Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (5)

Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (5)
34 views
18 February 2014 - 9:59

evril turon bu tog`lar(давоми)

Шундан кейин Ойгул:
– Эсонмисиз, оға! — дея Раҳмат полвонга иккала қўлини чўзди.
– Шукр, ўзинг эсонмисан?
Ойгулнинг нигоҳи «Сув хотин»га қадалди.
— Вой, Хумор, тушимми, ўнгимми!— дея у йўргалаб бориб, «Сув хотин»ни кўтарди,- қандоқ соз! Мен шунга келувдим. Хумор, бўл, «Сув хотин»ни айт. Маросимни шу ердан бош- лаймиз. Оға, Сиз ҳиммат кўрсатасиз-а?
Полвон истар-истамас бош ирғади:
– Фақат тез бўлинглар!
Хумор йиғичи Ойгулнинг ёнига келиб, ийманибгина эрига қаради. Полвоннинг кўзида «ноз қилмай, тез бўл», деган маъно акс этиб турарди. Шундай бўлса қам Хуморхоним тортинди:
– Ўзинг бошлаб бер, Ойгул,— деди.
– Билсам оғзимга талқон солиб турармидим?
– Ҳеч бўлмаса биттасини биларсан?
– Униям чала-чулпа биламан.
– Билганингча айт.
Ойгул «Сув хотин» қўшиғининг тўрт қаторинигина айтолди, холос:

Сув хотин сув,
Ёмғир ёғсин сув,
Ўра тўлсин сув,
Жала қуйсин, сув!..

Тузук, Ойгул,— полвон илжайди,— Хумор, навбат сенга. Йиғичи эрининг гапидан жонланди. Унинг овози қаришга юз тутса ҳам, «Сув хотин, сувсиз хотин» ашуласини гўзал бир оҳангда айтди:

Сув хотин, султон хотин,
Сояси майдон хотин.
Сув хотин, сувсиз хотин,
Кўйлаги гулдан хотин.
Ёмғир ёғсин, сув хотин,
Буғдой пишсин, сув хотин.
Уйларимиз дон-дунга
Тўлиб-тошсин, сув хотин!..

Тузук,— полвон «Сув хотин»нинг бошидан бирин-кетин уч пақир сув қуйди. Сўнг:—Қора тўқлини бердим,— деди.

Хумор йигичи эрининг тантилигини билса ҳам, унинг бундай ҳиммат кўрсатишини ўйламаган эди. У Ойгулга сездирмасдан полвонга норози боқди. Полвон: «Элдал кам жойим йўқ!» – деган маънони кўзида ифода этди.

Ойгул билан Хумор «Сув хотин»ни олиб, қишлоққа кетишди. «Энди хотинларга худо берди»,— деб ўйлади полвон чакалакзорга жўнаркан.

Йўл-йўлакай у тегирмонга кирди. Зах, моғор, дон, ун, қоп, мушук, каламуш, сичқонларнинг ҳидлари босган тегирмонни оқимтир-қорамтир гардлар қоплаган. Йирик, қалин тош «ғир… ғир…»лаб айланмоқда. Унга тақирловчи таёқча «тақ… туқ… тақ… туқ…»лаб уриляпти. Ҳар урилганда дўл бўғзидан тош остигача маълум миқдорда буғдой тўкилаётир. Залварли тош уни янчиб, майдалаб, унга айлантириб, қаршисига, хандакка отмоқда. Қудрат ёғоч куракчада хандакдаги унни бўз қопга соляпти.
– Ҳўкиз, одам келганда бундоқ қарасанг, ўласанми?
– Сенам одамми, махлуқ?— Тегирмончи куракчани унга санчиб, дўстига юзланди.
– Гап бундоқ, тушга бирор нима қилиб қўй.
– Бўлди, боравер,— Қудрат хотинларнинг иши юришганини англаб, илжайди. Аммо, унинг қизарган кўзи билан юзида қандайдир бесаранжомлик зоҳир эдики, буни полвоннинг сезгир нигоҳи илғади.
– Қонсирабсан, жаллод.
Қудрат синиқ илжайди.
Полвон салқин чакалакзорда тушгача васса йўнди. Кейин Қудрат билан сойнинг у қирғоғидаги ёнгоқ тагида, барра майсазорга ўтиб, иштаҳа билан қовурдоқ ейишди, устидан бостириб- бостириб қимиз ичишди.

Қудрат хурмача, лаган, косаларни олиб, бир маромда ғириллаётган тегирмонга кетди. Овқатланган заҳоти ётиш куфур ҳисобланса ҳам қимиздан вужуди бўшашган полвон қулочини кенг ёзиб, чалқанча ётди. Мажнунтолнинг устки шохида бир гўзал кўкчумчуқ нозик тумшуғи билан патларини оҳиста-оҳиста чўқиб, у ёқ-бу ёққа аланглайди ва оҳиста чуғурлайди. Сой суви шағиллаб тошдан тошга урилади, баъзан майда-майда зарралар полвоннинг юзига сачрайди.

