ЎЗБЕК ПАРЛАМЕНТИ ФАОЛИЯТИГА ПАРДА ОРТИДАН НАЗАР

ЎЗБЕК ПАРЛАМЕНТИ ФАОЛИЯТИГА ПАРДА ОРТИДАН НАЗАР
35 views
01 February 2014 - 18:47

 

 Ушбу мақола ёзилишига 2013 йилнинг 16 декабрь куни maxala.org сайтларида чоп қилинган 77 ёшли фуқаро Лидия Вещикованинг “Депутатимизни излаб топишга ёрдам беринг” (“Помогите разыскать нашего депутата”) номли мурожаат хати сабаб бўлди.Лидия Вещикова хатида ўзи истиқомат қиладиган округдан сайланган депутатга берадиган анчагина саволлари борлигини, лекин уни қидириб тополмаётганини ёзади. Бу аёл ўз депутатини қидириб топа олдими йўқми билмадик, лекин уни топган тақдирда ҳам муаммоларини ҳал қилишда депутатнинг қўлидан бирон бир иш келиши даргумон. Чунки, Ўзбекистонда парламентаризм тугатилганига деярли йигирма йил бўлмоқда. Шундай экан, ушбу мақолада бугунги кунда бевосита халқ вакиллигини амалга ошириш учун масъул бўлган Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси деб номланувчи Ўзбекистон Парламенти Қуйи Палатасининг Ўзбекистон олий ҳокимият органлари тизимидаги ўрни, унинг амалдаги фаолияти, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси институционал тузилмалари ва депутатлар орасидаги ўзаро ижтимоий муҳит ва аксарият аҳолига ошкора бўлмаган баъзи қирраларини имкон қадар ёритишга ҳаракат қиламиз. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ҳуқуқий мақоми Конституциянинг VIII бобида мустаҳкамланган бўлиб, 76-моддада “Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади” деб белгиланган. Мақола давомида санаб ўтиладиган аксарият ҳолатлар ушбу келтирилган моддада акс этган иккита асосий муҳим жиҳат мазмуни билан боғлиқ.

Биринчиси, Олий Мажлиснинг, яъни Ўзбекистон Парламентининг олий давлат вакиллик органи эканлигидан иборат. Таъкидлаб ўтилган биринчи ҳусусият – Парламентнинг вакиллик органи эканлиги моҳиятига кўра анча кенг маъно касб этади, зеро айни шу ҳусусият мамлакат фуқароларининг сиёсий ҳуқуқларини амалга оширишларида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддаси бунга янада ойдинлик киритиши мумкин: “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар”. Демак, модда мазмунидан шу англашиладики, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутатлари, шу жумладан, вилоят ва туман кенгашлари депутатлари фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини таъминловчи вакиллари саналадидар. Назарий жиҳатдан мазкур механизм жуда мукаммал шакллантирилган бўлиб демократик жамиятларда қай даражада самарали фаолият юритаётганлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бироқ, Ўзбекистон каби яккаҳокимликка асосланган ва тотал ички назорат ўрнатилган давлатларда бу механизмнинг самарали ишлаши учун ҳеч қандай шароит мавжуд эмас. Бу борада, Ўзбекистон Парламентидаги асл ҳолат кўпчилик тасаввур қилганидан ҳам ёмонроқ дейиш мумкин. Бундай дейиш учун мавжуд асослар қуйидагиларда намоён бўлади:

1.  Олий Мажлис Қонунчилик Палатасига депутат сифатида сайланган (тўғрироғи, тайинланган) шахс Олий Мажлис биноси ичкарисига илк қадамини қўйган ондан эътиборан, функционал вазифаси ҳисобланган “халқ вакили” ваколати бино ташқарисида қолади. Чунки бино ичкарисида жойлашган ҳар бир қўмитада асосий вазифа ҳукумат топшириқларини бажаришдан иборатдир. Албатта, илк кунларда эндигина фаолият бошлашган кўпгина депутатлар ўз вазифалари нималардан иборат бўлиши ҳақида тасаввурга ҳам эга бўлишмайди. (Вазифа сифатида Президент Девони ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан келадиган топшириқлар назарда тутилмоқда). Ҳатто уларнинг кўпчилиги депутатлик ишининг асл мазмун моҳияти нимадан иборат эканлигини ҳам билишмайди. Вақт ўтиши билан улар ҳам қайта сайланган тажрибали депутатлар кўмагида Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси деб аталувчи қўғирчоқ тузиманинг ажралмас бўлагига айланиб боришади ва пировард натижада “халқ вакили” сифатидаги асл вазифасини буткул эсдан чиқаришади ёки бу ҳақда ўйламасликка ҳаракат қилишади.

