Усмон Ҳақназаров: Ўзбекистон махсус хизматлари раҳбари Рустам Иноятов томонидан буюрилган қотилликлар ва бошқа жиноятлар ҳақида

Усмон Ҳақназаров: Ўзбекистон махсус хизматлари раҳбари Рустам Иноятов томонидан буюрилган қотилликлар ва бошқа жиноятлар ҳақида
63 views
26 December 2013 - 13:47

Ушбу мақола Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) раиси Рустам Иноятов томонидан шахсан буюрилган баъзи қотиллик ва бошқа жиноятларга бағишланади. Ўз душманлари ёки рақибларини гумдон қиладиган анъанавий “буюртмачилар”дан фарқли ўлароқ, Ўзбекистоннинг бош “чекисти” одатда ўз сафдошларини ва “идора” раҳбарига қачонлардир ёрдам қўлини чўзган одамларни йўқ қилади. Шундай қилиб…

Молиявий жиноятларнинг изини тозалаб, Ёки Алишер Азизхўжаевнинг ўлдирилиши

Тимур Алимов сиёсий саҳнадан кетганидан кейин Тошкент аймоғининг етакчисига айланган Алишер Азизхўжаев 2012 йил 9 январь куни 58 ёшида оламдан ўтди. 2011 йилда тетик юрган ва ҳаттоки футбол ўйнаб юрган одам кутилмаганда тиббий амалиётдан ўтиш учун Германияга боришга қарор қилади. Қизиғи шунда-ки, Алишер Азизхўжаев Германияда амалиёт столида эмас, Тошкентдан Франкфурт-Майнга йўл олган учоқда ўлди.

Гап шунда-ки, юраги ва буйракларида оғриқ борлигидан онда-сонда шикоят қилган Алишер Азизхўжаевга Европада амалиётдан ўтиш таклифини шахсан МХХ раиси Рустам Иноятов берган ва актёрлик маҳоратининг энг сара янъаналарига кўра ўзини, гўёки, Азизхўжаевнинг саломатлиги ҳақида қайғурадиган одам қилиб кўрсатган. Ушбу таклифни ўртага ташлаган Иноятов аввал бошдан Азизхўжаевни йўқ қилишни режалаштириб юрган. Чунки “идора” раҳбарининг фикрига кўра, “Азихўжаев аллақачон ўз фазифаларини бажариб бўлган ва ҳаддан ташқари кўп нарсаларни билган”.

Ҳақиқатдан ҳам, охирги 6-7 йил ичида Алишер Азизхўжаев Рустам Иноятовнинг кўплаб шахсий буюртмаларини бажарганди. Хусусан, Ўзбекистон махсус хизматлари раҳбарининг таклифига кўра, Азизхўжаев президент Каримовнинг собиқ шахсий врачи Дмитрий Львович Арустамовнинг мулкини тортиб олишда иштирок қилди.

Дмитрий Арустамовнинг Иноятовга ёқмай қолган томони бор эди. Ислом Каримовнинг буйрагини муваффақиятли операция қилган уролог-врач президентнинг ишончига шунчалик кирган эди-ки, охирги пайтларда давлат раҳбари ўз врачидан нафақат шахсий саломатлик муаммолари бўйича, балки ички сиёсатга оид баъзи масалаларда ҳам маслаҳатлашадиган бўлиб қолган эди.

Бундай ҳолатларни ёқтирмайдиган ва Ислом Каримовни бошқалардан “рашк” қиладиган Рустам Иноятов қандайдир врачнинг давлат раҳбарига яқинлашиб кетишини кечира олмасди.

