Пайғамбарлар тарихи (7). Иброҳим алайҳиссалом

Пайғамбарлар тарихи (7). Иброҳим алайҳиссалом
45 views
06 February 2014 - 9:00

pt1Иброҳим алайҳиссаломнинг уруғи

Иброҳим бин Тораҳ (Озар), бин Наҳор, бин Саруғ (Шаруғ), бин Рау (Аргу), бин Фалиғ, бин Обир, бин Шолиҳ, бин Арфаҳшад, бин Сом, бин Нуҳ алайҳиссаломдир (1).
Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси Тораҳ (Озар) Ҳаррон қавмидан эди (2). Унинг Кўфа билан Басра орасидаги Куса қишлоғидан эканлиги билдирилади (3). Ҳаррон катта шаҳар бўлиб, Мудорнинг бир тумани эди. Раҳо билан ораси бир кунлик, Ракка билан эсa икки кунлик йўл эди. Мусул-Шом ва Рум йўли устидадир. Тўфондан сўнгра ер юзида илк қурилган шаҳар (4). Куса Бобил тупроғидаги Ироқ қишлоқларидан бўлиб, Фирот дарёсидан Ироққа оққан бир ирмоқнинг ҳам отидир (5).
Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси Тораҳ (Озар) Қирол Намруднинг бутларига қараб турадиган хизматчи эди. Ҳарронда очарчилик бошланганда оиласини (6) Намруднинг истиқомат қилаётгани (7) Кусага кўчирганди (8).

Иброҳим алайҳиссаломнинг онаси

Иброҳим алайҳиссаломнинг онаси Арфаҳшад бин Нуҳ ўғилларидан Карнбо бин Кусанинг қизи Нуна ва ёки Афройим бин Аргу бин Фолиғ, бин Обир, бин Шолиҳ, бин Арфаҳшад, бин Сом, бин Нуҳнинг қизи Абюна эди (9).

Иброҳим алайҳиссаломнинг шакл ва шамоили

Иброҳим алайҳиссалом ўрта бўйли, оқ юзли, ола кўзли (Мир Ҳованд. “Равзот ус-сафо”, Таржима. 187- саҳифа), оқ сочли, кулар юзли, хушрўй, очиқ пешонали, узун ёноқли, оқ соқолли киши эди (10).
Унга инсонлардан энг ўхшагани – оёқ изларигача (11), – Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом эдилар (12).

Қирол Намруд ва маърифатлари

Намруд биринчи марта ёмон йўл очган (13), биринчи марта бошига тож кийган (14), биринчи марта юлдузларнинг ҳолати ҳақида назариялар ўйлаб, амалиётлар қурган одам эди.
У Қобилдан сўнгра оташга илк топинган инсон эди.
Ердан бир оловнинг чиққанини кўрса, бориб олдида сажда қилган ва олов устида бир бино қурдириб, унга қараб турадиган бир хизматчи тайинлаган одам эди (16). Одамларни ўзига сиғинишга илк даъват этган киши ҳам у эди (17).

Халқнинг само илми билан шуғулланиши

Намруд замонида инсонлар ҳам юлдузлар илми билан шуғулланиб, кун ва ой тутилиши тарихини ҳисоблаб, юлдузларнинг мавқеларини белгилашарди (18), юлдуз ва фалакни ўрганиш учун ясаган асбоблари билан, ҳар хил хулосалар чиқаришарди (19).

