ТУЯ ГЎШТИ “ЕГАН” СУД

ТУЯ ГЎШТИ “ЕГАН” СУД
152 views
26 December 2013 - 16:24

Тошкент шаҳар Чилонзор тумани жиноят ишлари бўйича суди ЎХҲнинг фаол аъзоси Фахриддин Тиллаевни Ўзбекистон Республикаси МЖТК сининг 40-, 52-, 183- моддалари бўйича айбдор деб топди ва шу йилнинг 20 сентябр куни чиқарган ҳукмига биноан 15 сутка озодликдан маҳрум этди. Фахриддин Тиллаев жазони Тошкент шаҳар вақтинча сақлаш ҳибсхонасида ўтади.

Озодликка чиққан Тиллаев Республика МЖТКнинг 294- ва 44- моддалари ҳамда мамлакат Конституциясининг 30-моддаси асосида 28 октябр куни шаҳарнинг Чилонзор туман жиноят ишлари бўйича судига кассация тартибидаги ариза билан мурожаат қилди.

Бироқ, Фахриддин Тиллаевнинг аризаси билан танишиб чиққан туман суд раиси Дилмурод Раджабов унинг аризасини Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судига юборди.

Халқимизда “Онангни ўйнаши қози бўлса, додингни Худога айт”, деган ажойиб мақол бор. Айни пайтда Фахриддин Тиллаевга нисбатан сохталаштирилган маъмурий ишни ўрганиш ва бу ишда қўли бор судья А.Муҳиддиновга нисбатан чора кўриш атайлаб пайсалга солинмоқда.

Судья А.Муҳиддинов Тиллаевга нисбатан очилган маъмурий иш сохта эканини билган ҳолда, юқоридан берилган буюртмани бажаргани учун ҳам касбдошлари томонидан ҳимояланмоқда. Бунинг ортидан Фахриддин Тилаевнинг арзи ҳавода муаллақ қолиб кетмоқда.

Бошқа томондан “адолат ва одиллик” даъвосини қилаётган судья Дилмурод Раджабов фуқаро Фахриддин Тиллаевга ҳатто бир энлик жавоб хати ҳам ёзмади. Буни қандай тушуниш керак?.

Фахриддин Тиллаев ўз ҳуқуқларини ҳимоялашни сўраб, Тошкент шаҳар прокуратурасига ариза билан мурожаат қилди.

Даъво аризаси билан танишиб чиққан шаҳар прокуратураси Фахриддин Тиллаевнинг Чилонзор туман судининг 20 сентябр куни қабул қилган қарорини бекор қилишга оид шикоят аризаси Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судига кўриб чиқиш учун юборилганини билдирган.

Шу ўринда “хўш “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида” ги қонун фақат фуқароларга тегишлими, бу қонуннинг ҳукумат мутасадди раҳбарларига ҳеч ҳам аҳамияти йўқми?, деган ҳақли савол туғилади.

Туя гўшти “еган” ишни маҳкама қачон кўриб чиқади?

Мансуржон Фозилжонов