Ва Ўзбекистоннинг бош “чекисти” Д. Л. Арустамовга тегишли ҳамда Тошкент шаҳрининг Яккачинор (собиқ Тарас Шевченко) кўчасида жойлашган клиникани текширишни бошлатди. Одатдагидек “текширув натижаларига кўра, солиқларни тўламаслик, пул тушумларини яшириш фактлари ва молиявий жиноятларнинг бошқа турлари аниқланди”. Шундан сўнг “идора”нинг буйруғига кўра иш юритган Тошкент шаҳар Хўжалик суди Дмитрий Арустамовнинг килиникаси ва уйини мусодара қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Қизиғи шундаки, Д. Арустамов ўз клиникасида ва уйида ўтказилган ноқонуний текширув ҳамда тинтув ҳақида Рустам Иноятовга шикоят қилганда “идора” раиси: “Бу ишларнинг барчаси клиника ва уйни тортиб олишни ният қилган Алишер Азизхўжаев томонидан бошланган”, – деган.

Бу вазиятда Иноятов: “Мен ҳеч нарса қилолмайман”, – деб туриб олди. Вахолан-ки, ушбу текширув ва тинтувларнинг асл ташаббускори “идора” раисининг ўзи эди.

Д. Арустамов бу босқинчилик юзасидан Каримовнинг ўзига шикоят қилганда эса президент можаро ҳақида Рустам Иноятовдан сўраган. Бу вазиятда эса Ўзбекистоннинг бош “чекисти”: “Текширувлар Хизмат томонидан бошлаган бўлиб, бунга Арустамовнинг клиникасида молиявий жиноятлар содир этилаётгани ҳақидаги оператив маълумотлар сабаб бўлди”, – деб жавоб берган.

Мулки талон-тарож қилинган Д. Арустамов доимий яшаш учун Германияга кўчиб кетгандан кейин унинг клиникаси, уйи ва бошқа мулки хўжакўрсинга ўтказилган кимошди савдоларида сотилди. Ушбу савдолар номига ўтказилганини Д. Арустамовнинг мулки ўша Алишер Азизўжаев томонидан арзимаган пулга “сотиб” олинганидан ҳам билса бўлади.

Рустам Иноятовнинг шахсий топшириғига кўра, ушбу савдоларга фақат Алишер Азизхўжаевнинг компанияси киритилганди.

Иноятов ва Азизхўжаев ўртасидаги ҳамкорлик фақат ўғирланган ёки тортиб олинган мулкни ўзлаштириш билан чекланиб қолмаган. Ўша йилларда Алишер Азизхўжаев асосан Иноятов оиласига тегишли пулларни Ўзбекистон ташқарисига, кўпинча Бирлашган Араб Амирликларига (БААга) чиқариш билан шуғулланган. У ёқларда эса Иноятов ва Ғуломовга тегишли пулларни Ўзбекистон махсус хизматларининг истеъфодаги зобити Юрий Савинков назорат қилган ва қилмоқда.

Бундан ташқари, Алишер Азизхўжаевнинг таклифи ва Рустам Иноятовнинг кейинги розилиги билан Ўзбекистон МХХ республика аппаратида маҳфий тижорат бўлими ташкил қилиниб, бу бўлим асосан жиноий (“улуш”) маблағларни йиғиш, қонунийлаштириш ва чет элга чиқариш билан шуғуллана бошлади. Пулларни маҳфий тарзда (МХХ орқали) “ювиш”нинг мазкур схемаси кейинчалик оқсай бошлади. Чунки ҳар бир молиявий операция пайти, айниқса, пулларни мамлакат ташқарисига чиқаришда давлат тижорат банкларининг хизматларидан фойдаланишга тўғри келарди.

Ва яна ўша Алишер Азизхўжаевнинг таклифига кўра ушбу мақсадлар учун махсус, яъни жиноий пулларни “ювиш”га ихтисослаштирилган “Orient Finans Bank” ташкил қилинди. Ушбу банкка МХХнинг истеъфодаги зобитлари ва Тошкент аймоғидан чиққан сохта “тадбиркор”лар муассислик қилишди.

OFB

Бугунги кунда “Orient Finans Bank” иноятовларнинг оилавий банки бўлиб, амалда фақат Иноятов оиласининг пулларини БААга ва оффшор ҳудудларга чиқариш билан шуғулланади.