Намруднинг туши ва даҳшатли тадбирларни бошлаши

Ривоятга кўра, ўша даврда тушида (20) бир юлдузнинг туғилганини кўрди. Бу юлдуз порлоқликда ой ва қуёшни ҳам хиралаштирганди. Намруд бундан жуда қўрқди. Сеҳрбозлар, коҳинлар ва қоифлар (оёқ изи ва юз чизгиларидан хулоса чиқарадиганлар)ни чақириб, бу тушнинг сирини сўради (21). Улар:
– Сенинг ўлкангда бу йил бир бола туғилади, у халқнинг динини ўзгартиради (22), сенинг ўлиминг, салтанатинг заволи унинг қўли билан бўлажак, – дейишди (23).
Ўша пайтда Намруд Куфа Бобилида истиқомат қиларди. Бу хабардан кейин бошқа бир қишлоққа кўчди. Аввалги жойидан бутун эркакларни чиқарди, фақат хотинларни қолдирди (24). Ҳар ўнта эркак устидан битта ишонарли назоратчи тайинлади (25). Туғилган эркак гўдакларнинг ҳаммасини ўлдиришни буюрди (26). Ва туғилган бутун эркак болалар ўлдирилди.
Аммо Намруднинг ўша шаҳарда бир иши чиқиб қолди. У ерга ўзи ишонган биттасини юбориши керак эди, бу ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси Озар эди. Уни чақирди (27).
– Мен сенга бир иш топширмоқчиман. Сенга қаттиқ ишонганимдан юборяпман. Оилангнинг ёнига бормаслик, у билан муносабатда бўлмаслик ҳақида онт ич (28). Менга қара, хотининг билан асло муносабатда бўлма лекин! – деди Намруд (29).
Озар:
– Мен бу хусусда динимдан заррача ҳам бой бермайдиган хасисман!, – деди (30).
Шунда Намруд унга вазифасини тушунтирди. Озар топшириқни бажариб бўлиб, “энди оиламни ҳам кўриб кетай, нима қилаётган экан”, деб (31) оиласи ёнига борди ва Намрудга берган сўзини тута олмади.
Кейин оиласини Куфа билан Басра ўртасидаги бир қишлоққа олиб бориб, ертўлага яширди. Емак ва кийим-кечаклар билан таъминлади.
Анча вақт ўтди, бирор ҳодиса юз бермади. Намруд “демак сеҳрбозлар ёлғон сўйлабди”, деди. Ва эркакларга “юртларингизга қайтаверинг” деб буюрди.
Эркаклар юртларига қайтдилар (32).
Ибн Исҳоққа кўра, Иброҳим алайҳиссалом туғилиш олдидан мунажжимлар Намрудга:
– Сенинг қишлоғингда Иброҳим исмли бир бола туғилиб (33), сенинг динингни рад қилажак, жамоатингни парчалаяжак (34), халқни динидан ажратиб, бутларни синдиражак, дейишди. Намруд қишлоқдаги бутун хотинларни тўплаб назорат остида тутди. Аммо Иброҳим алайҳиссаломнинг онаси ёш бўлгани учун ҳомиладорлиги билинмади ва назоратдан четда қолди. Намруд билдирилган ойда (35) туғилган барча эркак болаларни ўлдирди (36).

Иброҳим алайҳиссаломнинг туғилиши ва моғорада ўсиши

Иброҳим алайҳиссаломнинг онаси туғиш вақти келганида кечаси уйдан чиқиб, яқиндаги бир моғорага кетди ва Иброҳим алайҳиссаломни у ерда туғди (37).
Ибн Исҳоққа кўра эсa, Иброҳим алайҳиссалом Ироқда Бобилнинг Куса қишлоғида ҳозиргача унга нисбат этилган Мақомда туғилгандир (38).
Онаси янги туғилган болага нима лозим бўлса, ҳаммасини тайёрлаб, болани ўраб-чирмаб моғорада қолдирди ва уйига қайтди. Ва уйидан моғорага қатнаб, болага қараб турди. У ўғлининг ўнг қўли бош бармоғини эмиб ётганига гувоҳ бўларди. Эри Озар ундан ҳомиласини нима қилганлигини сўраганда, у:
– Бир ўғил туққандим, ўлди, – деб жавоб берди.
Озар уни тасдиқлаб, жим бўлди (39).
Иброҳим алайҳиссалом Исо алайҳиссалом милодидан таxминан икки минг йил аввал туғилгандир (40).
Иброҳим алайҳиссалом моғорада бир кунда бир ҳафталик, бир ҳафтада бир ойлик, бир ойда бир йиллик каби тез вояга етар эди. У моғорада 5 ой қолди. Озар ўғлининг моғорада яширин туғилиб, ўсганини билиб, жуда севинди (40).
Намруд эсa бу бўлиб-ўтган воқеаларни унутганди (41).
Иброҳим алайҳиссалом вояга етди (42). У она ва отасидан бошқа ҳеч кимни кўрмаган эди (43).

