Каримов Сочида қаерга ғойиб бўлди?

Каримов Сочида қаерга ғойиб бўлди?
44 views
09 February 2014 - 14:45

Сочига борган Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Олимпиада очилиш маросимида иштирок қилган президентлар ичида кўрсатилмагани турли таxмин ва гап-сўзларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлди.

Биринчи ва энг кўп тарқалган таxминга кўра, “Ислом Каримов Сочи-2014 очилиш маросимида қатнашгану, фақат Россия телевидениеси уни атайлаб (Россия президенти Владимир Путиннинг топшириғига кўра) кўрсатмаган. Xудди ўзбекистонлик спортчилар стадионга кириб келганда атайлаб “Тожикистон делегацияси”, деб таништирилгани каби” эмиш.

Бу таxминга кўра, Путин шу тариқа Каримовни масхара қилиб, ер билан бир қилмоқчи бўлган. Ҳудди ўзбекистонлик фаҳрий меҳмонлар рўйхатида президент Каримовнинг исми-шарифини наркофурушликда гумонланиб, қидирувга берилган Ғафур Раҳимовнинг исмидан кейин қўйиб, шарманда қилгани каби.

Иккинчи таxминга кўра эса, президент Ислом Каримов Сочига боргану, фақат ўз хавфсизлигидан хавотирга тушиб, яъни ҳаддан ташқари қўрқоқлигидан Олимпиаданинг очилиш маросимида иштирок қилмаган. “Ўзбекистон президентининг хавфсизлик хизмати Каримовга текширилмаган оломоннинг ичига бормасликни таклиф қилиб, шундоқ ҳам қўрқоқ Каримовнинг ўтакасини ёрган” – дейишмоқда бу таxмин тарафдорлари.

Учинчи таxминга кўра, Сочига айнан Олимпиаданинг очилиш маросимида иштирок қилиш учун борган Каримовнинг мазаси қочиб, Ўзбекистон президенти бу маросимда иштирок қила олмай қолган.

Ва тўртинчи тоифа гап-сўзларга кўра, ўз исми-шарифи ўзбекистонлик фаxрий меҳмонлар рўйхатида Ғафур Раҳимовнинг исми-шарифидан кейин қўйилганини Сочида билган Ислом Каримов Россия президентининг бу қилиғига норозилик сифатида Олимпиаданинг очилиш маросимига атайлаб бормаган эмиш. Яъни “ўзбек”лиги тутиб кетиб, Каримов: “Олимпиaдангаям, стадионинггаям, стадионингнинг директоригаям” – деган эмиш.

Саид АСКАР