Бухоро тўйларида “ароқхўрлик” авж ола бошлади

Бухоро тўйларида “ароқхўрлик” авж ола бошлади
110 views
25 February 2014 - 11:44

indirБухоро вилоятидаги тўйларда «тонг саҳардан ароқхўрлик» бўлади, тўйларда жанжал кўтарадиган одамлар тобора кўпайиб бормоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси Раҳим Мақсудов «Қизилтепа тонги» газетасидаги мақоласида маълум қилган.

Журналист яқинда «Бухоро вилоятида ароқ кўп сотилгани учун юқори ташкилот раҳбари миннатдорчилик билдирганини» эшитган. «Бу гап қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини билмайман. Лекин ароқ дўконларига қачон кирсангиз навбат. Қайси овқатланиш жойига кирсангиз, дарҳол «Ичимликдан нима келтирай?» деган саволни эшитасиз», – деб ёзади Мақсудов.

Хабар беришларича, вилоятдаги тўйларда «тонг саҳардан ароқхўрлик». «Кечки тўйларда аввал «Шоғол базм» бор эди. Энди лампочкаларни ўчириб, эркагу аёллар вальсга тушадиган бўлди. Кўчаларда ширакайфлар тентираб юрадиган, тўйларда жанжал кўтарадиган одамлар тобора кўпаймоқда… Тахминий ҳисоб-китоблар бўйича одамларимиз топган даромадларининг камида чорагини ароқхўрликка сарфлашяпти», – деб ёзади журналист.

Мақсудовнинг ёзишича, «ҳамма жойда ароқхўрлик», ҳатто аёллар ҳам «бу борада эркаклардан ўзишга ўзишяпти-ки, орқада қолишга ниятлари йўққа ўхшайди». Ўз навбатида, журналист ўз мақоласида диний ва тарихий манбалардан мисоллар келтирган, Қуръони Каримга кўра ароқхўрлик ҳаром эканлиги, Амир Темир ўз давлатининг барча ҳудудларида майхоналарни йўқ қилганини қайд этган.

«Россия Ўрта Осиёни забт этгандан кейин биринчи ишлардан майхоналар очиш ва уларга мусулмон зодагонларни таклиф қилиб, ароқхўрлик ҳамда рус аёллари билан маишатбозлик ташкил этиш, ислом дини тартиб-қоидаларини бузишдан иборат бўлган», – дея қайд этади Мақсудов.

ЎХҲ ахборот бўлими