Ўзбекнинг иқрори

Ўзбекнинг иқрори
70 views
23 February 2014 - 11:23

images

Дунё мени танир, деган шубҳада
Юрдим, одамлардан умид-ла фақат.
Энди ноиложман, ўзимни ўзим
Таништирмоқ бўлдим, бергин ижозат:

«Ўн тўрт аср бўлди мўминлигимга,
Росул келган куни одам бўлгандим.
Оловларни санам, сувни худо деб
Ўша давргача руҳсиз ўлгандим.

Тиловат нелигин билмаган қалбим,
Ёввойи адирда унсиз йиғлаган.
Аллоҳнинг номисиз ўрнидан туриб,
Аллоҳнинг номисиз тунда ухлаган.

Бугун тарихимни синчиклаб ўқиб,
Тўмарис номига тўхталсанг агар,
Дафтарчангга ёзиб қўй қуйидагини:
«Бу – биз туғилмасдан олдинги хабар…»

Чунки мен туғилган оним дод солиб,
Дунёга теран бир нигоҳ-ла боқдим.
Ислом келган кунни туғилган кун, деб
Ўша кун минг йиллик дарёдек оқдим.

Ўрмонларга ошно тарихимни ҳам,
Бугун эслагим йўқ негадир, дўстим.
Чунки мен аслида Росул келгандан
Кейин бир одамга ўхшаблар ўсдим.

Қонимда оқди-ку Исломнинг руҳи,
Бухорий бўлиб у дунёга чиқди.
Дунё ухлоқ эди, фақат фарзандим
Росул ташлаб кетган хадисни йиғди.

Унга кўмакдош ҳам чиқди Термиздан,
Термизий номи-ла қозонди шуҳрат.
Самарқандий ила Нақшбанд чиққач,
Ислом шараф ила топди ҳақиқат.

Тинмасдан чиқдилар олимлар қатор,
Синонинг қўллари шифога туташ.
Кейин билсам, менинг қоним ҳам асли
Одам Ато, Момо Ҳавога туташ.

Уларнинг ватани – жаннат ҳам менга
Асли ватан экан – бугун англадим.
Росул келган кунга қадар кунимни
Тарих қатларидан олиб ташладим.

Бугун Самарқандим, Бухоройимни
Икки минг йилга ҳам қиларлар қиёс.
Шунда кўр дунёга бақиргим келар:
«Бу йиллар аслида менга эмас мос.

Дунё беланчаги атама мени,
Қораўтмишларга тутмагин яқин.
Агар билмоқ бўлсанг менинг ёшимни
Росул келган кундан бошлаб санагин.
Мен ўша кун асли одам бўлгандим!».

Хайрулло Ҳамидов