МАЖБУРИЙ ИНТЕРВЬЮ

МАЖБУРИЙ ИНТЕРВЬЮ
153 views
18 December 2013 - 14:33

C9B3D5DD-8529-49DB-95C7-C07598B152AF_w640_r1_sБугун Ўзбекистонда аҳоли деярли матбуот нашрларини ўқимайди. Ёшларда-ку бу борадаги қизиқиш кундан-кунга сўниб бормоқда. Фуқароларнинг аксарияти Россия ва бошқа хорижий телерадио каналларининг маҳсулотларини кўришади ҳамда эшитишади. Чунки, мамлакатдаги оммавий ахборот воситалари халқнинг маънавий эҳтиёжини деярли қондирмаяпти. Мавжуд режим томонидан борган сари ҳар жиҳатдан сиқувга олинаётган матбуотдан нафақат оддий халқ балки катта-катта ташкилотларнинг раҳбарлари ҳам безиб бормоқда. Интервью олиш илинжида борган журналистларнинг кўп ҳолларда бирор бир маълумот ололмасдан муассасалар эшигидан ҳафсаласи пир бўлиб қайтаётганлиги ҳам фикримизнинг яққол далилидир.
Ҳаммаёқда расмиятчилик. Бир томондан, айнан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси журналистлари ҳар бир суҳбатдошининг исми-шарифи, қайси ташкилотданлиги, лавозими, қайси соатдаги кўрсатув ёки эшиттириш нима мавзуда ва неча дақиқа сўзлагани ҳақида раҳбариятга аниқ-тиниқ маълумот бериши шарт. Иккинчи томондан мансабдор шахслар ҳафтада ёки ҳеч бўлмаганда ойда бир маротаба матбуот ва оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилишга мажбур. Аслида эса уларнинг ўзи бу каби чиқишларни асло исташмайди. Сабаби, биринчидан, билиб-билмай сиёсатга тегиб кетиши мумкин бўлган бирор бир ибора оғзидан чиқиб кетишидан қўрқишади. Иккинчидан, интервью бериш пайтида эҳтиётсизлик қилиб, оммадан сир тутилиши лозим бўлган баъзи маълумотларни ошкор этиб қўйишдан чўчишади. Шу боисдан интервью беришни пайсалга солишади ёки журналистлардан ўзларини олиб қочишади. Лекин юзага келтирилган бундай сичқон-мушук ўйини билан расмиятчиликдан қутулиб бўлармиди. Қаранг, бунинг ҳам йули топилди. Бош вазир жаноблари Шавкат Мирзиёев ҳар бир фармон ва қарорлар юзасидан тайёрланаётган кўрсатув ва эшиттиришларнинг ҳисоботи билан қизиқиб турган бир муҳим паллада русларнинг “Кто лысы, значит, умный, кто умный, значит, лысы”, нақлини ўзининг ҳаётий шиорига айлантириб олган Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси Алишер Ходжаев усталик билан бу муаммони каттанинг қулоғига шипшитди. Интервью беришдан бош тортган раҳбарларнинг танобини торттириб қўйиш мақсадида қилинган бу айёрона ва махфий чақимчиликдан Бош Вазир ниҳоятда дарғазаб бўлди ҳамда махсус ва махфий қарор қабул қилди. Қарорга кўра, қайси мансабдор шахс журналистларга интервью беришдан бўйин товласа, унинг фамилияси шахсан Бош фазир жанобларига узатилади ва оқибатда ё каттиқ жазога мустаҳиқ қилинади ёки лавозимидан бўшатилади.
Шундай қилиб, энди мансабдор шахслар ўзидан юқорида турган идораларга, хусусан, вазирлик, вазирлар маҳкамаси, президент аппаратига ҳафталик, ойлик, кварталлик, йиллик ҳисоботларига қўшимча тарзда оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларини тасдиқловчи маълумотномаларни ҳам тақдим этиб боришлари шарт. Дарвоқе, бу махсус ва махфий ҳужжат айни дамда бош муҳаррирларнинг темир сандиғида сақланмоқда.

Холмурод

18.12.2013