Ўзбек диктаторининг оила жанжали фонидаги ўлка портретига чизгилар

Ўзбек диктаторининг оила жанжали фонидаги ўлка портретига чизгилар
97 views
21 February 2014 - 14:46

ms-1Албатта, бугунги сиёсий вазиятда, Ислом Каримов воқеъликдан узилган бир ҳукмдор ва айёр МХХ раиси Иноятов томонидан ўйнатилган, куч-қувватдан қолган бир қария таассуротини қолдиради.

Аммо бу фақат зоҳирда шундай туюлади.

Гулнора атрофидаги шахсларга қарши операция Иноятов ва унинг «контора»сининг иши эмас.

Бу акция шахсан Каримовнинг буйруғи билан амалга оширилган ва унинг замирида, баъзи шархловчилар тахмин қилганидек, сиёсий эмас, балки молиявий сабаблар ётибди.

Бу операциянинг парда ортида яширин шахс — Гулноранинг онаси — Татьяна Каримова бор.

Эрини бундай радикал қадамга, яъни Гугушага энг яқин 4 кишини (унинг эри Рустам Мадумаров дохил) ҳибсга олишга айнан Татьяна Каримова ишонтирган.

Татьяна Каримова аввалдан бери тўнғич қизи Гулнорани, ўз миллионларини оиладан яширгани учун айблаб келарди.

Бутун дунёга овоза бўлган жанжалга ҳам сабаб айнан мана шу молиявий масала эди.

Ха, ягона мотив — сиёсий эмас, ватанпарварлик ёки мамлакат обрўсини қутқариш нияти ҳам эмас — пул эди. Бу пуллар маълум кишиларнинг (улардан бир нечтаси Гулнора Каримованинг уйида ҳибс этилди) ҳисобларидаги пуллар эди.

Тасаввур қилинг, биргина шахс (Рустам Мадумаров) номига хорижий банкларда 160 та ҳисоб очилганди!

Татьяна Акбаровна Гулнорага қарши доимо ўзининг умумий ҳамёни бўлган кенжа қизи ва куёви Темур Тиллаевни «ҳимоя» қилиб келган.

Татьяна узоқ давом этган курашдан кейин ниҳоят қизининг оиладан яширилган бойликларнинг ва хорижий банкларда ҳисоби очилган шахсларнинг ва улар номига қайд этилган кўчмас мулкларнинг ҳибс этилишига эриша олди.

Бу акциянинг энг яқин ҳадафи — Гугушадан қолган-қутган бойликларни ҳам тортиб олиш.

Истиқболдаги ҳадафи эса, Гулноранинг хориждаги миллионларини Ўзбекистонга, яъни оиланинг кассасига, қайтариш.

Биздаги маълумотларга кўра, шахсан Ислом Каримовнинг ҳисобида 12 миллиард доллар бор.

Гулнорапараст матбуот (uznews.net) эса бу ва Г.Каримовага қарши ва унинг атрофига қарши бошқа босим воқеаларини гўёки режим ва МХХнинг Г.Каримовага қарши уруши ҳамда Гулноранинг МХХ ғазабига учраганига мисол ўлароқ тақдим этаяпти. Аслида, Г.Каримова ўз онаси ва синглиси ғазабига учраган.

Бундай алғов-далғовдан давлатдаги нуфузли шахслар Каримовдан кейинги ҳокимият инфраструктурасини тайёрлаш мақсадида ўз ўйинларини бошлаб юборишди. Масалан, кучишлатар тизимлар бўйича маслаҳатчи Жамшид Файзиев бу тизимларнинг ўрта бошқарув қатлами таркибини деярли тўлиқ янгилади. Бу ўтиш даври арафасида ўта муҳим қадамдир.

Ички ишлар вазирлигининг янги раҳбари ҳам ушбу кадр алмашувлари билан ҳамоҳанг ишламоқда (буни Ислом Каримовнинг ўзи ҳам қувватлаган).

