Ўзбекистоннинг энергетика ва қазилма бойликлар заҳираси кимга наф келтирмоқда ёхуд халқ билмаган иқтисодий ўйинлар

Ўзбекистоннинг энергетика ва қазилма бойликлар заҳираси кимга наф келтирмоқда ёхуд халқ билмаган иқтисодий ўйинлар
347 views
22 February 2014 - 13:11

159879979Ҳар қандай давлатнинг иқтисодий ривожланиши, жаҳондаги эгаллаб турган ўрни кўпроқ шу давлатнинг энергия заҳиралари, табиий бойликларига боғлиқдир. Илм-фан, спорт, ва ижтимоий соҳалар ҳам асосий ўринни эгалласа-да, энергетика соҳаси ҳар қандай сектордан муҳим ҳисобланади. Энергетика соҳаси яхшиланган давлатда иқтисодий ривожланиш бўлади.

Шу билан бир қаторда дунёда бўлаётган давлатлараро келишувлар, урушлар, қарийб ҳаммаси энергия муаммоси туфайли вужудга келади. Бунга тарихда кўпгина мисолларни келтириш мумкин. Масалан, бирор бир давлатда энергия заҳиралари (газ, нефть, қазилма бойликлари…) кўп бўлса, бошқа қудратли давлатлар ўша давлат билан алоқани яхшилашга уринишади. Қандай йўл билан бўлмасин, ўша давлатнинг заҳираларини қўлга киритишга ҳаракат қилишади. Табиий газ, нефть, ва қазилма бойликлар маълум бир муддат ўтгандан кейин тугаши маълум. Буни дунёдаги ривожланган мамлакатлар, жумладан, АҚШ ва Европа мамлакатлари аллақачон тушуниб етишган.

Шундай экан энергия заҳираларини сақлаш, назорат қилиш Ўзбекистон учун энг асосий мавзулардан биридир. Лекин, нимагадир Ўзбекистон ҳукумати бу нарсага жуда ҳам енгиллик билан муносабатда бўлмоқда. Бунинг асосий сабаби, узоқни кўра олмаслик, коррупциянинг ривожланганлиги ва монополия тарзда назорат қилишдир.

Энг асосий энергетика соҳаларидан бўлмиш нефт ва газ соҳасини олиб кўрайлик. Қуйидаги саҳифаларда Ўзбекистонда қанча нефть ва газ заҳираси ва қанча миқдорда экспорт қилиниши ҳақида маълумотлар келтирилган:
https://www.cia.gov/library/publications/the-world-factbook/geos/uz.html 
http://www.nationmaster.com/country/uz-uzbekistan/ene-energy 
http://www.eia.gov/countries/country-data.cfm?fips=UZ

Маълумотладан кўриниб турибдики, нефть қазиб чиқариш ва экспорт қилиш шу йўсинда давом этса, тахминан 15-20 йилга бориб Ўзбекистоннинг нефть заҳираси поёнига етади. Шундай экан нефть ва газ соҳасини қаттиқ назорат қилиш жуда муҳимдир.

Ўзбекистонда нефт ва газ соҳаси назорати кимнинг қўлида ва қай йўсинда назорат қилинади?

Янгиликларни ўқиганимизда арзимаган 100-500 млн сўм учун кичик фирмаларни ёпиб, бошқарувчиларини қамаб бутун халққа намойиш қилишади. Лекин нефт ва газ соҳасидаги $100-$500млн.лик шартномаларни ким назорат қилади? Бундай катта суммадаги шартномаларни назорат қилишга ҳар кимнинг ҳам қурби етмайди. Чунки бу шартномалар кимларнингдир манфаатига қараб тузилади. Агарда охирги 5-10 йил мобайнида нефт ва газ соҳасида қилинган шартномаларни бир кўздан кечириб чиқилса, контракт тузувчи чет эллик фирмаларнинг аксарияти ёлланган фирмалардир. Масалан, Ўзбекистон нефть ва газ соҳасида янги лойиҳалар учун давлат ҳисобидан миллионлаб доллар ажратади. Бу лойиҳаларда иштирок этиш учун дунёни энг йирик компаниялари келишади, лекин давлат тендерларида фақат белгиланган ташкилотлар ютиб чиқади. Ажратилган сумманинг бир қисми кимларнингдир оффшор ҳисобига кўчирилиб, шу йўсинда катта давлат суммалари ўзлаштирилади. Бунинг натижасида қилинаётган лойиҳалар сифатсиз, баъзан эса охиригача етмай қолиб кетади.

