Онани эъзозлаган хон

Онани эъзозлаган хон
45 views
22 February 2014 - 9:51

Биз юзаки фикрлашга, дунёда фақат оқ ва қора ранглар, яхши ва ёмон одамлар бор, деб ўйлашга ўрганиб қолганмиз. Аслида биз билган ҳар қандай яхши одамда ҳам оз бўлса-да салбий ҳолат бўлиши мумкин. Биз нафратланган одамнинг эса қандайдир яхши томони ҳам бордир, деб ўйлаймиз.
Мен ҳурматли олимимиз Шариф Юсуповнинг “Тарих ва адаб бўстони” китобидаги “Элга шоҳу онага қул” мақоласини ўқиб, юқоридаги гапнинг исботини топгандек бўлдим. Адабиётшунос олимимизнинг бу мақоласи Қўқоннинг сўнгги ҳукмдори, биз фақат эринмасдан унинг салбий томонларини санаб берадиган Худоёрхон ва унинг онасига бўлган ҳурмати ҳақида.

… Худоёрхоннинг бобоси Ҳожибек ва отаси Шералихон “Олтин бешик” хонлари авлодидан бўлиб, Ҳожибек Норбўтахоннинг укаси, Олимхон билан Умархонга эса амаки эди. Норбўтахон вафотидан сўнг тахтни эгаллаб олган Олимхон тахтга даъвогар бўлиши эҳтимоли бор барча яқинларини, амакиси Ҳожибекни ҳам 1808 йили қатл эттиради. У ёвуз ишлари билан эл орасида ёмон отлиқ бўлиб, “Олимхон – золимхон” деган ном олади. Отасининг қатли чоғида Шералибек ўз акаси Улуғбек билан Таласга, қирғизлар томон қочади. Улуғбек йўлда ҳалок бўлади. Шералибек Таласга, ёлғиз ўзи етиб боради, ота- боболарига садоқатли бўлган кишилар орасида узоқ вақт яшаб қолади. У қўқондан қочганда 14 ёшда эди. Шу ерда балоғатга етиб, икки марта уйланди. Жарқиной ва Сўнаой деб аталувчи бу қизларнинг бири талас, иккинчиси бағиш қабиласидан бўлган. Шу йиллар мобайнида Шералихон Жарқинойдан Саримсоқбек, Худоёрбек ва Султонмуродбек исмли, Сўнаойдан Маллабек ва Сўфибек исмли ўғиллар ва Норчучук, Офтоб ва Моҳларойим исмли қизлар кўрган.

Шералихон фарзандларининг билимли, саводли бўлишини истаб Наманганнинг Нанай қишлоғидан Малла Тошбой исмли мударрисни чақиртириб, барча фарзандларининг асосий фанлар бўйича етарли билим олишига эришган, ўзи эса уларга ҳарбий маҳоратни ўргатган.
Шералихон улоқчин жамоасида 34 йил яшаб, ёши 50 га яқинлашганда, Қўқон хонлигида машъум воқеалар рўй беради. Бухоро амири Насрулло айрим баҳоналар билан Қўқонни босиб олиб, даҳшатли қотилликлар қилади. Қўқон хони Муҳаммад Алихонни, онаси Нодира бегимни ва бошқа кўплаб кишиларни ўлдиради. Қўқон тахтига бир ношуд кишини нойиб қилиб тайинлаб кетади.

