Сўз эркинлиги бўйича Ўзбекистон 166-ўринда

Сўз эркинлиги бўйича Ўзбекистон 166-ўринда
17 views
12 February 2014 - 10:16
82D186D6-FF18-4766-8B43-B370E12940A4_w268_r1_cx1_cy0_cw92

Сўз эркинлиги бўйича Ўзбекистон энг ёмон кўрсатгичда яъни 166-ўринда. Шунинг учун ҳам бу суъратда Ўзбекистон қора рангда кўрсатилган

Қароргоҳи Парижда бўлган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти чоршанба куни жаҳон мамлакатларидаги матбуот эркинлигини баҳоловчи навбатдаги йиллик ҳисоботини эълон қилди. 180 мамлакатдаги вазиятга баҳо берилган мазкур ҳисоботда Ўзбекистон ўтган йилгига нисбатан икки поғона пастлаб, 166-ўринни эгаллагани қайд этилади.

Ўтган йили Ўзбекистон бу рейтингда 164-ўринни эгаллаб турганди, ундан аввалги йили эса 157-ўринда эди.

“Чегара билмас мухбирлар” (Reporters Without Borders) рейтингида Ўзбекистон постсовет ўлкалари ичида фақат Туркманистондангина (178-ўрин) юқорироқ поғонада турибди. Ҳатто фуқаролар эркинлигини ҳар томонлама чеклаб келиши эътироф этиладиган Белоруссияда (157-ўрин) ҳам сўз эркинлиги билан боғлиқ аҳвол анча яхши – бу мамлакат RWB рейтингида Ўзбекистондан 9 поғона юқорида.

Ўз ҳисоботида матбуот эркинлиги даражаси бўйича минтақада давлатларидан Қирғизистонни 97-ўринга, Тожикистонни 115-ўринга, Қозоғистонни эса 161-ўринга қўйган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотига кўра, кўплаб мамлакатларда, жумладан, собиқ СССР таркибига кирган давлатларида вазият йилдан-йилга ёмонлашиб бормоқда.

Ҳисоботда айтилишича, 148-ўринни эгаллаган Россия сони ортиб бораётган матбуот эркинлигини чекловчи қонунлари билан минтақадаги режимларга ўрнак бўлмоқда.

Уч ойдан буён норозилик акциялари гирдобида қолган Украина бу йил 10 поғона пастга иниб, 127-ўринни эгаллаган. “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти вакиллари мазкур рейтингда Украинадаги сўнгги воқеалар акс этмаганини, агар Евромайдондаги ҳодисалар ҳисобга олинганда Украина ҳозирги даражасидан ҳам пастроққа иниши мумкинлигини истисно қилмайдилар.

Постсовет ўлкалардан энг юқори ўринларни эгаллаганлари Молдова (56-ўрин), Арманистон (78-ўрин), Грузия (84-ўрин) ва Қирғизистон (97-ўрин) бўлди. “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотига кўра, бу мамлакатларда плюрализм ва матбуот эркинлиги даражаси нисбатан юқоридир.

“Чегара билмас мухбирлар”га кўра, Сўз эркинлиги индекси жаҳондаги 180 мамлакатдан бўлган журналистлар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамият фаоллари эга бўлган эркинлик даражаси ҳамда сўз эркинлигига риоя қилиниши бўйича расмийлар томонидан кўрилаётган чораларни акс эттиради.

Ўзбекистонда эса, кузатувчиларнинг қайд этишича, бу борада олға силжиш кузатилаётгани йўқ, билъакс, цензура тобора кучайиб бормоқда.

Ўзбекистон ҳукумати ҳали ҳам мустақил, расмий нуқтаи назардан фарқ қилувчи хабарларни бериб борадиган Интернет сайтларига тўсиқ қўйишда давом этаяпти.

Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саййид, Хайрулла Ҳамидов, Муҳаммад Бекжон, Юсуф Рўзимуродов ва бошқа журналистлар ҳамон Ўзбекистон қамоқларида қолмоқда.

Улардан бири – 15 йилдан буён қамоқда сақланаётган Муҳаммад Бекжон 2013 йили “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти томонидан матбуот эркинлиги ҳимояси учун курашчи ўлароқ тақдирланган.

Қамалишидан олдин Муҳаммад Бекжон мухолифат нашри ҳисобланмиш “Эрк” газетасига муҳаррирлик қилган. У мухолифатдаги Ўзбекистон халқ ҳаракати ва “Эрк” партияси лидери Муҳаммад Солиҳнинг укасидир.

ozodlik.org