2. Депутатларнинг “халқ вакили” сифатидаги вазифасини эсдан чиқаришларида Палата ичида атайлаб ўйлаб топилган ички тартиб қоидалар ҳам муҳим роль ўйнайди. Бунга биринчи навбатда, депутатнинг ўзи вакиллик қилувчи сайловчилари билан учрашувларни ташкил қилиш билан боғлиқ қоидаларни мисол келтириш мумкин. Баъзи ёзилмаган қоидаларга кўра депутат ўз ҳолича истаган вақтида сайловчилари билан учрашиш ҳуқуқига эга эмас. Бундай учрашувлар маҳаллий ҳокимиятнинг қаттиқ назорати остида аксарият ҳолларда жойлардаги маҳалла қўмиталари томонидан ташкил қилинади. Табиийки, учрашувга олиб келинган фуқаролар масъул шахслар томонидан депутатга ортиқча саволлар бермаслик ҳақида олдиндан огоҳлантирилади. Агарда бундай учрашувлар бирорта корхона ёки соғлиқни сақлаш тизими муассасаларидан бирида ўтадиган бўлса қатнашувчи ходимларни қалтис саволлар беришдан огоҳлантириб қўйиш вазифаси тегишли ташкилот раҳбарига юкланади. Депутат ҳам президент ва ҳукумат томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат ва бунинг натижасида аҳоли турмуш даражасининг тобора юксалиб бораётгани ҳақидаги нутқини тўлиб-тошиб тингловчиларга етказади ва гулдирос қарсакларни қабул қилиб олади. Умумиятла айтиш мумкинки, фуқароларнинг ўз депутатлари билан бу тарздаги учрашуви ҳудди бирорта санъат арбоби билан ўтказиладиган байрамона учрашувга ўхшайди.

Депутатнинг йиллик иш режасига киритилган сайловчилар билан учрашувлар ташкил қилиш ва Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси спикерига ҳисоботларини тақдим қилишлари учун яна бир ўзига ҳос усул йўлаб топилган. Унга кўра, депутатларнинг сайловчилар билан учрашувлари асосан, тегишли округдаги маҳаллий ҳокимият органлари томонидан уюштирилган қандайдир байрам тадбирлари, бирон бир ишлаб чиқариш объектининг ишга туширилиши, қайсидир шоир ёки давлат арбобининг таваллуди муносабати билан олий таълим муассасаси ёки коллежларда ташкил қилинаган тадбирлар белгиланган кун билан мослаштирилади. Табиийки, депутат бундай тадбирларга ўз сайловчилари муаммолари ва дардини тинглаш учун бормайди. Асосий вазифаси сифатида мамлакатимизда юрбоши бошчилигида олиб борилаётган буюк ислоҳотларни тараннум этувчи оташин нутқини адо этиб қайтади. Ўз навбатида, депутатнинг мазкур тадбирдаги иштироки эса сайловчилар билан учрашувлар режасини бажаришда чиройли бир ҳисобот учун асос ҳисобланади.

3. Ўз вакиллари билан учрашиш ва муаммоларини етказишдан маҳрум қолган сайловчиларнинг ўз вакиллари ҳисобланган депутат билан учрашиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси биносига келишдан бошқа чоралари йўқ. Лекин, бино ичкарисига бегона шахсларнинг киришлари учун шундай тартиб ўрнатилганки ҳатто Республика Миллий Хавфсизлик Хизмати биносига кириш тартиби ундан анча енгилроқ. Депутат билан учрашиш мақсадида келган фуқаро даставвал Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси биноси ўраб олинган тўсиқлардан ташқарида жойлашган, қабулхона деб номланувчи кичикина бинога мурожаат қилиши керак бўлади. Қоида тариқасида, фуқаро у ердан депутат ўтирган хонага қўнғироқ қилиши ва учрашиш мақсадини тушинтириши, депутат учрашишга рози бўлган кейин эса шахсни тасдиқловчи ҳужжатни (паспорт) тақдим қилган ҳолда қабулхонада ўтирган рўйхатга олувчидан рухсатнома ёздириб олиниши керак бўлади. Шундан кейингина, фуқаро рухсатнома ҳамда паспорт билан Парламент биноси тўсиқларидан ўтишдаги милиция пунктидан қайта рўйхатдан ўтиши ва ниҳоят асосий бинога кираверишда охирги маротаба яна бир бора қўриқчи милициялар текширувидан ўтиб, паспортини қолдириб ўрнига талон деб аталувчи кириш рухсатномасини олиши керак бўлади. Фуқаро қайтиб чиқаётганида қўлидаги қоғозчага депутатга имзо қўйдириб олиши ва уни милиционерларга топширгандан кейин паспортини олиши мумкин бўлади.

