Ўзбекистонда олий таълим инқирозга юз тутмоқда

Ўзбекистонда олий таълим инқирозга юз тутмоқда
63 views
27 February 2014 - 9:00

Мустақилликдан кейинги 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида Ўзбекистондаги олий таълим соҳасини ривожлантиришда мутлоқ мувафаққиятсизликка юз тутганлигини кузатиш мумкин. Бу айниқса олий таълим сифатининг жаҳон стандартларига мос келмаслиги билан изоҳланади. Ҳозирги кунда ўзбек олий таълим тизими бюрократия ва коррупция ботқоғига ботиш баробарида унда таълим сифатига жиддий салбий таъсир қилувчи мафкуравийлашиш жараёнлари ҳам чуқур илдиз отиб бормоқда. Бундай ҳунук ҳолатлар жамият ва миллатнинг тараққий этишига салбий таъсир этаётганлигини яширмаса ҳам бўлади. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ҳукумати мустақилликка эришгандан сўнг олий таълим сифатини шакиллантира олмади деган хулоса қилиш мумкин. Ушбу хулосамизни ва нуқтаи назаримизни бир қанча омиллар билан изоҳлаш мумкин.
Олий таълимда коррупциянинг палак ёзиши

Олий таълимдаги коррупция ўқув даргоҳига қабул қилиш жараёнлариданоқ бошланади. Бу ҳақда интернет нашрларида кўпгина танқидий мақолалар эълон қилган. Айниқса, 2013 йилнинг август ойида Анвар Ибодов номли муштарий томонидан йўлланган “Имтиҳон сирлари” мактуб асосида ozodlik.org сайтида чоп қилинган туркум мақолаларда Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида кириш имтиҳонлари билан боғлиқ коррупция ҳақида батафсил маълумот берилади. Ушбу мактуб асосида 9 қисмга ажратилган ҳолда ozodlik.org сайтида чоп қилинган мақолаларда олий ўқув юртига кириш имтиҳонлари вақтида қўлланиладиган турли ноқонуний йўллар ҳақида ҳикоя қилинади. Эътиборли жиҳати, санаб ўтилган ноқонуний йўлларнинг аксарияти Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) вакиллари иштирокида амалга оширилади. Аслида имтиҳоннинг қонунбузарликларсиз ва ҳаққоний ўтиши учун жавобгар бўлган махсус хизмат вакилларининг ушбу жараёндаги коррупция бошида ўзлари турганлиги маълум бўлади.

Миллий Хавфсизлик Хизмати икки ёқламали ўйин иштирокчиси

Юқорида таъкидлаганимиздек МХХ ҳодимлари олий таълим даргоҳидаги раҳбарият ва қабул коммисиясининг маъсул шахслари билан тил бириктириб олинган порада ўз улушига эгадирлар. Бундай махфий амалиётларнинг деярли барча олийгоҳларда содир бўлиши бугунги кунда кўпчилик учун сир бўлмай қолди. Шу билан бирга, кириш имтиҳонлари вақтида МХХ томонидан баъзи олийгоҳларда махсус рейдлар ташкил этилганлигига ҳам гувоҳ бўлганлар бор. Бу албатта МХХ ҳодимларининг ўз хизмат вазифаларидан доирасида амалга оширилади, бироқ кузатишлар натижасида шу нарса англашиладики, МХХ нинг бу ҳаракатлари кириш имтиҳонлари вақтида коррупция билан боғлиқ ноқонуний ишларга МХХ билан келишмаган ҳолда аралашиб қолган “рақобатчи” гуруҳларга қарши қаратилган бўлади. Демак, МХХ бир тарафдан ўз ваколатлари доирасида коррупцияга қарши кураш олиб боради, иккинчи томондан эса порахўрлик жараёнида жиноятга шериклик қилади. Албатта бу ҳолатни Ўзбекистонда олий таълимни инқироз сари етаклайдиган илк қадамлар дейиш мумкин.

Олий таълим сифатига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар

Ўзбекистонда олий таълим тизимининг сифат кўрсаткичлари оҳирги 10 йил мобайнида кескин тушиб кетганлигини кузатиш мумкин. Бунга сабаб олий таълим муассасаларидаги ички муҳит, раҳбарият ва профессор-ўқитувчилар ўртасидаги зиддиятлар ҳам муҳим таъсир кўрсатади. Олий таълим муассасаларидаги соғлом муҳитга таъсир қиладиган бир қанча ҳолатларни санаб ўтиш мумкин:
Биринчидан, ўз фикрини очиқ баён этадиган, ҳалол ва қатъиятли ўқитувчиларга нисбатан олий таълим муассасаси раҳбарияти томонидан босимлар мавжудлиги. Чунки, ўқтувчиларнинг бундай сифатга эга бўлиши олий таълим муассасасининг раҳбариятига унчалик ҳуш келмайди. Улар дадил ва очиқ гапирадиган, таълимдаги камчиликларга танқидий баҳо берадиган ўқитувчиларнинг мавжуд камчиликлар ҳақида олий таълим муассасасидан ташқарига бирор маълумот бериб қўйишидан чўчишади. Шунинг учун бу тоифадаги ўқитувчиларни қисқартириш ва турли баҳоналар билан йўқотишга ҳаракатлар қилинади.