Тегирмончи дўстини безовта қилгиси келмади. унинг бияларини суғориб қайтди. Сўнг тут ёнидаги тошўчоққа ўт ёқиб, чой қайнатди, хум чойнакка дамлади ва уни иккита пиёла билан бирга полвоннинг олдига олиб ўтди.
– Қани, махлуқ гур, дунёни сув босса ҳам тўпиғингдан келмайди.
Полвон кўзини очди. Қуёш ботарга қиялаган, ола-чалпоқ кўланка ҳам ўша ёққа оғган. У безовталаниб ўрнидан турди.
– Хотиржам бўл, байталларни сугориб келдим.
– Одамгарчиликниям биласанми, ҳўкиз.— Полвон майсага ястаниб ўтирди.— Бугун бошқача кўринасан?— Полвон унга синчковлик билан тикилди.— Кўзинг қизарибди. Қонсирабсан.
– Топдинг,— Қудрат чой қуйиб узатаркан, мийиғида кулди.
– Ўлгудай муғомбирсан, ҳўкиз. «Сув хотин» маросимини ҳам атайлаб уюштиргансан. Қонсирагансан-да!
– Калланг гартак ишлайди, махлуқ.
Полвоннинг гапида жон бор. Бир кезлари Қудратни «Қудрат қассоб» деб аташар ва «қўли ширин», «қўли енгил», «баракали қассоб» деб ҳурмат қилишарди.

Кейинчалик Қудратбек терлама касали билан оғриди. Тузалгач, баданида, қўлларида, оқ-оқ доғлар пайдо бўлди. Энди, эл уни: «Қудрат пес» деб атай бошлади. Қудратбек бу касалдан соғайгач, эски касбига қайтмади, балки тегирмончилик қила бошлади. Бироқ ҳар замон, ҳар замонда унинг асаби бузилар, кўзи қизариб, қўли қалтирайверар эди. Шу сабабдан ҳам полвон унга: «Қонсирабсан», деб айтган эди.
– Қонсираган бўлсам қонсираётгандирман, — деди Қудратбек, — бироқ жўра, бошимга бир ташвиш тушиб турибди.
– Қандоқ ташвиш?— Полвон ҳайрон бўлди.
– Ҳали бу гапни хотинимгаям айтганим йўқ.
– Мен жўраликни ҳар нарсадан устун қўяман.
– Биламан.
– Бўлмаса айт.
Тегирмончи оқ яктагининг ички чўнтагидан тўрт буклоғлик қогоз олиб, полвонга узатди. Полвон уни ёйиб, ўқишга тутинди: «Ассалому-алейкум, Отажон! Энам, ини-сингилларим, қариндош-уруғлар эсон-омон юришибими? Мендан ҳаммасига салом айтгайсиз. Отажон! Тилим бормаса ҳам Сиз азизга бир нохуш хабарни айтишга нечоғлиғ мажбур эканлигимни сезарсиз деган умиддамен.  Отажон, аввало, шайтон васвасаси билан бир хатолиғга йўл қўйган камина ўғлингизни маъзур тутишингизни ўтуниб сўраймен.  Каминага мударрисим Ҳожи Аъло(32)нинг эътиқоди баланд эрди. Ул зот мени вақт-бевақт ўз уйларига таклиф этиб турғувчи эрди. Шундоқ кезларда ул зотнинг пушти-камарларидан бўлғон қизи — Шаҳрибонуга кўзим тушгувчи эрди… Сўнгра, шайтон каминани йўлдан бир оздирдиким, буни энди тузатиб бўлмағай. Энди, бундан тониш ҳам қийиндир. Инчунин Ҳожи Аъло энг нозик зотлар билан қондош- қариндош… Тақдири азал экан. Энди Шаҳрибонуга уйланишдан бошқа чорам қолмади. Ташриф буюриб, шул мушкулни бир ёқлиқ қилиб кетишингизни ўтиниб сўрайдурмен. Келишингиз қанча тез бўлса, шунча яхши бўладир. Уятни ҳам бир ерга йиғиштириб, шуни маълум этадурменки, келинингиз бўлмиш — Шаҳрибонунинг гумони бордир. Бильакс, Сизнинг айтғонингизни қилиб, «Эрони қиз»ни никоҳимга олмас эрдим. Отажон, Сиз азизни орзиқиб кутадирман. Бул томонлар ҳам каминани шунга даъват этадирлар. Сизни беҳад соғинган ўғлингиз Мирзабек».

