Гулнора Каримованинг одамлари пул ювишда айбланишмоқда

Гулнора Каримованинг одамлари пул ювишда айбланишмоқда
46 views
19 February 2014 - 15:58

imagesЎзбекистон Бош прокуратураси сайтининг www.genprok.gov.uz/‎ билдиришича, “Terra group” “Prime Media” ва “Gamma promotion” компания раҳбарларига нисбатан очилган жиноий иш доирасида тергов давом этмоқда.

Хабарда айтилишича, ҳибсдаги исмлари келтирилмаган 10 кишилик бу гуруҳ “қалбакичилик ва ноқонуний йўллар билан Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисида турли сохта ташкилотларни қайддан ўтказишган”, ҳамда “Солиқ тўлашдан бўйин товлаб, хорижий валюталарни яшириб, ноқонуний йўллар билан даромад топиш ва жиноий маблағларни қонунийлаштириш билан шуғулланишган”.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин Гулнора Каримовага яқин дейилган шахслар – Рустам Мадумаров, Гайане Авакян ва Екатерина Клюева Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 261-264 моддаларига биноан мажбуран терговга олиб келинганини хабар қилинганди.

Сўнгги хабарлардан маълум бўлишича, терговга тортилган шахслар томонидан давлат ва муайян ширкатларга ўта катта миқдорда зарар етказилган.

Гулнора Каримовага энг яқин дейилган бу шахсларнинг мажбуран терговга келтирилишини таҳлилчилар Ўзбекистонда президентлик сайловларига бир йил қолган бир пайтда президентликка потенциал меросхўр саналган Каримовнинг тўнғичига қарши навбатдаги зарба дейишмоқда.

Гулнора Каримова ва унга яқин шахсларнинг бошида қора булутлар ўтган йилнинг августида пайдо бўла бошлади. Францияда Гулнора Каримова ва унга яқин бир неча шахс билан боғлиқ ноқонуний пулларни ювиш бўйича текширув бошланди. Жиноят иши марказида Франция жанубидаги вилла дохил, бир қатор кўчмас мулк масаласи кўрилмоқда.

Швециядаги энг йирик телекоммуникация ширкати – TeliaSonera устидан очилган жиноий ишда ҳам Гулнора Каримова гумонланувчи сифатида кўрилмоқда.

gulyanew20131Гулнора Каримовага яқин тўрт шахс эса Швейцария банкидаги пуллар билан боғлиқ жиноий терговда расман гумонланувчи ҳисобланади. Швейцария ушбу жиноят иши доирасида 845 миллион доллар маблағни музлатган.

Гулнора Каримованинг ўзи пул ювиш ва коррупция даъволарини, албатта, рад этган ва Ғарб матбуотидаги чиқишларни ўзини ёмонотлиқ қилиш кампаниясининг бир қисми, дея атаган.

2012 йили бир гуруҳ швед журналистлари TeliaSonera Фин-Швед қўшма корхонасини текширган ва бу ширкат Ўзбекистон бозорига кириш учун 300 миллион тўлаганини фош этганлар. Бу миллионлар Гибралтарда Гайане Авакян шахси номига рўйхатдан ўтказилган ширкат ҳисобига туширилган.

Прокурор Гуннар Стетлернинг айтишича, TeliaSonera ширкати Ўзбекистон ҳукумати мулозимларига пора берган. Мақсад Ўзбекистон бозорига кириш бўлган, аммо бу иш анчайин мураккаб ва унга 10 та Европа давлати аралашган.

Ўзбекистон расмийлари ҳануз бу воқеалар юзасидан ҳануз бирор баёнот берган эмас.

ЎХҲ хабар маркази