ЎЗБЕК-ДА!

ЎЗБЕК-ДА!
24 views
29 December 2013 - 11:33

Тошкентдаги бир биродарим кеча чатта ёзиб қолди: пойтахтдаги тўйларда МЕВАЛАРНИ (!) ИЖАРАГА ОЛИШ удум бўлаётганмиш. Унинг айтишича, 12-14 кишилик столнинг қоқ ўртасига қўйилган банан, ананас, киви, мандарин, олма ва ҳоказо меваларни олиб, ейишга журъат этадиганлар кам эмиш. Чунки кўпчилик бу ноз-неъматлар ижарага олинганини билар экан. Яъни мевалар столга “тўкин-сочинлик ва бошқалардан кам эмаслик спектакли”ни ижро этиш учунгина қўйилар экан.

Бу “кўрсатнома”дан бехабар бўлган киши у-бу нарсага қўл теккизгудек бўлса, қўшни курсидагилар аввалига: “Қани, қани, олинг, олинг!” – деб жуда бир ёмон қараш қилишарканлар. Кейинчалик “спектакль”дан хабари борлар меҳмонлар оми меҳмонни шивирлаб огоҳлантиришар экан. Мен билан чатта ёзишган биродарим ана шундай ноқулай аҳволга тушиб қолган экан.

Stol Энди шундай саволлар туғилади. Қурбинг етмаса, қарзга пул ва ижарага мева олиб, тўй қилиб нима қиласан?! Хўжакўрсинга ўтказиладиган бу томошаларни кимга кераги бор? “Келин билан куёв тўйхонага лимузин ва джипли кортежда келмаса, кейинчалик турмуши бахтсиз кечади ёки бефарзанд бўлишади” – деган шарт ёзилганмикан Аллоҳнинг бухгалтериясида?! Имкониятга яраша кичикроқ ва камсуқумроқ тўй қилинса, Аллоҳ норози бўладими?!

Йўқ, норози бўлмайди, албатта. Лекин қўни-қўшни, маҳалла-кўй норози бўлиб, гап-сўз қилишади-да! Бизнинг ўзбекка эса Аллоҳнинг фикри эмас, халқнинг фикри муҳимроқ! Ана шундай “халқпарвар” ва “демократик” бир халқмиз биз, ўзбеклар.

Ўзбекларимизга ҳайрон қоламан: боласи ёки невараси ноннинг кўзга кўринмас ушоғини ерга туширса ёки оёғи билан босса, дарров: “Болам, тавба қил! Ноннинг ушоғи ҳам нон, уни исроф қилмайдилар” – деб тўғри койийдилар. Ленкин шу боласи ёки невараси катта бўлиб, 20-30 минг долларлик тўй қилса, 200 килограммлаб ош дамлаб, пиширилган ошнинг 100 килосини аҳлатга ташласа, ҳеч ҳам койишмайди. Чунки улар учун ноннинг ушоғини улоқтиришгина исрофгарчиликка киради.

Нима ҳам дердим?! Раҳматли қизиқчи Ҳожибой Тожибоев айтганидек: “Зайниддин-да! Ўзбек-да!”

Саид АСКАР

Facebook.Com сайтидан олинди