ЗАМИН НИДОСИ

ЗАМИН НИДОСИ
84 views
24 January 2014 - 9:30

hqdefault

Охиратнинг аламли ҳоли
Берар маним кўнглимга ғашлик.
Замин букун қария каби
Изламоқда сарғайган ёшлик.

Афсус ёшлик қанчалик олис,
Қанча узоқ олган бўлса йўл.
Бугун замин шу қадар маъюс
Ортга қараб чўзаётир қўл.

Ортда қолган карвонга боқиб
Замин оғир нафас олмоқда.
Унга чиққан одамлар холин
Кўриб букун ҳайрон қолмоқда.

Пайғамбарлар хитобидаги
«Аллоҳ якка» деган нидолар
Мушрик қавмга ҳаргиз ёқмасдан
Излаб кетмиш турли худолар.

Тақдир экан, ҳар кимса ўлмиш
Бу дунёда қолмагай тирик.
Пайғамбарлар отаси бўлмиш
Иброҳимнинг отаси – мушрик.

Замин бугун либосин ечди,
Бир воқеа кетмай ҳаёлдин
Нуҳ Аллоҳни йўлида кечди
Мушрик ўғил, мушрик аёлдин.

Тақдир экан, боқий саволнинг
Жавобига надомат тўлди:
Аллоҳ азиз қилган аёлнинг
Эри малъун Фиръавн бўлди.

Бу Аллоҳнинг хоҳиши экан,
Улар ҳадни босиб ўтишди:
«Аллоҳдан ёт илоҳ йўқ» деган
Ийсони ҳам шерик тутишди.

Замин йиғлар, беҳад алами…
Кўрмаганди бундай сабоқни:
Мусо қайтиб келганда қавми
Худо қилиб олди бузоқни.

Оҳлар урди охири замин
Ўша кундан қизиқтирмас зеб
Сўнгги Расул амаки учун
Йиғлаганда иймон айтинг, деб

Кўз ёшини аямай букун
Эрта учун қилолмай тоқат,
Замин тилга кириб сўзлади:
“У кун ҳали бўлгайдир даҳшат”.

Қиёматда менинг қозиғим –
Тоғлар жундек титилиб кетгай.
Одам тушган кундан тўплаган
Жавҳарларим отилиб кетгай.

Бағримдаги одамлар бари
Тирилгайдир савол-жавобга.
Алам бўлсин, ситамлар бўлсин
Энди йўқдир илож савобга.

Устимда не рўй берган бўлса,
Ўша кунда ҳаммасин кўргум.
Яхши – ёмон ишларга бир-бир
Мен ўшанда гувоҳлик бергум.

Хафа бўлманг, эй, бағримдаги
Одам насли бўлиб ўтганлар.
Қиёматда турганда афсус
Чеккайсиз сиз – иймон ютганлар.

У кун энди Аллоҳнинг амри
Мен сизларни чиқаргум минг йил.
Қайта менга жойлашолмайсиз,
Энди ўзга тутилар манзил.

Ё жаннатни ёки дўзахни
Уйингиз деб биласиз ул Кун.
Шунинг учун йиғлаётирман
Қалбимда дард билинг, шу учун.

Бугун тилга кирган бўлсам мабодо
Аллоҳ учун бир нима дедим.
Ажралишдан олдин сизларга
Бир насиҳат қилмоқчи эдим…

Ҳайрулло Ҳамидов