой шоирлари таъсирида хонга манзур мадҳия, қасидалар ёзсада, туғма истеъдод соҳиби саройдаги мунофиқликларни тезда англайди буни:

Ҳар кишиким шоҳларнинг суҳбатида бўлса банд,
Булбуледурким бўлур доим гирифтори қафас., ёхуд: – гар қилич бошимга келса, дегайман ростин., каби сатрларидан англаш мумкин.

Хон саройига танда қўйган маддоҳ шоирлар чақуви билан тинтув ўтказилиб, мавжуд тузум ва сарой амалдорларига қарши ёзилган шеърлари фош бўлгач, шоирнинг тақдири хавф остида қолади. Дарғазаб хон Худойназар пошшо ва Тули юзбошиларга шоирни кишанлаб саройга келтиришни буюради. Хон Авазни кўриши билан ғазаби қайнаб: – тошбўрон қилинсин., деб фармон беради.

Хон фармонидан хабар топган шаҳар аҳолиси Меҳтаробод кўчасида тўпланиб, намойишкорона сарой томон йўл оладилар. Ҳушёр мулозимларидан бири: – олий ҳазратлари душманингиз жинни бўлган., деб, сарой олдига халқ тўплананлиги ҳақида айтгач, хон тошбўрон жазосини 200 қамчига алмаштиради. Ушбу жазога қаноатланмаган хон шоирни жинни деб эълон қилиб Оқмачит қишлоғидаги Бобоэшон қабристонига сургун этади. Қабристондаги жиннилари орасида бир неча ой азоб чеккан, Аваз Ўтар оғир касал ҳолда 1909 йилнинг қирчиллама қиш куни уйига қайтади.

Ўша даврнинг машҳур ҳунармандлари Қаландар Қурбон, Матёқуб Отажон, Матфано Худойберган, Абдураҳим, Раҳмонберган каби темирчи усталар, таниқли шоир Чокар, Муртиби Хонахорий., каби ҳур фикрли инсонлар Аваз Ўтар ҳолидан хабар олишиб, ҳар томонлама қўллаб қувватлайдилар.

Дўстлари мададида руҳий қувват ҳамда табиб отаси Ўтарбобонинг муолажалари боис соғлиғи бироз тикланган шоир яна ижодини жадал давом эттиради. Бу пайтлар чор Россияси тобеълигига ўтган Хивада пахта тозалаш заводи қурилиб, телеграф, аптека, касалхона, амбулаториялар ташкил этилган. Тошкентда чоп этилган “Туркистон вилояти газетаси” ва жадидлик ҳаракатига оид адабиётлар Хивада тарқала бошлаган янги давр нафаси туфайли шоирнинг ижоди янада инқилобий тус олиб, 1908 – 1909 йиллларда шоир ижодида янгииш даври бошланади. Ҳатто, Аваз Ўтарнинг Россиядан бадарға этилган рус демократлари билан дўстлашиб, рус тилини ўргана бошлаган. Шоир шу даврда ёзган “Тил” шеърида ёшларни рус ва бошқа халқларнинг тилларини пухта ўрганиб, маърифатли бўлишга ундайди.

1910 йилда хонлик тахтига ўтирган Исфандиёр отамерос зулмкорликни янада кучайтириб, ҳар бир қишлоқ учун алоҳида дор қуриш, зиндонлар сонини кўпайтириш, йиллаб ҳарбий ҳолат эълон қилиб, солиқ турларини кўпайтиришни жорий этади. Оқибатда Хива хонлиги ҳудудида яна қора кунлар бошланиб, меҳнаткаш халқнинг силласи қурийди…

Оғир қийноқларни бошдан кечирсада, туғма ҳур фикр соҳиби бўлган шоир “Фалони” туркумидаги сатирик шеърларида золимларнинг қабиҳ қилмишларини фош этишда давом этади:

