Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (6)

Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (6)
179 views
20 February 2014 - 10:28

evril turon bu tog`lar(давоми)

Полвон жавоб бермади. Ўртага ноқулай сукунат чўкди. Полвон жим қолган кезларда, унинг салобати ҳар қандай одамни эзарди. Бироқ тегирмончи ҳам матонатли киши эди. «Жавоб бер», – деб қайта сўрамади. Фақат у аҳён-аҳён кўк эшагига «их… их…»лаб қўяр эди.

Икки дўст мачитга уч юз қадамча қолганда, кўлик(34)ларидан тушишди ва уларии Каттабоғсой бўйига боғлаб, тўқлини олиб, мачитга юришди. Шундагина Раҳмат полвон:
– Эртага саҳарда йўлга чиқамиз, Қудрат,—деди қовоғини очмай.
Тегирмончининг юзи ёришди. Бир энтикиб қўйди. Полвон:
– Йўл ҳозирлигини кўриб қўй,—деди.
– Бу ёғини менга қўй.
Улар дўнгликда жойлашган мачитнинг шундай этағидаги мўъжазгина тош уйга — Кўрбулоққа(35) кирдилар. Икки бўлмадан иборат бу уйнинг тагидан бир ариқ сув қайнаб чиқиб, пастга шағиллаб оқмоқда. Унинг нега «Кўрбулоқ», деб ном олганини ҳеч ким билмайди. Фақат эл орасида: «Кўрбулоқнинг тагида тилла сандиқ бормиш, саҳар чоғида энг тоза одамга кўринармиш”, деган ривоят юради.

Икки дўст бу ерга келувчи ҳар бир киши каби «Муқаддас сув»да юз-қўлини ювди, ҳовуч-ҳовуч ичди. Кейин мачитга чиқди. Дўлана, зирк, ирғай, зарангларнинг таглари ясанган- тусанган одамларга тўлиб-тошган.

Ҳадемай «Сув хотин» маросими(36) бошланди. Хумор йиғичи «Сув хотин»ии шарқираб оқаётган ариқ четидаги ичи кавак тут танасига боғлади. Сўнг қўлини осмонга чўзиб, тортаркан:
«Э, тангрим, ёмғир ёғсин!»— деди. Кейин «Сув хотин» устига уч челак сув қуйди. Ҳамма уни такрорлади.
Хумор йиғичи «Сув хотин» қўшиғини бошлади:

Ёмғир ёғсин, сув хотин,
Экин ўссин, сув хотин,
Омбор-ўра ҳосилга
Лиқ-лиқ тўлсин, сув хотин…

Аста-секин барча унга жўр бўлди. «Сув хотин» қўшиқлари хийла вақтгача давом этди. Кейин ўн чоғли киши мўъжазгииа қоя остидаги тош ўчоқларни тузатишга киришди. Чоллар майин майсаларга тўшалган кўрпачаларга ўтириб, гурунг қилишди. Тепада, қайрағоч тагида йигитлар теварак дўмбираларни сайратяптилар. Ёввойи бодомзор этагидаги чинор тагида қизлар чанқовуз чалиб майин оҳангда куйлаяптилар, Бир тўп қиз эса бойчечак, чучмома, момокурмак, кўкатлар теришяпти. Буларнинг ичида ойдай сулув Райҳон ҳам бор. У бошданоёқ оқ либосда. Райҳон қизлардан бўлакча тетиклиги, оёқ, бел, кўкрак, елкаларининг гўзаллиги ҳамда бўйчанлиги билан ажралиб турибди. У бу хислатлари билан кишига нечундур минилмаган саманни, асов, ҳуркак саманни эслатади. Унинг маъсуд нигоҳи, ўқтам хатти-ҳаракати, оламни ёритгудай жилмайиши шунчалар ёқимли эдики, ҳар қандай оқил ҳам унга ихтиёрсиз мафтун бўлиб қолар эди. Тангри ундаги гўзалликка яна гўзаллик қўшмоқчи бўлган тақдирда хатога йўл қўяр эди. Ахир, табиий гулга сайқал бериб бўладими?!

Ўнғар полвон Райҳонга яширинча суқланиб-суқланиб қараб қўймоқда. Буни Раҳмат полвон сезиб турибди-ю, бир нима дейишга ожиз.