Ва иноятовларнинг маблағларини “ювиш” схемаси ва ушбу схемага хизмат қилувчи махсус банк оёққа турғазилгач, ушбу ғоя-таклифларнинг асосий ташаббускорларидан бири – Алишер Азизхўжаев – Германияга йўл олган учоқда тўсатдан ўлиб қолди.

Аслида эса Азизхўжаев Тошкент-Франкфурт авиарейсининг стюардессалари томонидан заҳарланиб ўлдирилганди. Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятовнинг шахсий топшириғига кўра ўлдирилганди.

Чунки Иноятов маҳфий режадан хабардор Азизхўжаев “идора” раисининг молиявий жиноятларини истаган пайтда ошкор қилиши мумкинлигидан қўрқарди.  Бошқача айтганда, Иноятов ушбу жиноятларнинг асосий гувоҳидан қутулиши керак эди. Азизхўжаевнинг тўсатдан ўлишига Иноятовнинг ва “идора”нинг алоқадорлигини билдирмаслик учун эса “объектнинг тўсатдан ўлими” учун осмонлар, яъни Тошкентдан Франкфурт-Майнга йўл олган авиарейс танлаган эди.

Шуни таъкидлаш лозим-ки, Алишер Азизхўжаевнинг ўлдирилиши Рустам Иноятовнинг биринчи “буюртмаси” эмас. Ўзбекистон МХХ раиси қачонлардир унга ёрдам берган ёки унинг жиноятларига шерик бўлган одамларни қандай йўқ қилишига яна бир мисол келтирамиз. Шундай қилиб…

Хомийнинг бартараф қилиниши

“Ўзбекенгилсаноат” уюшмасининг собиқ ва марҳум раиси Ботир Эргашев 2000-йилларнинг бошларида Ўзбекистондаги энг нуфузли амалдорлардан бири ҳисобланарди. Гарчи ўзбек пахтасини экспорт қилиш ишлари билан расман “Ўзпахтасаноат” уюшмаси шуғуланса ҳам, Ботир Эргашев ҳам бу ишларга бевосита алоқадор эди.

Ўша йиллари йирик тижорат ва давлат миқёсидаги бизнеснинг таъмини энди била бошлаган Иноятов ва унинг “идораси” пахта толасини экспорт қилишда муҳим ўрин тутган “Ўзбекенгилсаноат” уюшмаси ҳамда унинг раиси Ботир Эргашевга кўз олайтира бошлашди.

Бироқ Рустам Иноятов Ботир Эргашевнинг бизнесини тортиб олишни ҳам, унинг даромадларига шерик бўлишни ҳам ўйламади. Ўзбекистон махсус хизматларининг айёр раҳбари Эргашевни узоқроқ муддатдаги мақсадда – президент Ислом Каримовнинг оиласини парчалаш ишларида – қўллай бошлади. Рустам Иноятов президент девони Ишлар бошқармаси бошлиғи Зелимхон Ҳайдаров билан биргалашиб, Ботир Эргашевга “Ислом Абдуғаниевичнинг оиласи учун совғалар ҳарид қилиш учун арзимаган пуллар ажратишни” маслаҳат берардилар.

Шунинг учун Иноятовнинг ва Ҳайдаровнинг маслаҳати билан “Ўзбекенгилсаноат” уюшмасининг ўша даврдаги раиси Ботир Эргашев президент Ислом Каримовнинг қизлари ва неваралари учун ўз ҳисобидан “арзимаган совғалар” сотиб олишни бошлади. Илк маротаба “идора” раисининг топшириғига кўра, Ботир Эргашев Лола Каримованинг туғилган кунига атаб, Зелимхон Ҳайдаров орқали қиймати “арзимаган” 200 минг АҚШ долларига тенг занжир бериб юборди.