Фалони гарчи кўп олий насабдур,
Вале, нодону жоҳил, беадабдур., дея сўконғич хонни,

Ёки:

Сипоҳи пора истар,
Мулло ижора истар,
Бечора чора истар,
Бир чора замон борму., дея –
оғзи шалоқ, таъмагир амалдорлар, мунофиқ эшонларни “тараннум” этган ғазаллари билан ҳаққа ташна халқ орасида янада машҳур бўлиб кетади:

Фалон авбошдек лаънат маош олам аро йўқдур,
Ки, мажмўйи ҳаромизодалар бўлмиш анга чокар.,

Аваз талқинидаги фалон: – бу Хива хони Исфандиёр, унга чокар бўлган Алимаҳрамга ўхшаган жосуслар эди. Зеро, золимларнинг зулми ҳаддидан ошган жамиятда чақимчиларнинг иши юришиб, отани ўғилга, ҳатто қизни онасига қарши қўювчи фитналар илдиз отади:

Фалонким, суханчилик русмин ўзига айлабон фан,
Олам халқи бошига солурлар булъажаб савдо.

Айирмоққа ота бирла ўғилни бир – бирисидин,
Бирин бир айбини минг айлаб, айлар бирига иғво,

Онасига қизин душман қилур, қизига онасини,
Ёлғонни чин монанди, ростни бўҳтон айлабон гўё…

Ушбу ғазалда кирдикори фош этилган фалонлардан бири асли отаси ҳам жосус ўтган, сарой жосуси Алимуҳаммад бўлиб унинг иғвоси туфайли юзлаб беайб инсонлар дорга осилган, зиндонларга ташланган, тирноқлари остига нина суқилган, қайноқ сувларга ташланган. Шу боис шоир дажжол Алимуҳаммадга дор талаб қилишга ўзини ҳақли ҳисоблайди.

Қирғоғидан ошиб – тошган зулм тўфони боис, эзилган халқнинг нолаларига “фалоний.,” тимсоллари торлик қилиб қолгач, шоир андишани четга қўйиб, Тангри Таоллонинг “Лоюҳиббуз золимин.,” яъни: – золимларни севмайман., деган калимасини эслатиб, Ҳақ номидан хонни инсофга чорлайди:

Эйки, мунча зулм ила миллатни айларсен хароб,
“Лоюҳиббуз золимин” деб Тангри қилғонда хитоб?!

Дам – бадам бедоду жабру зўрликлар айлабон,
Солма мазлум эл кўнглига мунингдек изтироб

Мунчаким зулм айлагунг бордир мукофоти замон,
Оқибат бир кун анга маъсул бўлиб бергунг жавоб!

Бор умидим, тездин бўлғуси ҳуррият куни,
Эй Аваз, қолмас булут остинда абад Офтоб!

Мумтоз адабиёт анаъналари нечоғлик ром этмасин, шоирни кўпроқ ўзи яшаётган муҳитда ҳукм сурган ҳақсизликлар кўпроқ изтиробга солган. Ўзларини юртнинг улуғ алломалари санамиш мунофиқларга муросасизлик Аваз Ўтарнинг 1917 йилда ёзилган “Уламоларга” шеърида яққол акс этган:

Эйки, сизлар, не таасуб бирла даврон этдингиз,
Бул мазлум миллат ҳолини паришон этдингиз?!

Бирингиз хон, бирингиз қози, аъламу муфтий бўлиб,
Мисли дажжол фитнасин элга намоён этдингиз?!

На тараққий, на урфондин етмади юртга хабар,
На илму, на ҳунардин бехабар ҳайвон этдингиз?!

Юртни ойдин, Ҳақ йўлиндан чалғитар йўлчи бўлиб,
Ғафлату жоҳиллик ичра банди зиндон этдингиз?!

Бир куни сўрғай Аваздек уйғониб аҳли замон,
Илдизи соғ миллатни шармисор яксон этдингиз?!