Маросимга бешта тўқли, еттита эчки, учта така тушган эди. Қудратнинг кўзи одатдагидан бошқача чақнар, юзида ҳаяжон ифодаси кезар эди. У жониворларни бирин-кетин сўяр, таналарини ёнғоқ шохларига илар эди. Бу ишда унга Раҳмат полвон, Оқилбек, Ўнғар полвонлар кўмаклашар эди.

Ниҳоят, қозонларга гўштлар солинди. Ўчоқларда заранг ёғочлари ловуллади. Тушга яқин таомлар тайёр бўлди. «Сув хотин» маросимига йиғилганлар иштаҳа билан овқатландилар. Кейин кийикўт аралаштирилган кўк чойдан ичдилар. «Сув хотин» маросими янада қизғин давом этди. Лекин, Раҳмат полвон билан тегирмончи йилқилар боқилаётган дарага қараб кетишди.

Шомда Раҳмат полвон кўкишранг, туёқлари оқ-оқ дўнани билан тўқ қизилранг, пешонаси қашқа жийронини, тегирмончи эса тўрттала айғирини олиб қайтишди. Раҳмат полвон Бўронбекка «ражаб ойининг охирларида уйга келиб кет», мазмунида хат ёзиб, хотинига узатди:
– Тошкентга борадиган кишилардан бирига бериб қўй, ўғлингга топширсин,— деди.
— Хўп, Уғилой,—Хумор йиғичи хатни оларкан, маъноли жилмайди.

Икки дўст ва олти от саҳарда, хўроз бир-икки қичқирганда, йўлга чиқишди. Тўртта айғирга майиз, ёнғоқ, гилам ҳамда турли- туман матолар ортилган эди. Вилоятда ўғри, қароқчилар борлигини кам эшитса ҳам, «Кўза кунда синмайди», деб ўйлашибми ёхуд йиртқич ҳайвонлардан сақланиш учунми, ҳар қалай, улар милтиқ бцлан ханжарларини ҳам олишган эди. Раҳмат полвон ўзининг ўч газ бўйига ва дев гавдасига мос ирғай таёғини олишни ҳам унутмаган. У уч қулочдан узун, билакдан йўғон бу таёқни юзлаб ирғай оғочлари ичидан танлаб олган, чўғда пўстлоғини куйдирган, пичоқда силлиқ қирган, кейин уни қуйруқ ёғига обдон ишқаган эди. Раҳмат полвон нонранг, ниҳоятда пишиқ, чайир бу таёқни овга ё узоқ сафарга чиққанда ўзи билан бирга олиб юрар эди.

Улар Нурота тизма тоғларининг шимол томонидан, этакдаги шувоқ, каррак, янтоқ каби ўт-ўлан босган арава изидан аста-секин боришарди. Тоғ ораларида ўзбеклар, тожиклар, анави, учи-қири йўқ даштда эса қозоқлар яшайдилар. Полвон билан Қудрат уларникига киришар, ўзбек ҳам, қозоқ ҳам, тожик ҳам бу йўловчиларни ҳурмат билан кутиб олишар эди. Мезбонларнинг аксарияти Раҳмат полвонни танишар, танимаганлари ҳам ўнинг довруғини эшитишган. Қудрат дўстининг шунча узоқларда ҳам таниш-билишлари борлигига, яна улар уни қўй, эчки сўйиб кутиб олишларига қувонарди. Раҳмат полвон чавандоз сифатида Туркистонга танилган эди.

Узоқ вақт Каттабоғдан чиқишмаганигами, уларга бу гўзал кенгликларда юриш мароқли туюларди. Тоғ ҳам, дашт ҳам, ҳатто йўл ҳам кўм-кўк. Йироқларда, кўкимтир туман чулғаган чўл тўрида ялтираб тузкон кўринади. Бир-биридан узоқ-узоқ масофаларда ёйилиб юрган қўй, туя, от подалари ва қора, оқ ўтовлар кўзга чалинади. Ҳар ўн-ўн беш қадамда ўтлар орасида сўфитўрғай, бизғалдоқ, булдуруқлар пирпираб, чулдираб осмонга кўтарилади. Аҳён-аҳён тасқара деган қуш юмронқозиқ ёки калтакесакка ҳужум қилиб қолади. Баъзан тулки, баъзан шамолдек учиб кетаётган кийиклар бир кўриниб, кўздан ғойиб бўлади. Икки дўст буларни томоша қилиб, дам гаплашиб, дам сукутаро боришади. Бир пайт Раҳмат полвон:
– Ҳув, анави овулни кўраётирсанми, Қудрат?— дея қамчисини чўзиб, шимолий-ғарб томонга жойлашган уйлар ва ўтовларии кўрсатди ҳамда дўстининг жавобини кутмасдан давом этди: — Ўша овулни «Музқудуқ» дейишади. Айни йигит вақтимда шу ерга кўпкарига келганман. Ўшанда бир танти қозоқ билан танишганман. Ўзиям дев келбатли, мард йигит эди. Оти — Валихон эди. Уни бир кўриб ўтсак қандоқ бўларкан?