Иброҳим алайҳиссаломнинг она ва отасига берган илк саволлари

Иброҳим алайҳиссалом моғорада онасидан:
– Менинг Роббим ким? – деб сўради.
Онаси Нуна:
– Мен, – деб жавоб берди.
Иброҳим алайҳиссалом:
-Сенинг Роббинг ким? – деб сўради.
Онаси:
– Отанг, – деди. Иброҳим алайҳиссалом:
– Отамнинг Робби ким? – деб сўради.
– Намруд, – деди Нуна.
Иброҳим алайҳиссалом:
– Намруднинг Робби ким, – деб сўради.
Онаси:
– Жим бўл! – деди.
Иброҳим алайҳиссалом жим бўлди.
Нуна хотин ерининг ёнига келиб:
– Кўрдингми, халқнинг динини ўзгартирадиган бола сенинг шу ўғлингдир, – деди ва Иброҳим алайҳиссаломнинг саволларини Oзарга етказди.
Озар ўғлининг ёнига борганда ўғли ундан ҳам:
– Отажон, менинг Роббим ким?, – деб сўради.
Озар:
– Онанг, – деб жавоб берди.
Иброҳим алайҳиссалом:
– Онамнинг Робби ким?, – деди.
Озар:
– Мен, – деди. Иброҳим алайҳиссалом:
– Сенинг Роббинг ким?. – деди.
Озар:
– Намруд, – деди. Иброҳим алайҳиссалом:
– Намруднинг Робби ким?, – деди.
Озар ўғлига бир шаппат уриб:
– Жим бўл!, – деди (45)

Иброҳим алайҳиссаломнинг моғорадан чиқарилиши

Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси Тороҳ (Озар) ўртоқларидан:
– Менинг бир ўғлим бор, уни қиролнинг “ўлдир” деган буйруғига қарамай ўлдирмагандим. Бу болани яширган жойимдан чиқарсам, буни таҳликали деб ўйлайсизларми? – деб сўради. Ўртоқлари:
-Йўқ, бор, олиб кел, – дейишди.
Озар Иброҳим алайҳиссаломни ер остидаги моғорадан ташқарига чиқарди.

Иброҳим алайҳиссаломнинг илк бор кўрган ҳайвонлари ҳақида саволлари

Иброҳим алайҳиссалом моғорадан чиқиб, ер юзидаги ҳайвонларни кўриб, туя ҳақида:
– Бу – нима? – деб сўрайди.
– Бу туядир, – деб жавоб беради отаси.
Иброҳим алайҳиссалом инак (бузоқ)ни кўриб:
– Бу – нима? – деб сўрайди. Отаси:
– Инак, – деб жавоб беради. Иброҳим алайҳиссалом отни кўриб:
– Бу – нима?, – деб сўрайди, отаси унинг от эканлигини айтади.
Иброҳим алайҳиссалом қўйни кўриб, савол берганда, отаси бу ҳайвоннинг қўй эканлигини айтади.

Иброҳим алайҳиссаломнинг иршод Этилиши ва Аллоҳини топиши

Иброҳим алайҳиссалом ер юзида кезган бу ҳайвонларга қараб, “ҳар ҳолда шу жониворларнинг бир Робби бўлиши керак” деб ўйлади.
Иброҳим алайҳиссалом моғорадан илк чиққанида, кун ботган эди. Иброҳим алайҳиссалом бошини кўтариб осмонга қараганда, кўзига илк дуч келган юлдуз Муштарий юлдузи эди (46). Аллоҳу Таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг юлдуз, ой ва қуёшни кўриши ва ҳаққа эришувини Қуръони Каримда Шундай билдирди:
“Шундай қилиб Иброҳимга, (ўзига ҳужжат қилиб олиши) ва аниқ ишонувчилардан бўлиб қолиши учун, унга осмон ва ер мулкини кўрсатдик. Бас, уни тун қоронғилиги ўраб олганида, юлдузни кўриб “мана шу Роббимдир”, деди. Юлдуз сўниб ботганида, “мен ботганларни суймайман”, деди. Сўнгра туғаётган ойни кўриб, “мана шу Роббимдир”, деди. У ҳам ботиб кетгач, “онт ичаманки, агар Роббим менга ҳидоят қилмаса, мен ҳам йўлдан озганлар қавмидан бўламан”, деди. Кейин чиқаётган қуёшни кўриб, “Роббим – мана шу, у ҳаммасидан каттароқ!”, деди. У ҳам ботиб кетгач, “Эй қавмим, мен сизнинг ширкингиздан узоқман. Муҳаққақки, мен бир муваҳҳид ўлароқ юзимни осмонлар ва ерни яратган зотга қаратдим ва мен мушриклардан эмасман”, деди (Анъом сураси 75-79).
Робби унга: “Бўйинсун!”, деганида, у “Оламларнинг Роббига таслим бўлдим!”, деди (48).