Сўзимиз бошида таъкидлаганимиздек, буларнинг барчаси қоида тариқасидаги процедуралардан иборат. Аслида депутат билан учрашиш мақсадида келган фуқаро ташқарида жойлашган қабулхона биносига келиши биланоқ муаммога дуч келади. Биринчидан, қабулхона биносида депутатларнинг ички рақамлари рўйхатини мавжуд эмас, охирги 10 йил ичида бўлмаган ҳам.

Фуқаро ўз депутати билан боғланиши учун бинодаги милиционер ёки рўйхатган олувчидан тегишли рақамни олиши мумкин. Иккинчидан, тушунарсиз ҳолат шундан иборатки, депутатларнинг ички телефон рақамлари рўйхати фуқарога кириш рухсатномаси берувчининг иш столида мавжуд. Бироқ, рўйхатга олувчи билан кичкина туйнук орқали мулоқот қилувчи фуқаро бу рўйхатни кўра олмайди. Энг ачинарлиси, фуқаро ўз депутати рақамини билиб олганидан кейин қўнғироқ қилган тақдирда ҳам ҳеч қачон депутатга боғлана олмайди. Қанчалик ғайритабиий бўлмасин, ҳақиқат шундан иборатки, бу рақамларнинг биронтасига иккинчи тарафдан ҳеч ким жавоб бермайди. Фуқаро учун ягона чора эса, депутатнинг мобил (қўл) телефонига қўнғироқ қилишдан иборат. Бундай имконият эса барчага тегишли эмас.

Санаб ўтилган ҳолатлардан кўриниб турибдики, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари ўз фаолиятларини ташқи ҳаётдан ва сайловчилар билан мулоқотдан узилган бир тарзда фаолият олиб боришади. Бундай вазиятда ўзбек Парламенти депутатларининг “халқ вакили”, “миллат вакили” сифатидаги функционал вазифалари ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас.

Конституциянинг 76-моддасида акс этган асосий муҳим жиҳатларнинг иккинчиси, Олий Мажлиснинг қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга ошириши билан боғлиқ эътирофдир. Ушбу моддага кўра, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси қонун чиқарувчи ваколатни амалга оширишда эксклюзив ваколатга эга.

Бироқ, қонун чиқарувчи ваколат ҳақида сўз борар экан, “юқоридан туширилган” қонун лойиҳасини қўл кўтариб тасдиқлаб бериш билан бирорта янги қонун қабул қилиш ташаббусини бир-биридан фарқлаш лозим. “Қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик Палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги қонун 2006 йил 21 августда қабул қилинган. Мазкур қонуннинг 3-моддаси қонунчилик ташаббусига эга бўлган давлат органлари тартибини қуйидаги тарзда белгилаб беради:

1) Ўзбекистон Республикаси Президенти;

2) ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси;

3) Қонунчилик Палатаси депутатлари;

4) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

5) Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди;

6) Ўзбекистон Республикаси Олий суди;

7) Ўзбекистон Республикаси Олий Хўжалик суди;

8) Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори.

Агар ҳозиргача амалда қабул қилинган қонунлар кўздан кечирилса лойиҳаларнинг аксарияти Президент ва Вазирлар Маҳкамаси ташаббуси билан тақдим қилинганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси таркибидаги турли соҳалар бўйича ихтисослаштирилган қўмиталардаги қонун лойиҳалари муҳокамаси уюштирилган томоша тарзида бўлиб ўтади. Қонун лойиҳалари муҳокамалари юзасидан ташкил қилинадиган қўмита мажлисларида депутатларнинг лойиҳага нисбатан қандайдир ўз фикр ва таклифларини билдиришлари ва бундай таклифларнинг инобатга олиниши ёки олинмаслиги лойиҳанинг ким томонидан тақдим қилинганига боғлиқ.

