Олимлар

Олимлар
18 views
06 February 2014 - 10:36

images

Пайғамбарим айтмиш видо дунёга,
Саҳобалар ҳам топмишлар ўлимлар.
Қуръон ҳифзин олмишлар ўз бўйнига
Пайғамбарлар меросхўри – олимлар!

Ҳамма йиғлар то қиёмат юрсин, деб
Олам битта олимини кўрсин деб,
Балиқлар ҳам дуо қилар турсин, деб
Пайғамбарлар меросхўри – олимлар!

Уммат олим қандай бўлса-шундайдир,
Олимисиз қолган куни тундайдир.
Уммат аҳлинўз йўлига ундайдир,
Пайғамбарлар меросхўри – олимлар!

Сўрай десак, Расул йўқ орамизда,
Йўл оламиз улар томон оҳиста,
«Ош тузи» деб таъриф олган ҳадисда
Пайғамбарлар меросхўри – олимлар!

Қозиликни мансаб билмай қаролган
Нўъмон ўтди дунёдан юз буролган.
Ҳанбал бўлиб ҳақ деб отда судралган
Пайғамбарлар меросхўри – олимлар!

Бош кундада, ва ле ҳаққа чақирган
Ислом учун бор овоз-ла бақирган
Қуръон – Аллоҳ каломи, деб ҳайқирган
Пайғамбарлар меросхўри – олимлар!

«Расулуллоҳ, сиз заминда ётибсиз!»
Дея кирган Мадинага уловсиз,
Молик ўтди сўнгги онда қаровсиз…
Пайғамбарлар меросхўри – олимлар!

Баданлари тилка-пора бўлганда
Дин душмани ғазабларга тўлганда,
Фоний дунё учун қилмиш бир ханда
Пайғамбарлар меросхўри – олимлар!

Аммо гуруч ичра пайдо курмаклар
Бул муқаддас йўлларда ҳам эмаклар.
Ҳақ турганда, айтиб ўтган эртаклар
Пайғамбарлар меросхўри – олимлар!

Гоҳи истаб шохлигу, ҳукуматни,
Пуч дунёда топтаб иззат- ҳурматни,
Адаштирмиш баъзан бутун умматни
Пайғамбарлар меросхўри – олимлар!

Улар ҳақни яширурлар уялмай,
Дўстин айбин тоширурлар уялмай,
Энг мукаррам шарафни-да туёлмай
Пайғамбарлар меросхўри – олимлар!

Балки бизлар бир кун ундай, бундаймиз,
Олим тойса, уни ҳаққа ундаймиз –
Чунки улар қандай бўлса, шундаймиз
Пайғамбарлар меросхўри – олимлар!

Хайрулло Ҳамидов