Иброҳим икки ярим ой хонлик қилиб, кейин ўзи келган томонга кетиб қолади. Қўқон тахти эгасиз қолади. Сарой аъёнлари бир қарорга келиб улоқчин жамоасига Юсуп қирғиз деган саркарда бошлиқ вакиллар жўнатиб, Шералихонни Қўқон хонлиги тахтига даъват этадилар.
Шундай қилиб, Шералибек хон, унинг хотинлари малика бўлишади. Орадан уч йил ўтади. Ҳожибекни ўлдирган Олимхон ҳукмронлиги барбод бўлгач, ўттиз йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса ҳам унинг Муродбек исмли бир ўғли ҳали Шаҳрисабз, ҳали Хива, ҳали Бухоро ҳудудларини кезиб, “бир кунгина хон бўлсам” деганига фаришталар ҳам омин дейишганми, у фурсатдан фойдаланади. Шералихоннинг асосий суянчиғи бўлмиш Мусулмонқули мингбоши ўз лашкарлари билан Наманга қирғизлар ғалаёнини бостириш учун кетганда ўз сарбозлари билан саройга бостириб кириб, хонни қатл эттиради. Унинг уч фарзанди – Маллабек, Сўфибек, Султонмуродбекларни қамаб қўяди, тез орада ўлдириш учун Муродхоннинг хонлик даври узоққа чўзилмади. Айрим манбаларда 7 кун, бошқа бирида эса 11 кун давом этади. Бу фожиалардан хабар топган Мусулмонқули ўша вақтда эндигина Наманган ҳокими этиб тайинланган ўн олти ёшли Худоёрхонни ёнига олиб, тезликда Қўқонга етиб келади ва ўша Муродхонни қатл эттириб, ўша куниёқ Худоёрбек оқ кигизга ўтқазиб, хон тахтига кўтарилади. Бу воқеа 1843 йил ёзида рўй берган. Шералихоннинг суюкли хотини, Худоёрхоннинг волидаси “Ҳоким ойим” дея улуғланади.

Хоннинг онаси Жорқиной қирғизларнинг талас жамоасидандир. У Шералихоннинг хотини сифатида ўн йиллар оддий қирғиз ўтовида яшади. Замонлар айланиб, дастлаб эса Шералихон, сўнгра ўғли Худоёрхон Қўқон хони бўлди. “Ҳоким ойим” номи билан бутун мамлакатга шуҳрати кетган Жорқиной сарой ичида ўзи севган қирғиз ўтовини қурдириб, вафотига қадар унда истиқомат қилган. Онасининг ҳар бир хоҳшини сўзсиз бажарган Худоёрхон отаси вафотидан сўнг ўрданинг аёллар яшайдиган қисмида онасининг кўнглидагидек кўркам ўтов қурдириб беради. Сарой аъёнлари ва теварак-атрофда турли миш-мишлар бўлса-да, хон сира иккиланмайди.
Ҳоким ойим Худоёрхон ҳукмронлиги, мадрасалар, қорихоналар, карвонсаройлар, бозор расталари, йўллар, кўприклар, Чинобод шаҳри ва бошқа қурилишларни амалга оширишда доно маслаҳатчи, савдо ишларининг ташаббускори бўлган.

1285 ҳижрий йилнинг рамазон ойида, милодий 1868 йилда Ҳоким ойим вафот этади. Жанозадан қайтган Худоёрхон ўн кеча-кундуз сурункасига ибодатда ўтиради. Кейин эса онасига атаб “Ҳоким ойим” мадрасасини қурдиради. Онаси хотирасига Шаҳрихон дарёсидан ариқ чиқариб, халқнинг аҳволини яхшилашга ҳаракат қилади.

Мен сизларга ҳақиқий мард ўғилнинг, хон ўғилнинг ўз волидаи муҳтарамасига кўрсатган ибратли эъзози ҳақида ҳикоя қилдим. Хоннинг онага бўлган ҳурмати, эъзозини кўриб, эшитиб, ҳар бир йигит ўрнак олса арзийди.

Хоннинг бу олижаноб иши бутун дунё йигитлари учун ибрат мактабидир.

Ҳаётда ҳар бир бола ота-онасини “ота-она” деб ҳурмат қилади. Улғайганидан сўнг эса ўзларини маданиятли ҳисоблашадими ёки энди “Катта одам бўлдим” деб ҳисоблашиб, “ота-она” сўзини айтишга ор қилади. “Бизнинг момашка”, “Бизнинг бобой” сингари совуқ сўзларни эшитиб қоламиз. Фарзанд 50-60 ёшга кирса ҳам ота-она учун у фарзанд. Бас, шундай экан, фарзандлар ҳам 50-60 ёшга кирсада, уларнинг ота-онаси, ўша олис болаликдаги ота-она. Шундай экан, ота-оналаримизни ҳурмат қилайлик, улрани “Отажон”, “Онажон” деб эъзозайлик. Бу дунё қайтар дунёдир. Нима эксанг, шуни ўрасан, дейишади.

Биз ота-оналарнинг ҳурматини жойига қўйсак, буни кўрган фарзандлармиз эртага бизни ҳам ана шундай эъзозлайди.

Ганжа Мухсин