Гулнора модалар кўргазмаси – ўзбек болажонларининг шўри!

Гулнора модалар кўргазмаси – ўзбек болажонларининг шўри!
37 views
08 September 2011 - 17:45

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Америка бўлими Нью-Йоркда норозилик акциясини бошлади. Намойишнинг асосий шиори: “Гулнора Каримованинг болалар меҳнати эвазига ташкил қилаётган модалар кўригига қаршимиз!” деб белгиланди.

ЎХҲ Америка бўлими раиси Исломиддин Долимов билан тадбир олдидан ва сўнгида суҳбат ўтказдик. Жумладан, қуйидагиларни гапириб берди:

9:00 Биз барча намойиш ўтказиш учун керак бўладиган плакатларимизни олиб, мода кўриги ўтказиладиган жойга келдик. Намойиш ўтказишни бироз кечиктириб туришимизга тўғри келяпти. Чунки Нью-Йоркдаги Савдо марказига террористик ҳужум пайтида қурбон бўлганлар хотираси ёдга олиняпти экан. Шунинг учун участка полицияси норозилик намойишларини хотира маросими ўтказилаётган пайтда ташкиллаштирмай туришимизни илтимос қилди. Улар бизга қарши чиқишаётгани йўқ. Фақат норозилик акциясини соат 12 дан кейин ўтказишимизни илтимос қилдилар.

Намойиш учун плакатлар олиб келганмиз. Қўлимиздаги плакатларнинг мавзуси асосан ёш болалар меҳнатига қаратилган. Плакатда рамз бор. Унда болачалар: “Биз ўйнашни хоҳлаймиз! Биз боғларга боришни хоҳлаймиз! Лекин биз Каримовнинг қизи Fashion Show си учун пахта териб беришга мажбурмиз”, – деяётган ёзувлар бор. Болаларнинг пахта далаларида ишлаётган расмлари туширилган.

Асосий мақсадимиз, кўргазмага келаётганларга аслида мактаб ўқувчилари ўқиш даврида билим олиша олмаётгани, ота-онаси билан боғларга айлангани чиқа олмаётгани, болаликда ўйнаб-кулиб олиш бахтидан маҳрум бўлаётгани эвазига шундай кўргазмалар ташкил қилинаётганини етказиш.

-13:30 Соат 12 кейин 10 кишилик намойиш ўтказдик. Нью-Йорк қонунига кўра, 10 та одам расмий рухсатсиз намойиш ўтказишга ҳақли экан. Одам сони кўпроқ бўлсагина расмий ҳужжатлаштирилар экан.

У ерда одамларга брашюралар ҳам тарқатдик. Барча қизиқиб келиб, биз чиқарган хабарлар билан танишдилар ва биз билан ҳамфикр эканликларини билдирдилар.

Гулнора Каримованинг кўрик-танлови 15 сентябрга белгилангани, ўша куни бир неча ташкилотлар ҳам норозилик намойиши ўтказишидан хабардор бўлдик. Болаларни мажбуран оғир меҳнатга солинишига қаршилик қилаётганлар талайгина экан.

Гулнора Каримованинг адолатсизларча ишчи ва деҳқонлар, энг ачинарлиси болаларнинг мажбурий, оғир меҳнати эвазига байрам-тантана қилиб юришига қарши норозиликларимиз давом этади –дейди Исломиддин Долимов.

Воқеалар ривожини давомли ёритиб боришга ҳаракат қиламиз.

ЎХҲ Матбуот бўлими