Раҳмат полвоннинг юзи тиришди:
– Бул хатни Мирзабекнинг битганига ҳам, шу ишни қилганига ишонгим келмайди,— полвон титраб, дўстига тикилган кўйи ўйланиб қолди.
– Қайдан билай, дўстим,— деди тегирмончи алам билан.
– Сенга уни ким келтириб берди?
– Қўзибоқар савдогар ўғли — Эгамберди…
– Қачон?
– Ўн кунча бурун. Хатни Эгамбердининг олдида ўқишни ноқулай сезиб, уни кейинроқ ўқийман деган ниятда шифтга — оғоч орасига қистириб қўйдим. Эгамберди кетиши билан кетма-кет кишилар келишди: айримлари буғдойларини ташлаб, айримлари унларини олиб кетишди. Ўша куни тинкам қуриб хат эсимдан чиқипти. Тонгда эса Азиз айтувчи(33) Лашкар йилқибоқарнинг ўғли Асқар қоядан учиб, қазо қилди, жанозага!» деган хабарни етказди. Ўзинг биласан. Лашкар жияним бўлади. Кейин икковимиз «Бўрили» дарага кетдик. Уч кун уникида қолдик. Дарадан келиб, ишга шўнғиб кетдим. Хат эса хаёлимдан кўтарилибди. Кеча сен билан қозининг қизи ҳақида гаплашганимизда, хат эсимга тушди. Тунда шиафтдан олиб ўқидим. Ўқидим-у, музлаб қолдим.
– Ҳимм…— Полвон дўстига ачинган бўйи тикилиб қолди. Фақат анчадан сўнг:— Ўғлингнинг қўли билан ёзилганми ўзи? — деб сўради.
– Ҳа.
– Ҳимм… Ўғлинг имонсиз экан, Қудрат. Илм берган, нон, туз берган одамнинг қизига кўз олалик қиладими»?! Бу — тубанлик, Қудрат! Тубанлик!
Тегирмончи оғир ўйлар сиқувида эзилиб, анча вақт жим ўтирди, сўнг:
– Нетай, юзимми ерга қаратти!— деди.
Полвон ўрнидан турди, индамасдан чакалакзорга қараб юрди. Тегирмончи унга бир сўз айтишга ботинмади.

Раҳмат полвон кечгача васса йўнди. Сўнг уйига чиқди. У хотинининг юз-кўзида ғам, ташвиш борлигини сезиб, ундан бунинг боисини сўради. Хумор йиғичи набираларини олдида жавоб бергиси келмади, шекилли, индамасдан уйига кирди. Раҳмат полвон унга эргашди.
– Нима гап ўзи, Хумор?— деб сўради,— Мунча қовогингдан қор ёғилмаса?
Хуморхоним эрига тикилган бўйи бир лаҳза иккиланиб тургач:
– Мирзабек ўғлимизнинг ҳам кўнгли Райҳонда экан,— деди, — энасига айтибди. Энди нима қилдик?
Полвон гапни чўзмади. Мирзабекдан келган хат мазмунини айтди. Хумор йиғичининг юз-кўзи ёришди. Бундан Раҳмат полвоннинг ғаши келди: «Эркакка қараганда, хотин зоти худбинроқ бўларкан», – деб ўйлади.

Тонгда Каттабоғ эли «Сув хотин» маросимини ўтказиш учун яёв, эшак ва отларда бир туп муқаддас қатранғи этагига, кўҳна мачит томон оқа бошлади. Ҳамма сайил, байрам, маросимлар ўша ерда ўтқазилар эди. Раҳмат полвон оқ бияни эгарлаб, маросимга атаган тўқлисини олдига кўндаланг қўйиб, тегирмонга тушди. Қудратбек тегирмонни кичик ўғли Яшарбекка топшириб, уни кутиб турган экан. Икки дўст йўлга тушди. Улар анча жойгача гаплашмай боришди. Охири тегирмончи:
– Бургага аччиқ қилиб, кўрпага ўт қўйиш ярамайди,— деди, – бўлар иш бўлган, бўёви синган. Икки ўртада Ҳожи Аъло қизининг носоғига қолиб, куйиб кул бўлмасин. Оғзига кучи етмаган одамлар: «Ҳожининг қизи уйида ўйнаш орттирипти», деб айтишлари аниқ. Кейин Ҳожи аъло эл ичида қандоқ бош кўтариб юради? Тўғри, айб ўғлимда. Бироқ, ғунажин кўзини сузмаса, буқа ипини узмайди, деган гап ҳам бор. Менинг ўғлим, сенинг ҳам ўғлинг, бир адашипти, йозиғидан ўтайлик. Ахир, унинг ўзи ҳам уйланишдан бош тортмаётир-ку. Икковимиз Бухорога бориб, қайтайлик. Қанча тез жўнасак, шунча яхши.

32 Макка-ю Мадинани зиёрат қилиб келгани учун Ҳожи номини олган.
33 Тўй, аза ва бошқа маъракаларга айтувчи товуши ўткир одам.

(давоми бор)