Халқ орасига тез тарқалиб, оммавий қўшиққа айланиб кетган “Халқ” шеъридаги:

Йўқ жаҳон мулкида биздек ожизу бечора халқ,
Зулм тиғи бирла бўлғон бағри юз минг пора халқ.

Бир гала бу авбошлар андоғ ҳукмрон айласа,
Қолмагай, оре, на ёнглиғ меҳнату озора халқ.,

Озодлик ҳаракатини тарғиб этувчи ғазалларидан ғазабланган қози калон, муфти, охундлар ҳамда хон атрофини қўрғалаган сарой амалдорлари шоирга қарши уруш бошлаб, оқибатда муфти Йўлбузар Охунднинг фатвоси билан Аваз ва унинг 90 ёшлик кекса отаси Ўтар бобони кофир деб эълон этганлар. Муслим инсонларни кофир дея эълон этмоқ, мусулмончиликда энг оғир жазо бўлсада, шоирнинг қалбан Аллоҳга яқинлигини яхши билган., хиваликлар уни ҳар томонлама қўллаб, исёнкор ғазалларини куйлашда давом этганлар:

Йўқ бўлунг тездан кўзимдин, эл аро шармандалар,
Халқ ғамидин ўзни нарроқ тутғувчи бегоналар.

“Ҳуррияту эрк” деюрсиз минг ёлғон алфоз ила,
Оқибат мазлумға ютдирдингиз хун обалар.

Қайсингизни кўрди эл капча билан ёп қозғонин,
Барингиз савдо – сотиқ бозорида жавлоналар.

Эй, Аваз, қил жидди жаҳд сен эл билан шому саҳар.,
Қолмагай оламда барча хону ҳаромзодалар…

Дарғазаб сарой жосуслари қандай бўлмасин Авазни ўлдириш пайига тушгач, тарафдорлари ёрдамида бир неча бор муқаррар ўлимдан зўрға қутулиб қолсада, шоир ҳаётининг сўнги етти йили доимий таъзийқ ва таҳликада кечиб, охири фожиалик якун топган..

Ҳали ҳеч бир замонда бирор ҳукмдор: “бизни роса боплабсанку ошна”, дея уни ҳажв қилган шоирга зар чопон кийдирган эмас.

1917 йили айғоқчилар кишанланган шоирни саройга келтирганларида, ўз даврининг диктатор хони Исфандиёр халқни озодликка чорловчи шеърларига мукофат тариқасида шоирга: – 150 қамчи урилсин., деб фармон беради.

Кетма – кет икки хоннинг 350 қамчисини тотган шоирнинг соғлиғи баттар ёмонлашиб, яна узоқ муддат тўшакка михланиб қолади. Оғир хасталикдан сўнг шоир, ўзи орзу қилган ҳуррият онларини кўраолмасдан, 1919 йилнинг қаҳратон кунларининг бирида азобу уқубатда вафот этади:

Хуш ўл, кўнглим, келар бир кун бахт боғидаги раъно,
Кўкаргай мавж уриб, қирларда лола бўлғуси пайдо.

Мени ёд этгай авлодим, мозоримни ўраб гулдин,
Ишончим шундандир бўлғай қабрим бир зиёратгоҳ.

Қабиҳ онларда эркни куйладим, эй дўсту, биродарлар,
Эзилган элга бўлғай бу замон иқболи ёруғ боргоҳ.

Аваз, ўлган жисминг қолурки, ўлмагай номинг,
Ва кому истагингга ғов бўлолмас, бўлсада Доро!

