Булашиқхонада йиғлаган Бош вазир

Булашиқхонада йиғлаган Бош вазир
118 views
08 January 2014 - 8:27

Ўтган асрнинг ўртасида Туркия Бош вазири лавозимини эгаллаган Аднан Мандарас 1952 йилда НАТО йиғилишида иштирок этиш учун Францияга сафар қилади. Парижга етиб келгач, Мандарас Туркиянинг шу ердаги элчисини чақириб: “Юртимизнинг ва мусулмонларнинг сўнгги ҳалифаси султон Абдулҳамид II-нинг оиласи Парижга сургун қилинган деб эшитгандим. Ғайриюртда улар қандай кун кечирмоқдалар, нима билан машғуллар?” – деб сўрайди. Шунда элчи султон оиласининг тақдиридан бехабар эканлигини айтади. Бу жавобдан жунбушга келган Аднан Мандарас элчига: “Сенга 24 соат муҳлат! Ё султон оиласининг манзилини топиб келасан, ёки истеъфо ҳақидаги аризанг билан келасан!” –деб, шарт қўяди.

AdnanMenderes

Аднан Мандарас

Бироз вақт ўтгач, Туркиянинг Франциядаги элчиси сўнгги ҳалифа султон Абдулҳамид оиласининг Париждаги истиқомат манзилини топиб келади. Шундан кейин Туркия Бош вазири Аднан Мандарас шу манзилга ўзи йўл олади.

Абдулҳамид II-нинг оиласи истиқомат қилаётган уйга келгач, Аднан Мандарас султоннинг оила аъзолари ишда эканликларидан хабар топади ва уларнинг иш жойига йўл олади. Ватанидаги сўнгги султоннинг оила аъзоларини излаб, Туркия Бош вазири Париж чеккасидаги бир булашиқхонага (идиш-товоқ ювиш хонасига) келиб қолади ва жуда изтиробли бир манзаранинг гувоҳи бўлади: мусулмонларнинг сўнгги ҳалифаси султон Абдулҳамид II-нинг оила аъзолари – 80 ёшли рафиқаси Шафиқа хоним, 60 ёшидаги қизи Ойша хоним ва султон оиласининг бошқа аъзолари – французларнинг кирларини ювардилар.

Кўзёшлардан ўзини тута олмаган Аднан Мандарас Шафиқа хонимнинг қўлларини ўпиб: “Онам, мени кечиринг, олдингизга кеч келдим!” – дейди ва йиғлаб юборади. Шунда султон оиласининг Францияга сургун қилинганига ўттиз йил тўлгандан кейин ташриф буюрган миллатдоши ва ватандошига қарата Ойша хоним: “Сиз кимсиз?” – дейди. Аднан Мандарас: “Мен Туркия Бош вазириман” – дегач, Усмонли хонимлари ҳам йиғлаб юборишади.

Франция сафари ниҳоясига етгач, Аднан Мандарас Туркияга қайтади. Ва мамлакатнинг ўша пайтдаги президенти Жалол Байарга мурожаат қилиб: “Мен Парижда Усмонли оиласининг хонимлари французларнинг кирларини юваётганига гувоҳ бўлдим. Ғайридинлар султонимиз хонимларини камситиш учун шундай ишга қўйганига шубҳам йўқ. Бу ҳол мусулмон ва турк учун исноддир. Шу сабабдан мен уларни авф қилиб, Туркияга қайтариш ҳақида қарор чиқармоқчиман” – дейди. Бош вазирнинг бу гапларидан қўрқиб кетган президент: “Аднан бей, жим. Бу ҳақда бошқа оғиз оча кўрманг. Бу гапингиз камолист газетачилар ёки анави ҳарбийларнинг қулоғига чалинса, улар ғала-ғавур кўтариб, ҳарбий тўнтариш уюштириб, сиз билан мени қатл қилишади” – дейди.

Ана шунда Аднан Мандарас чўнтагидан бир қоғоз чиқаради ва президент Жалол Байарга узатади. Бу қоғоз Бош вазирнинг истеъфо сўраб ёзган аризаси эди. Президентнинг: “Бу истеъфонинг сабаби нима?” – деган саволига жавобан Аднан Мандарас тарих китобларига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган мана бу сўзларни айтади:

Ғайри юртларда ғайридинларнинг кирини ювишдек паст ишларда хор бўлиб юрган оналари ва оталари, болалари ва қизлари бор юртга раҳбар бўлишдан ор қиламан”.

Сўнгги ҳалифа Абдулҳамид II-нинг оила аъзоларини авф қилиб, Туркияга қайтариш масаласи кейинчалик мамлакат парламентида кўриб чиқилади ва ижобий ҳал қилинади. Бош вазир Аднан Мандарас Усмонли хонимлари Туркияга қайтганидан кейин ҳам уларнинг ҳолидан доим хабар олиб турди.

Аднан Мандарас сиёсий фаолияти давомида жамиятни демократлаштириш ва ҳақиқий сиёсий эркинликлар татбиқ этиш тарафдори бўлиб келган. Айнан мана шу хусусиятлари учун у 1945 йилда дунёвийчи камолистларнинг Жумҳурият Халқ Партиясидан (ЖҲПдан) ҳайдалган. Кейинчалик Аднан Мандарас ЖҲПга муҳолиф бўлган Туркия Демократик Партиясига асос солади ва ушбу партия билан 1950, 1954 ва 1957 йиллардаги парламент сайловларида ғалаба қозонади.

Аднан Мандарас раҳбарлигида Туркия жуда катта сиёсий эркинликларга юз тутди, мамлакат иқтисодиёти оёққа тура бошлади. Ва буҳол мамлакатдаги дунёвийлик ва динсизликни ҳимоя қилувчи камолистларни ва НАТО югурдаклари бўлмиш ҳарбийларни ташвишга сола бошлади.

1950-1960 йилларда Туркия Бош вазири бўлиб ишлаган Али Аднан Эртекин Мандарас дунёвийлик тарафдори бўлган генерал Камол Гурсал бошчилигида уюштирилган ҳарбий-давлат тўнтариши натижасида ўз лавозимидан озод қилинади.

Ўзининг исломийлиги ва халқчиллиги билан танилган Аднан Мандарас 1961 йил 17 сентярь куни Имроли  oрoлида қатл қилинган. Қатл гувоҳларининг айтишича, Али Аднан Эртекин Мандараснинг ҳаётдаги сўнгги сўзлари “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ”  бўлган.

Туркия матбуоти материаллари асосида Саид АСКАР тайёрлади