Иккинчи маротаба яна ўша Иноятовнинг топшириғига кўра ва яна ўша Ҳайдаров орқали Татьяна Каримованинг туғилган кунига атаб Ботир Эргашев “арзимаган” совға сифатида нақд 500 минг доллар бериб юборди.

“Идора” раисининг топшириқларини бекамукўст бажариб келган Ботир Эргашев кейинчалик Лола Каримова иштирокидаги қимматбаҳо, беҳаё зиёфат ва тунги гаштакларга хомийлик қила бошлади. Шунингдек, МХХ раисининг топшириғига кўра, Ботир Эргашев зиёфатларнинг ҳаражатларини тўлаб, Лола Каримовани гиёҳвандликка ўргатиш учун нракотик моддалар сотиб олишга ўтди.

Бу ишларда Ботир Эргашев фақат хомий вазифасини бажарар эди. Қолган топшириқлар, жумладан, Лола Каримовани гиёҳванд моддаларни қабул қилишга ўргатиш ишлари билан эса МХХнинг штатдаги ходимлари ёки Лола Каримованинг яқинидаги одамлар шуғулланишарди. Бундай манфур ишларга Лола Каримова ташриф буюрадиган кафе ва ресторанларнинг ходимлари ҳам жалб қилинарди.

Шу билан биргаликда Иноятов ўзини, гўёки, президент оиласи ҳақида қайғурадиган одам қилиб кўрсатишни унутмасди. Бошқа тарафдан эса, Каримов оиласининг аъзоларига уларнинг юмушлари ва хавфсизлиги билан МХХ раисининг ўзи шуғулланаётгани жуда ёқарди. Иноятов уларнинг сиёсий суъистеъмолликларига кўз юмуши ҳам ёқимли эди. Ва каримовлар аста-секин Иноятов деган аждаҳонинг тутқунларига айланиб бораётганларини сезмай қолишди.

Ва 2000-йилларнинг бошларига келиб, яъни Иноятовнинг уринишлари ва Ботир Эргашевнинг хомийлик кўмаги билан Татьяна Каримова кўп миллионли маблағларга, Лола Каримова эса гиёҳванд моддаларни қабул қилишга кўниктирилгач, “идора” раиси каримовлар оиласини парчалаш операциясининг хомийсидан қутулишга қарор қилди.

Ва айёр Иноятов бу ишни ўз қўли ёки ўз “идораси”нинг иштироки билан эмас, балки ўша даврдаги ички ишлар вазири Зокир Алматовнинг ва ташкилотининг қўли билан амалга оширди. Хусусан, 2002 йилнинг охирида Рустам Иноятов Зокир Алматовни “Ботир Эргашевнинг уйида жуда катта миқдордаги нақд долларлар бор”лиги ҳақидаги “тезкор” хабар билан таъминлади.

2002 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон махсус хизматлари раҳбарининг маслаҳатига таянган Зокир Алматов ўз ходимларига Ботир Эргашевнинг уйида тинтув ўтказишни буюради.

Тинтув пайти Ички ишлар вазирлигининг 7-бўлими ва Коррупцияга қарши курашиш бошқармаси тезкор ҳодимлари Ботир Эргашенвнинг уйида 27 миллион  нақд доллар топишади ва олиб кетишади. Шундан сўнг “Ўзбекенгилсаноат” уюшмасининг ўша даврдаги раисининг юраги хуружга учрайди.

Ботир Эргашев зудлик билан Биринчи ҳукумат касалхонасига олиб келинади. У ерда врачлар беморнинг юрагини операция қилишга қарор этишади. Рустам Иноятовнинг уринишлари туфайли операция вақтида бутун касалхонада электр ўчирилади. Шу тариқа Ботир Эргашев операция столида вафот этди ва “идора” раисига ёқмайдиган кўплаб сирларни ўзи билан у дунёга олиб кетди.

