Усмон Ҳақназаров: Рустам Иноятовнинг янгийил “сюрприз”лари

Усмон Ҳақназаров: Рустам Иноятовнинг янгийил “сюрприз”лари
65 views
24 January 2014 - 11:23

2014 йилнинг илк кунлари Ўзбекистон МХХ хизмати раиси Рустам Иноятов томонидан уюштирилган баъзи “сюрприз”лар билан бошланди. Ҳаммаси ҳақида муҳимлик даражасига кўра бир четдан баён қиламиз. Шундай қилиб…

Ҳокимиятни Тошкент аймоғи вакилларидан тозалаш

2014 йил 6 январь куни Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятов “идора”нинг марказий аппарати, Тошкент шаҳри ва вилоят бошқармаларига ёпиқ топшириқ бериб, “давлат ҳокимиятининг олий, ўрта ва ҳудудий бўғимларида Тошкент шаҳрида туғилиб ўсган амалдорларни зудлик билан аниқлаш ва ишдан бўшатиш ҳақида” кўрсатма берди.

Тошкентлик “элементлар”ни аниқлаш ишлари вазирларнинг режим ва хавфсизлик бўйича ўринбосарларига юкланган бўлиб, улар бевосита “идора”нинг ўзига бўйсунишади.

“Идора” раисининг норасмий топшириғини бажариш энди-энди бошланаётган бўлса ҳам, баъзи иноятовпараст кадрлар кўрсатманинг илк босқичини амалга оширишга киришиб кетишди. Ана шундай амалдорлардан бири Тошкент вилояти ҳокими Аҳмаджон Усмоновдир. Ушбу мулозим пойтахт вилояти ҳудудида жойлашган олий ўқув юртларининг ректорларини йиғиб, институт ва университетларни тошкентликлардан тозалашни буюрди. А.Усмонов ҳудди шундай топшириқ билан маҳаллий ҳокимият амалдорларига ҳам мурожаат қилди.

Таxминларимизга кўра, Ўзбекистондаги куч-қудрати ортиб бораётганини ҳис қила бошлаган МХХ раиси Рустам Иноятов воқеалардан илгарилаб кетиб, мамлакатдаги сиёсий ҳокимиятни ўз қўлига олиш учун ўзига хос ҳужум уюштиришга қарор қилган кўринади. Бизнингча, ушбу тозалаш кампаниясининг якуний нишони Ўзбекистон молия вазири Рустам Азимов бўлиши керак. Ўзбек махсус хизматлари раҳбарининг фикрига кўра, Азимов ўзбек “чекистлари гвардияси”га республикадаги сиёсий ҳокимиятни эгаллашга ҳалақит қилиши мумкин.

МХХ раисининг ҳавотирларига кўра, Рустам Азимовни ҳокимият тепасига Ғарб ҳукуматлари, айниқса АҚШ ҳукумати олиб келиши мумкин. Афтидан, Рустам Иноятов ҳозирги молия вазирини мансабдан четлатиш режаси учун олдиндан замин яратишга ва тошкентлик Рустам Азимов “идора” режаларига зид равишда иқтидорга келадиган тақдирда ҳокимият тузилмаларини тошкентликлар босиб кетишининг олдини олишга қарор қилган кўринади. Ўзбек махсус хизматлари раҳбарининг янги йилдаги энг асосий “сюрпризи”, бизнингча, шу билан изоҳланади.

Бироқ Ўзбекистондаги сиёсий ҳокимиятни эгаллашга жиддий равишда киришган Рустам Иноятов фақат молия вазири Рустам Азимовдан ва уни қўллаб-қувватлаши мумкин бўлган тошкентликлардан ҳавотир олаётгани йўқ. Шундай қилиб…

“Чиқувчи” фуқароларни “ов”лаш

Ўзбекистон МХХ раиси мамлакатдаги сиёсий ҳокимият тақдири ҳақида қаттиқ қайғураётганидан далолат берувчи яна бир хужжат “идора”
раиси томонидан 2014 йил 3 январь куни чиқарилган “Вазирликлар, муассасалар ва бошқа давлат идоралари раҳбарлари ҳамда мансабдорлари оила аъзоларининг Ўзбекистон ташқарисига чиқиши мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида”ги топшириқдир. Энди давлат идораларида ишлайдиган амалдорларнинг қариндошлари Ўзбекистондан ташқарига чиққудек бўлсалар, мулозимлар ўз қариндошларининг бу “жинояти” учун “идора” олдида жавоб берадилар.

Олдинроқ, яъни 2013 йил декабрь ойида, мамлакат ташқарисига чиқадиган оддий фуқароларга нисбатан ҳам “идора” ҳудди шундай топшириқ берганди. Хусусан,  чегара назорат пунктлари, МХХнинг ҳудудий бўлимларига фуқароларнинг мамлакат ташқарисига қилган ҳар бир чиқишини қайд қилиб, бу ҳақида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар бериш тўғрисида буйруқ берилганди. Бундан ташқари, “чиқувчи” фуқаролар билан бошқа давлатларга қилинган сафарлар ҳақида суҳбатлар ўтказиш милиция идораларига юклатилганди.

Дарвоқе, декабрь ойидаги буйруқнинг имзоланишига Сурхондарё вилояти Денов туманидаги баъзи воқеалар сабаб бўлганди. 2013 йил 17 декабрь куни Денов посёлкасида истиқомат қилувчи фуқароларнинг бир гуруҳи электрэнергиясининг мунтазам ўчирилишига қарши норозилик билдириб, туман Электр тармоқлари идораси биносига ва марказий электрстанцисияга ўт қўйиб юборишади. Бунинг натижасида бино ёниб, марказий электрстанциясидаги асосий трансформатор портлаб кетади.

