Одамлар тўқ, аммо кўзи оч!

Одамлар тўқ, аммо кўзи оч!
58 views
05 January 2014 - 11:58

 адолатсиз ҳақиқатлар учун махсус

ОДАМЛАР ОЧ

– Ака, мандарин неча пул?
– Йигирма минг килоси.
– Ия, намунча қиммат? Кундузи бозорда айтганингизнинг ярми ҳам эмас-ку?! Келиштиринг, инсоф борми?
– Инсоф? – киши чўнтагига қўлини тиқиб,
– Қўл телефони бор, чексанг сигарет бор лекин инсоф йўқ, ука!
– деди у ўз хаёлида чиройли қочирим қилганидан яйраганча хунук ишшайиб.
– Истасанг ол, истамасанг йўқ.
Тунги соатларда фақат ўзи савдо қилаётган растага зарурат юзасидан бош суқиб, ана шу қисқа суҳбат иштрокчисига айландим. “Нима одамларнинг шу даражада юзи қаттиқ бўлиб кетганми ё савдо қоидасими бу” ўйладим растадан у айтган нархга оғринибгина савдо қилиб, узоқлашар эканман. Мени қадрим камситилгани эмас, сотувчининг носоз андишаси ортида яширинган ғазабнок-қўрс хис ташвишга солди. Кўп айтилганидек энг катта муаллим ҳаётнинг ўзи.

Кўча-кўйда юрар экансиз, бу каби ҳодисалар афсуски кўп учрайди. “Ҳаёт учун кураш” деб изоҳлаймиз одатда биз буни. Йўқ! Аслида ҳаёт учун кураш ҳайвонот дунёсига хос эмасми? Одамзод ҳаёт учун тираш, бир-бирига яхши амал жилла қуриса яхши сўз билан тиргак бўлиши керак эмасми? “Ўлиб кетадиган дунёда яшаб қол, ундан энг яхшиларини тортиб ол. Инсон ҳаётга бир марта келади” дейиладиган европача ақида ҳам қулоғимизга чалинади. Нима бу ўлимдан кейинги КУНга ишонмасликми ёки ҲАҚ КУН аломатларидан бирими бу?.. Чуқур ўйга толасан, киши… Тобора маданийлашиб бормоқдамиз: инсонларнинг яшаш шароити кун сайин гўзаллашиб бормоқда. Кўнгли эса… Ўйлаб қоламан, аслида тобора нисбиатга айланиб бораётган том маънодаги кўнгил айрим ижодкорлар ва баъзи шоиртабиат инсонларда қолди холос, назаримда. Одамларнинг ўзи – керагидан ортиқ тўқ аммо кўзи – оч, қалби – оч. Бўлган сари янада кўпроқ бўлгиси келади. Айниқса бугунда ҳолат янада кўримли тус оляпти, назаримда. “Қор ергамас мани ичимга ёғвотти. Учаскамни томини ёполмай қолдим” куйинади шаҳар четида уч қаватли дала ҳовли қураётган танишим. “Икки қизимни чиқардиму, шу кенжатойимни уйлашга камҳарж бўлиб, ҳаловатим йўқ. Тўйини кўрмай ўлиб кетмасам гўргайди” нолигани қулоғимга чалинади автобусда нотаниш аёлнинг ўз ҳамроҳига. “Ўн йилдан бери шу лаънати эски аравамда юраман. Қачон одамларга ўхшаб янги машина ҳайдарканман” нолийди “Матиз”и бор қўшним. “Одамларга ўхшаб” эмуш?! Аввало “лар”га эмас Одамга ўхшайлик! Дарҳақиқат, айрим ўринларда инсонийлик чегарасини топтаб ташладик. Атрофимиз нолаларга тўлиб кетган. “Худога шукр! Ҳаммаси яхши. Ҳаётдан мамнунман” дея чин юракдан айтиладиган гаплар ўтмишдан садо беряпди холос. Яна ўйлайман: аввалги одамлар қандай яшаган экан?..