Каримов МХХ раиси Иноятовга тўлиқ ишонмайди, шунинг учун бу сассиз кадр алмашувларии Иноятовнинг иштирокисиз ўтди, дейиш мумкин.

Каримовнинг ўзбек махсус хизматлари раисидан қўрқишига боис, Иноятов россияпараст мулозим бўлиб келган ва шундайлигича қолган.

Иноятов қандли диабет хастаси ва унда бугун ҳокимият марказида бўлиш каби орзулари қолмаган. Унинг орзуси — тезроқ Москва яқинида Боровихадаги ҳашаматли вилласини қуриб тугатиш ва ўша ерда — Каримов фитналаридан йироқда — умрини ўтказиш.

Сўнгги 20 йилда у ҳокимиятда экан, жуда катта бойлик орттиришга муваффақ бўлди ва ўзининг бу борлиғини таҳликага қўймоқчи эмас.

Унинг ўринбосарлари, нисбатан ёш ва иддаоли генераллар Шуҳрат Ғуломов ва Ҳаёт Шарифхўжаев аллақачон ўз автоном ўйинларини олиб бормоқда ва энди «Бўри қариб бўлган» деганларидек, ўз шефидан қўрқадиган эмаслар.

Бугунги кучлар нисбатида яна бир ўта муҳим шахс бор бу — Бош вазир ёрдамчиси Рустам Азимов. Кланлар орасидаги кўпчилик уни Каримовдан кейинги Ўзбекистон раҳбари сифатида кўради. Чунки Каримов унга ҳайрихоҳ, чунки Рустам Азимов Каримовнинг хориждаги миллиардларининг қўриқчиси ва тасарруфчиси.

Расмий тизимлар билан параллел равишда яна бир гуруҳ — ҳокимиятни (тинч) топшириш жараёнига тайёргарликдан маъсул гуруҳ — ишлайди. Бу гуруҳ асосан истеъфодаги Махсус Хизмат полковниклардан ташкил топган. Бу ҳам воқеалар ривожига зимдан таъсир ўтказа оладиган ўта муҳим фактoрдир. Улар расмий шахслардан кўра эркинроқ ҳаракат қилади ва уларнинг фаолият майдони ҳам расмий шахслардан кўра анча кенг.

Бу орада ўзини «мухолифат ва мухолиф матбуот» дея атаётган кичкина тўда бор, бу тўда адолат ва сўз эркинлиги учун ўз отасининг шафқатсиз режимига қарши, курашиб хўрланган Гугуша билан бирлашиш орзусида.

Бу тўда ўзининг «бирлашиш ғояси»ни қабул қилмаётганларни безбетларча “уруш тарафдорлари” эълон қилмоқда. Каримов режимининг принципиал душманларига қарши бу гуруҳнинг  андишасиз баёнот ва xуружлари жамоатчиликнинг фаол қисмининг кун тартибини ишғол этмоқда.

Бу гуруҳ аслида диктатор қизининг обрўсини тиклаш уринишининг бир парчаси, ва у ўзини Каримов ҳокимиятини нисбатан камроқ диктатор бўлган қўлларига топшириш каби “олийжаноб мақсад”ни рўёбга чиқаришда воситачи қилиб кўрсатмоқда.

Яна маълумотлар бор-ки, айни мақсад билан «янги конструктив мухолиф партия» тузиш бўйича иш бошланган.

Бу «партия» таркибига “маълум шахс” Пўлатовдан айрилган собиқ «Бирлик»чилар киритилган эмиш. Яъни бу «партия», режага кўра, Г.Каримова обрўсини тиклаш лойиҳасининг сиёсий тираги бўлиши керак.

Мана шунақа ўйинлар.

Аммо Юнус Эмро айтганидай, «Боқайлик, Аллоҳ на aйлар, на aйласа гўзал айлар».

Муҳаммад Солиҳ