Рустам Иноятовнинг жиноятларига шериклик қилган кимсалар сафи фақат давлат амалдорларидан иборат эмас. Шундай қилиб…

Жиноят оламининг вакиллари билан ҳамкорлик

Шундай кимсалардан бири Ўзбекистоннинг собиқ асфальт қироли Лазарь Шайбазян бўлиб, Рустам Иноятовнинг топшириғига кўра, бу шахс “раис”нинг одамларини катта сиёсатга олиб киришга хомийлик қиларди.

Хусусан, 2003 йил ноябрь ойида Ўзбекистон махсус хизматлари раҳбарининг топшириғига кўра, Лазарь Шайбазян Шавкат Мирзиёевни Бош вазир лавозимига тайинлаш учун ўз ҳисобидан 15 миллион нақд доллар ажратди. Рустам Иноятовнинг топшириғига бўйсунган Лазарь Шайбазян бу пулларни президент девони Ишлар бошқармаси бошлиғи Зелимхон Ҳайдаровга беради. Ҳайдаров эса Шайбазяндан олган 15 миллион нақд долларни МХХ раисининг топшириғига кўра, президентнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримовага етказади.

Ўзбекистоннинг собиқ асфальт қироли Шайбазян Рустам Иноятов ва унга тегишли “идора”нинг бошқа жиноятларига ҳам хомийлик қилган. Шайбазян ўз “вазифалари”ни бажариб бўлгач, Рустам Иноятов ундан жуда осонликча қутулди-қўйди: асфальт қиролининг жиноятлари ҳақидаги материалларни АҚШнинг МРБга етказди. Америка ҳукумати айнан Ўзбекистон махсус хизматлари раҳбарининг тақдимотига асосланган ҳолда Лазарь Шайбазянни “гиёҳванд моддалар савдосига алоқадор ўта ҳавфли мафиози” – деб эълон қилди. Шундан сўнг Шайбазян Ўзбекистондан қочиб, БААга бориб жойлашди.

Катта молиявий ва бошқа жиноятларни содир қилишда Рустам Иноятовга яқиндан ёрдам бериб келган шахслар ичида энг нуфузлиси Ғафур Раҳимов эди. Иноятов ва унинг “идораси” ушбу “тадбиркор”нинг хизматларидан буюртмали қотилликларни амалга оширишда фойдаланишарди. Ўзбекистон МХХ раисининг “маслаҳати” ва кейинчалик мамлакат президентининг топшириғига кўра, Ғафур Раҳимов ўзбек муҳолифати лидери Муҳаммад Солиҳга қарши муваффақиятсиз амалга оширилган суиқасд учун икки миллион доллар ажратганини мисол тариқасида келтириш мумкин.

Бироқ “идора” раиси Ғафур Раҳимовни ва унинг маблағларини нафақат Ислом Каримовнинг душманларига қарши, балки президентнинг ўзига ва оила аъзоларига қарши ҳам ишлатиб келди. Чунончи, 2004-2006 йилларда айнан Рустам Иноятовнинг маслаҳати ва топшириғига кўра, Ғафур Раҳимов Гулнора Каримовани гиёҳванд моддаларни қабул қилишга ўргатиш операциясини ташкил қилишга ва молиялашга берилиб кетди.

Бу ҳақида, яъни Ғафур Раҳимов Гулнора Каримовани наркотик моддаларни қабул қилишга ўргатишга ҳаракат қилгани ҳақида Ислом Каримов хабар топгач, президент Рустам Иноятовга Ғафур-бойни зудлик билан ҳибсга олиш ҳақида буйруқ беради. Бироқ Ўзбекистон махсус хизматлари раиси “йирик тадбиркор”га Ўзбекистонни зудлик билан тарк этиш имконини яратиб, мамлакатдан чиқиб кетишидан олдин ўзбек мафиозисидан деярли 100 миллион нақд доллар олиб қолди.