Иброҳим алайҳиссаломнинг халқини огоҳлантиришга бошлаши

Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмининг бутларга топинишига ҳайратланиб:
– Қўлингиз билан йўнган бу нарсаларга нечун топинмоқдасиз? – дея хитоб этарди. Қавми унга:
– Буни бизга сенинг отанг ўргатди, – деб жавоб берарди. Иброҳим алайҳиссалом:
– Муҳаққақки, менинг отам ҳам йўлдан озганлардандир, – дер эди (49).

Озарнинг Иброҳим алайҳиссаломга акалари билан бирга бут соттириши

Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси Тароҳ (Oзар) ўз қавми топинадиган бутларни ясар ва уларни сотиш учун ўғилларига, жумладан, Иброҳим алайҳиссаломга ҳам бериб (50):
– Бутларнинг каттасини шу нархга, кичигини бу нархга сотинглар, – деб бозорга юборарди. Иброҳим алайҳиссалом бутларнинг оёқларидан боғлаб, судраб олиб борарди (51). Ва:
– На зарари, на-да фойдаси тегмаган бу бутларни оладиган борми? – дея сасланар эди ва ундан ҳеч ким бутни сотиб олмасди. Иброҳим алайҳиссалом бу сотилмаган бутларни ирмоққа олиб бориб, бошларини сувга тиқар ва:
– Ичинглар, – дея масxара қиларди. Шундай қилиб, бутларнинг бирортасини ҳам сотмай, қайтариб келарди (52). Акалари эсa қўлларига берилган бутларнинг ҳаммасини сотиб келишарди (53).
Иброҳим алайҳиссалом матоҳ ва кийим тижорати билан шуғулланган (54).
Ҳижратдан сўнгра деҳқончилик билан шуғулланган (Ҳаким. “Мустардак”, 2- жилд, 596- саҳифа).

Озарнинг Иброҳим алайҳиссаломни Намрудга олиб бориши

Иброҳим алайҳиссалом:
– Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир. У менинг Роббимдир. У ҳар нарсанинг Роббидир! – деган сайин онаси ва отаси Намруддан қўрқиб, йиғлар ва Иброҳим алайҳиссаломни огоҳлантирар эдилар. Иброҳим алайҳиссалом эсa:
– Мен учун Намруддан ҳеч қўрқманглар, мени кичиклигимда қўриган, катта бўлганимда ҳам қўрияжакдир, – дерди.
Лекин Озар биттасининг Намрудга чақимчилик қилишидан қўрқиб, ўзи Намрудга бориб:
– Эй қирол, сенинг туғилишидан қўрққанинг бола – менинг шу ўғлим бўлади. У уйимда эмас, бошқа ерда туғилиб, уйга олиб келингунча ундан хабарим йўқ эди. Мана, ўзим сенга хабар беряпман. Уни нима қилсанг қил, фақат мени айблама! – деди у. Намруд:
– Ўғлингни олиб кел, – деди.
Озар Иброҳим алайҳиссаломни Намруднинг ёнига олиб борди.
Намруд мажлисини безатиб, аскарларини саф-саф тизган эди.
Иброҳим алайҳиссалом соғ-сўлига боқиб:
– Эй қавм, сиз кимга топинасиз? – дея хитоб этди. Намруд эсa:
– Эй Иброҳим, сен менинг динимга кир, сени мен яратдим, ризқингни ҳам мен бераман, – деди. Иброҳим алайҳиссалом:
– Эй Намруд, сен ёлғон сўйлаяпсан. Мени яратган Робб менга тўғри йўлни кўрсатган Роббдир. Менга едирган, ичирган ҳам ўша Роббдир, – деди ва халқ ҳам, Намруд ҳам лол бўлдилар. Шунда Намруд Озарга:
– Эй Озар, ўғлинг ҳали кичик, нима гапирганини, менинг қадру қийматимни  билмайди, мулк ва салтанатимнинг буюклигини англамайди. Сен уни дарҳол олиб кет. Унинг азобимнинг шиддатидан қўрқит, балки ёпишиб олган нарсасидан қайтар, – деди (55).

Муҳаммад Солиҳ тайёрлаб,
2009 йилда Истанбулда нашр этган
“Пайғамбарлар Тарихи” китобидан.