Иккинчидан, олий ўқув юртига пора билан кирган талаба ўқишни ўзлаштира олмаса раҳбарият бундай талабанинг баҳоланишини ўқитувчидан талаб қилади. Оқибатда фанларни ўзлаштирган ва ўзлаштира олмаган талаба тенг баҳоланади. Бу эса, ўз навбатида талабалар олдида ўқитувчининг обрўси йўқолишига олиб келади. Фанларни ўз билими билан ўзлаштирган талабада эса ўқишга нисбатан иштиёқ кескин пасаяди.
Учинчидан, кўпгина олий таълим муассасаларида баъзи профессор-ўқитувчилар томонидан пора эвазига баҳо қўйиш ҳам авж олган. Бу тоифа ўқитувчилар олинган пора орқали ноқонуний даромадга эга бўлишади. Бунинг асосий сабабини табиийки ўқитувчиларнинг ойлик маошлари оиласини эҳтиёжларини қондира олмаслиги билан изоҳлаш мумкин.

Тўртинчидан, бугунги кунда таълим тизимида самарасиз бюрократик тизим ривожланишнинг авж нуқтасида дейиш мумкин. Буни таълим тизимида ишлаётган раҳбариятдан тортиб барча ҳодимлар ва ўқтувчиларгача тан олишди. Ҳозирги пайтда ўқитувчининг салоҳиятига эмас балки, кўплаб қоғоз ҳужжатларни ва турли ҳисоботларни тўлдирганлик асосий талабга айланган. Айтиш мумкинки сон кўрсаткичи сифат даражасидан устун туради.
Бешинчидан, Ўзбекистондаги бутун олий таълим муассасаларининг мажбурий меҳнатга жалб қилиши. Турли хил давлат тадбирлари ва ҳашарларда олий таълим муассасаси ўқитувчилари билан бир қаторда талабалар ҳам мажбурий меҳнат объектига айланиши ҳозирда ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Айниқса, олий таълим муассасалари ўқитувчи ва талабаларининг пахта мавсумида мажбурий меҳнатга жалб қилиниши халқаро жамоатчилик эътирозларига ҳам сабаб бўлгани барчага маълум.

Ўзбек илм фаниниг мафкуравийлашуви

Собиқ совет иттифоқидаги тоталитар тузум таълим тизимини мафкуравийлашувида тамал тошни қўйган бўлса ҳозирда мустақил Ўзбекистонда таълимнинг мафкуравийлашуви ўзига ҳос бир тарзда давом этмоқда. Бугунги кунда бошланғия таълимдан тортиб олий ўқув юртларигача бўлган таълимнинг барча бўғинларида Президент И.А. Каримов асарлари кенг тарғиб қилиниши бунга яққол мисол бўла олади. Ҳатто, бундай мафкуравий тарғибот ўқувчилар ва талабалар билан бир қаторда тарғибот учун масъул бўлган ўқитувчиларнинг медасига тегиб кетган. Чунки, вақт ўтгани сари аҳолининг турмуш даражаси ва мамлакат иқтисодининг барча жабҳаларидаги аҳвол тобора ёмонлашиб бориши президент асарлари асосини ташкил қилувчи ривожланишнинг “ўзбекча модели” реал воқелик мос келмаслиги ва замон талабларига жавоб бермаслиги исботлади.
Шунга қарамасдан, илм билан шуғулланувчи ўзбек олимларининг илмий тадқиқод ишларини амалга ошириш чоғида президент асарларидан иқтибос келтириш мажбурияти ёзилмаган талабга айланган. Бу талабга риоя қилмаслик эса илмий ишнинг ҳеч қачон маъқулланмаслигини билдиради. Ҳаттоки илмий иш қилувчилар учун “Президент асарлари” бўйича малакавий имтиҳонлар топшириш ҳам йўлга қўйилган. Бошқа сўз билан айтганда ёзилган ҳар қандай илмий иш мазмунан президент И.А.Каримовнинг қарашларига зид бўлмаслиги лозим. Агар ўзгача қараш ва ёндашувлар кўзга ташланадиган бўлса, бундай илмий тадқиқот йўққа чиқарилиши барчага маълум.
Илм-фаннинг ушбу ҳолат натижада қилинаётган илмий тадқиқотлардаги фикрлар хилма-хиллигининг, асосийси, ҳолисликнинг, йўқолиб кетишига олиб келмоқда. Шу сабабли ҳам ҳозирда Ўзбекистонда кўзга кўринган ва малакали олимлар сони жуда камчиликни ташкил қилиб, борлари ҳам ҳорижга чиқиб ўз ишларини давом эттиришни афзал билишмоқда.

Юқорида санаб ўтилган барча омиллар ва олий таълим тизимига салбий таъсир қиладиган ҳолатлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, бугунги кунда Ўзбекистонда олий таълим деярли инқироз ҳолатига тушган. Мавжуд бошқарув тизими иқтидорда давом этар экан, бу инқироз ҳолати янада чуқурлашиб бораверади.

Саид Али