Ушбу воқеа ҳақидаги миш-мишлар фақат Сурхондарё вилояти маъмурий маркази Термиз шаҳригача эмас, балки Ўзбекистон пойтахти Тошкентгача тез етиб боради. Эртасига, яъни 2013 йил 18 декабрь куни, Деновга республика МХХ ва ИИВдан терговчилар жўнатилади. Деновга келгач, улар яқинда чет элдан келган фуқаролардан ёнғин ва портлаш ташаббускорлари сифатида гумонлана бошлашди. Ҳозирги кунда ўндан ортиқ маҳаллий фуқаро ва Россия фуқароларидан бир нафари МХХ ва ИИВ терговчиларининг норасмий гумони остида қолишмоқда.

Шу куни, яъни 18 декарь куни, президент Ислом Каримовга “ҳавотирларга зид ўлароқ Деновда қўпорувчилик амаллари ёки қўшни давлатлардан бостириб кириш ҳолатлари аниқланмади. Денов тумани электр тармоқлари идораси биносининг ёқиб юборилиши ва марказий электрстанциясининг портлатилиши туман аҳолисини электрэнергияси билан таъминлашда йўл қўйилган узилишларга қарши норозлик сифатида маҳаллий аҳоли томонидан уюштирилган”лиги ҳақида ҳисобот берилди.

Бироқ бу хабар ғазабланган президентни тинчлантирмади. Эртасига, яъни 2013 йил 19 декабрь куни, Ислом Каримов Термизга келиб, Нормўмин Чориевни Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимидан бўшатди. Қизиғи шундаки, ушбу муносабат билан ўтказилган вилоят Халқ депутатлари кенгаши сессиясида президент Ислом Каримов собиқ ҳокимни вилоят аҳолисига электрэнергияси етказиб беришдаги мунтазам узилишлар учун эмас, балки Денов тумани аҳолисининг норозилик амалига йўл қўйгани учун танқид қилди. Ушбу йиғилишда Каримов Чориевга шундай ташландики, гўёки 2011 йилда Чориевни Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимига президентнинг ўзи эмас, балки президентнинг душманлари ёки рақибларидан бири тайинлагандек таассурот уйғонди.

2013 йил 20 декабрь куни эса Рустам Иноятов президентнинг олдига кириб, Ўзбекистон фуқароларининг бошқа мамлакатларга чиқиш ҳолларини қайд қилиш ишларини бошлаш учун рухсат олди. Рустам Иноятов ва у бошчилик қилаётган “идора”нинг ушбу ҳатти-ҳаракатлари иноятовчилар “чиқувчи” фуқароларни нафақат Каримов ҳукуматига нисбатан, балки Ўзбекистондаги сиёсий ҳокимиятни осойишта эгаллашга нисбатан ҳам таҳлика деб билаётганидан далолат беради.

Шу билан биргаликда, Иноятов ва унинг “идора”си Гулнора Каримовани сиёсий жиҳатдан фалажланган шахс ҳисобласа ҳам, президентнинг тўнғич қизини нишонда сақлашни унутмаяпти. Шундай қилиб…

Гулнора Каримовага қарши урушда иштирок қиладиган журналистлар ва нашрлар

Ўзбекистон МХХ раиси 2014 йилнинг илк кунларидан бошлаб, ўзининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломовга президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарши ихборий курашни фаоллаштиришни буюрди. Хусусан, ўзбек махсус хизматларининг раҳбари ушбу ишга Ўзбекистон ташқарисида ҳамда ичкарисида танилган “мустақил” интернет-нашрларни жалб қилиш ҳақида топшириқ берди.

Ўз хўжайинининг топшириғини бажаришга киришган Шуҳрат Ғуломов Гулнора Каримовага қарши бошланган ихборий курашда янги фронт очиш учун бир қатор интернет-нашрларни танлаб олди. Ушбу иш учун бир нечта рус, қозоқ, қирғиз ва озарий сайтлар билан биргаликда Ўзбекистон МХХ йўриғидаги қатор “мустақил” ва “муҳолиф” интернет-нашрлар, шу жумладан, Harakat.Net, Zamondosh.Com, Milliyburch.Com, Uzmetronom.Com ва бошқа сайтлар саралаб олинди.

Шундай экан, 2014 йилда ушбу сайтлар Гулнора Каримовага қарши Ўзбекистон МХХ кабинетларида ёзилган материалларни эълон қилишда фаоллик кўрсатиши кутилмоқда. Шундай қилиб…

Сўнгсўз

Рустам Иноятов Ўзбекистон президенти лавозими учун қаттиқ курашаётганини ҳисобга олсак, 2014 йил қизиқарли бўлиши кутилмоқда. Агар ўзбек махсус хизматлари раҳбари ўзининг барча режаларини амалга оширса, жорий йилда ҳокимият тузилмаларининг тошкентликлардан тозаланишига ҳам, “чиқувчи” фуқароларнинг устидан ўрнатилган назоратнинг кучайишига ҳам, молия вазири Рустам Азимовнинг “қулаши”га ҳам, Гулнора Каримованинг ихборий “йўқ қилиниши”га ҳам гувоҳ бўлишимиз мумкин. Воқеалар шу тариқа ривож топадиган бўлса, Ислом Каримов ва унинг оиласи ҳам “қулаши” мумкин.

Ахир, касалманд Иноятов бекор ўтирмасдан, тер тўкиб ишлаяпти!

Усмон ҲАҚНАЗАРОВ,

сиёсатшунос

2014 йил 10 январь