МАҲКУМНИНГ ЎЗ БАШАРАСИДАН АЙРИЛИҒИ

МАҲКУМНИНГ ЎЗ БАШАРАСИДАН АЙРИЛИҒИ
54 views
15 December 2013 - 15:33

парыер

Ушбу матн 12 декабр 2001 йилда муаллиф тарафидан Чехия Президенти Вацлав Ҳавелга туҳфа килинган

Ҳибсга олинганларга маҳкамага чиққунларига қадар кўзгу бермайдилар. Менга ҳам беришмади, ва мен ўз башарамдан айрилдим.

Ҳар сабоҳ соқолимни тарошларкан, юзимни қўлларим билан кўраман, аммо қўлларим кўз каби кескин кўра олмайди. Шу боис, адвокат билан ва ёки бошқа зиёратчилар билан кўришишга борарканман, елкаларимда назоратдан ўтмаган бир каллани кўтариб келаётганимни ҳис этаман.

Ҳужра (камера)даги ҳаво ҳаддан ташқари қуруқ бўлганидан (батарeянинг таъсири, балки) юз териси қуроқлашиб, худди бошга бир ниқоб, бир маска кийдирилган каби ҳис этасан ўзингни ва бу ҳолат ўша юз билан айрилиқ туйғусини яна ҳам кучайтиради.

Табиий, бундай бир юз (ёки чеҳра) кундалик турмушда зарурий бўлган маневрларга ҳеч тайёр эмас. Масалан, мен панжара орқасидан зиёратчимга кулимсирасам, менинг юзим ҳам кулимсирайдими-йўқми, мен буни билолмайман. Ёки бу юз мени зиёратчига олиб келган соқчи каби четдан кузататиб турадими фақат? Ва ёки масалан, мен гапираркан, бу юз нима қилади: менинг айтганларимни имо-ишора (мимика)лар билан тасдиқ этадими ёки аксинча, инкор этадими? Ёки бу юз мендан айрилганидан мамнун,назоратимдан қутулганидан хурсандми?

Ҳар ҳолда, у энди зиёратчимнинг табассумига жавобан, саноқсиз юзларга ҳибс этилган-у миллионларча кулимсирашларга монанд бир маҳсулотни намойиш қилиш учун ўз пайларини чарчатмаяжак.

Табассум ҳақида гапираяпман, чунки табассум – айниқса, дунёмизнинг «маданий» қисмида – инсон чеҳрасининг энг кўп эҳтиёж туядиган ҳаракатдир. Инсонлар тинмай кулимсирашга маҳкумдирлар, уларнинг чеҳралари бу оғир меҳнатдан аллақачон ҳолдан тойганлар.

Эҳтимол, шу сабабдан, ўликлар ичида табассум қилганлари камдан-кам учрайди. Балки юзига табассум ёйилган бир-икки ўлик кўрган бўлишингиз мумкин, аммо кейинроқ уларнинг бир диндор бўлганлигидан огоҳ бўласиз, улар бу ҳаётда кўп йиғлаб, оз табассум қилганлари учун ва ёки Оллоҳнинг васлига эришганидан қувониб, табассум этганлигига шоҳид бўласиз. Яъни ҳатто ўликларнинг табассуми ҳам биз учун эмас.

Кулимсирашга шундай назар билан қараганим туфайли, балки бу ишни ҳаётимда ҳеч тўғри қила олмаганимдан келиб чиққан бўлиши ҳам мумкин. Бу хусусда доим оқсаганман.

Масалан, ёшлигимда шундай бир шеър ёзгандим: “Чормихла парчинланган табассум – Икки бурчагига мих қоқиб, башарага парчинланган табассум. Мен сизга яхши кўринмак учун бундан баттар оғриққа ҳам чидашга ҳозирман”.

Ҳақиқатдан ҳам, халқ ичида бу қул меҳнати, бу кулимсираш у лойиқ бўлмаган бир ҳурмат билан ташвиқ этилади. Дейлик, бир сиёсатчи таъсирли шаклда кулимсирашни амаллай олмаса, у «халқ ичидан чиққан сиёсатчи, ўзимизга ўхшаган камтарин йигит» каби рекламага ноил бўла олмайди.

Кулимсираш фетишизми ҳаётимизга шу қадар ўрнашиб олганки, ҳатто диктаторлар ҳам ойна олдида туриб, юзларининг пайларини ўйнатиб, табассум санъатини мукаммал эгаллаш учун ишга киришдилар. Бу меҳнатдан ягона мақсад: Халққа яқин бўлиш!

Ва телевизор экранларидан ўзининг эгаллаган санъатини намойиш қилаётган Халқбоши Диктаторнинг юзидан ёйилган «табассум» тўлқинлари ўша Халқнинг вужудини жимирлатиб юборганда, у бечора Халқ: «Инсон зотининг кулимсираши бу қадар хунук бўлиши мумкин экан-да!» деб юборади!

Шунга қарамай, мен инсон юзининг энг гўзал ҳаракати бўлган табассумни томоша қилишни севаман. Агар у болалар ёки ўз чеҳрасини назорат остида ушлашни ўйламаган деҳқоннинг ёки ухлаётган бир бокира қизнинг ё бўлмаса, бир авлиёнинг табассуми бўлса.

Бу хил кулимсирашлар гўё «санъат санъат учун» назарияси асосида яратилган бир интеллектуал асар мисоли ва ёки «рақс ичида рақс» мисоли теран мазмунли ҳаракатлардир. Улар, балки яна ҳам кўпроқ, бир дуога ўхшайди. Бу кулимсирашлар ўз ичларига, айни пайтда ташқарига, коинотга, галактикага узанган бир энергиядир. Бундай ҳолатда, кулимсираш инсон юзини оғритмайди, аксинча, инсоннинг юзи ўз атрофида чизган табассумдан лаззат олади.

Атрофини чизган, дедим, чунки кулимсирашни инсон юзи яратмайди (у ташқаридан берилади), инсон юзи табассумга бир гардиш, бир чорчўп ясайди, холос.

Мен Панкратс қамоқхонасида иккинчи кунимни бошларкан, «балки, бу ерда на кулимсирашга ва на бошқа бир имо-ишоратга ҳожат бўлмагани учун ҳам мен ўз юзимдан айри тушдим», деган бир фикр келди бошимга. Бу кўп мантиқли бир фикр эди, аслида. Бу ерда ҳақиқатдан ҳам инсон чеҳрасининг озодликда эҳтиёж туябилажаги ҳеч бир мимикага эҳтиёжи қолмайди.

Бу ерда ҳеч ким бир-бирининг кўзларига боқмайди, бу ерда сенга мурожаат қилсалар, гўё сен шаффоф бир борлиқ каби, гўё сен йўқ каби, бир бўшлиққа каби мурожаат қиладилар. Бўшлиққа отилган ҳар калима буюк гулдуросга айланади, ҳар калима даҳшатли шаклда теран тушунилади, яъни сўзларни, ташқарида кўникилгани каби, юз мимикаси билан тўлдиришга ҳеч эҳтиёж қолмайди.

бу ерга кирган ҳар бир инсоннинг ўз юзини , Акс бўлмас озодлик ҳақдаги орзуларга берилиши .

Бу яхши эмас.

Шуни билингки, истайсизми-истамайсизми, бу совуқ ҳужрада уйғонажагингиз илк тонгдаёқ сизнинг юзингиз сиздан айрилажакдир.

(5.12.01, Панкрас Қамоқхонаси, 524 – камера, Прага)__