Ўзгалар ҳаққига хиёнат қилган лўттибоз 5 йил қамоқда ўтирадиган бўлди

Ўзгалар ҳаққига хиёнат қилган лўттибоз 5 йил қамоқда ўтирадиган бўлди
35 views
21 February 2014 - 9:35

19696_srcҚийналган, ночорлашган шерикларига ёрдам кўрсатиш, мурувватли бўлиш, инсонларга хос одамийлик фазилатлари ҳисобланади. Аммо ҳар қандай инсон қалбида ҳам бу сингари ижобий хусусиятлар ва фазилатлар мавжуд бўлавермас экан. Аксинча, баъзи инсонларнинг қийин аҳволдаги кишиларнинг ожиз ҳолатидан фойдаланиш, ўзгалар меҳнати орқасидан ўз нафси «ўпқон»ларини тўлдириш сингари ғайриинсоний ва номақбул хислатларга эгалиги ачинарлидир. Яккабоғ туманининг Мустақиллик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшайдиган, 1976 йилда туғилган Соли Бўроновнинг ана шундай ўз нафси йўлида ўзгаларга жабр кўрсатишдан тоймайдиган салбий хислатли инсонлардан эканлиги намаён бўлди.

Соли Бўронов 2005 йилдан буён Россияда ишлаб келарди. Сўнгги уч йил мобайнида Москва вилоятининг Солнечногорек туманида “ООО Фирстрой” қурилиш фирмасида фаолият олиб бораётганди. Ўтган йил сентябрь ойининг ўрталарида таниши Ҳамро Ёрбеков унга учрашиб, ҳамқишлоқлари учун иш топиб беришини сўради. Соли Бўронов Ҳамро Ёрбеков билан биргаликда Ҳамронинг қишлоқдошлари, ўша вақтда ўзга элда, яъни Россияда ишсизликдан қийналиб қолган Мамат Некбоев, Шерқул Бекнаев, Икром Холмуродовларни телефон билан чақириб олишади. Фирма раҳбари ҳам худди шу пайтда қўшимча ишчилар кераклигини айтганди. Соли Бўронов янги чақирилган ишчилар билан оғзаки шартнома тузиб уларга анчагина катта ҳажмли иш улкан бино пойдевори учун бетон қуйишни топширади. У ўзини ушбу қурилишда иш юритувчи эканлигини билдириб, ишларни бажаришни назорат қилишини, иш тугагач, ўзи қабул қилиб олишини, ишчиларнинг озиқ-овқат таъминотини ҳал қилишини, иш ҳақларини олиб беришини тўлиқ ўзи бажаришини айтади. Айрим ташкилий ишлар ва озиқ-овқат харажатларидан ташқари Бўронов учула ёлланма ишчига бажарилган иш учун 8200 АҚШ доллари, яъни Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси бўйича 16 178 518 сўм миқдорда иш ҳақи ваъда қилади.

Тезликда ишга киришган Мамат Некбоев, Шерқул Бекнаев ва Икром Холмуродов бир ой давомида айтилган ишни бажаришади. Иш якунига етганда Соли Бўроновнинг бирданига ишчиларга муомаласи ўзгариб қолади. У учала ишчига қўполлик қилиб, уларни ҳақаротлаб арзимас иш ҳақи бериб, уларни тезликда бу ердан кетишларини айтади. Маълум бўлишича Соли Бўронов учала ёлланма ишчининг ҳар бирига 500 АҚШ долларидан, жами 1500 АҚШ доллари берганди. Бу пулларни у ҳар замонда бўлиб-бўлиб тарқатган. Бир ойлик ноқулай шароитдаги оғир иш учун ваъда қилинган меҳнат ҳақининг 6700 долларини Соли Бўронов ўйламай-нетмай ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборди.

Соли Бўронов бу фирибгарлиги билан жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман судининг ҳукмига кўра, тайинланган 5 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини умумий тарбия коллонияларда ўтайдиган бўлди.

Ганжа Мухсин