ИНСОФ

ИНСОФ
31 views
28 December 2013 - 15:32

Аллоҳ бандасига Қуръон туширгач,
Саодат йўлига ундади бизни.
Шайтон бу савдога тиқилиб киргач,
Бугун кўринг энди ҳаётимизни…

Бунда на маъно, на мазмун қолди, оҳ,
Кўзларда фитналар қотиб қолмишлар.
Минг йиллик чинорлар, малаклар гувоҳ,
Бизни ҳаққа ундаб, тамом толмишлар.

Биз гўё осмондан тушган инсонлар,
Мисоли кўкларда учган кабутар.
Ўйлаймиз, эртага Пок Парвардигор
Амалларимизга бермас жавоблар.

Бугун биз тинмасдан тинглаймиз ҳадис,
Қуръон оятларин ўқиймиз гўзал.
Лек Аллоҳ Расули ташлаб кетган из
Бирор ишимизда кўрсатмас асар.

Саҳобалар учун айтиб офарин
Шудир деймиз асли энг тўғри ҳаёт.
Аслида Умарнинг тутган йўлларин
Қайсидирэртак деб ўйлаймиз, ҳайҳот.

Биз нега шунчалар ҳаробмиз, айтинг,
Қуръонни ҳаётга жорий қилолмай.
Агар ростгўй бўлсак, бўлсангиз, қайтинг
Бу тубан ва чиркин тузумда қолмай.

Бугун мен, сиз ва биз – иймонга муҳтож,
Дунёнинг сафсата йўлидан безиб.
Наҳот шундан кейин топмасак илож,
Турфа хил йўл тутган беш қитъа кезиб.

Агар Аллоҳ йўлин соф йўл десангиз,
Қуръонни манҳаж деб билинг хотиржам.
Расулуллоҳни гар ҳаққоний севсангиз
У зотнинг йўлларин ушлангиз маҳкам.

Бугун шу оддий бир ҳақиқатни биз
Қалбимиз тубида тан ола билсак,
Билингки, дунёда эмасмиз ёлғиз,
Билингки, бизда бор энг асл тиргак.

Бу Аллоҳ каломи Қуръондир шаксиз,
Сўнг Расулдан қолган жамики ҳадис.

Хайрулла Ҳамидов