Аваз Ўтар сермаҳсул соҳиби истеъдод бўлиб, унинг ғазал, мустазод, мурабба, мухаммас, мусамман, рубоий ва қитаъларидан иборат асарлари жамланиб. 1908 йилда 2 та девон тартиб берилган. Кейинчалик мухлислари томонидан шоирнинг лирик шеърларидан яна иккита девон тузилган. Лекин, гап ҳажмда эмас, мағизда. Шеър бир оний лаҳзада пайдо бўладиган илоҳий мўъжиза монанд ҳолат маҳсулидир. Ўз даврида Аваз Ўтарнинг шеърлари “Оина”, “Инқилоб қуёши” газеталарида чоп этилган туркум асарлари инобатга олинса, шоирдан қолган адабий мерос салобатининг мақомати анча улканлиги аён бўлади.

Катта мадрасаларда таҳсил олмаган оддий халқ орасидан етишиб чиққан Аваз Ўтар шеърият борасида қандай ютуққа етишган бўлса, бу унга ато этилган туғма истеъдоди боис содир бўлган.

Матфaно Худойберган ҳикоятига кўра, улар бир тўйга борганларида, сурнай шовқини қулоқни кар бўлиш даражасидаги бир фурсатда Авазнинг шеър ёзаётганини кўриб: – шу шовқинда Сизга шеърий идрок нердин келур., дея сўрайди. Шунда шоир: – бошимда мавж урган улкан ғалвалар тўфони тўфони олдида, бу шовқин ҳечдир. Юрак қон, дард бирла тўла., дилимдаги сўз дурлари шул қадар бушуморки, лабимни сўзга очсам, юз мисрани қироати хат қилганимни билмай қоламан., дея, ўша заҳоти янги ёзилган еттита ғазал матнини узатган…

Биз эркпарвар шоир Аваз Ўтар ижодининг айрим жиҳатлари ҳақида мулоҳаза юритар эканмиз, мумтоз адабиётимиз билимдонлари, шарқшунос олимлар Айёмий (Юнус Юсупов), Ваҳоб Раҳмоновлар томонидан тайёрланган сайланмага ёзилган сўзбоши ҳамда мукаммал изоҳларга таяндик. Сайланма 1984 йилда Ғофур Ғулом нашриёти томонидан 10 000 нусхада чоп этилган. Нашрга тайёрловчи, ҳамда сўзбоши муаллифи Айёмий домламиз Аваз Ўтар асарлари руҳидан келиб чиққан ҳолда, шоирнинг озодликка бахшида шеърларни жамлаб, унинг озодруҳ шеърларини “Оташин сатрлар”, лирик кайфиятдаги назмларни аруз жанрлари бўйича “Рангин шеърлар” дея тартиб бериб, сайланмани маъқбул ва гўзал шаклга вобаста этганлар.

Зўракиликдан холи, ўзига хос туғма завқу табиийга не етсин. Ҳеч бир муболағасиз Аваз Ўтарнинг эркка ташна сатрларини Нозим Ҳикмат, Пабло Неруда, Робер Бёрнс каби каби ўз даврининг улуғ шоирлари шеърияти билан таққосан ўрганилса, улар ўртасидаги теран умумбаширий ҳамоҳангликни илғаш мумкин. Шу боис мазлум элининг дарду, ҳасратлари ўтида тобланган Аваз Ўтарнинг мазлумларни озодликка чорловчи шеърияти айни кунларда ҳам ўз самимияти билан қалбларни ларзага солгувчи салобатини сақлаб қолган.

Зотан улуғ шоирнинг ўзи эътироф этганидек:

Гарчи, жаҳонда кўпдурур ағзол эй ақли уқул,
Лекин, Аваз назмига ҳар абъёти девон ўхшамас.

Таваллудининг 130 йиллиги муносабати ила ёдлар эканмиз, халқ озодлиги учун курашиб, шаҳид кетган улуғ шаҳид бобомизга дуою дуррудлар бағишлаб, Яратган Эгамиз Ҳақ Таоллодан ул зотнинг қабрларини нурга тўлдириб, порлоқ руҳларини шоистаи жаннат этишликни тилаб қоламиз!

Ҳамроқул Асқар
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

08.12.2013 йил.
ham.asqar@ya.ru