Бундан иккита хулоса чиқазиш мумкин. Яъни давлат бойликларини ва давлат ҳисобидаги пулларни назорат қилувчилар бу системани (ўйинларни) умуман тушунишмайди ёки бўлмаса улар ўзлари бу ишнинг ичида (ўз ҳаққини олиб, ҳеч нарса бўлмагандек кузатиб тураверади).

Ҳа айтгандек, ҳар 2-3 йилда бир натижа ҳам кўрсатиб қўйишади, кичкина қилиб бирорта кичик нефтгазга алоқали фирмани ёпишиб (“жертва” қилиб). Ўзингиз ўйлаб кўринг, Ўзбекистонда энг юқори лавозимда ишлаётган назорат қилувчи органларни ойлик маоши қанча? Келинг кўпайтириб ҳам айтайлик – 2 миллион сўм дейлик. Битта қилинган 5 млн долларлик контрактдан 1% (яни $50.000) ўша ходимга ваъда қилишса, назорат қилувчи ходим осонгина қабул қилади, чунки 50.000$ни ишлаш учун у камида 6 йил ишлаши керак (ойлик маошини умуман ишлатмасдан йиғса).

Бизда бу нарсадан воз кечиб, ватанимиз келажагини, иқтисодини ўйлайдиган назорат ходими бормикин? Чунки кўпчилик ходимлар фикрида хозир битта нарса – давлатга қарши террор ва диний оқимлар ҳужуми бўлмаса бўлгани.

Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган нефтни қайта ишловчи ва экспорт қилувчи компаниялар аслида кимга қарашли эканлигини ҳеч ким суриштирмайди. Компания жойлашган манзил четда бўлиши мумкин, лекин унинг асосий таъсисчилари ва эгалари кимлар? Бу масала ҳам жуда муҳим. Буларни суриштириш унчалик қийин эмас, лекин ҳеч ким бу ишни қилмайди.

Нима учун катта нефт компаниялари Ўзбекистондан чиқиб кетишди? Чунки улар ҳақиқий нефт компаниялари ҳисобланади. Уларнинг чиқиб кетишига ўнлаб сабабларни уйдириш мумкин.
Юқоридаги айтиб ўтилган масалалар бу соҳада бўлаётган ўйинлардан бир шингилигина холос. Агарда шу масалалар профессионал тарзда назорат қилинса, Ўзбекистон иқтисодининг яҳшиланишига жуда катта таъсир кўрсатади.

Бизда қанча нефт қазиб чиқазилаётгани аниқ, қанчаси чегарадан чиқаётгани аниқ, фақатгина буларни экспорт қилинаётган нархларини тузилган шартноларидан хаққоний нарх қўйилганлигини аниқлаш ва ушбу экспорттан тушган (яъни лойиҳаларга ишлатилаётган) пулларни назорат қилиш керак холос.

Нефт ва газ соҳаси Ўзбекистон иқтисодиёти учун жуда муҳим ва ҳозирданоқ назоратга олинмаса, яқин 3-4 йилда бу бойликларимиз кимларнингдир четдаги ҳисобларини тўлдириши аниқ.

Бу мақолада нефт ва газ соҳасида умумий фикрлар берилди, лекин бу соҳада кейинги мақолларимизда чуқурроқ маълумотлар берамиз. Шунингдек, Ўзбекистон иқтисодига катта таъсир кўрсатадиган соҳалардан Энергетика (электр тармоқлари, лойиҳалар, тендерлар), Йўл қурилиши (лойиҳалар, тендерлар), Қазилма бойликлар назорати, Қишлоқ хўжалиги махсулотлари экспорти (монополиялаштирилган агро) соҳаларига бирма-бир тўхталиб, ушбу соҳаларда бўлаётган ўйинларни, коррупцияларни сизнинг эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Али Салоҳиддин
АҚШ