Аксарият ҳолларда Президент ташаббуси билан киритилган ва турли вазирликларда ишлаб чиқилиб Президент Девони ёки Вазирлар Маҳкамаси кўрсатмалари асосида кириб келган қонун лойиҳаларининг муҳокамаси қўмита мажлисларида хўжакўрсинга ўтказилади ҳамда бир овоздан маъқулланади.

Аслида, бутун Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари орасида қонун лойиҳасига нисбатан тайинли фикр ва таклиф билдира оладиган, етарли илмий салоҳятига эга депутатлар бармоқ билан санайдиган даражада. Камдан-кам ҳолатларда бирорта шундай депутат ташаббуси билан киритилган қонун лойиҳаси қўмита мажлиси кун тартибига қўйилса қўмита аъзоларига жон кириб қолади. Турли хил асосли ва асоссиз фикрлар билдирилади ва натижада қонун лойиҳаси тасдиқланмайди. Бу ўзбек Парламентининг барча қўмиталарида одатий ҳолга айланган.

Кейинчалик тасдиқланмаган мазкур қонун лойиҳаси Президент назарига тушиб қолгудек бўлса, Президент ташаббуси сифатида қўмитада қайта муҳокама қилиниб бир овоздан қабул қилинади.

Давлат раҳбари томонидан шу усулда бошқаларга тегишли бўлган қонун лойиҳалари ташаббусларининг ўзлаштириб олинганлигига кўпгина мисоллар келтириш мумкин. Масалан, Президент И. Каримов 2010 йил 12 ноябрда Олий Мажлис қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида сўзлаган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маърузасида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича 17 та янги қонунлар қабул қилиш бўйича ўз ташаббусини илгари сурди.

Мазкур қонунларнинг кўпчилиги бугунги кунга келиб қабул қилинган ва Президент ташаббуси билан қабул қилинган қонунлар сифатида эътироф этилади. Бироқ, давлат раҳбарининг мутлоқ янгилик сифатида ташаббус билан чиқиб илгари сурган мазкур 17 та қонунлари ичида “Гаров реестри тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш ташаббуси Марказий банк томонидан илгари сурилгани, “Риелторлик фаолияти тўғрисида” ги қонун лойиҳаси “Президент концепцияси”дан анча илгари ишлаб чиқилгани ва 2010 йил 7 июлдаги Олий Мажлис қонунчилик палатасининг йиғилишида муҳокама қилингани, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ҳам анча олдин, 2010 йилнинг 21 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси йиғилишида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Бахтиёр Ёқубовнинг мазкур қонун лойиҳаси ҳақидаги маърузасида батафсил маълумот берилганини ҳеч ким тилга олмайди. Чунки, бугунги кунда ушбу қонунлар учун ташаббус ҳуқуқи мутлақ бир шахсга – Президент И. Каримовга тегишли ҳисобланади.

Олий Мажлис Қонунчилик Палатасида бўлиб ўтадиган сессиялар даври депутатлар учун ҳеч қандай мазмун касб этмайди. Зеро, депутатлар кун тартибига олиб чиқилган қонун лойиҳалари тасдиқланиши учун бир овоздан қўллаб қувватлаш керак эканликларини жуда яхши билишади. Овозга қўйилган қонун лойиҳасининг келажакда минглаб инсонлар ҳаётига даҳл қилиши ҳеч қайси депутатнинг парвоига ҳам келмайди. Асосий муаммо, узундан узоқ давом этадиган сессия мажлисларини ухлаб қолмасдан тинчгина ўтказиб олишдан иборат.

Бу асосан, мажлисларда давлат телеканалларидан муҳбирлар чақиртирилганда ва мажлис жараёни эфир учун суратга олингандагина талаб қилинади. Телеканаллардан муҳбирлар қатнашиши ҳақида депутатларни огоҳлантириш, тўғрироғи уларни ухлаб қолмаслик ҳақида огоҳлантириш вазифаси қўмита раислари зиммасида. Қанчалик кулгили туюлмасин, бу бор ҳақиқат.

Қўмита раиси бундай мажлислар олдидан доимий уйқучи депутатларга ухлаб қолмасликларини сўраб илтимос қилишгача боради. Телевидения вакиллари қатнашмайдиган мажлисларда эса депутатларнинг бемалол ухлашларига қўйиб берилади.

Юқоридаги ҳолатларда таъкидлаб ўтилганидек, қонунчилик ҳокимияти вакилларининг мамлакат аҳолиси ҳаётида муҳим аҳамият касб этувчи қонун лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишигача бўлган жараёндаги иштироки шу тарзда намоён бўлади.

Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари орасида ҳам ўзига ҳос ижтимоий муҳит шаклланган. Бундан олдин, тўсиқлар билан ўраб олинган Парламент биноси ичида “халқ вакиллари” деб атаганимиз депутатлар ҳаётининг қай тарзда кечиши ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак. Парламент биносини замонавий усулда қад ростлаган бўлиб маиший жиҳатдан барча қулайликларга эга бўлган комплекс мажмуа дейиш мумкин. Қўполроқ қилиб айтганда, ушбу ҳашаматли сарой ичида Президент ва ҳукумат учун зарур бўлган қонунларни расмиятчилик учун тасдиқлаб берадиган депутатлар сақланади. Бу ерда сўз – депутатларнинг мутлақ кўпчилигини ташкил қилувчи қўғирчоқ депутатлар ҳақида бормоқда. Албатта, улар ичида ҳокимиятнинг юқори доираларига яқин бўлган бир нечта таъсирли депутатлар ҳам бор.

Улар ҳақида кейинроқ. Умумиятла айтиш мумкинки, депутатларнинг ўзлари фаолият олиб боришаётган Парламент биносидаги шароитлардан нолишлари учун ҳеч қандай асос йўқ. Бино ертўласида депутатлар учун севимли бўлган ва энг муҳими арзонлаштирилган кийим-кечак сотиладиган махсус расталар ташкил қилинган.

Лекин депутатларнинг ундан ҳам ҳуш кўрадиган жойи Парламент биносидаги спиртной ичимликлар сотиладиган дўкон ҳисобланади. Ушбу дўкондан кўпгина депутатлар арзонлаштирилган алкогол махсулотларини яшиклаб уйиларига ташишади.

Қўмиталарга берилган ҳар битта хонада асосан уч-тўрттагача депутат ўз иш столларига эга. Парламентдаги мутлақ кўпчиликни ташкил қилувчи қўғирчоқ депутатлар саккиз соатлик иш кунининг кўпгина қисмини ўз компьютерларида турли фильмлар ёки футбол учрашувлари кўриш, баъзида эса компьютердаги турли ўйинларни ўйнаш билан ўтказишади. Депутатларнинг кўпчилигининг компьютер саводхонлиги анча оқсаган. Аксарият қўғирчоқ депутатларнинг бу борадаги билим савияси икки-уч бет ҳисобот ёзиб топширишдан нарига ўтмайди.

Депутатларга берилган компьютерлар интернет тизимига уланган бўлиб Парламент биносининг ертўла қисмида жойлашган асосий сервер орқали таъминланади. Компьютер ва ахборот хавфсизлиги билан боғлиқ масалалар сервер жойлашган хонада фаолият олиб борувчи икки-учта техник йигитлар зиммасига юклатилган.

Бу йигитлар депутатларнинг компьютерларига техник хизмат кўрсатиш билан бирга ҳар қандай депутатнинг ўз компьютери орқали қайси интернет саҳифаларига кирганлиги ва нималарни кўчириб олганлигини ҳам назорат қилиб боради. Бу йигитлар депутатларнинг интернетдан фойдаланишидан келиб чиқиб уларнинг рўйхатини ҳам тузиб боради.

Масалан, интернетдан турли хил қўшиқлар ва мусиқали клипларни тинмасдан кўчириб оладиганлар санъат шинавандалари сифатида алоҳида рўйхатга киритилади, турли хил порно саҳифалардан фильмларни кўчириб оладиган депутатлар эса ахлоқи бузуқ депутатлар рўйхатига киритилиб борилади. Шуниси ҳайратланарлики, бу каби рўйхатга олиш ишларидан кўпчилик депутатларнинг хабари ҳам бўлмайди, баъзиларининг хабарлари бўлса ҳам эътибор қилишмайди.

Албатта, техник ходимларга бундай ишлар махсус хизматлар томонидан топширилади. Махсус хизматлар учун депутатнинг ахлоқи бузуқ ёки тузуклигининг аҳамияти йўқ.

Асосийси вазифа – баъзи депутатларнинг Ўзбекистонда тўсиб қўйилган муxолиф руҳдаги саҳифаларга айланма йўллар орқали кирилишининг олдини олиш ёки бундай депутатларни назоратга олишдан иборатдир.