Кейинчалик эса “идора” раҳбари президент Каримовга Ғафур Раҳимов, гўёки, уйида йўқлиги ҳақида “ахборот” берди. Бундан ташқари, у Раҳимовни маҳаллий ва халқаро қидирувга бериш ҳақида президентга маслаҳат берди. Агар Ғафур Раҳимовни Россия ҳукумати ва шахсан Владимир Путин ҳимоясига олмаганда, Рустам Иноятов ўзбекистонлик “йирик тадбиркор”ни, албатта, бажонидил йўқ қиларди.

Энди Иноятов жиноий бизнеси ва бошқа қилмишларига шерик бўлган бир қатор яқинларини бартараф қилса, бўлди. Бартараф қилинишга “номзодлар” қаторида бир нечта амалдорлар ва “йирик тадбиркор”лар бор. Хусусан, Иноятовнинг нишонида Ўзбекистон молия вазири Рустам Азимов, Бош прокурор Рашид Қодиров, президент девони бошлиғи Зелимхон Ҳайдаров бор. Вақти келиб, Ўзбекистоннинг бош “чекисти” Шавкат Мирзиёевни ҳам бартараф қилади. “Тадбиркор” Салим Абдувалиевни ҳам ҳудди шу қисмат кутмоқда.

Рустам Иноятов томонидан амалга ошириладиган шу ва бошқа ўзгаришлар ягона мақсад учун қилинади. Шундай қилиб…

Бутун мамлакатни эсенбилаштириш

Рустам Иноятов анчадан бери давлат ва кучишлатар тизимларни эсенбилаштириш режасида юрибди. Баҳодир Матлубовнинг ички ишлар вазири лавозимидан четлатилишининг оммага ошкор қилинмаётган сабабларидан бири МХХнинг ИИВ ва ички ишлар идоралари устидан ўрнатган зулмидир.

Лекин бу ҳолат янги ички ишлар вазири Адҳам Аҳмадбоев МХХдан чиққан одам дейишга асос бўла олмайди. Яъни “Озодлик” радиосининг: “Аҳмадбоев қачонлардир ўзбек махсус хизматларида ишлаган” – деган хабари ҳақиқатдан йироқ.

Бугунги кундаги тўла мххпараст ва иноятовпараст тузилмалар сифатида Бош прокуратурани (Бош прокурор Рашид Қодиров – МХХдан чиққан ходим) ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасини (Спикер Дилором Тошмуҳамедова – Ўзбекистон МХХ полковникининг турмуш ўртоғи) кўрсатиш мумкин холос.

Тошкент вилоятининг ҳозирги ҳокими генерал Аҳмаджон Усмонов гарчи ички ишлар идораларидан чиққан бўлса ҳам, Рустам Иноятовга ва унинг “идораси”га содиқ ҳамда тобеъ шахслардан яна биридир.  Ўзбекистонда МХХнинг вилоят бошқармалари раҳбарларини ишдан олиш ваколати фақат ушбу хизмат раисига берилган бўлса ҳам, Аҳмаджон Усмонов ушбу хзмат тартибини бузишга журъат этди. Пойтахт вилояти ҳокими этиб тайинлангандан кейин ўтказилган илк мажлислардан бирида Аҳмаджон Усмонов МХХнинг Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғини элликдан ортиқ амалдор ва депутатлар олдида ҳақорат қилди, мажлисдан ҳайдаб чиқарди ва ишдан олди.

Бу мустақил Ўзбекистон тарихидаги шундай воқеалардан биринчиси бўлиб, Аҳмаджон Усмоновгача вилоят ҳокимларидан ҳеч ким МХХнинг ҳудудий бошқармаси бошлиғини ишдан олмаган. Рустам Иноятовнинг шахсий дастагидан фойдаланаётган Аҳмаджон Усмонов қўл остидаги ходимларни ва фермерларни дўппослшани одат қилиб олган. Унинг муштумзўрлигини Андижон вилоятидаги амалдор ва фермерлар тасдиқлаши мумкин. Дарвоқе, Аҳмаджон Усмонов Андижон вилояти ҳокими лавозимига ҳам МХХ раиси Рустам Иноятовнинг тавсиясига кўра тайинланган эди. Андижон қатлиомидан кейин бу одам вилоят аҳолисига нисбатан кенг қамровли қатағонларни амалга оширди.