Мендан ёшлари деярли бир аср катта бўлган дадабувим уриш даврида нина билан қудуқ қазиб(тўн тикиб) сотиш учун 30 километр узоқдаги бозорга бориб-келиб, додамларни катта қилган эканлар. Бир хонадонда қозон қайнаса бутун маҳаллага етгани, очарчилик замонида ҳам биров очдан ўлибди деган гап чиқмагани, эшикларда қулф бўлмасада ўғри ораламагани ҳақидаги болалик хотираларимни эслаб, эртак айтганмиканлар ўшанда бувижоним, дейман гоҳо.

Яқинда қўшни маҳаллада раисликка сайлов, аниқроғи “жанг” бўлди. Ўрта ёшлардаги фермер киши билан соқолига оқ оралаган “ҳожи ака” шу кичик мартаба учун очиқдан очиқ бир бирининг “қонини ичди”. Бири ўзининг ёши улуғлигию Муқаддас сафарга бориб келганини пеш қилса, иккинчиси маҳаллага “ўтқазиб қўйган” саҳоватларини миннатга айлантирди. Жуда ҳам уятли ҳолат а ташқаридан қараганда?!. Ҳа, лекин аксаримиз ўз юриш туришимизга ички оламимиз пойдеворидан назар солсак, юраклар уятдан алвон рангда. Кўчада, жамоада ҳар қанча муаммога дуч келмайлик вазиятдан чиқиш учун манфаат юзасидан чиройли сўзларни аямаймизу, оиладаги арзимас камчиликларда сиркамиз сув кўтармайди. Ишхонадаги бошлиғимиз шамоллаб қолган бўлса, қўн-қўнжимизни тўлдириб кўргани борамизу, ота-онамиздан оддий ширин каломимизни аяймиз, ватанпарварлик ҳақида кўкрак керамизу уйдан чиққан чиқиндиларни тунда ё ўзимиз ё бошқаларга буюриб, ариққа оқизамиз.

Катта чиқим қилиб кунда кун ора ҳуда-беҳуда зиёфатлар ташкил қиламизу турли баҳоналар билан газ, электр-энергия, иссиқ ва совуқ сувга йиллаб тўлов қилмаймиз. Бу рўйҳатни яна давом эттириш мумкин. Аслида санасак атрофимиздаги неъматларнинг саноғи йўқ: иймонга бўйин эгадиган, шукр айтиб чарчамайдиган, қўлимиздан келганича дунёни эзгу амалларга тўлдириб ташлайдиган ҳолат.

Аммо… аммо… аммо.. Юлдуз хоним Ибрагимовна бир қўшиғида айтганидек: “Туя тўйди, фил тўйди, сен тўймадинг одамзод…” Шу ўринда Навоий бобомизнинг абадиятга даҳлдор жумлаларини ҳам яна бир бор ёдга олиш ўринли: “Футувват барча бермакдир, емак йўқ, Мурувват барча қилмакдир, демак йўқ”. Қадимда икки қавм одамийлик ва сабрда баҳслашиб қолишибди.

Биринчи қавм иккинчисига: “Бизлар меҳнатдан қидириб топганимизни беҳад шукрона билан еймиз, топмаган кунларимиз сабр қиламиз” дейишса, Иккинчи қавм: “Бизда итлар шундай қилишади. Биз эса топганимизни ўзимиздан шароити қуйироқларга инфоқ-эҳсон қиламиз, ортса еймиз”, деган эканлар.

Юқоридаги мисолларни қайта-қайта ўқинг, хулоса ўзингиздан. Ўз сўзларимда реал воқейликда бўлган, ҳикматли китобларда ёзиб қолдирилган ҳодисаларни ёзиб, журналистнинг холислик принцпидан келиб чиққан ҳолда қисқа иқтибослар келтирдим холос.

Аслида гапирса гап кўп. Янги даврий тақвим остонасида ҳеч кимнинг кайфиятини бузмоқчи эмасман. Шунчаки кўпчилигимизга маълум гапларни эслатган ҳолда умр саҳифамизнинг янги вароғини пок ният, кенг кўнгил, эртанги кунга ишонч, сўнмас шижоат билан очишингизни истардим.
Алишер АБДУМАЛИКХОН,
мустақил журналист.
Источник: www.sayyod.uz