Қудрат осмон билан саҳро туташган жойга — қизараётган қуёшга тикилиб, ўйланиб қолди: «Дам ўтмасдан тагин анча юксак бўлади. Бироқ дийдор кўришмоққа не етсин?»
– Майли. Фақат саҳарда йўлга чиқишга сўз бер. Бўлмаса жазманларинг қўйиб юбормайди.
Полвон кўзини юмиб очди.
Ҳадемай улар саҳро ўтлари, мол, тезак, жун, тери, саксо- вул, сузма, қимиз, қумрон ислари анқиган мўъжаз овулга ки- риб бордилар. Ясси-ясси, кўм-кўк, кўм-кўк тепаларнинг ҳар жой-ҳар жойида суҳбатлашиб, дўмбира чалиб, ўлан айтиб ўтиришган ола қалпоқли кишилар кўринди:

Бояновул босинан булут кетпес,
Қия(37) даги тулкига қусим(38) жетмес,
Оқ бўз уйдин сиртинан аттантириб,
Қўш(39), қалқатай(40) дегенинг эсден кетпес…

Икки одам от қўйиб, саҳрони чангитиб, қаёққадир кетмоқда. Бир бола туяда юз қадамча масофада дам бориб, дам келяпти, қудуқдан идишда сув тортяпти. Овул атрофида қўзилар, туялар, биялар ўтлаб юришибди. Эшакдек-эшакдек келадиган, қулоқлари, думлари қирқилгая итлар беозор йўловчилар ўтаётганини сезиб, номигагияа ириллаб қўйишади. Қудуқдан хийла наридаги кўкаламзорда болалар шовқин-сурон солиб, аллақандай ўйии ўйнашяпти. Ҳар уй, ҳар ўтов олдида янги-янги манзаралар намоён бўлади: кимдир қўй сўймоқда, кимдир ўчоққа ўт ёқмоқда, кимдир отининг ёлини тараяати, кимдир ёрғучоқ айлантиряпти, кимлардир кигиз босишяпти… Ҳаммаси ўз юмушларини бир муддат ташлаб, нотаниш йўловчиларга қизиқсиниб қарашади, бир-бирларига алланималар доб шивирлашади.
– Ўликдай кўринган саҳрода шундоқ умр бор-а! — деб ажабланди Қудратбек.
Раҳмат полвон индамади. Унинг кўзи хиёл дўнгликда жой- лашган лойсувоқ уйнинг тиниқ деразасига қадалган эди. Полвон кўпкарига келганда, худди шу шаффоф дераза олдида сулув бир қиз гўзал елка ва дуркун кўкракларига тўлқинланиб ёйилиб тушган сочларини тараб ўтирган, у такрорланмас бу манзарани бохосданв кўриб қолган: сулув эса афсонавий бир табассум билан ўзини панага олган эди. Шунда унинг эсига бехосдан каттабоғлик йигитларнинг кўпчилиги билгувчи Ҳазрат Навоийнинг мана бу байти келган эди:

Ёраб, ул шахду шакар ё лабмудур?
Ё магар шаҳду шакар ёлабмудур?
Жонима пайваста новак отқали
Ғамза ўқин қошига ёлабмудур.

34 Кўлик – улов.
35 Кўрбулоқ ҳозир ҳам бор.
36 Ҳар куни бу ерга бир киши келиб, “сув хотин” устига сув қуйиб туради, ёмғир ёғса, уни “озод” қилади.
37 Қоя маъносида.
38 Қаричғай, бургут – қўлга ўргатилган овчи қуш маъносида.
39 Хўш, хайр, алвидо маъносида.
40 Суюкли.

(давоми бор)