Энди эса, яъни Тошкент вилояти ҳокими лавозимига ўтиргач, Ўзбекистон махсус хизматлари раҳбарининг чексиз дастаги эвазига Аҳмаджон Усмонов пойтахт вилояти Ўртачирчиқ туманидаги аҳоли уйларини ноқонуний тарзда бузишни бошлаб юборди. Унинг адолатсиз ва ноқонуний буйруғига кўра, маҳаллий амалдорлар Тошкент-Тўйтепа автотрассаси бўйлаб жойлашган уйларни бузишга тушишди.

Хўжакўрсинга қилинаётган ушбу “ободонлаштириш” Тошкент вилояти ҳокими Аҳмаджон Усмнов ва МХХ раиси Рустам Иноятов учун “ҳокимнинг шаҳар ва қишлоқларни обод қилишдаги янги зафарларини президентга кўрсатиш” мақсадида керак. “Идора” раиси шу ва бошқа пиар-қадамлар орқали Аҳмаджон Усмоновни мамлакат Бош вазири лавозимига тайинланишига эришмоқчи.

Рустам Иноятовнинг режаларига кўра, Ўзбекистонни буткул эсенбилаштиргандан кейин республика президенти лавозимига унинг ўзи  бемалол даъвогарлик қилиши ёки бўлмаса бу жойга Шавкат Мирзиёев каби ўз одамларини, яъни “идора”нинг одамларини олиб келиш мумкин бўлади.

МХХ раисининг фикрига кўра, мамлакат ичкарисида бу режаларга ҳозирча фақат тиниб-тинчимас Гулнора Каримова ҳалақит қилиши мумкин. Шундай қилиб…

 Гулнора Каримовага нисбатан Иноятов ва “идора” нафратининг асл сабаблари

Иноятов ва унинг хизмати Гулнора Каримовада ҳамиша ўзгаларнинг бизнесини тортиб олишга ўрганиб қолган димоғдор хонимнигина эмас, балки президент лавозимига потенциал номзодни ҳам кўрган. Ўзбекистон махсус хизматларининг раҳбари Гулнора Каримовадан 2006-2007 йиллардан бошлаб жиддий хавотирлана бошлади.

Илк маротаба улар 2009 йилда тўқнаш келишди. Ўшанда Рустам Иноятов МХХнинг маҳфий тижорат бўлими орқали “Ипотека-банк”ни хусусийлаштириб, кейин россиялик жиноий гуруҳларга сотмоқчи эди. Лекин унинг бу режаларига Миродил Жалолов ҳалақит берганди: Одил-бой Иноятовнинг “идораси” унинг “Zeromax”ини банкни сотиб олишга яқинлаштирмаётгани ҳақида Гулнора Каримовага шикоят қилганди.

Ва шундан кейин “Ипотека-банк”ни хусусийлаштириб, россиялик инвесторларга 160 миллион долларга сотишга ҳалақит қилган Гулнора Каримова Рустам Иноятов учун ашаддий душманга айланди. Иноятов “Ипотека-банк” учун аванс тариқасида олган 60 миллион долларни россиялик жиноий гуруҳларга қайтариб беришга мажбур бўлди.

Ана ўшандан кейин Рустам Иноятов Гулнора Каримованинг куч-қудратини батамом яксон қилишга киришди. Аввалига у Бош вазир Шавкат Мирзиёев орқали “Zeromax” компаниясини йўқ қилишга эришди. Кейинчалик Россиянинг ФСБси орқали Швециянинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш идораларига Гулнора Каримова “Telia Sonera”дан пора олганлиги ҳақида фактларни етказди.

