АЙБ КЎПРИКДАМИ Ё КЎПРИКСОЗДА?…

АЙБ  КЎПРИКДАМИ  Ё  КЎПРИКСОЗДА?…
79 views
18 December 2013 - 16:42

indirЁшлар билан суҳбатлашишни, уларнинг дунёқараши билан танишишни яхши кўраман. Ёшлар сиймосида миллат келажагини, инсоният келажагини тасаввур қилиб кўришга уринаман. Мана улардан икки нафари йигит ва қиз. Автобус бекатидамиз. Табиатан мулоҳазали, вазмин кўринган, одоб билан жой бўшатган йигит қисқагина суҳбатимиз орасида болаликдан суяк сили касаллигига мубтало бўлганлиги боис келажакда шифокор бўлишга аҳд қилганлигини айтади. Айни пайтда юридик коллежнинг сўнгги босқичида таҳсил олаётганлигини ғурур билан таъкидлаган қиз келажакда гуманитар йўналиш бўйича ўқишни давом эттиришини, хорижий тилларни ўрганишга иштиёқи баланд эканлигини урғулайди.
-Таржимон бўлмоқчимисиз ё тилшунос олимами, эҳтимол журналистика соҳасида ўқимоқчидирсиз, – қизиқсиниб сўрадим.
-Э, бошимга ураманми журналистикасини! Биласизми, журналистларни қўрқоқлиги учун ҳамма ёмон кўради! Чунки, Ўзбекистонда бирортаям яхши журналист йўқ!
…Дафъатан устимга бир челак қайноқ сув қуйиб юборилгандек бўлди… Аммо сир бой бергим келмади. Қиз кўзларини лўқ қилиб кўзимга тикилиб турарди. Мен барибир унинг ўз гапини қандай изоҳлашига қизиқсиндим ва ўсмоқчиладим:
-Унчалик ҳам эмасдир-ов, гапингизда а-анча муболаға бордек. Фикримча, одамлар ҳаммасини эмас, фақат ўз ишини эплай олмаётган, нуноқ, савияси пастроқ журналистларнигина ёқтиришмаса керак. Изланувчан, савияси юксак, фикран кучли, дадил журналистлар юртимизда ҳам талайгина, Буни аниқ билмай туриб кескин хулоса чиқаришга шошилманг.
-Э, савияси ўзларига сийлов! –, сал қизиққонлик қилди қиз, -Гап савияда эмас, гап журъатда. Бизнинг журналистларимизда журъат йўқ, ҳақиқатни айтишга қўрқишади. “Тўртинчи ҳокимият”, деган ибора номигагина холос. Аслида-чи… Олис ўлкаларни-ку қўяверинг, жилла қурса Россия журналистлари билан солиштира оласизми ўзбек журналистларини. Кўрмайсизми уларни, ҳатто ҳукумат тепасида ўтирган кишиларниям бемалол юзинг-кўзинг демасдан танқид қилиб ташлашади. Бизникилар-чи…
-Кечирасиз, – беихтиёр гапга аралашди йигит. – Аввал айтинг-чи, сиз, ўзингиз, – қизга мурожаат қилиб деди, – Ўзбекистон ҳукумати билан хорижий давлатларнинг журналистлар учун сўз эркинлиги борасида яратиб берган шарт-шароитларини тенглаштира оласизми?. Уларда қонун амалиётга тадбиқ этилган, ҳукумат аъзолари ҳам танқидни тўғри қабул қилишади, шунга руҳан тайёр. Агар бизда ҳам танқид учун қоғозда эмас, амалда кенг йўл очилганда эди, ҳаммаси бошқача бўларди. Чуқур илдиз отиб кетган коррупция занжири билан бўғилган энг яхши журналистларимиз мамлакатни тарк этишга, чет элларга бориб ишлашга мажбур бўлишяпти. Бу ерда қолганлари ҳам дардини ичга ютиб, сукут сақлаб яшашга маҳкум. Тепадагилар эса халқни алдаб, фақат ўз йўриқларига юрадиган пахтакор журналистларни қаҳрамон қилиб кўрсатишади, мукофотлашади. Гўё одамлар ҳеч нарсани тушунмайдигандек. Чинакам фидойи, халқнинг дарди билан яшайдиган журналистларни эса кўкартиришмайди.
… То автобус келгунга қадар ёшлар жиддий баҳслашишди. Менинг миямга эса беихтиёр шу фикр келди. Журналист ким. Халқ ва ҳокимият орасидаги бир кўприк. Ҳақиқатни айтса, ҳукуматнинг тепкиси – нафратига дучор бўлади, айтмаса, халқнинг… Агар кўприк рисоладагидек қурилмаган бўлса, қай бири айбдор, кўприкми ё кўприксозларми?..

Нодира