Сўзимиз бошида таъкидланганидек депутатлар ўртасида шаклланган ижтимоий муҳит депутатларнинг бир қанча гуруҳларга табақаланишига асосланади. Уларнинг энг катта гуруҳи бутун депутатларнинг деярли саксон фоиздан ортиғини ташкил қилувчи қўғирчоқ депутатлардан иборат. Депутатларнинг мазкур гуруҳи ўз вазифасини қойиллатиб бажара олмасликлари баробарида дунёқарашининг торлиги ва билим даражасининг жуда саёзлиги билан ҳам ажралиб туришади.

Бундан бир неча йил олдин маҳаллий ҳокимиятлар тарафидан уюштирилган қайсидир байрам тадбирида ёш ҳонанда Алишер Файз (Турдиев) ўз чиқишини тугатиб даврани тарк этаркан ўнлаб депутатлар ушбу ҳонандадан дастхат сўраб ёш болалардек ўзаро тортишиб навбатда турганини кўрган кўпчилик ҳайратдан ёқа ушлашганди.

Ушбу ҳолатнинг ўзи кўпчиликни ташкил қилувчи депутатлар дунёқарашининг қанчалик торлигини яққол намоён қилади. Бундай депутатлар учун Олий Мажлис Қонунчилик Палатасида махсус ўқитиш курслари ташкил қилинади. Бу курслар асосан, депутатларнинг ўзларини қандай тутиши билан боғлиқ депутатлик одоби ҳамда телевидениядан келган муҳбирларга интервьюлар бериш тартиби ва нотиқлик санъатидан сабоқлар беришдан иборат. Ҳозирда кўпгина депутатлар телевиденияга интервью беришни анча ўрганиб олишган. Ўзи нима ҳақида гапираётганини тўлиқ тушунмайдиган бундай депутатлар интервьюси тугаган заҳоти уйидаги оила аъзоларига қўнғироқ қилиб телевиденияга интервью берганлигини, “Ахборот” ёки “Давр” информацион дастурларининг тунги сонида эфирга чиқиши ҳақида мақтаниб қўйишни ҳам унитишмайди.

Фақат мана шу қисқагина дақиқалар ичида бундай депутатлар ўзларини қандайдир нуфузли мансабдор шахслар сифатида ҳис қилишади, бироқ хоналарига киргач яна ҳамма нарса ўз ҳолига қайтади.

Депутатларнинг яна бир кичик гуруҳини Президент ёки биронта нуфузли вазир назарига тушиб қолган ёҳуд ҳокимиятнинг юқори доираларига яқин бўлган бир нечта шахслар ташкил қилади. Улар қаторига Қонунчилик Палатаси спикери Дилором Тошмуҳамедова, Спикерининг ўринбосари  Бахтиёр Ёқубов, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг раиси Акмал Саидов, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Ахтам Турсунов ва бошқа бир нечта шахсларни киритиш мумкин.

Уларни аксарият кўпчиликни ташкил қилувчи қўғирчоқ депутатлардан фарқ қилувчи асосий жиҳат – уларнинг халқ ва сайловчилар учун эмас, балки тўғридан тўғри ижроий ҳокимият учун ишлашларидан иборат.

Мақола давомида келтириб ўтилган барча ҳолатлар бир неча йиллар мобайнида депутатларнинг фаолият тартибини яқиндан кузатиб бориш ва баъзи жараёнларда бевосита қатнашиш натижасида қайд қилинган. Бироқ, шунга қарамасдан мақолада назардан четда қолган ёки жиддий эътибор берилмаган ҳолатлар ҳам талайгина.

Келтирилган ҳар битта ҳолатни таҳлил қилган ҳолда айтиш мумкинки бугинги ўзбек Парламенти бутун давлат тизимининг таркиби сифатида тубдан ислоҳ қилишни талаб қилади. Шундай экан, турли хил муаммоларига ечим топиш мақсадида сайловларда овоз берган депутатларини излаб юрган инсонлар ҳақиқатни тан олишларига тўғри келади.

Зеро, мавзу бошида таъкидлаганимиздек мавжуд тузумда Парламент биносидан ичкарига қадам қўйган ҳар бир депутат “халқ вакили” сифатидаги фундаментал вазифасини бино ташқарисида қолдиради. Қачонки халқ тақдирини ўйлайдиган ва миллат дарди билан яшайдиган инсонлар адолатли сайловлар орқали вакиллик органларига сайланмас экан, ўзбек парламентаризми ҳақида гапириш ноўрин.

 Миллатпарвар

Тошкент

01.02.2014