Эндиликда Гулнора Каримованинг аввалги имкониятлари ва қудратидан асар ҳам қолмади. Иноятов Гулнора Каримованинг салтанатини отаси Ислом Каримовнинг қўли билан йўқ қилди. Шуниси диққатга сазовор-ки, Гулнора Каримованинг бизнес-тузилмаларига кенг қамровли ҳужум уюштириш ҳақида президент Каримовдан розилик олган Рустам Иноятов бу ишда анча илгарилаб кетди. Ва президент бу ҳақида, яъни Иноятов Гулнорага босим ўтказиш меъёрларидан чиқиб кетгани ҳақида ҳеч нарса билмайди.

Гулнора Каримова кўп нарсаларни, жумладан, Иноятовнинг буйруғига кўра “идора” ходимлари уни ташқи дунёдан тўла айиришга уринаётганини ўз отаси Ислом Каримовга етказмоқчи. Лекин бу ишнинг уддасидан чиқа олмаяпти. Чунки Гулнорани президент Каримовнинг олдига қўйишмаяпти. Интернет олами ва Twitter.Com ижтимойи тармоғи Гулнора Каримова учун ягона эрмак бўлиб қолмода.

Гулнора Каримованинг узоқ вақт давомида ташқи дунёдан узилиб қолаётгани унинг руҳий ҳолатига салбий таъсир қила бошлади. Оҳирги пайтларда у тез-тез руҳий мувозанатдан чиқа бошлади. Масалан, Гулнора Каримова Рустам Иноятовнинг қариндошларига қўнғироқ қилиб, МХХ раисини ҳақорат қилишни ва қарғашни бошлади. Жумладан, 2013 йил 18 декабрь куни Гулнора Каримова Рустам Иноятовнинг укасига телефон қилиб, унинг қудратли акасини сўкиб, лаънатлади.

Бироқ Ўзбекистон махсус хизматларининг раҳбарига бундай усуллар билан таъсир қилиб бўлмайди. Рустам Иноятов Гулнора Каримовага ачиниб, унга қарши босим ўтказишни тўхтатиши амри маҳол. Чунки Иноятов бу ишларни пухта режа асосида ва аниқ масқсад сари амалга оширмоқда. Шундай қилиб…

Сўнгсўз

Ўзбекистон махсус хизматларининг раиси Рустам Иноятов ўзини собиқ Совет Иттифоқида Брежневдан кейин темир тартиб ўрнатишга ўринган Юрий Андропов деб ўйламоқда. Иноятовдан Андроповнинг ўзбекча варианти чиқиш-чиқмаслигини вақт кўрсатади.

Лекин бугун шуни аниқ айтиш мумкин-ки, давлат раҳбарининг оиласини парчалаш ишларида Рустам Иноятов собиқ КГБдаги раҳбари ва ҳамкасбидан ўзиб кетди. Чунки Совет Иттифоқи Бош котибининг турмуш ўртоғи ва қизларининг қилмишлари ҳақида  Леонид Брежневга доим маълумот етказишни ҳуш кўрган Андропов ҳарчанд уринмасин, Брежневнинг оиласини батамом парчалай олмаганди. Лекин Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида туғилиб, Андроповга шогирд тушган Иноятов каримовлар оиласидаги эр-хотин ва болаларни бир-бирига муроса қилмайдиган душманларга айлаштиришга эришди.

Бизнингча, агар Ўзбекистонда Ислом Каримовдан кейин давлат тепасига Иноятовнинг одамлари (масалан, Шавкат Мирзиёев ёки Аҳмаджон Усмонов) келса, ўзбекистонликларнинг ижтимоий аҳволи ҳам, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳам яхшиланмайди. Аксинча, ёмонлашиши ҳам мумкин.

Воқеалар шундай тус олса, Каримов диктатураси яна 20-30 йил умр кўради. Фақат бу даврни мустабид тузум бошқа номлар – Мирзиёев диктатураси ёки Усмонов диктатураси деган номлар – билан яшайди.

Усмон ҲАҚНАЗАРОВ,

сиёсатшунос

2013 йил 21 декабрь

Русчадан www.uzxalqharakati.com таржимаси