Тарих

Тарих
67 views
18 January 2014 - 11:15

hqdefault

Ҳали ажралмайин олтин садафдан
Инсон жаҳолатдан турмаган эди.
Қуёш порлаб чиқди Макка тарафдан
Хали тарих буни кўрмаган эди.

Кўзларин ишқалаб улгурмай жаҳон
Қуёшнинг нуридан тополмай имкон
Нозил бўлган эди илоҳий Қуръон…
Хали тарих буни кўрмаган эди.

Қавмлар бир-бирин тутганда ёвкаш,
Оддий ҳол бўлганда турлича қараш.
Аллоҳу Акбар дер Билоли Ҳабаш…
Хали тарих буни кўрмаган эди.

Пайғамбар ўлганда адашмай уммат,
Тўғри йўл танлади, қолди саломат
Омонатга илк бор бўлди садоқат
Хали тарих буни кўрмаган эди.

Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али
Дунёни бошқарган ўшал маҳали
Камолотга етди башарнинг ҳоли
Хали тарих буни кўрмаган эди.

Саҳобалар кетди, чиқди тобеъин
Уларнинг қўлида ривож топди дин.
Ҳадис илми боис иймон бўлди чин…
Хали тарих буни кўрмаган эди.

Кейин ҳам чиқдилар олимлар қатор,
Бирида йўқ имкон бошқасида бор,
Кўтариб ташланди охирги ғубор…
Хали тарих буни кўрмаган эди.

Сўнг… сўнг тилим бормас айтмоққа, ҳайхот.
Охирги Расулга бўлганлар уммат
Дунё-ю ҳавасни тутдилар фақат…
Хали тарих буни кўрмаган эди.

Қуръонни Аллоҳнинг махлуқи дебон
Куфр йўлларни ҳам танлаган инсон.
Ҳанбални судраган топганда имкон…
Хали тарих буни кўрмаган эди.

Қози бўласан деб Имом Аъзамга
Таклиф этмиш бир кун подшоҳ ҳарамга.
Эй дунё, бир қара, бир бор назар сол
Дарра тагида жон берган одамга.
Хали тарих буни кўрмаган эди.

Олимлар букун ҳам туғилмишлар, лек
Қийиндир бу йўлда турмоқлик тетик.
То қиёмат қадар шу бўлар кўрик.
Хали тарих буни кўрмаган эди.

Хайрулла Ҳамидов